Кундалик

Келин одобли бўлса, албатта, ҳурмат топади

ОҚИЛАЛИК — ОИЛА БЕЗАГИ   Маҳалла тизимида ҳеч қандай масалани эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ҳаммаси бир-биридан долзарб. Айниқса, хотин-қизлар йўналишида жиддий ёндашув талаб қиладиган муаммолар талайгина.   Оилалар тинч ва фаровон турмуш кечириши учун, биринчи навбатда, аёлдан зукколик ва оқилалик талаб этилади. Бу фазилатлар эса бир кунда шаклланиб қолмайди. Қизларни кичик ёшдан бошлаб тўғри тарбия қилиш, ҳаётнинг паст-баландини тушунтириш жуда муҳим. Айни йўналиш бўйича доимий изланишдамиз. Ҳозиргидек ахборот технологиялари ривожланган бир даврда, ёшларимизни миллий қадриятларга асосланган тарзда улғайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу мақсадда нуроний онахон ва намунали оила бекалари билан учрашув ва тадбирлар ўтказиляпти. Олтинга тенг масалаҳатлар қизлар учун катта мактаб вазифасини ўтаяпти. Айни вақтда ҳудудимизда 1 010 нафар хотин-қиз истиқомат қилади. Уларнинг кўпчилиги ўқимишли, давлат ташкилотларида фаолият юритади. Бундан ташқари, ўз тадбиркорлигини бошлаётган, хонадонига даромад кириши учун муносиб ҳисса қўшаётган аёллар ҳам анчагина. Фарангиз Ҳамроқулова йиллар давомида уйида ишсиз ўтирди. Бу эр-хотин орасидаги кўплаб низоли вазиятларга сабаб бўлаётган эди. Муаммодан хабар топиб, унга ечим топишга киришдик. Аввало, аёлнинг қизиқишларини ўргандик. Суриштирсак, бисер тикишни билар экан. Ҳунарини янада мустаҳкалаши учун уни ўқув курсларига йўналтирдик. Шундан сўнг маҳалла тавсияси билан 35 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Керакли анжомлар харид қилингач, Фарангиз астойдил ишга киришди. Ҳозирги кунда 10 нафар ходими билан бирга келинлар учун миллий услубда зеб берилган либослар тикяпти. Бир нечта хорижий мамлакатлардаги кўргазмаларда иштирок этиб, ихлосмандлари сафини янада кенгайтиряпти. Диёра Усмонқулова ҳам турфа синовларни бошдан кечирган аёлларимиздан. Турмуш ўртоғи билан ўртада келиб чиққан можаро сабаб ота уйига қайтиб келган. Лекин ҳаёт ҳаракатдан иборат. Бир жойда тўхтаб қолиш ярамайди. Ҳали ёш, куч-ғайратга тўла қизимизни бирор машғулот билан банд бўлишга ундадик. Тавсияларимиздан кейин шоколадли қулупнай тайёрлаб сотишни йўлга қўйди. Тез орада турмуш ўртоғи билан муносабатларини изга солишига ишончимиз комил. Маҳалланинг гапи шунақа ҳеч тугамайди. Биз эса сўздан кўра, амалий натижаларни кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Шундагина кимнингдир муаммосига ечим топилади, яна бировига нафимиз тегади. Назокат САФАРОВА, Самарқанд шаҳридаги “Мингтут” маҳалласи хотин-қизлар фаоли

15

Намунали маҳалла — фидойи инсонлар меҳнати, ишончи ва бирдамлиги билан барпо бўлади

  Намунали маҳалла... У бир кунда пайдо бўлмайди. У қоғоздаги ҳисобот ёки чиройли шиор билан ҳам шаклланмайди. Бунинг ортида тинимсиз меҳнат, одамларнинг ишончини қозониш, уларни бир мақсад атрофида бирлаштириш ва энг муҳими — амалий натижа туради. Биз ҳам маҳалламизда айнан шу йўлни танладик. Одамларни уйғотиш — энг қийин, аммо энг муҳим вазифа Аввало, бир ҳақиқатни тан олиш керак: ҳар қандай ислоҳот инсон онги ўзгармас экан, натижа бермайди. Одамларда “мендан нима фойда?”, “бу ҳам вақтинчалик”, деган кайфият бўлса, ҳеч қандай дастур ишламайди. Шунинг учун ишни одамларнинг ишончини тиклашдан бошладик. “Хонадонбай” юриб, ҳар бир оиланинг муаммосини ўргандик. Фақат йиғилиш ўтказиб, чақириқ билан чекланмадик. Амалий мисол кўрсатдик. Ишли бўлган инсоннинг ҳаёти қандай ўзгараётганини, томорқадан даромад қилаётган оиланинг турмуши қандай яхшиланганини бошқаларга намуна сифатида келтирдик. Чунки одамларни қуруқ гап эмас, натижа ишонтиради. Маҳаллада фаоллар, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларни бир жамоага айлантиришга ҳаракат қилдик. Ҳар бир инсон “мен ҳам ўз маҳаллам учун масъулман”, деган тушунчага келиши керак эди. Ана шу ҳис пайдо бўлганидан кейин ўзгариш бошланди. Бандлик — барча муаммолар ечимининг калити Тажриба шуни кўрсатдики, ишсизлик бор жойда ижтимоий муаммолар ҳам кўпайди. Даромади йўқ оилада тушкунлик, жанжал, қарздорлик ва ҳатто ажралиш хавфи ортади. Бекор юрган ёш эса турли салбий йўлларга кириб қолиши мумкин. Шу боис маҳаллада, биринчи навбатда, бандлик масаласига қаттиқ эътибор қаратдик. Ҳар бир хонадоннинг имкониятини ўргандик. Кимнинг томорқаси бор, ким ҳунар билади, ким тадбиркорлик қилишни истайди — барчаси таҳлил қилинди. Айримларга асбоб-ускуна, айримларга кредит, яна кимгадир иш ўрни керак эди. Муаммога умумий эмас, манзилли ёндашдик. Натижада доимий даромадга эга бўлган оилалар сони ортди. Биргина жорий йилнинг биринчи чорагида 8 нафар ишсиз шахснинг барчаси даромадли меҳнатга жалб қилинди. Энг муҳими, одамларда “мен ҳам қила оламан” деган ишонч пайдо бўлди. Камбағаллик ҳақида сўз кетганда, уни фақат моддий етишмовчилик, деб тушуниш хато. У — имкониятсизлик, ишончсизлик ва боқимандалик кайфияти ҳамдир. Шунинг учун камбағал оилалар билан ишлашда фақат ёрдам бериш эмас, уларни оёққа турғизишга ҳаракат қилдик. Муаммони вақтинча енгиллатиш эмас, унинг сабабини бартараф этишга уриндик. Айниқса, хотин-қизларни касбга ўқитиш, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш орқали кўплаб оилаларда барқарор даромад шаклланди. Шу орқали маҳаллада бирорта камбағал оила қолмади! Жиноятчиликка — профилактика, ажралишга — оилани асраш билан курашдик! Жиноят содир бўлгандан кейин эмас, унинг олдини олиш муҳим. Бу борада маҳалладаги муҳит ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Агар маҳаллада бефарқлик кучайса, ёшлар назоратсиз қолса, оилалар муаммоси билан ҳеч ким қизиқмаса, салбий ҳолатлар кўпайиши табиий. Шу боис профилактик ишларга алоҳида эътибор қаратдик. Айниқса, ёшлар билан ишлашни кучайтирдик. Уларни спорт, касб-ҳунар, тадбиркорлик ва жамоат ишларига жалб этдик. Нуронийлар, профилактика инспекторлари, фаоллар билан ҳамкорликда муаммоли оилалар ва хавф гуруҳидаги ёшлар билан доимий иш олиб борилди. Оила мустаҳкам бўлса, маҳалла ҳам мустаҳкам бўлади. Ажралишнинг ортида кўп ҳолларда ишсизлик, моддий қийинчилик, сабрсизлик ва ўзаро тушунмовчилик туради. Шу нуқтаи назардан оилалар билан ишлашда фақат муаммо чиққанидан кейин эмас, олдиндан профилактика қилишга эътибор қаратдик. Ёш келин-куёвлар, қайнона-келин муносабатлари, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар бўйича нуронийлар, отинойилар ва тажрибали фаоллар иштирокида суҳбатлар ташкил этилди. Энг муҳими, оилада иқтисодий барқарорликни таъминлашга ҳаракат қилдик. Айни саъй-ҳаракатлар натижасида бугун маҳалламиз жиноятчилик ва оилавий ажралишлардан холи ҳудуд саналади. Натижага эришишда асосий омиллар нима бўлди? Эришилган натижаларнинг ортида бир нечта муҳим омил бор. Биринчи — одамлар билан яқин ишлаш. Муаммони идорада ўтириб эмас, хонадонга кириб ўргандик. Иккинчи — жамоавий иш.…

214

Ҳам спортда, ҳам санъатда моҳиралар — фахримиздир!

ОҚИЛАЛИК — ОИЛА БЕЗАГИ   Маҳалладошимиз Парвина Шакарова бир неча йилдан буён спортнинг бокс тури билан шуғулланади. Шу кунга қадар кўплаб мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб, юртимиз байроғини кўкларга кўтариб келяпти. Хусусан, ўтган йили у 47 килограмм вазн тоифасида Осиё чемпиони бўлди. Бу ғалаба ва ғурур бошқа ёшларимизни илғомлантираётгани жуда қувонарли. Шодиёна Маҳмудованинг енгил атлетикадан мақтаса арзигулик ютуқлари бор. Эндигина 17 ёшни қаршилаган спортчимиз республика ва халқаро миқёсидаги беллашувларда доим юқори поғоналарни забт этиб келяпти. Бундан ташқари, маҳалламизнинг бўш турган хонасида гимнастика тўгарагини ташкил этган. У кам таъминланган ва эҳтиёжманд оила фарзандларига ўз маҳорат сирларини моҳирлик билан ўргатиб келяпти.  Бундай интилувчан ва шижоатли қизларимизга қараб ич-ичимиздан фахр туямиз. Бугун ёшларимиз яратиб берилаётган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланяпти. Йилдан-йилга олий таълим муассасасига ўқишга кираётган битирувчиларимиз сафи кенгаймоқда. Уларнинг ўз устида ишлашга, ўқиб-ўрганишга бўлган иштиёқ ортиб боряпти. Аёлларимиз ҳам жим ўтиргани йўқ. Ҳудудимизда истиқомат қиладиган хотин-қизларнинг 90 фоизга яқини самарали меҳнат билан банд. Улар “драйвери”миз ҳисобланган савдо ва хизмат кўрсатиш йўналиши ҳамда ҳунармандчилик ортидан рўзғорига барака киритиб келяпти. Дилфуза Шомуродова моҳир чеварларимиздан. У бўш турган бинода ташкил этган тикувчилик цехида бугун 4 нафар хотин-қизнинг доимий бандлиги таъминланган. Жорий йил бошида тадбиркорга тақдим этилган 5 миллион сўм имтиёзли кредит фаолиятини янада кенгайтириши учун қўшимча дастак бўлди. Келгусида Дилфуза опа янгидан-янги услубдаги либослар устида ишлаб, мижозлари сафини кенгайтиришни мақсад қилган. Айни вақтда “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари ҳамда маҳалламизнинг фаол қизлари билан биргаликда янги лойиҳа устида ишлаяпмиз. Унга кўра, оғир оилавий шароитда яшаётган ҳамда ўқишдан ортда қолаётган ўқувчи қизлар учун махсус учрашув ва тадбирлар ташкил этилади. Уларнинг ички имкониятларини юзага чиқариб, янги мақсадлар сари ҳаракат қилишга ундамоқчимиз. Назаримда, бу ташаббус тез орада ўзининг ижобий натижасини кўрсатади. Зеро, маҳалладаги ҳар бир болага алоҳида эътибор ва меҳр билан ёндашилса, уларнинг ҳаётда ўз йўлини топиб кетиши анча осон кечади.   Фароғат ХУДОЙБЕРДИЕВА, Каттақўрғон туманидаги “Ғарб Мачит” маҳалласи хотин-қизлар фаоли.

30

“ТОЗАЛИК ВА ОЗОДАЛИК” ОЙЛИГИ шунчаки тадбир эмас, балки “бир ёқадан бош чиқариб” меҳнат қилиш фалсафасидир

ЖАРАЁН   Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасида йиғинлар фаолиятини такомиллаштириш, “еттилик” иш самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий жараёнларда маҳалланинг иштирокини кучайтиришга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда тизимдаги ишлар танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Еттита йўналиш бўйича маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, жараёнда кузатилаётган камчиликлар, сусткашликлар кўрсатиб берилди. Жумладан, жорий йилнинг февраль-март ойларида ташкил этилган “Тозалик ва озодалик” ойлиги доирасидаги ишлар муҳокамалар марказида бўлди. Айтиш керакки, ойлик доирасида ҳар ҳафтанинг шанба кунлари оммавий ҳашарлар ташкил этиляпти. Тадбирларда асосий эътибор шунчаки тозалаш ишларидан иборат бўлиб қолмай, кенг қамровли экологик маданиятни шакллантиришга қаратилди. Режага асосан, жараёнда 3 миллионга яқин хонадонни таъмирлаш белгиланган. Бироқ таҳлилларга кўра, шу вақтгача амалда режа 24 фоизга бажарилган ёки 721 мингта хонадон таъмирланган, холос. Ачинарлиси, Жиззах вилоятида 1 865 та хонадоннинг ташқи девори, 1 135 тасининг ошхонаси, 1 272 тасининг ҳожатхонаси, 1 629 тасининг тандирхонаси ва 1 659 тасининг молхонасини таъмирлаш белгиланган бўлса-да, ҳозирга қадар бирорта иш амалга оширилмаган ёки ҳисоботларда акс эттирилмаган. Худди шундай, ойлик доирасида 81 мингдан ортиқ кўп қаватли уйларни ободонлаштириш кўзда тутилган, бироқ амалда ишлар 13,2 фоизга бажарилган ёки атиги 10 минг 652 та тураржойда ободлик юмушлари олиб борилган. Мисол учун, Наманган вилоятида 265 та кўп қаватли уй-жойнинг кириш йўлакларини таъмирлаш режалаштирилган эди, аммо ҳозирга қадар режанинг 16 фоизи ёки 44 та бинода ишлар бажарилган, холос. Давлатобод, Янги Наманган, Косонсой туманларида умуман ишлар ташкил этилмаганини қандай тушуниш мумкин? Қабристонларни тартибга келтириш масаласида ҳам шундай манзарага дуч келинади. Юқоридагилардан кўринадики, афсуски, ҳали-ҳамон жойларда масъулиятни зиммасига олишдан қочиш, ишларни ўлда-жўлда ташкил этиш, ободлик ишларига панжа орасидан қараш ҳолатлари учраб турибди. Ваҳоланки, аҳолига энг яқин тузилма сифатида маҳаллалар фаолиятида бундай сусткашликлар кузатилиши мумкин эмас. Йиғилишда “Тозалик ва озодалик” ойлиги шунчаки тозалик тадбири эмас, балки халқимизнинг жипслиги, бағрикенглиги ва келажак авлод учун тоза, обод ва фаровон Ватан қолдиришга бўлган интилишининг амалий ифодаси экани таъкидланди. Унинг моҳиятида “бир ёқадан бош чиқариб” меҳнат қилиш фалсафаси ётиши қайд этилди. Жойларда ишларни ташкил этишда шу жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлиги уқтирилди. Долли АЛЛАЕВ, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раис ўринбосари.

135

“Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!”

  Баҳорга, Наврўзга хос азалий анъана бор, бу — ҳашар уюштиришдир. Бу шунчаки жамоат иши эмас, балки халқимизга хос бўлган бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибатнинг амалий ифодасидир. Азалдан халқимизда кимдир уй қурса ёки таъмирлаш ишларини бошласа, қариндош ва қўшнилар қараб туришмаган. Эркаклар усталарга ёрдамга чиққан, аёллар таомлар билан уларни сийлашган. Бугунги кунда ҳам ушбу анъана янгича мазмун билан бойиб, юртимизда тинчлик-хотиржамлик ва ободлик кафолатига айланди. Қадриятлар маҳаллаларда бардавом. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан Наврўз байрами арафасида — 13-14 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ташкил этилади. Ҳашар кунлари ҳар бир маҳаллада амалга ошириладиган ишлар режаси ишлаб чиқилади. Ҳар бир кўча ва тураржойларда ишлар ҳажми “кўчабай” ва “хонадонбай” шакллантирилиб, уларга “маҳалла еттилиги” ҳамда фаоллар бириктирилади. Жараёнда маҳаллалар, аҳоли пунктлари, тураржойлар, ҳовлилар атрофи, гузарлар, зиёратгоҳлар, қабристонлар, кўчалар, йўлаклар, болалар майдончалари тартибга келтирилади. Дарахтларни оқлаш ва буташ ишлари амалга оширилади. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида Амир Темур ҳайкали ўрнатилган хиёбонлар атрофида, улуғ аждодимиз номи берилган юртимиздаги кўчаларда ободонлаштириш ишлари ташкил этилади. “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасида маҳаллалар ва аҳоли хонадонлари атрофига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, айниқса, боқувчисиз қолган кекса ва ногиронлиги бўлган фуқароларнинг уй-жой шароитлари яхшиланади. Ҳашар кунлари жамоатчилик вакиллари иштирокида маиший хизмат кўрсатиш шоҳобчалари, ишлаб чиқариш корхоналари, маҳалла бинолари, болалар спорт майдончалари ва бошқа ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилади. Ҳар бир маҳаллада ободлик, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигиеник маданиятни тарғиб қилишга қаратилган давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил этилади. Ҳашарга аҳоли, айниқса, ёшлар ихтиёрийлик асосида жалб қилинади. Зотан, ҳашар, бу — фақат меҳнат эмас, балки катта тарбия мактаби ҳамдир. Кексаларнинг дуосини олиш, ён-атрофдагиларга беминнат ёрдам бериш ёш авлод қалбида меҳнатсеварлик ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантиради. Ҳашар баъзи бировлар хаёл қилганидек, одамларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш эмас, ота-боболаримиздан ўтиб келаётган эзгу анъаналарни давом эттириш, озодалик, тозалик ва поклик бобида аждодлар тутган ва эътироф этган тўғри йўлдан бориш демакдир. Аслида, бундай кенг миқёсли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари элнинг жипслигини синовдан ўтказади. Шу сабабли бўлса керак, неча асрларки, бу анъана барҳаёт. Ҳашар дейилса, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлганлар белини маҳкам боғлаб эзгу ишга отланади. Умуман, халқимизга хос бирдамлик, ҳамжиҳатлик, аҳиллик, ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш, маҳалла-кўй, теварак-атрофни тоза ва озода сақлаш фазилатлари ҳашар кунлари бор бўй-бастини намоён этади.                                                        

56

300 хонадондан 30 хил маҳсулот хорижга экспорт қилинади

МАҲАЛЛАДА САНОАТ ВА ХИЗМАТ Вилоятда “арқончилар маҳалласи”, деб танилганмиз. Ҳудуддаги қайси бир хонадонга кирманг, деярли ҳаммасида арқон тўқиш жараёни устидан чиқасиз. 300 тадан ортиқ хонадонда ишлаб чиқарилаётган 30 дан ортиқ маҳсулот хорижга экспорт қилиняпти. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида ҳунармандчилик саноатга айланди. Бу билан кўп нарса ўзгарди. Авваллари шароит бугунгидек қулай, замонавий бўлмаган. Ҳар бир иш қўлда бажарилган. Шунга кўра, ишлаб чиқариш хажми чекланган, маҳсулот тури кам, даромад барқарор бўлмаган. Бугун эса  замонавий ускуналар ёрдамида меҳнат енгиллашди, сифат ошди, даромад кўпайди. Арқончилик кичик саноат кластерига айланди. Хомашё таъминоти тизимли йўлга қўйилди. Маҳсулот турлари ихтисослашди. Буюртма ва тарқатиш тармоғи шаклланди. Биргина мисол — етакчи тадбиркор касаначиларга ип маҳсулоти етказиб беради. Касаначилар уни тайёр ёки ярим тайёр ҳолатга келтириб, яна тадбиркорнинг ўзига сотади. Маҳсулотлар марказлашган тарзда хорижга экспорт қилинади. Уйида тўрттагача дастгоҳи бор касаначи ойига 12 миллион сўмгача соф даромад топади. Катта тадбиркорлар ипнинг ҳар килосини 20-25 минг сўмга сотиб олса, тайёр маҳсулот ҳолатида 28-35 минг сўмдан сотади. Ҳозирда тўрт нафар етакчи тадбиркор иш олиб боряпти. Гувоҳи бўлганингиздек, арқон тайёрлаш жараёнини санъат даражасига олиб чиққан аҳоли меҳнати ва тадбиркорлиги билан фаровонликка эришишяпти.  Бундан ташқари, айрим хонадонларда тикув-трикотаж корхонасига белбоғ, безак ва оёқ кийимлари учун боғич ишлаб чиқарилади. Ҳар бир уйда ўртача 15-20 тадан замонавий ускуналар ўрнатилган бўлиб, бу — камида 7 та иш ўрни, деганидир. Шу кунларда тадбиркорлар учун қўшимча имконият яратиш мақсадида 5 гектар майдонда кичик саноат зонаси ташкил этишни режлаштиряпмиз. Мақсад —  ишлаб чиқариш жараёнини босқичма-босқич саноат ҳудудига кўчириш, тарқоқ ҳолатдаги кичик корхоналарни ягона ҳудудда йиғиш. Бу билан логистика, саноат ва кооперация фаолияти осонлашади. Янги иш ўринлари пайдо бўлиб, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш имкониятимиз ортади. Ярим тайёр эмас, балки тўлиқ тайёр, бозорбоп маҳсулот ишлаб чиқарамиз. Қолаверса, стандартлаштириш, сертификатлаш, брендлашни йўлга қўямиз. Бу орқали маҳсулотларнинг хорижга сотиш янада қулайлашади. Ҳусниддин НАЗАРОВ, Учкўприк туманидаги “Бешкапа” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси.  

27