ОҚИЛАЛИК — ОИЛА БЕЗАГИ
Маҳалла тизимида ҳеч қандай масалани эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ҳаммаси бир-биридан долзарб. Айниқса, хотин-қизлар йўналишида жиддий ёндашув талаб қиладиган муаммолар талайгина.
Оилалар тинч ва фаровон турмуш кечириши учун, биринчи навбатда, аёлдан зукколик ва оқилалик талаб этилади. Бу фазилатлар эса бир кунда шаклланиб қолмайди. Қизларни кичик ёшдан бошлаб тўғри тарбия қилиш, ҳаётнинг паст-баландини тушунтириш жуда муҳим. Айни йўналиш бўйича доимий изланишдамиз. Ҳозиргидек ахборот технологиялари ривожланган бир даврда, ёшларимизни миллий қадриятларга асосланган тарзда улғайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу мақсадда нуроний онахон ва намунали оила бекалари билан учрашув ва тадбирлар ўтказиляпти. Олтинга тенг масалаҳатлар қизлар учун катта мактаб вазифасини ўтаяпти.
Айни вақтда ҳудудимизда 1 010 нафар хотин-қиз истиқомат қилади. Уларнинг кўпчилиги ўқимишли, давлат ташкилотларида фаолият юритади. Бундан ташқари, ўз тадбиркорлигини бошлаётган, хонадонига даромад кириши учун муносиб ҳисса қўшаётган аёллар ҳам анчагина.
Фарангиз Ҳамроқулова йиллар давомида уйида ишсиз ўтирди. Бу эр-хотин орасидаги кўплаб низоли вазиятларга сабаб бўлаётган эди. Муаммодан хабар топиб, унга ечим топишга киришдик. Аввало, аёлнинг қизиқишларини ўргандик. Суриштирсак, бисер тикишни билар экан. Ҳунарини янада мустаҳкалаши учун уни ўқув курсларига йўналтирдик. Шундан сўнг маҳалла тавсияси билан 35 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Керакли анжомлар харид қилингач, Фарангиз астойдил ишга киришди. Ҳозирги кунда 10 нафар ходими билан бирга келинлар учун миллий услубда зеб берилган либослар тикяпти. Бир нечта хорижий мамлакатлардаги кўргазмаларда иштирок этиб, ихлосмандлари сафини янада кенгайтиряпти.
Диёра Усмонқулова ҳам турфа синовларни бошдан кечирган аёлларимиздан. Турмуш ўртоғи билан ўртада келиб чиққан можаро сабаб ота уйига қайтиб келган. Лекин ҳаёт ҳаракатдан иборат. Бир жойда тўхтаб қолиш ярамайди. Ҳали ёш, куч-ғайратга тўла қизимизни бирор машғулот билан банд бўлишга ундадик. Тавсияларимиздан кейин шоколадли қулупнай тайёрлаб сотишни йўлга қўйди. Тез орада турмуш ўртоғи билан муносабатларини изга солишига ишончимиз комил.
Маҳалланинг гапи шунақа ҳеч тугамайди. Биз эса сўздан кўра, амалий натижаларни кўпайтиришни мақсад қилганмиз. Шундагина кимнингдир муаммосига ечим топилади, яна бировига нафимиз тегади.
Назокат САФАРОВА,
Самарқанд шаҳридаги “Мингтут”
маҳалласи хотин-қизлар фаоли