Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

Блогерлик касб эмас, агар илмга йўғрилмаса…

МУЛОҲАЗА Бугун қайсидир боладан “Катта бўлсанг ким бўласан?”, деб сўрасангиз, аввалгидек “шифокор”, “ўқитувчи”, “учувчи”, деган жавоблар қаторида “блогер бўламан”, деган жавобни ҳам эшитиш мумкин. “Кумиринг ким?” десангиз, Инстаграмдаги машҳур блогерларни санайди. Бунинг ўзи ёмон…

-+=

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ

У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради…

Бугун ижтимоий тармоқларга кирган киши ёрдам сўраётган инсонларни деярли ҳар куни кўради. Кимдир фарзандининг даволаниши учун маблағ излайди, кимдир оғир касалликка чалинган, яна кимдир оиласининг оғир шароитини ёзиб, одамлардан кўмак кутади. Карта рақами қолдирилади, телефон рақами ёзилади, баъзан эса боланинг ёки беморнинг ҳолати акс этган видео ҳам жойланади...

Албатта, юртдошларимиз буларни кўриб, бефарқ ўтиб кетолмайди. Кимдир 20 минг сўм, кимдир 100 минг сўм картага ташлаб беради. “Бир одамнинг дардига малҳам бўлсин”, деган ният билан қўлидан келганича кўмак кўрсатади. Аслида, бу — жамиятдаги яхши фазилат. Аммо, афсуски, бугун ана шу яхшиликдан ҳам фойдаланаётганлар бор. Фирибгарлар одамларнинг нафақат пулини, балки раҳм-шафқатини ҳам нишонга олаётгани ташвишли. Бировнинг касаллиги, фарзандининг дарди, оиласининг оғир аҳволи айрим кимсалар учун пул ишлаш воситасига айланган…

Масалан, ижтимоий тармоқда даволанишга муҳтож боланинг ҳақиқий видеоси тарқалади. Унда боланинг аҳволи, ота-онасининг мурожаати, керак бўлаётган маблағ ва карта рақами кўрсатилади. Одамлар ёрдам бера бошлайди. Кейин эса кимдир шу видеони кўчириб, бошқа саҳифага жойлайди ва карта рақамини ўзиникига алмаштиради. Ёки беморнинг яқинлари номидан сохта саҳифа очиб, “операцияга фалон пул етмаяпти”, деган янги мурожаат чиқаради. Одамлар боланинг дардига пул бераётганини ўйлайди, аслида эса маблағ бошқа бировнинг қўлига тушади. Бундай вазиятда энг ачинарлиси, одамлар кейинги сафар ҳақиқий ёрдам сўраган кишига ҳам шубҳа билан қарай бошлайди. Яъни бир фирибгарнинг қилмиши ўнлаб эҳтиёжмандларнинг ҳақиқий ёрдам олишига ҳам зарар етказиши мумкин.

Яна бир ҳолат бор. Баъзан ёрдам сўраган одамнинг ўзи фирибгарнинг нишонига айланади. Фуқаро ижтимоий тармоққа карта рақамини қолдириб, “даволаниш учун ёрдам керак”, деб мурожаат қилади. Орадан кўп ўтмай, унга бегона одам ёзади: “Сизга ёрдам бермоқчимиз”, дейди. Кейин “карта сизники эканини тасдиқланг”, “SMS орқали келган кодни айтинг”, “мана бу ҳаволага киринг”, “иловани юклаб олинг”, деган гаплар бошланади. Ана шу ерда одам тўхташи керак. Чунки сизга пул юборадиган одам пулни қабул қилишингиз учун SMS кодни, ПИН-кодни ёки бошқа махфий маълумотларни сўрамайди.

Муаммо фақат карта билан ҳам тугамайди. Бугун — одамлар танишининг номидан келган хабарга ҳам эҳтиёткорлик билан ёндагадиган давр. Масалан, Телеграмда яқин инсонингиздан “тезда фалон карта рақамига пул ташлаб юбор”, деган хабар келди. Сиз унинг исмини кўрдингиз, расми турибди, шунинг учун ортиқча текширмай пул юбордингиз. Кейин эса маълум бўладики, ўша одамнинг аккаунти бузилган ёки унинг номидан бошқа биров ёзган. Аслида, бундай пайтда битта оддий телефон қўнғироғи кифоя. “Ростдан ҳам сен пул сўрадингми?”, деб сўраб қўйиш катта зарарнинг олдини олиши мумкин.

Энди видеоларга ҳам кўр-кўрона ишониб бўлмайди. Технология ривожланиб, одамнинг овози, юзи ёки тасвиридан фойдаланиб, сохта видео ва аудио тайёрлаш имконияти пайдо бўлди. Демак, экранда таниш юзни кўришнинг ўзи етарли далил эмас. Айниқса, видеода “шу карта рақамига пул юборинг”, “тезда ёрдам беринг”, деган мурожаат бўлса, аввал унинг манбасини текшириш керак.

Юқоридагилардан чиқариладиган энг асосий хулоса, бу — шошилмаслик. Кимдир “ҳозир пул юборинг”, “тезроқ босинг”, “кодни айтинг”, деб босим қилса, аксинча тўхташ керак. Бир неча дақиқа текширишдан зарар йўқ. Лекин текширмасдан юборилган пулни қайтариш ҳар доим ҳам осон эмас.

Худди шундай, ижтимоий тармоқдаги ёрдам сўровини кўрган одам, аввало, мурожаат кимга тегишли эканини аниқлаши мумкин. Агар даволаниш ҳақида гап бўлса, беморнинг яқинлари билан боғланиш, маълумотни бошқа манбалардан текшириш мумкин. Бир хил мурожаат бошқа саҳифаларда ҳам борми, карта рақами бир хилми — буларни кўриб чиқишнинг ўзи кўп нарсани англатади. Катта миқдорда пул юбораётган бўлсангиз, янада синчиклаб текширинг.

Ёрдам сўраётган фуқаронинг ўзи ҳам эҳтиёт бўлиши зарур. Ижтимоий тармоққа карта рақамини жойлаштириш мумкин, лекин карта билан боғлиқ махфий маълумотларни ошкор қилиш мумкин эмас. Агар картадан рухсатсиз пул ечилганини сезсангиз, “энди нима бўлса бўлди”, деб кутиб ўтирмаслик керак. Дарҳол банк билан боғланиб, картани фулфлаш, жараён бўйича мурожаат қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш лозим. Вақт бу ерда жуда муҳим.

Бировнинг дардини кўриб қўл узатайлик. Лекин ўша қўлни фирибгарлар ўз фойдасига буриб юборишига йўл қўймайлик. Чунки ёрдам ҳақиқий эгасига етиб борса, у инсоннинг дардини енгиллаштиради. Фирибгарнинг қўлига тушса, бир одамнинг ишончи, бошқасининг пули, яна бир инсоннинг умиди йўқолади…

Шаҳноза ХАЛИЛОВА.

 

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

“Муаммоларимиз ҳам йўқ эмас”

МИСОЛ УЧУН, МАҲАЛЛАДА 8 ТА КЎЧА МАВЖУД БЎЛИБ, БИНОКОР ВА ЁШЛИК КЎЧАЛАРИДА ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИНИ ЯХШИЛАШ УЧУН 27 ТА ТАЯНЧ БЕТОН УСТУНЛАР ЎРНАТИЛИШИ КЕРАК.