Биласизми

Баъзан эшик ортида бой берилган имкониятлар ётади

СОЛИҚЧИ — КЎМАКЧИ   Маҳаллага чиққанимда қўлимдаги рўйхатдан кўра, одамларнинг турмушига кўпроқ эътибор бераман. Чунки баъзан солиқ ҳисоботида муаммо кўринмайди, аммо хонадон эшиги ортида бутун бир оиланинг бой берган имконияти яширинган бўлади. Шундай хонадонлардан бирига маҳалла фаоллари бошлаб кирган эди. У ерда икки фарзанди билан яшайдиган аёл тикувчилик қилиб кун кўрар, лекин иши кутилгандек ривожланмаётганини айтишди. Ҳовли четидаги кичик устахонада бир нечта тайёр либос илиниб турарди. Қарашдан буюртма камдек туюларди. Суҳбат давомида эса ҳақиқий муаммо аста-секин очилди. Аёлнинг айтишича, буюртма етарли. Муаммо мижозда эмас, тўловда эди. Унинг асосий мижозлари ижтимоий тармоқлар орқали буюртма берарди. Лекин уларнинг аксарияти тўловни карта орқали амалга оширишни хоҳлар, аёл эса расмий фаолият юритмагани учун тадбиркорлик ҳисобрақами ва тўлов қабул қилиш имкониятига эга эмас эди. Нақд пул билан ҳисоб-китоб қилиш эса ҳам харидор, ҳам сотувчи учун ноқулайлик туғдирар, оқибатда буюртмаларнинг бир қисми бекор бўларди. Шунинг ўзи қанча зарар келтираётганини бирга ҳисоблаб кўрдик. Ҳафтасига ўртача 10-15 та буюртма айнан шу сабаб бекор бўлар экан. Бир қарашда ҳар куни йўқотилаётган 80-100 минг сўм унчалик катта маблағдек туюлмайди. Лекин бир ойлик ҳисоб қилинганда, бекор бўлган буюртмалар сабаб 4-5 миллион сўм, бир йилда эса қарийб 60 миллион сўм даромад йўқотилаётгани маълум бўлди. Энг ачинарлиси, бу зарар меҳнат камлигидан эмас, фаолиятни расмийлаштирмагани учун юзага келаётган эди. Эътиборлиси, бу пул солиқ туфайли эмас, билим етишмагани учун йўқотилаётган эди. Кўпчилик солиқчи маҳаллага жарима ёзиш ёки қарздорни излаш учун чиқади, деб ўйлайди. Аслида, биз кўп ҳолатда инсон нега даромадини ошира олмаётганини тушунишга ҳаракат қиламиз. Чунки норасмий ишлаётган одамнинг ўзи ҳам кўп имкониятлардан маҳрум бўлади. Банк хизматлари, кредит, давлат дастурлари, электрон тўловлар — буларнинг барчаси ундан узоқлашиб кетади. Бу аёл билан ҳам шундай бўлди. Уни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказишга кўмаклашдик. Электрон тўлов қабул қилишни, фаолиятини қонуний юритишни тушунтирдик. Ижтимоий тармоқларда саҳифа очиб, буюртмаларни онлайн қабул қилишни ҳам йўлга қўйди. Орадан уч ой ўтгач яна кўришдик. Бу сафар устахонадаги манзара бутунлай бошқача эди. Янги тикув машинаси олинган, қизлари ҳам ёрдамлашар, буюртмалар навбат билан бажариларди. Илгаригидай мижоз йўқотиш йўқ. Ойлик даромади деярли икки баробарга ошган. Шунда ўйлаб қолдим: баъзан маҳалладаги энг катта муаммо пул эмас. Муаммо — одам ўз имкониятини тўлиқ кўра олмаслиги. У меҳнат қилади, лекин меҳнати қанча даромад келтириши мумкинлигини ҳисоблаб кўрмайди. Норасмий ишлашни тежамкорлик деб ўйлайди, аслида эса энг катта зарарни ўзи кўраётганини сезмайди. Бобур РАЗЗОҚОВ, Пахтачи туманидаги “Кўрпа”, “Сардоба”,  ”Қувондиқ”, “Ёбу” маҳаллалари солиқ инспектори.

31

“Ўғлимнинг ютуқларига илк пойдевор маҳалла майдонларида қўйилган”

“ОЛҒА, ЎЗБЕКИСТОН!”   Жаҳон чемпионати саралаш босқичининг ҳал қилувчи палласи. Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган драматик ўйин. Барчамиз 34 йиллик орзу рўёбини кўришга ошиққан дамлар. Сафардаги дуранг натижа Тимур Кападзе бошчилигидаги миллий терма жамоамизни ўз тарихида илк бор футбол бўйича Жаҳон чемпионатига йўл олиши учун етарли бўлди. Шу куни вакилларимиз ғалабага тенг дурангга эришди. Ўзбекистон терма жамоаси тарихий натижани қайд этди. Биз футбол бўйича Канада, Мексика ва АҚШ давлатлари мезбонлигида ўтадиган Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма эгасига айландик. Миллий терма жамоа ҳар бир аъзосининг исми-фамилияси диллардан тилларга кўчди. Улар орасида Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Одилжон Ҳамробековнинг исми ҳам кўп бор эътироф этилди. — Футболчиларимиз Янги Ўзбекистоннинг янги тарихини ҳар соат, ҳар қадамда катта ҳарфлар билан ёзишмоқда, — дейди Наманган туманидаги “Оқер” маҳалласи раиси Шокиржон Ҳайдаров. — Жаҳон чемпионати иштирокчисига айланган миллий терма жамоа аъзоси Одилжон Ҳамробеков маҳалламиз фарзанди эканидан фахрланамиз. Бир нарсани алоҳида қайд этиш керакки, мамлакатдаги бирор соҳанинг дунё миқёсида тан олиниши замирида бошқа жиҳатларнинг ҳам тараққий этиши ётади. Шу маънода ўзбек футболининг жаҳонга бўйлашиши, аслида юртимизнинг тез суръатларда ривожланиб бораётганининг исботидир. Аслида, Жаҳон чемпионатига йўл маҳалладан бошланган, бу ютуқ юртимизда болалар футболини ривожлантиришга қаратилган эътибор маҳсули, десак янглишмаган бўламиз. Одилжоннинг дадаси, Соҳибжон ака ҳам ёшлигида футболга қизиққан. Унинг орзусини фарзанди ушалтирди. — Аввало, Ватанимиз футболчиларини қўллаб-қувватлаган Президентимизга алоҳида раҳмат айтаман, — дейди Соҳибжон Ҳамробеков. — Юртимизда спортга берилаётган эътибор туфайли шундай юксак чўққини забт этдик. Ўша куни амирлик мухлисларининг “Ўзбекларнинг ўйинчилари кучли”, деган сўзлари қулоғимга ўрнашиб қолди. Ўзимга сиғмай кетяпман. Ўғлим юрт корига ярайдиган йигит бўлганидан бағоят хурсандман. У болаликдан спортга ўзгача меҳр қўйган. 2011 йилда Намангандаги мусобақада “Насаф” футбол академияси мураббийлари эътиборига тушди. Шу тариқа Қаршидаги тайёрлов мактабига қабул қилинди. Тез орада жамоанинг кашф этилган аъзоси сифатида тақдирланди. Мана, бугун миллий терма жамоанинг фойдали ўйинчиларидан бири. Мактаб давридаги биринчи мураббийи Маҳмуджон Раҳимов, “Насаф” жамоаси мураббийи Рўзиқул Бердиев, ёшлар терма жамоаси мураббийи Равшан Ҳайдаров каби устозларига ҳам алоҳида раҳматимни айтаман! Тарихий натижа қўлга киритилганда бир зум Одилжоннинг болалиги кўз олдимдан ўтди. Қор кечиб тўп ўйнаганларини, футболни деб оромини йўқотгани, бироз касалликка чалингани, ҳатто майдонга тушиши тақиқлаб қўйилгани — ҳамма-ҳаммасини эсладим. У жамики ютуқларига ҳалол меҳнати, одоби ва халқимизнинг олқиши билан эришди. Шуниси билан забт этилган чўққи янада қадрлидир! Эслатиб ўтамиз, вакилларимиз гуруҳ босқичида Колумбия, Португалия ва Конго Демократик Республикасига қарши майдонга тушади. Ҳа, қоғозда рақиблар анча ваҳимали кўриниши мумкин. Лекин, бу — Жаҳон чемпионати! Бу ерга ҳеч ким совға сифатида йўлланма олмайди. Гарчи мусобақа биз учун дебют бўлса-да, вакилларимиз майдонга рақибларнинг номидан ҳайиқиш учун чиқишмайди. Насиб этса, яшил майдонда охиригача курашиб, миллионлаб ватандошлар ишончини оқлашади ва Ўзбекистон шаънини муносиб ҳимоя қилишади. Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ.  

28

Маҳалла раисларига 100 фоиз устама берилади

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида маҳаллаларда томорқачилик, туризм ва тиббиёт имкониятларидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ қатор ташаббусларни илгари сурди. Айтиш керакки, бу саъй-ҳаракатларнинг натижаси “Андижон тажрибаси” ўлароқ барча маҳаллаларда жорий этилади. Жорий йилдан бошлаб томорқадан фойдаланиш бўйича янги тизим ишлаяпти. Масалан, Асака туманидаги “Оташ” маҳалласидаги 810 та хонадондан 805 тасида иссиқхона бор, уларда йилига 3 марта ҳосил олиняпти. Худди шундай, “Обод” маҳалласидаги 922 та хонадон эгалари иссиқхоналардан самарали фойдаланяпти. Вилоятдаги қолган 907 та маҳаллада ҳам бу тажриба татбиқ этилади. Шунингдек, Асакадаги маҳаллаларда йўлга қўйилган арзон уруғ ва минерал ўғит етказиб бериш тизими бутун республикада жорий қилинади. Бу орқали уруғ ва ўғит 15 фоизгача арзон сотилади. Ўтган йили Андижонда камбағаллик даражаси 11,9 фоиздан 9,5 фоизга тушган бўлса-да, ҳудуд республикада 9-ўринда турибди. Балиқчи ва Олтинкўлда беш гектардан иссиқхона ташкил қилиниб, 100 та эҳтиёжманд оила даромадли қилинди. Иссиқхона камбағал оилаларга 10 сотихдан икки йилга ижарага берилган. Йилига уч марта ҳосил олиш ҳисобига ҳар бир оила 150-200 миллион сўмдан даромад топади. Тадбиркор кўчат, уруғ, ўғит ва ёқилғини етказиб бериб, ҳосилни ўзи сотиб олади. Бу ишлар камбағаллик юқори бўлган Улуғнор, Пахтаобод, Хўжаобод, Марҳамат ва Андижон туманларида ҳам йўлга қўйилади. Бундай замонавий иссиқхоналарни намунавий ташкил қилган маҳалла раисларига 100 фоиз устама берилади. Маҳаллаларнинг туризм салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилади. Хусусан, Хонободдаги “Кампировот” маҳалласида 92 гектар ҳудудда туризм маркази ташкил қилинади. Бундай туризм масканлари Булоқбошидаги “Ширмонбулоқ”, Хўжаободдаги “Тош ота” маҳаллаларида ҳам ташкил қилинса, қўшимча 1 миллион сайёҳни жалб қилиш учун барча имкониятлар бор. Ушбу маҳаллаларнинг мастер-режаси ишлаб чиқилиб, зарур инфратузилма харажатлари ҳал қилиб берилади. Андижондаги 400 дан зиёд маҳаллада аҳолига туну кун хизмат кўрсатадиган хусусий тиббиёт пунктлари ташкил қилинди. Бу ерда қон босимини ўлчаш, укол қилиш, физиотерапия каби бирламчи оддий хизматлар кўрсатилади. Президентимиз бу тажрибани маъқуллаб, мутасаддиларга бу йил ушбу тизимни қолган вилоятлардаги камида 100 тадан маҳаллада йўлга қўйишга топшириқ берди.

771

“Сўзлашда нуқсоним бор, ўқитувчилик қила оламанми?”

  — Мен университетда таълим олиб, филология факультетини тугатганман. Менда туғма танглай кемтиклиги бор. Саволим шуки, туғма танглай кемтиклиги бор шахс педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкинми? Камолиддин МАШРАПОВ, Андижон вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари: — Албатта, мумкин. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, ва ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Меҳнат кодексининг 4-моддасига кўра, ҳар ким меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга. Шунингдек, “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасига кўра, қуйидаги шахсларнинг педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди: қонуний кучга кирган суд ҳукмига мувофиқ педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар, қонунчиликда белгиланган тартибда суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари бўлган шахслар, сихиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахслар, қасддан содир этилган жиноят учун илгари судланган шахслар. Педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар рўйхатини Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган. Бироқ педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар рўйхати ҳали тасдиқланмаган. Юқоридагилардан хулоса қилсак, туғма танглай кемтиклиги мавжуд ходимларнинг педагогик фаолият билан шуғулланишига амалдаги қонунчилик ҳужжатларида ҳеч қандай чеклов мавжуд эмас. Меҳнат ёки машғулотлар соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситилиш факти устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши, шу жумладан, камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённинг компенсация қилиниши тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

126

Мевали дарахтларни қандай ўғитлаш керак?

    Дарахтларга ўғитларни баҳорда – томирларнинг интенсив ўсишидан олдин ва кузда – томирлар тупроқнинг музламайдиган қатламида бўлган даврида солиш керак. Ўғитлаш муддатларини белгилашда мевали дарахтларнинг физиологик жараёнларига таъсирини ҳисобга олиш лозим. Июнь охири июль ойларида азотли ўғитларнинг берилиши, дарахтнинг ўсиш даврини узайтиради. Натижада новдалар қиш даврига тайёрланишга улгурмасдан уларни совуқ уриш эҳтимоли юзага келади. Бу даврда фосфорли-калийли ўғитларни берилиши ўсимликларнинг совуққа чидамлилигини оширади. Асосий ўғитлар билан бир қаторда вегетация даври давомида боғларда қўшимча озиқлантирилади. Кузда тўлиқ дозадаги органик, фосфорли-калийли ўғитлар ва азотли ўғитларнинг учдан бир қисми берилади. Баҳор даврида (апрель-май) азотли ўғитлар билан, ёзда (июнь-июль) фосфорли-калийли ўғитлар билан қўшимча озиқлантириш амалга оширилади. Озиқлантириш вақти ва миқдорини белгилашда дарахтларнинг нав хусусиятлари, ҳолати, ҳосил миқдори, шохлар узунлиги, илгари берилган асосий ўғит миқдори,  тупроқ унумдорлиги, намланиш шартлари ҳисобга олиниши лозим. Нима учун помидор ҳосили ёрилади? Помидор етиштиришда кўпинча помидорнинг пишган ва ҳатто пишиб улгурмаган меваларининг тўсатдан оммавий ёрилиши кузатилади. Бунинг сабаби, қуёш қиздириши натижасида тупроқ қуриб, намлик йўқолади. Юқори ҳарорат мевалар етилишини тўхтатиши натижасида унинг пўсти қаттиқлашади. Айнан шу вақтда меъёрдан ортиқ суғориш натижасида помидор мевалари тўқималарида ҳам ички суюқлик босим тўсатдан ортиб кетади. Буни кўтара олмаган меваларда оммавий ёрилиш юз беради. Томчилатиб суғоришда эса бундай нохушликлар камроқ юз беради.  

589

МЕНДА САВОЛ БОР…

  Эр ва хотин ўртасидаги умумий мол-мулк қандай бўлинади? – Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш тартиби бўйича тушунтириш берсангиз? Мустафо ҚУРБОНОВ. Хоразм вилояти. – Оила кодексининг 27-моддасига кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек, кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки эр ва хотин ўртасида ўзаро келишув асосида бўлиб олинади. Эр ва хотиннинг хоҳиши билан уларнинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги ўзаро келишуви нотариал тартибда тасдиқланади. Низо туғилган ҳолларда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш, шунингдек, эр ва хотиннинг бу мол-мулкдаги улушини аниқлаш суд тартибида амалга оширилади. Умумий мол-мулкни бўлишда суд эр ва хотиннинг ҳар бирига мулкнинг қайси қисми берилиши лозимлигини аниқлайди. Эр (хотин)га унга қарашли улушдан ошиқ қийматга эга бўлган мол-мулк бериладиган ҳолларда, хотин (эр)га тегишли пул ёки ўзга компенсация белгиланиши мумкин. Вояга етмаган болалар эҳтиёжини қондириш учун олинган буюмлар (кийим-бош, пойабзал, мактаб ва спорт жиҳозлари, мусиқа асбоблари, болалар кутубхонаси ва бошқалар) бўлинмайди ҳамда болалар эр ва хотиндан қайси бири билан яшаса, унга компенсациясиз берилади. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобидан ўртадаги вояга етмаган болалар номига қўйилган омонатлар ўша болаларга тегишли ҳисобланиб, эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш пайтида эътиборга олинмайди. Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки улар никоҳда турган даврда бўлинган тақдирда, эр ва хотин мол-мулкининг бўлинмай қолган қисми, шунингдек эр ва хотин томонидан улар никоҳда турган даврда орттирилган мол-мулк кейинчалик уларнинг биргаликдаги умумий мулкини ташкил қилади. Никоҳдан ажралган эр ва хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги талабларига нисбатан уч йиллик даъво муддати қўлланилади. Хушнуд БОЛТАЕВ, Хоразм вилоят суди судьяси

138