Статистика агентлиги “Аҳолининг минимал истеъмол харажатлари қиймати ва камбағаллик чегарасини ҳисоблаш тартиби тўғрисида низом”га асосан, минимал истеъмол харажатлари қийматини қайта ҳисоблади. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Статистика агентлиги 2024 йил 1 майга қадар ёқилғи-энергетика ресурслари нархи ошишини ҳисобга олган ҳолда минимал истеъмол харажатлари қийматини қайта кўриб чиқиш ва эълон қилиши белгиланган. Статистика агентлиги шунга асосан, минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаб чиқди. Унга кўра, 2024 йил май ойидан ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 648 минг сўмни ташкил этади (2024 йил январда эълон қилинган қиймат 621 минг сўмни ташкил этган). Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан: давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш; камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш; пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади. Ҳақли савол туғилади: минимал истеъмол харажатлари қиймати ўзгарган бўлса, мисол учун, бу нафақа ва моддий ёрдамга қандай таъсир кўрсатади? Айтиш керакки, болалар нафақаси ва моддий ёрдамни олиш олдингига қараганда нисбатан осонлашди. Бу нима дегани? Ҳукуматнинг тегишли қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан, оилага болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинланиши учун 2022 йилдан бошлаб — оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари миқдоридан ошмаганда кам таъминланган деб эътироф этилиши мумкинлиги кўрсатилган. Бу дегани энди Сиз болалар нафақаси ёки моддий ёрдам пулини олиш учун ариза берсангиз, Сизнинг ҳар ойлик жами даромадингиз киши бошига бўлинганида мана шу 648 минг сўмдан ошмаса бўлди. Масалан, оила аъзоларингиз сони 4 нафар дейлик. 648 000 х 4 = 2 592 000 сўм. Демак, оила аъзолари сони 4 нафар бўлган оиланинг оилавий даромади 2 592 000 сўмдан ортиқ бўлса, болалар нафақаси ёки моддий ёрдамга ариза топширишнинг фойдаси йўқ. Агар ортиқ бўлмаса, қарорнинг бошқа талабларини инобатга олган ҳолда топшириб кўрса бўлади. Маълумот учун, 2022 йилда йил минимал истеъмол харажатлари қиймати 498 минг сўм этиб белгиланганди, 2021 йилда бу кўрсаткич 440 минг сўмни ташкил этган.
Агар ер участкалари аҳоли пунктларининг бош режаларига, аҳоли пунктлари қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларига ёки ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва режалаштириш бўйича бошқа ҳужжатларга, хусусан, мастер-режа талабларига ёхуд ер участкаларидан фойдаланишнинг рухсат берилган турларига мувофиқ бўлса, улар мулк ҳуқуқи асосида аукционга қўйилади. Шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда ёки унинг талабларига мос келмаган тақдирда, ер участкалари ижара ҳуқуқи асосида аукционга қўйилади. Юридик ва жисмоний шахслар ер участкасини реализация қилиш бўйича аукционда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибларга мувофиқ иштирок этади. Аукцион ғолиби аукцион натижалари тўғрисидаги баённома тушган кундан бошлаб, ижара шартномасини электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди. Ижара шартномаси тарафлар томонидан имзолагандан сўнг, автоматик равишда «YERELEKTRON» ААТ орқали Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармасига юборилади. Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаси аукцион савдоси натижалари тўғрисидаги баённомани олган кундан бошлаб, 1 иш куни ичида белгиланган шаклда ер участкасига мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордерини расмийлаштиради. Белгиланган шаклда ЭРИ билан тасдиқлайди ва аукцион ғолибининг шахсий кабинетига ҳамда «YERELEKTRON» ААТ орқали Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармасига юборади. Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармаси ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш давлат ордери тушган кундан бошлаб амалга оширади. Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан ер участкасига мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги кўчирма операторга «YERELEKTRON» ААТ орқали аукцион ғолибига белгиланган тартибда тақдим этиш учун 2 кун ичида юборилади. Оператор ер участкасига бўлган ижара ёки мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги кўчирмани олгандан сўнг автоматик тарзда уни ғолибнинг шахсий кабинетига юборади. Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали ва туман (шаҳар) қурилиш бўлими 3 иш куни ичида ер участкаси чегараларини жойида (натурада) белгилайди ва ер участкасини натурада кўрсатади. Бизнес-омбудсман
Хабарингиз бор, Президент ташаббуси билан томорқа орқали аҳолини даромадли қилиш бўйича “Сайхунобод тажрибаси” йўлга қўйилди. Бугун юқоридаги ташаббус республикада кенг оммалашиб бормоқда. Жараёнда деҳқончилик маҳсулотларини экиш, парваришлаш, сотиш бўйича мутахассис тавсиясига эҳтиёж ортиши табиий. Газетамизда айни мавзуда мақолалар бериб боришни ният қилиб, “Томорқа мактаби” рукнини ташкил этдик. Қуйида малина экиш ва парваришлаш бўйича тавсия берамиз. Малинани бир ердан кўчирмасдан 10-12 йил, баъзан ундан ҳам кўп вақт ўстириш мумкин. Бунинг учун экин майдони танлашга алоҳида эътибор бериш керак. Совуқ шамолдан тўсилган, панароқ, ҳосилдор ҳамда сув қатлами ер юзасидан 1,5 метрдан паст бўлган майдон жуда қулай ҳисобланади. Чириндига бой, сувни яхши ўтказувчи қумлоқ тупроқли ерда яхши ўсиши ва мўл ҳосил беришини ҳисобга олиб, оғир тупроқли, шўрхок, ботқоқ, карбонати кўп ерда экиш ярамайди. Илдиз тизими ҳайдаладиган қатламда горизонтал жойлашади. Шунинг учун ер қанчалик чуқур бўлса, унда озиқ моддалар ва намлик шунча кўп тўпланади. Бақувват ривожланиб, экин серҳосил бўлади. Малина экиладиган ер 30-35 см. чуқурликда ҳайдалиб, 1 метр квадрат ерга 6-8 кг. гўнг ва 80 грам суперфосфат солинади. Сўнг текисланиб, 1,5-2 метр оралиқда жўяк олинади. Малина кўчатини экиш жараёни Ўзбекистон шароитида суғориладиган ерларда куз ойларида ёки эрта баҳорда бошланади. Кузда экилган кўчатлар яхши ўрнашиб, эрта баҳорданоқ ўса бошлайди. Кўчатлар орасини 50 см.дан, чуқурлиги ва эни 40 см.дан қилиб ковланган ерга экилади. Экишдан олдин касалланган, синган, зарарланган илдизи кесиб ташланади. Жуда узун илдизи ҳам қисқартирилади. Малина кўчатини ўтқазишнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, унинг илдиз бўғзи ер сатҳи билан тўғри келиши керак. Илдизлар ҳамма томонга бир хилда таралади, тупроқ билан кўмилган заҳоти 5-6 литр сув қуйилади. Чуқурчалар усти гўнг, торф билан беркитилади, қолган қисми кесиб ташланади. Малина кўчати экилгандан сўнг иккинчи йили ҳосил беришни бошлайди. Учинчи, тўртинчи йиллари ялпи ҳосилга киради. Меваси ниҳоятда нозик бўлгани учун банди билан узилади. Ўта пишиб кетишига йўл қўймасдан, тез териб олиш керак. Терилган куни истеъмол қилинадиган, шунингдек қайта ишлашга мўлжалланган малинани банди билан термаса бўлади. Малина қулупнай тугаш даври, яъни май ойининг охири ва июнь ойининг бошида пишишни бошлайди. Йиғиб олиш август ойига қадар давом этади. Пишиш бошланган дастлабки кунда 2 кунда, мавсум охирлагани сари 3–4 кунда терилади. Уни 1,5–2 кг. ҳажмли идишга йиғиб олинади. Чунки катта идишга йиғилганда сифати бузилиши мумкин. Эрталаб ёки куннинг иккинчи ярмида, ҳаво салқин пайтда териб олиш керак. Азизахон САЙФИДДИНОВА, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутахассиси.
МУТАХАССИС МИНБАРИ Мазкур электрон платформа барча ҳоким ёрдамчилари, республика вакиллари, туман марказлари ва туман, вилоят ҳокимликлари, ҳудудий бошқармаларнинг фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш вазифасини бажаради. Платформа орқали ҳоким ёрдамчилари фуқароларнинг “Оилавий тадбиркорлик дастурлари” доирасида кредит олиш учун топширган аризаларни реал вақт тартибида кўриб чиқади. Фуқароларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган субсидия олиш учун берилган аризаларини онлайн равишда, қўшимча ҳужжатларсиз тасдиқлайди. Фуқароларни тегишли бўш иш ўринларига тавсия қилиш орқали бандлигини таъминлайди. Давлат ва нодавлат таълим ташкилотларига касб-ҳунар ва тадбиркорлик йўналиши бўйича ўқитишга онлайн тавсия тақдим этади. Фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳволи борасида таҳлилий маълумот олади. Платформа орқали ҳоким ёрдамчиларига вазирлик ва идоралар маълумотлари базасидан фойдаланиши учун имконият яратилган. Бундан ташқари, тегишлилиги бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг маълумоти асосида ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари мурожаати(ариза, таклиф ва шикоят)ни тегишлилиги бўйича вазирлик ва идораларга етказиш, ижро ҳолатини назорат қилиш мумкин. Электрон платформа 26 та — “Хонадонбай”, “Тадбиркорбай”, “Қишлоқ хўжалиги”, “Аҳоли даромадлари”, “Ажратилган ерлар”, “Йўл хариталар”, “Кунлик фаолият”, “KPI”, “Ўқишга йўналтириш”, “Ишга жойлаштириш”, “Камбағалликдан чиқариш”, “Оилавий тадбиркорлик”, “Субсидия”, “Янги лойиҳалар”, “Кооперация”, “Бўш бино ва ерлар”, “Ўсиш нуқталари”, “Мурожаатлар”, “Хабарлар”, “Яйлов хўжалиги”, “Ипак саноати” ва “Ўқитиш натижалари сўровномаси” модул ёки маълумотлари базасидан ташкил топган. Шу билан бирга, 35 та вазирлик ва идоралар маълумотлари базаси билан интеграция қилинган. “Фермерлар мактаби”га қандай йўналтирилади? “Онлайн маҳалла” платформаси орқали ҳоким ёрдамчилари фаолиятини “KPI” баҳолаш мезонлари ишга туширилди. Хусусан, унда ишга жойлаштириш, ташкил қилинган субъект, ўзини ўзи банд қилиш, индивидуал дастур, кредит ва ўқишга йўналтириш каби йўналишлар мавжуд. Айнан ўқишга йўналтириш қисмида фуқароларни нодавлат, нотижорат ўқув марказлари, мономарказда ўқиганлик ҳолати платформада қайд этилиши билан ҳоким ёрдамчисига балл ҳисобланади. Жумладан, “Агробанк” билан ҳамкорликда ташкил этилган “Фермерлар мактаби”да ўқиганлик ҳолатини қайд этиш орқали ҳоким ёрдамчисига қўшимча балл берилади. Хўш, платформа қандай тўлдирилади? Бунинг учун ўз маҳаллангизни танлайсиз. Платформага кирилганда иккита танлов чиқади. Биринчиси мономарказ ваканциялари, иккинчиси “Фермерлар мактаби” ёзуви бўлиб, кераклисига босасиз. “Фермерлар мактаби” ёзувига боссангиз тўғридан-тўғри тўлдириш учун шакл очилади. Унга маълумотлар киритиш керак. Мисол учун ўқишга юбориладиган фуқаро ҳақида маълумот қайд этилади. Шуни унутмаслик керакки, тавсия этилаётган фуқаро аукционда ер сотиб олган бўлиши керак. Чунки ер олмаган фуқаро “Фермерлар мактаби”да ўқий олмайди. Агар шундай номзод тавсия этилса, маълумоти рад этилади. Талабга жавоб берадиган фуқаро танлангандан кейин платформага киритилади. Йўналишлари белгиланади. Талабгорга бир эмас, икки ёки уч йўналишда ўқиш имкони яратилган. Аспандиёр ТОЖИБОЕВ, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги бош мутахассиси.
Сиз маҳалла фаолимисиз? Ёки ўз маҳалласини обод қилиш йўлида билимларини ошираётган талабамисиз? Маҳаллангизни обод қилиш йўлида ташаббус кўрсатдингизми? Унда Сиз ўз маҳаллангиз қаҳрамонисиз! Сиз энди “Маҳалла ташаббускори” танловида иштирок этишингиз мумкин. Танлов шартлари: 1-шарт: Сиз “Ташаббусли бюджет” жараёнининг жорий йилги 1-мавсуми доирасида “Очиқ бюджет” ахборот порталида рўйхатдан ўтган ҳолда ўз лойиҳангизни илгари сурган бўлишингиз ва ушбу лойиҳа саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган бўлиши лозим; 2-шарт: Порталдан рўйхатдан ўтишда “касб” майдонига “маҳалла раиси”, “маҳалла еттилиги” аъзоси” ёки “талаба” сўзларини киритган бўлишингиз ёки овоз бериш босқичи якунига қадар порталдаги шахсий кабинет бўлими орқали касб маълумотларини таҳрирлаш орқали тузатиш киритиб қўйишингиз лозим; 3-шарт: Овоз бериш босқичи якунлари бўйича (4 апрель 23:59 ҳолатига) “касб” майдонига “маҳалла раиси”, “маҳалла еттилиги” аъзоси” ёки “талаба” сифатида лойиҳа киритган барча лойиҳалар орасидан энг кўп овоз тўплаган: 10 нафар — маҳалла раиси; 10 нафар — “маҳалла еттилиги” аъзоси; 10 нафар — талаба ғолиб деб топилади. Маълумот учун, маҳалла раиси ва “маҳалла еттилиги” аъзолари хақиқатан ушбу лавозимларда фаолият юритиши юзасидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси орқали аниқлик киритилади. Танловда ғолиб бўлган 30 нафар фуқарони Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ноутбук билан тақдирлайди.
“Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бунда қонунга маҳалла раиси сайловини умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказиш, маҳалла раисининг ваколат муддатини 3 йилдан 5 йил муддатга узайтириш каби масалалар бўйича ўзгартиришлар киритилади. Ҳақли савол туғилади: 2019 йилда раисларнинг ваколат муддати 2,5 йилдан 3 йилга узайтирилган бўлса, уни яна 5 йилга узайтиришга қандай зарурат туғилди? Бугун ҳар қандай масалани маҳалла даражасида ҳал этишга урғу қаратиляпти. Шунга кўра, давлат ўз зиммасидаги кўплаб вазифаларни маҳаллага ўтказяпти. Барча аҳоли қатламини қамраб олиш учун маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим, солиқ ва профилактика инспекторидан иборат “еттилик” тизими жорий этилди. Иш ҳажми кўпайганидан кейин уларни тақсимлаш, “еттилик” вакилларининг бошини бирлаштириш, ҳудуддаги муаммоларни ҳал этиш учун маҳалла раиси тажрибали, одамлар кайфиятини, яшаш тарзини яхши биладиган инсон бўлиши керак. Тажриба эса 2 ёки 3 йилда йиғилмайди. Қолаверса, 3 йил муддат раисларнинг ўз билим ва бошқарув қобилиятларини тўлиқ намоён этиши учун етарли эмас эди. Дейлик, маҳалла раиси камбағал оилаларни бу тоифадан чиқариш, ҳудудда янги лойиҳаларни амалга оширишда ташаббус кўрсатса, буларнинг барчасини бажаришга 3 йил вақт камлик қиларди. Эндиликда янги қонун лойиҳаси билан фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилиши уларга ўз маҳоратини тўлиқ намоён этиши учун кўпроқ имконият яратади. Шунга кўра, бундан буён 5 йилга сайланадиган маҳалла раислари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, маҳалладаги ҳар бир оила, ҳар бир инсон тақдири учун масъулиятни зиммасига олишга қодир фидойилар бўлиши, маҳалла аҳлининг фикр-ўйлари, мақсадларини иш фаолияти орқали ифода этиши талаб қилинади. Раис ўз ишининг устаси бўлиши, вазифаларини яхши англаши, сидқидилдан меҳнат қилиши, намунали иш тажрибаларини оммалаштириши лозим. Яна бир гап: 5 йиллик муддат раисдан катта масъулият талаб қилади. Зеро, бу ўринда энди маҳалла раислари айрим ўринларда учраётган салбий ҳолатлар — ташаббус ва фидойилик кўрсатмаслик, маҳаллага дам олиш маскани сифатида қараш, ўз устида ишламаслик, тажриба орттирмаслик, ҳудудга мос илғор иш тажрибаларини яратмасликдан йироқ бўлиши керак. Маҳалла ислоҳотлар жараёнида фаол бўлиши, ундан узилиб қолмаслиги лозим. Хўш, сиз бунга нима дейсиз, маҳалладош? Санжар ИСМАТОВ.
Sign in to your account