Билиб қўйинг

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун ижтимоий тармоқларга кирган киши ёрдам сўраётган инсонларни деярли ҳар куни кўради. Кимдир фарзандининг даволаниши учун маблағ излайди, кимдир оғир касалликка чалинган, яна кимдир оиласининг оғир шароитини ёзиб, одамлардан кўмак кутади. Карта рақами қолдирилади, телефон рақами ёзилади, баъзан эса боланинг ёки беморнинг ҳолати акс этган видео ҳам жойланади... Албатта, юртдошларимиз буларни кўриб, бефарқ ўтиб кетолмайди. Кимдир 20 минг сўм, кимдир 100 минг сўм картага ташлаб беради. “Бир одамнинг дардига малҳам бўлсин”, деган ният билан қўлидан келганича кўмак кўрсатади. Аслида, бу — жамиятдаги яхши фазилат. Аммо, афсуски, бугун ана шу яхшиликдан ҳам фойдаланаётганлар бор. Фирибгарлар одамларнинг нафақат пулини, балки раҳм-шафқатини ҳам нишонга олаётгани ташвишли. Бировнинг касаллиги, фарзандининг дарди, оиласининг оғир аҳволи айрим кимсалар учун пул ишлаш воситасига айланган... Масалан, ижтимоий тармоқда даволанишга муҳтож боланинг ҳақиқий видеоси тарқалади. Унда боланинг аҳволи, ота-онасининг мурожаати, керак бўлаётган маблағ ва карта рақами кўрсатилади. Одамлар ёрдам бера бошлайди. Кейин эса кимдир шу видеони кўчириб, бошқа саҳифага жойлайди ва карта рақамини ўзиникига алмаштиради. Ёки беморнинг яқинлари номидан сохта саҳифа очиб, “операцияга фалон пул етмаяпти”, деган янги мурожаат чиқаради. Одамлар боланинг дардига пул бераётганини ўйлайди, аслида эса маблағ бошқа бировнинг қўлига тушади. Бундай вазиятда энг ачинарлиси, одамлар кейинги сафар ҳақиқий ёрдам сўраган кишига ҳам шубҳа билан қарай бошлайди. Яъни бир фирибгарнинг қилмиши ўнлаб эҳтиёжмандларнинг ҳақиқий ёрдам олишига ҳам зарар етказиши мумкин. Яна бир ҳолат бор. Баъзан ёрдам сўраган одамнинг ўзи фирибгарнинг нишонига айланади. Фуқаро ижтимоий тармоққа карта рақамини қолдириб, “даволаниш учун ёрдам керак”, деб мурожаат қилади. Орадан кўп ўтмай, унга бегона одам ёзади: “Сизга ёрдам бермоқчимиз”, дейди. Кейин “карта сизники эканини тасдиқланг”, “SMS орқали келган кодни айтинг”, “мана бу ҳаволага киринг”, “иловани юклаб олинг”, деган гаплар бошланади. Ана шу ерда одам тўхташи керак. Чунки сизга пул юборадиган одам пулни қабул қилишингиз учун SMS кодни, ПИН-кодни ёки бошқа махфий маълумотларни сўрамайди. Муаммо фақат карта билан ҳам тугамайди. Бугун — одамлар танишининг номидан келган хабарга ҳам эҳтиёткорлик билан ёндагадиган давр. Масалан, Телеграмда яқин инсонингиздан “тезда фалон карта рақамига пул ташлаб юбор”, деган хабар келди. Сиз унинг исмини кўрдингиз, расми турибди, шунинг учун ортиқча текширмай пул юбордингиз. Кейин эса маълум бўладики, ўша одамнинг аккаунти бузилган ёки унинг номидан бошқа биров ёзган. Аслида, бундай пайтда битта оддий телефон қўнғироғи кифоя. “Ростдан ҳам сен пул сўрадингми?”, деб сўраб қўйиш катта зарарнинг олдини олиши мумкин. Энди видеоларга ҳам кўр-кўрона ишониб бўлмайди. Технология ривожланиб, одамнинг овози, юзи ёки тасвиридан фойдаланиб, сохта видео ва аудио тайёрлаш имконияти пайдо бўлди. Демак, экранда таниш юзни кўришнинг ўзи етарли далил эмас. Айниқса, видеода “шу карта рақамига пул юборинг”, “тезда ёрдам беринг”, деган мурожаат бўлса, аввал унинг манбасини текшириш керак. Юқоридагилардан чиқариладиган энг асосий хулоса, бу — шошилмаслик. Кимдир “ҳозир пул юборинг”, “тезроқ босинг”, “кодни айтинг”, деб босим қилса, аксинча тўхташ керак. Бир неча дақиқа текширишдан зарар йўқ. Лекин текширмасдан юборилган пулни қайтариш ҳар доим ҳам осон эмас. Худди шундай, ижтимоий тармоқдаги ёрдам сўровини кўрган одам, аввало, мурожаат кимга тегишли эканини аниқлаши мумкин. Агар даволаниш ҳақида гап бўлса, беморнинг яқинлари билан боғланиш, маълумотни бошқа манбалардан текшириш мумкин. Бир хил мурожаат бошқа саҳифаларда ҳам борми, карта рақами бир хилми — буларни кўриб чиқишнинг ўзи кўп нарсани англатади.…

61

Ҳисоблагични нега истеъмолчи ўз маблағига ўрнатиши керак? 

МУЛОҲАЗА Энергетика тизимидаги ўзгаришлар ортидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Texnopark” МЧЖ масъулларининг ўзаро тил бириктириб, 19 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағларини талон-торож қилгани ҳақидаги хабар жамиятда катта баҳс уйғотди. Ушбу жиноий иш фақатгина рақамлардаги ўғирлик эмас, балки йиллар давомида юз минглаб оддий истеъмолчилар дуч келаётган сунъий тўсиқлар ва сарсонгарчиликларнинг асл илдизини ошкор қилди. “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, газни ҳисобга олиш ускунаси ва унга боғлиқ харажатлар (ўрнатиш, олиб ташлаш, текшириш, таъмирлаш)ни газ таъминоти ташкилотлари қоплайди. Истеъмолчилар фақат унинг хавфсизлиги учун жавобгар бўлади. Бироқ амалиётда минглаб фуқаролар узоқ вақт давомида уйига ҳисоблагич ўрната олмай сарсон. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ходимлари “ҳисоблагич йўқ, Агар зарур бўлса, бозордан ўз маблағингизга сотиб олишингиз мумкин”, деган жавобни қайтаришдан чарчамайди. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун бир нечта туман бўлимлари билан боғландик. Жумладан, Чилонзор тумани масъул ходими Санжар Исмоиловнинг қайд этишича, бугунги кунда омборхонада бирорта ҳам ҳисоблагич йўқ. Ваҳоланки, туман бўйича 49 минг 220 нафар истеъмолчи хонадонига ҳисоблагач ўрнатиш зарурати мавжуд. — Бу муаммога ечим топиш учун расмий мурожаат йўллаганмиз, — дейди Санжар Исмоилов. — Амалдаги қоидага кўра, “ақлли ҳисоблагичлар” барча тоифадаги истеъмолчиларга “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳисобидан бепул ўрнатиб берилиши керак. Лекин “Республика истеъмолчиларини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинганидан кейин негадир “Texnopark” МЧЖ ҳисоблагич етказиб беришни тўхтатиб қўйди. Кимдан ёки қаердан сўрашни биз ҳам билмаймиз. Афсуски, пойтахтнинг барча туманларига тегишли бўлиб турган муаммо ҳақли саволларни туғдиради. Давлат аҳоли учун ажратган бепул ҳисоблагичлар қаерга кетмоқда? Агар улар ишлаб чиқарилаётган бўлса, нега сунъий тақчиллик яратилмоқда? Хўш, “ҳисоблагич йўқ”, дейилиши ортида қандай шахсий манфаат ётибди? Муаммога ечим борми? Албатта, бор. Бунинг учун газ ҳисоблагичларини ўрнатиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, шаффоф навбат тизимини яратиш ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ходимларининг истеъмолчига “ўз пулингга сотиб ол”, деган ноқонуний талабига бутунлай чек қўйиш керак. Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ.

74

“Дунё мамлакатлари” — дунёга очилган маърифат дарвозаси

МАЪРИФАТ МАНЗИЛИ   Бугунги глобаллашув даврида дунёни билиш, бошқа халқлар ҳаёти, маданияти ва дунёқарашини англаш инсон учун нафақат қизиқиш, балки эҳтиёжга ҳам айланиб бормоқда. Ахборот оқими кучайган замонда ишончли ва тартибли манбани топиш эса тобора қийинлашмоқда. Ана шундай пайтда таниқли журналист, драматург, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китоби кўпчилик учун ўзига хос маънавий ва маърифий қўлланма бўлиб хизмат қилади. Бу китоб ҳақида гапирганда, аввало, бир жиҳат эътиборни тортади: унда фактлар шунчаки санаб ўтилмаган. Муаллиф мамлакатларни қуруқ статистика, ҳудуд ёки аҳоли сони орқали эмас, балки уларнинг руҳи, тарихи, маданияти ва инсонлари орқали тасвирлайди. Шу сабабли китобни мутолаа қилар экансиз, хариталардаги чегараларни эмас, одамларнинг тақдирларини, халқларнинг қувончи ва армонларини кўра бошлайсиз. “Дунё мамлакатлари” китоби китобхонни дунёдан чўчитмайди, аксинча, уни дунё билан таништиради. Саҳифалар орасида сайр қилар экансиз, гўё қитъадан қитъага, мамлакатдан мамлакатга сафар қиласиз. Бир саҳифада Япониянинг меҳнатсеварлиги, бошқа саҳифада Бразилиянинг жўшқин руҳи, яна бир жойда Норвегиянинг сокин ва тартибли ҳаёти намоён бўлади. Натижада инсон ўзи билмаган ҳолда дунё халқларига яқинлашади. Улар бегона эмас, балки узоқдаги қўшнилардек туюла бошлайди. Китобнинг энг таъсирли жиҳатларидан бири шундаки, унда Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида меҳр билан ёритилган. Муаллиф Ватанни баландпарвоз шиорлар билан эмас, самимий ва сокин муҳаббат билан тасвирлайди. Китобни ўқиган инсонда “Ватан” деган сўзни чуқур ҳис қилиш истаги пайдо бўлади. Гўё муаллиф ўқувчига: “Юртингни сев, аммо бу муҳаббатни амалинг билан кўрсат”, дегандек таассурот қолдиради. Агар китобни катта бир дарахтга қиёсласак, унинг ҳар бир мамлакат ҳақидаги бўлими алоҳида шохдир. Ўзбекистон эса ана шу дарахтнинг илдизидир. Илдиз қанчалик мустаҳкам бўлса, дарахт шунчалик баланд бўй чўзади. Агар китобни уммонга ўхшатсак, ундаги мамлакатлар турли оқимлар бўлса, Ўзбекистон ўқувчини йўлдан адаштирмайдиган маёқдир. Асарни ўқиш давомида яна бир ҳақиқатни англайсиз: дунё фақат сиёсат ёки иқтисодиётдан иборат эмас. У буюк адиблар, олимлар, мусиқачилар ва саёҳатчилар билан ҳам қизиқарли. Китоб орқали Нобель мукофоти совриндорлари қайси мамлакатларда яшагани, қайси оролларда дам олгани ёки дунёнинг қайси гўшаларидан илҳом олганини ҳам билиб оласиз. Бу эса китобни янада жонли ва қизиқарли қилади. Айниқса, ёшлар учун ушбу асарнинг аҳамияти катта. Чунки китоб уларга фақат географик билим бермайди. У кенг фикрлашни, бошқа халқларга ҳурмат билан қарашни, дунёдаги ранг-барангликни қадрлашни ўргатади. Ҳар бир халқнинг ўз тарихи, ўз дарди ва ўз қувончи борлигини англатади. Натижада китобхоннинг дунёқараши кенгаяди, тафаккури бойийди. Менимча, “Дунё мамлакатлари” оддий маълумотнома эмас. У инсонни саёҳатга чорлайдиган, тафаккурини уйғотадиган ва қалбини бойитадиган асардир. Уни ўқиб бўлгач, сиз дунёни аввалгидек кўрмайсиз. Чунки энди харитадаги ҳар бир нуқта ортида бир халқ, бир маданият, бир ҳаёт борлигини ҳис қиласиз. Энг муҳими, бу китоб сизни дунёга ошно қилган ҳолда, ўз юртингизга янада яқинлаштиради. Дунёни таниган инсон Ватанининг қадрига кўпроқ етади. Лазиз Раҳматовнинг ушбу китоби айнан шундай туйғуни уйғота оладиган ноёб асарлардан биридир. Шоҳсанам НИШОНОВА

30

Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаганларга калитни ким беряпти?

МУЛОҲАЗА   Бугун “BMW” русумли транспорт воситаси билан боғлиқ авария ҳолати ахборот майдонининг бош мавзусига айланди. Аниқлик киритилганидек, “BMW” транспорт воситасини ҳеч қандай ҳужжатларсиз бошқариб, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузгани ортидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ инспекторининг ўлимига сабаб бўлган фуқаро – вояга етмаган шахс бўлиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Афсуски, бу — биринчи ёки охириги ҳолат эмас. Вояга етмаганлар бошқаруви оқибатида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари кундан-кун кўпайиб бормоқда. Таҳилларга кўра, фожиалар кўпинча бир хатодан эмас, бепарволикдан бошланмоқда. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Вояга етмаган болаларга калитни ким бермоқда? Назоратни ким қўлдан чиқармоқда? “Ҳеч нарса бўлмайди” деган ишончни ким сингдирмоқда? Биз, катталар, ота-оналар эмасми? Самарқанд туманида содир бўлган яна бир аянчли ҳодиса муаммонинг илдизи анча чуқур эканини кўрсатмоқда. Ота-онасининг сийлови туфайли машинали бўлган ўсмир дўстларини миндириб, маҳалла кўчаларида эркин ҳаракатланган. Бу “завқ” иккинчи ўсмирни илҳомлантирган. Уйдагилар ухлаб қолган пайтда бобосига тегишли машинани сўроқсиз олиб чиққан. Шундан сўнг икки машинада 8–9 нафар ўсмир кимўзар пойга ўйнаган. Натижа эса фожиали бўлди. Йўлга сиғмаган тезлик қарама-қарши чиқиш билан якунланди. Рўпарадан келаётган автомобиль билан тўқнашув содир бўлди. Беш нафар ўсмир шифохонага ётқизилди. Манманлик ва масъулиятсизлик бир оиланинг эмас, бир нечта хонадоннинг тақдирини ўзгартирди. Бир ўсмирнинг кўзи қайта очилмади. Шифохона олдида ҳафталаб тунни тун демай турган, кўзлари ёшга тўлган ота-оналар ҳолатини бошига тушмаган одам тўлиқ тасаввур қила олмайди. Аммо аччиқ ҳақиқат шундаки: йўл ҳаракати қоидаларини ўзлаштирмасдан транспорт бошқариш — бу шўхлик эмас, бу хавф.   Энг ташвишли томони — айрим ҳолларда ота-оналар айбни ўзидан эмас, бошқадан излайди. Ҳолбуки, масаланинг илк нуқтаси кўпинча хонадон остонасида бошланади. Яқинда Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бири директори маслаҳат сўраб мурожаат қилди. Унинг айтишича, юқори синф ўқувчиларидан бири мактабга мунтазам равишда машина бошқариб келган. Танаффус пайтида синфдошларини миндириб шаҳар айланган. Маҳалла ва мактаб раҳбарияти бир неча бор йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларини чақиртириб, автомобилни жарима майдонига жойлаштирган. Аммо ҳар сафар жарима тўланиб, ҳолат яна такрорланган. Масала шундаки, маҳалла ва мактаб интизомни талаб қилади, аммо айрим ота-оналар бу огоҳлантиришни жиддий қабул қилмайди. Жамоатчилик назорати сусайганда, тарбия институти ёлғиз қолади. Чунки маҳалла ва мактабнинг таъсири оила қўллаб-қувватламагунча тўлиқ самара бермайди. Тарбия бир томонлама бўлмайди — у ҳамкорликни талаб қилади. Яна бир хавфли анъана — ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ёшларга автомобилларни ижарага бериш. Айрим ўсмирлар ижарага олинган машинада бир-бирини видеога олиши “урф”га айланмоқда. Бу ерда яна ўша савол юзага чиқади — назорат ва масъулият кимда? Автомобиль — ўйинчоқ эмас. У ҳаётни сақлаш воситаси ҳам, уни йўқ қилиш қуроли ҳам бўлиши мумкин. Вояга етмаган бола қўлидаги рул — бу фақат темир эмас, бу тақдирни бошқариш восита ҳам. Ота-она фарзандига машина калитини берганда, у фақат металл буюмни эмас, балки эҳтимолий фожианинг эшигини очаётганини англаши керак. Элдор МУҲАММАДИЕВ.

42

Уй-жой ва машина нақд пулга сотилмайди

ТАРТИБ   Президентимизнинг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан янги тартиблар белгиланди. Фармонга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб, кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига ўн йилдан ошмаган (М, Н, О, Г тоифага кирувчи ва махсус) транспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Бу бўйича нотариуслар ва банклар ўртасида электрон маълумотлар алмашиш тартибини белгилайдиган янги Низом ишлаб чиқилди. Янги тартибга кўра, шартнома тарафлари келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, алоҳида эскроу ҳисобварағини очади. Эътиборли жиҳати, ҳар бир шартнома учун биттадан алоҳида эскроу ҳисобварағи очилади. Бу маблағларнинг аралашиб кетишининг олдини олади ва ҳар бир битимни мустақил назорат қилиш имконини беради. Шартномани нотариал тасдиқлашдан олдин нотариус автоматлаштирилган ахборот тизими орқали банкка электрон сўров юборади. Ушбу сўров орқали эскроу ҳисобварағида шартномада кўрсатилган сумма тўлиқ мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқ вақт тартибида текширилади. Агар маблағ етарли бўлмаса ёки ҳисобварақ ёпилган бўлса, нотариус шартномани тасдиқлашни рад этади. Шу тариқа “пул кейин ўтказилади”, деган ноаниқ ҳолатларга чек қўйилади. Бу, аввало, сотувчи учун кафолат яратади — у пулнинг ҳақиқатда мавжудлигига ишонч ҳосил қилади. Харидор эса маблағ фақат шартнома қонуний кучга киргандан сўнг ўтказилишини билади. Давлат нуқтаи назаридан эса барча ҳисоб-китоблар расмий ва назорат қилинадиган шаклга ўтади. Албатта, янги тизим дастлаб айрим фуқаролар учун қўшимча тушунтиришларни талаб қилади. Аммо унинг мазмунига эътибор қаратсак, бу ортиқча талаб эмас, балки хавфсизлик ва адолат кафолатидир. Кўчмас мулк ва автотранспорт бозоридаги ҳар бир битим энди шаффоф, ҳужжатлаштирилган ва кафолатланган тарзда амалга оширилади. Умумий олганда, фармоннинг бош мақсади — нақд пул айланмасини қисқартириш, ҳисоб-китобларни шаффофлаштириш ҳамда яширин иқтисодиёт улушини камайтиришдан иборат. Шаҳноза ХАЛИЛОВА.

88

Боғча — фақат “қараш туриш” эмас, билим ва ҳаётга тайёргарлик маскани бўлиши шарт

ТАЪЛИМ   “Боланинг илк ўқитувчиси — онаси, биринчи мактаби эса боғча,” дейилади. Бу сўзлар шунчаки гап эмас. Ҳақиқат шуки, ҳар бир бола ҳаётдаги биринчи билим ва кўникмаларни айнан мактабгача таълим муассасаларида олади. Шунинг учун ҳам бу соҳадаги ҳар бир ислоҳот — келажакка қўйилаётган жиддий қадам, деб баҳоланади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда мактабгача таълимга давлат даражасида катта эътибор қаратилаяпти. Агар 2017 йилда боғчага қамров 700 минг нафар болани ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу рақам 2,3 миллион нафарга етказилди. Яъни қисқа вақт ичида қамров қарийб уч баробарга ошди. Бугун мамлакатимизда 7 мингга яқин давлат ва 31 мингдан зиёд хусусий боғчалар фаолият юритмоқда. Бу рақамлар ортида эса бутун бир тармоқни қайта тиклаш ва ривожлантириш йўлидаги изчил меҳнат ётибди. Қамров бор, сифатчи-чи? Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълими тизими бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида мактабгача таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Давлатимиз раҳбари шундай деди: “Қамров ошди, лекин сифат бўйича қиладиган ишлар кўп. Боғчалар нафақат тарбия, балки болада таълим олиш учун илк кўникмаларни шакллантирадиган масканга айланиши керак”. Бу фикрда мактабгача таълим тизимининг энг муҳим ва долзарб масаласи — сифат муаммоси алоҳида уқтирилди. Чунки қамров қанча кенг бўлмасин, агар болалар сифатли таълим ва самарали тарбия олмаса, бу натижа узоқни кўзламайди. Энди мактабга тайёрлов гуруҳлари билан бошланғич таълим дастурлари уйғунлаштирилади. Бу нима дегани? Демак, мактабгача таълим муассасаларидаги таълим мазмуни энди мактабга тайёргарликни тўлиқ қамраб олиши, болани биринчи синфга тайёр холда етказиши керак бўлади. Бу болада танқидий фикрлаш, тушуниш, логик қараш ва мустақил ёндашув кўникмаларини эрта шакллантиришни талаб қилади. Айниқса, бу борада Сингапурнинг нуфузли таълим ташкилоти билан ҳамкорликда иш олиб борилаётгани — муҳим воқелик. Улар боғча болалари учун математика, табиий фанлар ва технология йўналишларида танқидий ва креатив фикрлашни шакллантирадиган дастурлар ишлаб чиқади. Бошқача айтганда, бола “шеър ўқиб, расм чизиб”гина қолмай, теран фикрлашни ҳам ўрганади. Тарбиячи — фақат меҳрибон эмас, билимдон ҳам бўлиши шарт. Сифатли таълим, аввало, сифатли кадрларга боғлиқ. Шу боис мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган давлат ва хусусий боғча тарбиячилари учун касбий сертификатлаш тизими жорий этилади. Бу — замонавий стандартларга мос тарбиячи тайёрлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш имконини беради. Шунингдек, малакаси, педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлиги юқори бўлган кадрлар тизимда ўз ўрнини мустаҳкамлайди. Бугун боланинг ҳаётидаги “илк синов” — мактабгача таълим босқичи. Агар бу босқич тўғри йўлга қўйилса, кейинги таълим босқичларида муаммолар кам бўлади. Шу боис боғча боласининг таълими, тарбияси ва келажагига бирдек қаралиши зарур. Камров етарли бўлди, энди сифатли, инновацион ва бола ривожига мос таълим бериш вақти келди. Чунки бугунги боғча — фақат “қараш” эмас, балки билим ва ҳаётга тайёргарлик маскани бўлиши шарт. Шаҳноза ХАЛИЛОВА.

139