Таҳлил

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки масала ҳал этилса, маҳалланинг кимга, қаерга ва қайси ҳудуд учун масъул экани аниқлашади. Маҳалла ҳақида гап кетганда, кўпинча унинг раиси, “еттилик” тизими, аҳоли муаммолари, ободонлаштириш ёки ижтимоий ҳимояси тилга олинади. Аммо самарали бошқарувнинг яна бир муҳим, лекин кўзга кўп ташланмайдиган шарти бор: маҳалланинг ўзи аниқ идентификация қилинган бўлиши керак. Қайси кўча қайси маҳаллага қарайди? Икки маҳалла ўртасидаги чегара қаердан ўтади? Бир ҳудуднинг расмий номи қайси? Бир хил номдаги маҳаллаларни қандай фарқлаш мумкин? Электрон тизимдаги маълумот билан кадастр, солиқ, статистика ва бошқа идоралардаги маълумот бир-бирига мос келадими?  Бу саволларга аниқ жавоб бўлмаса, маҳалла бошқаруви қанчалик яхши ташкил этилмасин, тизимда “кўринмас бўшлиқлар” пайдо бўлаверади. Шу нуқтаи назардан, “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан тасдиқланган “Маҳалла фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси”да маҳаллалар чегараларини тасдиқлаш ва уларнинг номларини қонунчилик талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқиш вазифаси белгилангани — тизимни тартибга солишнинг муҳим қадами. МАҲАЛЛАНИНГ ЧЕГАРАСИ ҚАЕРДАН ЎТАДИ? Маҳалла чегараси — масъулият ҳудуди. Бугун бир “маҳалла еттилиги” аҳолининг мурожаатини ўрганаётганда, “хонадонбай” иш олиб бораётганда ёки ободонлаштириш режасини тузганда, ўз ҳудудини аниқ билиши керак. Айтайлик, бир кўчанинг бир қисми бир маҳаллага, давоми эса бошқа маҳаллага қараши мумкин. Янги қурилган уйлар қайси маҳалла таркибига кириши масаласи очиқ қолиши эҳтимол. Ҳатто айрим ҳолларда аҳоли ўзини қайси маҳаллага тегишли эканини аниқ билмаслиги ҳам мумкин. Бу эса фақат ташкилий ноқулайлик эмас. Чунки маҳалла ҳудуди — аҳоли ҳисобини юритиш, ижтимоий хизматларни режалаштириш, ишсизлик ва камбағалликни аниқлаш, инфратузилма эҳтиёжини белгилаш, мурожаатлар билан ишлаш, ободонлаштириш ва жамоатчилик назоратини ташкил этишдаги бошланғич нуқта. Шу боис Кадастр агентлиги тақдим этган кадастр ҳужжатлари асосида маҳаллалар чегараларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тасдиқлаши муҳим. Чегаранинг маҳалла биносига чизма кўринишида ўрнатилиши эса ҳудуднинг очиқ ва ҳамма учун тушунарли бўлишига хизмат қилади. Бироқ масалани шу билан чеклаб қўймаслик керак. Энг муҳим кейинги қадам — тасдиқланган чегараларни рақамли геомаълумотлар билан боғлаш. Яъни “Рақамли маҳалла” платформасида ҳар бир маҳалланинг аниқ электрон чегараси, кўча ва уй рақамлари, хонадонлар сони, аҳоли таркиби, ижтимоий объектлари, мавжуд инфратузилмаси ўзаро боғланган ҳолда кўриниши керак. Яна бир таклиф: маҳалла чегараларини ўзгартиришнинг ягона, очиқ тартиби ишлаб чиқилиши лозим. Янги мавзелар пайдо бўлса, аҳоли сони кескин ошса ёки ҳудудий ўзгариш зарурати туғилса, чегара қандай мезонлар асосида қайта кўриб чиқилиши олдиндан белгиланиши зарур. Акс ҳолда бугун тартибга солинган харита эртага яна эскириб қолиши мумкин. МАҲАЛЛА НОМИ — УНИНГ МАНЗИЛИ ВА ИДЕНТИФИКАТОРИ Маҳалла номи — ҳудуднинг расмий идентификатори. Бир хил номдаги бир нечта маҳалла мавжуд бўлса, бу нафақат адашиш, балки ахборот тизимларида маълумотларни ажратиш, расмий ҳужжатларни юритиш, статистик ҳисоботларни шакллантириш ва аҳолига хизмат кўрсатишда ҳам муаммо келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳудудий комиссиялар билан ҳамкорликда барча маҳаллалар, жумладан, бир хил номда юритиладиган ва номлари белгиланган талабларга жавоб бермайдиган маҳаллалар номларини қайта кўриб чиқиш — кечиктириб бўлмайдиган вазифа. Бу ерда энг муҳим тамойил — маҳалла номини танлаш маданиятини шакллантириш. Маҳалла номида унинг тарихий хотираси, ҳудудий хусусияти ва аҳоли учун маънавий аҳамияти инобатга олиниши керак. ЭНГ КАТТА НАТИЖА — ЯГОНА РЕЕСТР Маҳалла чегараси аниқланди, номи тартибга келтирилди. Энди энг муҳим савол: бу маълумот қаерда ягона манба сифатида сақланади? “Йўл харитаси”да маҳалла номларининг “Рақамли маҳалла” платформасидаги маҳалланинг ягона реестри модули орқали юритилиши айнан…

77

“ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ”: Нега айрим маҳаллалар ҳануз четда қолмоқда?

НУҚТАИ НАЗАР “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2026 йилги иккинчи мавсуми учун лойиҳаларни қабул қилиш жараёни якунланди. Лойиҳанинг бу мавсуми учун 2 триллион 187,7 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ғолиб маҳаллалар эмас, фаол маҳаллалар кўпайиши керак “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси сўнгги йилларда аҳолининг давлат бошқарувидаги иштирокини таъминлаган энг самарали тизимлардан бирига айланди. Бу орқали юзлаб мактаблар таъмирланди, ички йўллар асфальт қилинди, ичимлик сув тармоқлари янгиланди, болалар майдончалари қурилди, кўчалар ёритилди. Бироқ рақамлар ортида бошқа бир ҳақиқат ҳам бор. Ҳар бир овоз бериш мавсуми якунлангач, мамлакат бўйлаб юзлаб маҳаллалар бирорта ҳам лойиҳа билан қатнашмагани ёки қатнашса-да, етарлича овоз тўплай олмагани маълум бўлади. Натижада бир ҳудуд кетма-кет ғолиб чиқса, бошқаси бир неча йилдан буён бирор лойиҳасини амалга ошира олмаяпти. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 16 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, лойиҳа доирасида 2026 йилда 7,5 триллион сўм ажратилган бўлса-да, 2 136 та маҳаллада бирорта лойиҳа ғолиб чиқмаган. Давлатимиз раҳбари маҳалладаги ҳамжиҳатлик, дахлдорлик ва ташаббускорлик айнан шундай амалий натижалар билан ўлчанишини таъкидлаган эди. Савол туғилади: муаммо “Ташаббусли бюджет” тизимидами ёки маҳаллаларнинг ўзидами? Таҳлиллар иккинчи жавоб ҳақиқатга яқинроқ эканини кўрсатади. “Овоз йиғиш” кампанияси тизимли ишга айланмаяпти Кўпчилик маҳаллаларда лойиҳалар ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб эмас, овоз бериш бошланишига бир неча кун қолганда шошилинч тарзда тайёрланади. Аҳоли фикри ўрганилмайди. Кўча-кўй, хонадонлар кесимида қандай муаммо устувор экани бўйича муҳокама ўтказилмайди. Натижада бир маҳаллада бир вақтнинг ўзида бир нечта майда лойиҳалар таклиф қилиниб, овозлар бўлиниб кетади. Бошқа маҳаллалар эса битта йирик ва аҳолини бирлаштира оладиган ташаббус атрофида жипслашади. Демак, муаммо овоз беришда эмас, тайёргарлик жараёнидадир. Ғолиб маҳаллалар тажрибасига назар ташласак, улар овоз беришни бир неча кунлик акция деб эмас, пухта режалаштирилган жараён, деб қабул қилади. Айрим маҳаллаларда эса барча ишлар маҳалла раиси ёки бир-икки фаолнинг зиммасида қолиб кетади. “Маҳалла еттилиги” ва бошқа масъуллар ягона жамоа сифатида ҳаракат қилмайди. “Аҳоли овоз бермади”, деган хулоса кўпинча ҳақиқатни акс эттирмайди. Тўғрироғи, аҳоли билан етарлича ишланмаган бўлади. Овоз бериш жараёни рақамли платформалар орқали амалга оширилади. Аммо айрим маҳаллаларда ёши катта фуқаролар, имконияти чекланган инсонлар ёки смартфондан фойдаланишни билмайдиган аҳоли қатлами етарлича кўмак олмайди. Баъзан одамлар овоз беришни хоҳлайди, лекин техник қийинчиликлар боис бу имкониятдан фойдалана олмайди. Бу ҳолат, айниқса, чекка ва олис ҳудудларда яққол сезилади. Энг катта хато — натижани фақат раисдан кўриш Айрим ҳолларда ғолиб бўлмаган маҳалла учун барча масъулият маҳалла раиси зиммасига юкланади. Бу адолатли ёндашув эмас. Чунки “Ташаббусли бюджет” маҳалла раисининг шахсий лойиҳаси эмас. Бу — бутун маҳалла жамоасининг, “маҳалла еттилиги”нинг, депутатларнинг, фуқаролар йиғинлари фаолларининг ва энг муҳими, аҳолининг умумий ишидир. Агар шу занжирнинг битта бўғини ҳам суст ишласа, натижага эришиш қийинлашади. Нега баъзи маҳаллалар йилма-йил ғолиб чиқаверади? Бу савол ҳам жиддий таҳлил талаб қилади. Кўп ҳолларда уларнинг аҳолиси кўплиги эмас, балки ташкилий ишлар кучлилиги ҳал қилувчи омил бўлади. Бундай маҳаллаларда аҳоли билан йил давомида мулоқот узилмайди, фаоллар рўйхати шакллантирилган, ёшлар ва кўнгиллилар гуруҳи ишлайди. Ҳар бир кўча кесимида масъуллар белгиланган, лойиҳа овоз бериш бошланмасидан анча олдин аҳоли билан келишиб олинади. Яъни ғалаба тасодиф эмас, тизимли меҳнат натижасидир. Нима қилмоқ керак? Масалани ҳал қилиш учун оддий чақириқлар етарли эмас. Амалий тизимлар керак. Аввало, ҳар бир маҳаллада “Ташаббусли бюджет” бўйича доимий ишчи гуруҳ ташкил қилиниши лозим. У…

66

Умр ёлғизлик сояси эмас, МЕҲР-ОҚИБАТ БИЛАН ЧАРОҒОН!

НУҚТАИ НАЗАР “Келинлар қўзғалони” фильми ёдингиздадир, катта оила, ака-укаларнинг бир том остидаги жўшқин ва қизиқарли ҳаёти барчамизда катта таассурот қолдирган. Тўғри, кўпчилик бу ҳолатга танқидий назар билан қараши мумкин. Лекин масаланинг сабоқ оладиган жиҳатлари ҳам жуда кўп. Биринчи навбатда, ўша даврдаги ёши улуғ инсонларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром намоён бўлади. Фарзандларнинг она сўзини қонун деб билиб, ҳар бир ҳатти-ҳаракатини ўйлаб амалга оширгани алоҳида диққатга сазовор. Замон шиддат билан ривожланяпти. Бу оилавий муносабатлар тизимига ҳам ўз таъсирини кўрсатяпти. Давримизга келиб, кўпчилик ёшлар алоҳида яшашни афзал кўраётганидан кўз юма олмаймиз. Қолаверса, ёшларнинг таълим олиш ва ишлаш истагида бошқа шаҳар ва мамлакатларга кетиши натижасида ота-оналарнинг қаровсиз қолиш ҳолатлари ортди. Бундан ташқари, орамизда оила қурмагани ёки фарзандсизлиги сабабли якка ўзи яшаётган кексалар ҳам анчагина. Инсон ҳаёт экан доим атрофдагилар билан мулоқот қилишга, ғанимат умрини мазмунли ўтказишга ҳаракат қилади. Айниқса, кексайиб, бошқаларнинг кўмагига муҳтож бўлиб қолганда, бу ҳолат яна кўпроқ сезила бошлайди. Натижада уларда руҳий тушкунлик, хафсаласизлик пайдо бўлади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тадқиқотларига кўра, сурункали ёлғизлик кексаларда юрак-қон томир касалликлари хавфини 30-50 фоизга оширади. Суҳбатдошнинг йўқлиги ва кераксизлик ҳисси инсон иммунитети кучсизлантиради. Жисмоний имконияти чекланган кекса учун кундалик харидлар, уй-жойни тозалаш ёки оддий овқат тайёрлаш ҳам катта тўсиққа айланади. Нафақа ва ижтимоий ёрдам берилгани билан уларни амалда ишлатиш учун жисмоний кўмак зарур. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, айни вақтда юртимизда 4 минг нафардан кўпроқ якка-ёлғиз яшаётган кексалар рўйхатга олинган. Уларга маҳалла ижтимоий ходимлари ҳар жиҳатдан кўмаклашяпти. Ассистетлар бириктириш орқали уй юмушларида ёрдам беряпти, керакли дори-дармон воситалари тақдим этиляпти. Қолаверса, ҳаракатланишини осонлаштириш учун уйида барча шароитлар ҳозирланяпти. Лекин эътибор ва меҳрдан четда қолиб кетаётган инсонлар ҳам, афсуски, бор. Қамровни янада кенгайтиришда кўнгиллиларни кенгроқ жалб этиш яхши самара беради. Қолаверса, маҳаллалаларда кексалар учун шахмат, китобхонлик, қўл меҳнати ва оддий гаджетлардан фойдаланишни ўргатувчи тўгаракларни кўпайтириш керак. Шу каби машғулотлар фаолликни янада ошириш ҳамда вақтни мазмунли ўтказишга хизмат қилиши аниқ. Мактаб ўқувчилари ва кексалар учрашувларини ташкил этиш орқали ёшларда меҳр-оқибат ҳиссини шакллантириш, кексаларнинг эса ҳаётга қизиқишини қайтариш мумкин. Халқимиз асрлар давомида тарбия масаласига алоҳида урғу бериб келган. Бунда нуронийларнинг ҳисаси жуда катта. Болага кичиклигидан оқ ва қорани ажратиш, муомала маданиятини ўргатиш, жамоатчилик олдида ўзини чиройли тутиш каби нозик жиҳатларни ҳеч ким бобо-бувилардек онгига чуқур сингдира олмайди. Шундай экан, ўз яқинимиз, қўни-қўшниимиз ҳамда маҳалладошимиз бўлган нуронийларни ҳурмат ва иззатини ўз ўрнига қўйиш барчамизнинг зиммамиздаги инсоний бурчдир. Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА, “Mahalla” мухбири.

28

Ютуқлар ўзимизники, бироқ камчиликлар ҳам…

ТАҲЛИЛ ВА ТАҚҚОС   Табиат — инсонга берилган бебаҳо неъматлардан бири. Уни асраб-авайлаш, ҳар бир туҳфасидан унумли фойдаланиш эса барчамизнинг зиммамиздаги катта масъулият ҳисобланади. Шу маънода охирги вақтда маҳаллаларда ижтимоий аҳамиятга молик бинолар ҳамда хонадонларга қуёш панелларини ўрнатиляпти. Мисол тариқасида айни йўналиш бўйича ўтган йили Қашқадарё вилоятида амалга оширилган ишларга назар ташласак, 64 та маҳалла биносига 2 миллиард 266 миллион сўм маблағ эвазига 5 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. Масаланинг эътиборли жиҳати, жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра, электр энергиясини тармоққа сотиш бўйича бор-йўғи 19 та маҳалла шартнома тузган бўлиб, улар 8 миллион сўм маблағ ишлаб топган. Ачинарлиси, маҳаллаларга ўрнатилган 64 та қуёш панелидан атиги 14 таси ишлаяпти, 8 таси умуман тўхтаб қолган, 19 таси электр тармоқлари билан шартнома имзолаган, 8 таси шартнома тузиш жараёнида, 12 тасининг ҳужжатида муаммо бор, 1 та маҳалланинг кадастри йўқ. Шунингдек, 154 та камбағал оила хонадонига қуёш панели ўрнатиш белгиланган бўлиб, ҳозирда 153 тасига мазкур йўналишда хизмат кўрсатилган. Лекин уларнинг 107 таси ҳудудий электр тармоқлари корхонасига уланган, 46 таси ҳалигача уланмаган. “Маҳалла сервис компанияси”да ҳолат қандай? 2024 йилда 16 та туман (шаҳар)да биттадан “Маҳалла сервис компанияси” биноларини қуриб, фойдаланишга топшириш учун 4 миллиард 209 миллион сўмлик шартнома имзоланган. Унга асосан, ушбу бинолар йил якунига қадар тўлиқ қурилиб, фойдаланишга топширилиши белгиланган.  Бироқ орадан икки йил ўтган бўлишига қарамай, 5 март ҳолатига кўра, атиги 74 фоиз иш бажарилган, холос. Хусусан, Кўкдала туманида “Олтин дала маҳалла сервис компанияси”ни қуриш бўйича 339 миллион 669 минг сўмлик шартнома имзоланган бўлса-да, 2025 йил декабрь ойида 101 миллион 901 минг сўм (30 фоиз) маблағ ўтказилган. Натижада қурилиш ишлари ҳалигача бошланмаган. Шунингдек, Шаҳрисабз туманидаги “Сарчашма маҳалла сервис компанияси”да бугунги кунга қадар қурилиш ишлари 54 фоизни ташкил этмоқда. Қарши туманидаги “Омонтепа” маҳалласида 59 фоиз, Деҳқонбод туманидаги “Яшил макон” маҳалласида 71 фоизга, Яккабоғ туманидаги “Чинобод” маҳалласида 78 фоизга, Қамаши туманидаги “Қамай” маҳалласида 60 фоиз, Касби туманидаги “Майманоқ” маҳалласида 69 фоиз, Китоб туманидаги “Денов” маҳалласида 78 фоиз ишлар бажарилган, холос. Ачинарлиси, “Маҳалла сервис компанияси”ни солиқ тўловларидан озод қилиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинган бўлишига қарамасдан, давлат рўйхатидан ўтказилган кундан солиқ ҳисобланган ва ҳар бирига 1 миллион 700 сўмдан қарздорлик ёзилган. “Яшил макон” лойиҳаси яхши ишлаяптими? “Яшил макон” лойиҳаси доирасида вилоятда жорий йил баҳор мавсумида 2 миллион 269 минг туп кўчат экиш белгиланган бўлиб, 3 март ҳолатига кўра, 739 минг туп кўчат (режага нисбатан 32,6 фоиз) ўтқазилган. Бугунги кунга қадар Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 634 миллион 551 минг сўмлик 98 минг 318 дона (55 минг 900 дона мевали, 42 минг 418 дона манзарали), ҳомийлар ҳисобидан 441 минг 298 дона (201 600 дона мевали, 439 698 дона манзарали) кўчатлар экилди. Хусусан, Яккабоғ туманида кўчат экиш режаси 115 фоизга, Китоб туманида 100 фоизга бажарилган бўлса, Касби, Косон, Муборак, Шаҳрисабз ҳамда Қарши туманларида бу борада ҳеч қандай иш амалга оширилмаган. Бундан ташқари, Дехқонбодда 5 минг дона (3,3 фоиз), Қамашида 5,5 минг дона (3,2 фоиз), Нишонда 3,5 минг дона (3,3 фоиз) кўчат экилган, холос. Ҳар қандай ишда масъулият ва жавобгарлик ҳис қилиш катта аҳамият касб этади. Бу келгусида эришиладиган натижаларда энг муҳим омил. Айниқса, маҳалла тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни чин дилдан ва виждонан адо этиш халқ фаровонлигини таъминлаши шубҳасиз. Ҳотамжон КЕТМОНОВ, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бошқарма бошлиғи.

27

Дилимиз ранжигани — ажралишлар олдида имконсиз қолганимиз

ОҚИЛАЛИК — ОИЛА БЕЗАГИ   Дардни ичга ютиб яшаш қийин. Одам ким биландир суҳбатлашса, кечинмаларини унга гапириб берса, анча енгил тортади. Энг қийини эса, ўша кишига дардкашлик қилиш. Лекин биз маҳалла ходимлари шундай масъулиятли вазифани виждонан адо этиб, фақат хотиржамлик туямиз. Мана беш йилдирки, маҳалламиздаги хотин-қизларнинг яқин сирдошиман. Қачон, қандай вазиятда бўлишидан қатъи назар уларни тинглашга тайёрман. Фақатгина далда бўлиш эса ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Баъзан муаммоларни бартараф этиш устида ойлаб ишлашга тўғри келади. Фаолиятим давомида мени энг кўп ўйлантирадиган масала бу — оилавий ажрашишлар. Агар мавзуга таҳлилий ёндашадиган бўлсак, муаммони юзага келтираётган сабаблар сифатида фарзандсизлик ҳамда эр ёки хотиннинг миграцияда эканини кўришимиз мумкин. Шундай баҳоналар қаршисида “еттилик” имконсиз қолаётгани эса дилни ранжитади. Айни вақтда ҳудудимизда 1 374 нафар хотин-қиз истиқомат қилади. Уларнинг кўпчилиги ҳунармандчиликнинг турли йўналишлари билан машғул бўлиб, вақтини мазмунли ўтказиш баробарида даромад топиб келяпти. Шаҳноза Фахриддинова ўтган йили хусусий болалар боғчасини ташкил этди. Турмуш ўртоғи тажрибали тадбиркор бўлгани учун аёлга ҳар жиҳатдан дастак бўляпти. Ҳозирда мактабгача таълим муассасаси 150 нафар болани ўз бағрига олган. Уларга ғамхўрлик қилиш мақсадида 15 нафар ходим ишга олинган. Бу ташаббус ҳам болалар, ҳам ишсиз аёллар учун катта қулайликларни юзага келтирди. Маҳалладошимиз Умида Маҳмудовани кўпчилик яхши танийди. Қизда I гуруҳ ногиронлиги бўлса-да, тинимсиз ўз устида ишлашдан тўхтамайди. Беш-олти йилдан буён юмшоқ ўйинчоқлар ясаб, вақтини мазмунли ўтказиб келяпти. Унинг кўз нури ва қалб қўри сингган маҳсулотлар нафақат юртимизда, балки хорижий давлатларга ҳам жуда харидоргир. Умида айни вақтда олий таълим муассасасининг архитектура ва дизайн йўналиши бўйича таҳсил оляпти. Унинг орзулари осмон қадар. Келгусида соҳасининг етук мутахасиси бўлиб, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшишни ният қилган. Сабоҳат МЕЛИКОВА, Самарқанд шаҳридаги “Дукчиён” маҳалласи хотин-қизлар фаоли.

31

Ўзбек тили нега бу аҳволга тушиб қолди?..

Ҳар қандай миллатни унинг тили, дини, урф-одатисиз тасаввур этиб бўлмайди. Миллатни миллат қиладиган, ўзлигини англатадиган, инсонни шахс сифатида шакллантирадиган ҳам тилдир. Хўш, неча асрлардан буён қанчадан-қанча тўсиқларни енгиб ўтган она тилимиз бугун нега бу аҳволга тушиб қолди?.. Кўча-кўйда, жамоат транспортида, таълим муассасасалари, ҳатто давлат ташкилотларида ўзаро мулоқот қилинганда ҳар учта гапнинг биттасида ажнабий сўзларни қўшиб айтамиз. Мисол учун, ҳозирги кунда ўзбекча сўзлар орасида кўп ишлатиладиган “канишна”, “так”, “значит”, “такшто”, “пашти”, “ужи”, “кароччи” каби русча сўзлар нутқимизда кўп қўлланадиган “паразит” сўзларга айланиб қолган. Беш юз йиллик тарихга эга миллат тилига бугун шундай муносабатда бўлиш ўринлими? Ижтимоий тармоқдаги сўзлашмаларда-ку, умуман адабий тил қоидаларига риоя қилинмайди. Агар ўзбек тили қоидалари асосида ёзсангиз, гапирсангиз, ҳатто сизни гуруҳлардан четлатишади. Нега? Чунки тил жамият ҳаётида “интернет тили” ва “ҳаёт тили” деган иккита тармоққа бўлиниб қолган. Айниқса, бугунги ёш авлод соф ўзбек тилида гаплашиш у ёқда турсин, интернет тармоқларида “нима” сўзини “нме”, “тушунмадим” сўзини “чунмадим” каби шаклларда ёзишади. Мана фожиа қаерда? Сиз эса улар учун бегонасиз. Уларнинг “одами” бўлишингиз учун уларнинг тилида, яъни “кўча тили”да, ижтимоий тармоқлар тилида гапиришингиз керак. Буларнинг ҳаммаси билимсизлик, китоб ўқимаслик, саводхонлик даражаси кескин камайиб бораётгани сабабидандир. Буларнинг охири қаергача боради, деб ўйлайсиз? Ижтимоий тармоқларда ўзбек тилида тўғри ёзиш тугул, оғзаки нутқда ҳам эплаб гапира олмас эканмиз, тилимизнинг нуфузига путур етиши тайин. Шу ўринда ҳақли савол юзага чиқади: хўп, муаммо аниқ, аммо уни ҳал этиш, яъни тилимиз софлигини сақлаб қолиш учун нима қилишимиз керак? Одатда тил ёшликдан ўрганилади. Шундай экан, биринчи навбатда, оилада, боғчада, мактабда ёшларнинг саводхонлигини ошириш энг муҳим масала саналади. Тилни ўрганишда бадиий адабиётнинг, китобнинг ўрни беқиёс. Кўпроқ ҳар бир оилага китоб ўқишни тарғиб қилиш лозим. Агар биз ҳамма соҳада ўзимизга талабчан бўлсаккина бирор натижага эришамиз. Бунинг учун меъёрни юқори қўйиб, унга интилиш, меҳнат қилиш керак. Шу ўринда бир таклиф бор: боғчаларда, мактабларда ўқувчиларнинг ўзбек тилини билиш даражасини аниқлаб бориш зарур. Дейлик, мактаб битирувчисининг ўзбек тилидан билим даражаси диктант орқали текширилганда, белгиланган меъёрдан паст бўлса, унга ўрта мактабни тугатганлик тўғрисидаги шаҳодатномани бермаслик керакдир?.. Худди шундай, ўзбек тилини билиш даражаси орқали шаҳодатнома олганларга олий ўқув юртига кириш имтиҳонларида қўшимча балл бериш ҳақида ўйлаб кўриш лозим. Бу масалада кўнгли бўшлик қилиш, боланинг психологиясига салбий таъсир кўрсатишини рўкач қилиб, ҳар хил баҳоналар ахтариш, қисқаси, “ўзбекчилик” қилишга ўрин бўлмаслик керак. Шунда боланинг ва ота-онасининг тилга, билим олишга бўлган қараши ўзгаради. Катталар болани фақат дунёга келтиришнинг ўзи етмаслиги, унинг тарбияси, билими учун ҳам ота-она масъул эканини англайди. Шаҳноза ХАЛИЛОВА.

77