ЕТАКЧИ—ЁШЛАРГА КЎМАКЧИ Иқтидорсиз ёш бўлмайди. Баъзан гап иқтидорнинг йўқлигида эмас, уни вақтида кўра олмасликда. Ўзига ишонмаган, йўлини тополмай юрган ёки хорижда кун кўриш илинжида юрган ёшларнинг ҳам ичида катта салоҳият яширинган бўлади. Фақат ўша учқунни алангалатадиган бир инсон, бир имкон керак. Муслимбек Ҳамроев шундай йигитлардан бири. Олий таълимни тугатгач, тирикчилик илинжида хорижга кетиб, пайвандчилик қилиб юрган. Кейинчалик хорижда бўлишига рухсат бекор қилиниб, юртга қайтишга мажбур бўлди. Кўпчилик бундай ҳолатдан кейин тушкунликка тушади. Мен эса унда бошқача жиҳатни кўрардим. Спортни яхши кўради, футбол мусобақаларида маҳалламиз шаънини ҳимоя қилиб, ғалабаларимизга муносиб ҳисса қўшди. Серҳаракат, меҳнатдан қочмайдиган, қўли гул йигит эди. Пайвандлашни биларди, лекин ҳунарини чархлайдиган устозга эҳтиёжи бор эди. “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги касблар танловида пайвандлаш йўналиши эълон қилинганида кўз олдимга дарров Муслимбек келди. Унга иштирок этишни таклиф қилдим. Аввалига унчалик қизиқмади. Ростини айтсам, бу сафар унинг "йўқ", деган жавобини қабул қилгим келмади. Устоз топдик, машғулотларга қатнашди, ҳунарини янада мукаммаллаштирди. Орадан кўп вақт ўтмай, танловда иккинчи ўринни эгаллади. Мукофотни олган пайти ичимда битта фикр ўтди: баъзан ёшга ўзи ишонмайди, унга аввал бошқалар ишониши керак экан. Бугун Муслимбекнинг яна хорижга кетишини истамаймиз. Чунки унинг қўли, меҳнати, истеъдоди ўз маҳалласига керак. Маҳалламиз ёшлари ернинг қадрига етишни яхши билади. Бизда, айниқса, қовоқ, помидор ва бодринг етиштириш ривожланган. Қишда ерга ёйсимон симлар ўрнатилиб, устидан махсус қоплама тортилади. Бу халқ тилида “дуга” дейиладиган кичик иссиқхона усули. Январь охири – февраль бошида уруғлар ерга қадалади. Эрта баҳорда, март ойининг бошидаёқ ҳосил пишиб, бозорда одатдаги мавсумдан анча қиммат нархда сотилади. Баъзан бир дона қовоқнинг нархи 20-30 минг сўмгача чиқади. Шу усул билан ёшлар бир неча ой ичида яхши даромад топмоқда. Гулфия Баҳромбоева бунга ёрқин мисол. У бир гектар ерда қовоқ, помидор ва бодринг етиштиради, ҳовлисидаги 15 сотих ҳовузда эса балиқчилик билан шуғулланади. Бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишдан даромад қилаётган ёшларни кўриб, бошқалар ҳам ҳаракатга тушмоқда. Ҳар куни эрталаб маҳалла раиси бошчилигида кунлик вазифаларни белгилаб оламиз-да, ёшлар билан учрашувларга чиқамиз. Баъзан бизнинг гапимиздан кўра, нуроний отахон ва онахонларнинг бир оғиз насиҳати кўпроқ таъсир қилади. Айниқса, тадбиркорликни бошлашга иккиланаётган ёшларни тажрибали инсонлар билан учраштирамиз. Ўз меҳнати билан кредит олиб, ишини йўлга қўйган фуқаролар бошидан ўтганларини гапириб берганда, ёшларнинг кўзидаги иккиланиш ўрнини ишонч эгаллайди. Бекзод Самандаров ҳам шундай ёшлардан эди. Кредит олишга журъат қилолмай юрган пайтида унга 30 миллион сўмлик кредит расмийлаштиришга кўмаклашдик. Мини трактор олди. Бугун олти ойдан буён ишлаб келмоқда, кредитининг ярмидан кўпроғини ҳам тўлаб бўлди. Мен доим ёшларга битта гапни айтаман: журъат қилган одамнинг ёнида, албатта, кўмак топилади. Биз эса шу йўлда уларнинг ёнида туришни ўзимизга бурч, деб биламиз. Ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича бир таклифим бор. Кредит олиш учун банкка ҳужжатлар топширилгандан кейинги айрим талаблар амалда ёшларни ортга қайтариб қўяди. Масалан, ойлик иш ҳақида қисқа муддатли узилиш бўлса ёки кафилнинг иш стажида шундай ҳолат учраса, ҳужжатлар рад этилади. Ваҳоланки, инсоннинг бугун расмий иш жойи ва барқарор даромади борлиги тасдиқланса, шу ҳолат ҳам инобатга олинса, кўплаб ташаббускор ёшлар ўз тадбиркорлигини бошлаш имкониятига эга бўларди. Ахир ёшга энг керакли нарса – ишонч ва имконият. Бобомурод САЛИМОВ, Қоракўл туманидаги “Қуввача” маҳалласи ёшлар етакчиси
ОҚИЛАЛИК — ОИЛА БЕЗАГИ “Аёллар дафтари”нинг жорий этилиши хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда катта аҳамият касб этди. Иқтидори ва қизиқишларини тўла намоён эта олмаётган опа-сингилларимиз субсидия ва имтиёзли кредитлар ёрдамида ўз бизнесини йўлга қўя бошлади. Ҳавожон Худойберганова шундай ташаббускорлардан бири. У 2022 йилда “Аёллар дафтари”га киритилиб, 5 миллион сўм кредит олади. Ҳовлисининг бир четида алоҳида бино қуриб, аста-секин тикувчиликка қўл уради. Кўраётган фойдасини мақсадли йўналтириб, тикув машиналари сонини 10 та етказади. Айни вақтда 10 нафар шогирди билан бирга замонавий парда ва миллий либослар тикишни маҳорат билан уддалаяпти. Шу кунга қадар имтиёзли кредит олиб, иш бошлаган хотин-қизларнинг деярли барчаси режаларини чиройли тарзда амалга ошириб келяпти. Сабаби, “еттилик” вакиллари доим улар билан елкадош. Қандайдир муаммо юзага келса, дарров ёрдамга ошиқамиз. Айни вақтда иккита маҳалла ҳудудида 2 минг нафардан кўпроқ хотин-қиз истиқомат қилади. Уларнинг қизиқиш ва интилишлари турлича. “Қушчи каттабоғ” маҳалласида анорчилик асосий фаолият тури ҳисобланади. 712 та хонадоннинг 500 таси боғдорчиликнинг айни йўналиши билан банд. Хонадон вакиллари томорқасида 50 тупдан 100 тупгача бўлган анор дарахтларидан йилига 50-60 миллион сўмгача фойда қилади. Аёлларимиз кузда кўчатларнинг устини ёпиш ҳамда баҳорда очиш ишларида жуда фаол. Қолаверса, ҳосил йиғим-терими тўлиқ зиммаларига олган. Маҳсулот ички бозордан ташқари, экспортга ҳам чиқарилмоқда. Саида Қодирова лидер тадбиркорларимиздан. Аввалдан тикувчилик йўналишида ёшларга таълим бериб келаётган аёл эндиликда фаолиятини янада кенгайтириш ҳаракатида. Тез орада унинг ташаббуси билан барпо этилаётган аёллар соғломлаштириш маркази очилади. Бу ерда барча ёш тоифасида хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишига шароит ҳозирланяпти. Бундан ташқари, Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш маркази маҳалладаги бўлажак келин-куёвларни катта турмушга тайёрлашда ёрдам беради. Шу ўринда муҳим бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Биз кўпинча қизларни оилага тайёрлаш масаласига эътибор қаратиб, йигитларни унутиб қўямиз. Аслида, кучли жинс эгаларининг турмуш ўртоғи ва бўлғуси фарзандлари олдидаги масъулиятни ҳис қилиши жуда муҳим. Шу боис маҳаллаларда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда айнан ўғил болалар учун махсус ўқув дастурлари ишлаб чиқилишини хоҳлардик. Шундагина можаролар камайиб, сўзининг залвори бор оила бошлиқлари кўпайган бўларди. Насиба РЎЗМЕТОВА, Хива туманидаги “Қушчи каттабоғ” ва “Истиқлол” маҳаллалари хотин-қизлар фаоли.
ХАЛҚАРО ТАЖРИБА Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш масаласи давлат сиёсатида устувор вазифалардан бири саналади. Бу жараёнда маҳаллалар аҳоли билан яқин алоқада бўлиб, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорлик ва бандликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Камбағалликни қисқартиришда Хитой тажрибаси жаҳон миқёсида эътиборга моликдир, чунки бу давлат қисқа вақт ичида миллиардлаб аҳолисини камбағалликдан чиқаришга эришган. Шу жиҳатдан Хитой тажрибаси Ўзбекистон ва бошқа ривожланаётган мамлакатлар учун муҳим аҳамиятга эга. “Еттилик”ни хитойлик экспертлар ўқитади Хитой тажрибаси — ижтимоий сиёсатнинг тўлиқ, мақсадли ва амалий моделидир. Ўзбекистон учун бу тажриба “барқарор камбағалликни қисқартириш” ва “иқтисодий ривожланишни кенгайтириш” бўйича муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси қатор саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Ҳусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси масъуллари Хитойнинг етакчи университетлари профессорлари билан онлайн мулоқотлар ўтказди. Хитой тажрибасини ўрганиш натижасида профессор Ван Циаолин ва профессор Жан Ци Уюшма раиси маслаҳатчиси сифатида жалб қилинди. Келишув бўйича: – 8 992 та маҳаллада 55 мингдан ортиқ “маҳалла еттилиги” ходимларини онлайн ўқитиш; – 2026 йилнинг 9-13 март кунлари Сирдарё вилоятида амалий ўрганишлар ўтказиш; – ҳар ойда 208 та туман (шаҳар) бўлим раҳбарлари ва “оғир” тоифадаги “маҳалла еттилиги” ходимлар учун онлайн семинарлар ташкил этиш белгиланди. Дастлабки ўқув-семинар 2026 йил 9 февраль куни ташкил этилди. Унда Хитойда камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатини шакллантириш ва жойларда уни амалга оширишда бевосита иштирок этган, катта илмий ва амалий тажрибага эга экспертлар иштирок этиб, маъруза қилди. Унда 832 нафар Уюшманинг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари, бош мутахассислари, етакчи мутахассислари ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари бошлиқлари, 4 515 нафар маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва ижтимоий ходимлар иштирок этди. Мазкур ўқув-семинарда 903 та “оғир” тоифадаги маҳаллада аниқ, амалий ва ижро этиладиган режаларни шакллантириш, ҳар бир маҳалла ўз ҳудуди учун аниқ ҳаракат дастурини ишлаб чиқиши, инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва аҳоли таморқаларидан самарали фойдаланиш, барқарор даромад манбаларини яратиш ва жойларда режаларнинг ижросини назорат қилиш ва амалий ёрдам кўрсатиш асосий мақсад қилиб белгилаб олинди. Хитой тажрибаси моҳиятини нима ташкил этади? Сўнгги йилларда жаҳон миқёсида камбағалликни камайтириш масаласи ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада Хитой Халқ Республикасининг камбағалликка қарши кураш тажрибаси амалий ва стратегик жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Хитой 2020 йилга қадар мутлақ камбағалликни бартараф этганини эълон қилди ва 2021 йилдан бошлаб, камбағалликка қайта тушиб қолишнинг олдини олиш сиёсатига ўтди. Бу натижа инфратузилма, давлат хизматлари ва рақамли технологияларни уйғунлаштирган мақсадли ёндашув асосида таъминланган. Мамлакатда камбағалликка қарши кураш узоқ муддатли ва босқичма-босқич давлат стратегияси сифатида амалга оширилди. 1980 йиллардан бошлаб, қишлоқ хўжалиги қўллаб-қувватланди, 1990 йилларда қашшоқ туманларга қаратилган махсус давлат дастурлари жорий этилди. 2001-2010 йилларда “бутун қишлоқни ривожлантириш” концепцияси асосида инфратузилмани яхшилаш устувор вазифа этиб белгиланди. 2013 йилдан кейин “аниқ (мақсадли) камбағалликни камайтириш” тамойили жорий қилиниб, ҳар бир қашшоқ хонадон, қишлоқ ва туман бўйича алоҳида маълумотлар асосида қарорлар қабул қилиш тизими шакллантирилди. Бу ёндашув давлат ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини берди. Хитой тажрибасида инфратузилмани ривожлантириш камбағалликни камайтиришнинг асосий омили сифатида қаралди. Натижада қишлоқ аҳолисининг бозорларга чиқиши осонлашди, меҳнат унумдорлиги ошди ва давлат хизматларидан фойдаланишдаги ҳудудий тафовутлар қисқарди. Инфратузилманинг яхшиланиши хусусий сектор инвестицияларини жалб қилиш учун ҳам замин яратди. Хитой моделида асосий эътибор манзилли ёрдамга қаратилди. Ягона миллий ахборот тизими орқали камбағал аҳоли доимий равишда рўйхатга олинди ва маълумотлар ҳар йили янгилаб борилди. “Олти аниқлик” тамойили асосида кимга ёрдам берилиши, қандай лойиҳа орқали, қайси манбадан ва қандай натижа кутилаётгани аниқ белгилаб олинди. Хитойнинг қашшоқ қишлоқларда камбағалликни камайтириш тажрибаси…
ТУРИЗМ Китоб туманидаги Қайнар ва Башир, Хўжаобод туманидаги Имомота қишлоқларига “Туризм қишлоғи” мақоми берилди. Қайнар қишлоғи туман марказидан 11 километр шарқда Тахтақорача довони этагида жойлашган. Ҳудуд Роҳатбулоқ, Қўтирбулоқ, Хурмачабулоқ, Галабулоқ, Кўрбулоқ, Совуқбулоқ каби юзлаб зилол сувли шифобахш булоқларга бой. Қишлоқ турли таомлар жуда машҳур. Айниқса, арча сихли кавказча кабоб, китобча угра (кесган ош), қобирға, қизилча қовурдоғи каби таомларни бошқа жойда учратмайсиз. Ҳудудда 22 та оилавий меҳмон уйлари, меҳмонхона, хостел ва соғломлаштириш масканлари фаолият юритмоқда. Башир қишлоғида зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун катта имконият мавжуд, яъни ҳудудда жойлашган Ҳазрати Башир ота зиёратгоҳи йил давомида маҳаллий ва хорижий сайёҳлар билан гавжум. Қишлоқ аҳолиси ташриф буюрувчиларга ўз уйлари ва оилавий уй меҳмонхоналарини ташкил этиб, хизмат кўрсатиб қўшимча даромад топади. Бугунги кунда қишлоқда 30 дан ортиқ оилавий меҳмон уйлари фаолияти йўлга қўйилган. Имомота қишлоғида бир вақтнинг ўзида мингга яқин сайёҳга хизмат кўрсатадиган 70 дан ортиқ меҳмон уйлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳудуддаги икки тоғ чўққиси ўртасига осма йўл — кўприк қурилди. Янги-янги аттракционлар ўрнатилди, махсус гольф-каралар келтирилди, ўнлаб савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилди. Ҳар учала манзилга “Туризм қишлоғи” мақоми берилгани ҳақида сертификат топширилди. Дилдора АМИРҚУЛОВА, ЎзМУ талабаси.
ТАҚДИРЛАР — Буви, бувижон, мени табрикланг, мусобақада ғолиб бўлиб, Осиё чемпионатида иштирок этадиган бўлдим. Набирасининг қўнғироқдек овозини эшитган Фотима холанинг кўзлари ёшланди. Айвонда урчуқ йигириб ўтирган онахон дуога қўл очиб, унга давомли ютуқлар тилади. Шўрчи туманидаги Ибн Сино номидаги маҳаллада яшовчи Муниса Пардаева Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг 2-босқич талабаси. Шу билан бирга, у спортнинг каноэда эшкак эшиш тури билан шуғулланиб, бир нечта мусобақаларда ғолиб бўлган. 2024 йил 19-22 октябрь кунлари параканоэда эшкак эшиш бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиб, Осиё ўйинларида қатнашиш йўлланмасини қўлга киритди. Иккинчи гуруҳ ногирони бўлган Муниса ўз устида ишлашни, доимо ҳаракатда бўлишни хуш кўради. У ҳеч қачон изланишдан, меҳнат қилишдан чарчамайди. Жисмонан имконияти чекланган бўлишига қарамай, ўз вақтида имтиёзлардан самарали фойдаланаётган Муниса Пардаева келгусида инклюзив таълим ривожига ўз ҳиссасини қўшиш ниятида. — Университетда сурдопедагогика йўналиши бўйича таҳсил оляпман, — дейди Муниса Пардаева. — Кар ёки заиф эшитувчи болаларни махсус ўқитиш ва тарбиялаш масалалари бўйича янги замонавий методларни ишлаб чиқиш борасида устозларим билан биргаликда изланяпмиз. Болаларнинг психологик ривожлантириш, ўқув фанларини ўқитиш, талаффузни ўргатиш орқали ногиронлиги бўлган болаларни жамиятда ўз ўрнини топишга кўмаклашиш мумкин. Албатта, яхши ният, эзгу амал ҳар бир инсонни улуғлайди. Қаҳрамонимиз ҳам олдига аниқ мақсадлар қўйиб, олға ҳаракат қилишдан сира тўхтаб қолаётгани йўқ. Нигина ШОЕВА, журналист.
СЕМИНАР Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасида “маҳалла еттилиги”нинг юқори турувчи ташкилотлари масъул ходимлари учун маҳалла фаолияти, камбағалликни қисқартириш бўйича малака ошириш ўқув-семинари ташкил этилди. Маҳалла иши бир жойда тўхтаб турмайди. Ҳаёт давом этар экан, одамлар кундалик ташвишлари, турли ҳаётий масалалар билан йиғинларга мурожаат қилишади. Кимнидир ишсизлик қийнаса, кимдир ижтимоий кўмакка муҳтож, яна кимнингдир беморлик бошига тушган. Бошқа биров тадбиркорликни йўлга қўймоқчи, ёшлар ўз иқтидорини намойиш этишда маслаҳатга эҳтиёж сезади. Умуман, маҳаллада ҳаёт қайнайди, ҳар жабҳада маҳаллага зарурат бор, ҳар ким маҳаллани ўзига суянч ва таянч сифатида кўради. Ўз навбатида, бу жараён маҳалла ходимларидан катта масъулият, билим ва ташаббускорликни талаб қилади. “Еттилик” аъзолари фаол ва ҳамжиҳат бўлса, йиғинда иш фаолияти тизимли ва тартибли йўлга қўйилса, натижадорлик ҳам шунга яраша самарали бўлади. Бунинг учун, энг аввало, “маҳалла еттилиги” вакиллари қонунчиликдаги янгиликлардан хабардор бўлиши, тизимга оид билимларини мустаҳкамлаб бориши, муаммолар ечимида ўз фикри, ёндашуви, амалий тажрибаси бўлиши зарур. Айни жиҳатдан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, унинг ҳузуридаги Маҳалла академияси, тегишли вазирликлар, идоралар билан ҳамкорликда уч кунлик малака ошириш ўқув-семинари ташкил этилди. Унда Уюшманинг 208 та туман (шаҳар) бўлимлари масъул ходимлари, “еттилик”нинг юқори турувчи ташкилотлари вакиллари қатнашяпти. Бугун маҳаллаларни ишсизлик, камбағаллик, миграция, жиноятчилик ва оилавий ажралишдан холи ҳудудга айлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бу ҳолат, ўз навбатида, “маҳаллабай” ишлашга масъул бўлган мутасаддилардан алоҳида билим, малака ва кўникмаларга эга бўлишни тақозо этади. Шу маънода мазкур семинар маҳалла тизимини ривожлантириш соҳасида шаклланган замонавий миллий амалиётни ҳудудларда кенг жорий қилишга хизмат қилади. Семинар аниқ мавзулар асосида, маҳаллага тааллуқли ҳар бир масалани қамраб олган ҳолда ташкил этилди. Хусусан, унинг биринчи кунида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастурида маҳалла тизими олдига қўйилган устувор вазифалар хусусида маълумот берилди. Таъкидланганидек, Давлат дастурида айнан маҳаллага оид қатор мақсадлар, жумладан, йиғинларда “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонлари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини самарали йўлга қўйиш белгиланган. Спикерлар аҳоли муаммоларини маҳалланинг ўзида ҳал қилиш, “маҳалла еттилиги”нинг асосий вазифалари, маҳалла раиси сайловини ўтказишда қонунчиликда белгиланган тартиблар, раис лавозимига қўйилган талаблар, номзодларни шакллантириш ва саралаш, маҳалла тизимидаги кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари бўйича керакли тушунчаларни беришди. Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича ўтказилган машғулотлар савол-жавобларга бой бўлди. Томорқадан самарали фойдаланиш орқали аҳоли даромадини оширишда маҳалла билан банкларнинг ўзаро ҳамкорликдаги вазифалари кенг муҳокама қилинди. Президент ташаббуси асосида банкларнинг маҳалла даражасига туширилгани, маҳалла банкири фаолияти йўлга қўйилгани эътироф этилди. Семинарнинг иккинчи кунги машғулотларида қайд этилганидек, ҳар қандай масала маҳалла даражасида ҳал этилаётгани боис ўтган йили йиғинларга қилинган мурожаатларнинг қарийб 90 фоизи шу ернинг ўзида ечим топди. “Рақамли маҳалла” платформаси ижтимоий ёрдамлардан фойдаланиш имкониятини оширди. Ёшлар, хотин-қизлар билан ишлашда маҳалланинг иштироки ортди. Аҳолини соғлом турмуш тарзига кенг жалб қилиш, тўғри овқатланишни оммалаштириш анъана тусини олди. Иштирокчиларга маҳалланинг молиявий имкониятларини ошириш, Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси маблағларини мақсадли сарфлаш, “Маҳалла сервис компанияси” фаолиятини самарали ташкил этишда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги уқтирилди. Нуронийларнинг ёшлар тарбияси ва жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ролига эътибор қаратилди. Аҳолини оммавий спортга жалб қилиш борасидаги ташаббуслар илгари сурилди. Маҳаллага бириктирилган масъуллар фаолият самарадорлигини оширишда маҳалла раисининг координацион бошқарув усули, йиғиндаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва унда маҳаллага…
Sign in to your account