ХАЛҚАРО ТАЖРИБА
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини ошириш масаласи давлат сиёсатида устувор вазифалардан бири саналади. Бу жараёнда маҳаллалар аҳоли билан яқин алоқада бўлиб, ижтимоий ҳимоя, тадбиркорлик ва бандликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
Камбағалликни қисқартиришда Хитой тажрибаси жаҳон миқёсида эътиборга моликдир, чунки бу давлат қисқа вақт ичида миллиардлаб аҳолисини камбағалликдан чиқаришга эришган. Шу жиҳатдан Хитой тажрибаси Ўзбекистон ва бошқа ривожланаётган мамлакатлар учун муҳим аҳамиятга эга.
“Еттилик”ни хитойлик экспертлар ўқитади
Хитой тажрибаси — ижтимоий сиёсатнинг тўлиқ, мақсадли ва амалий моделидир. Ўзбекистон учун бу тажриба “барқарор камбағалликни қисқартириш” ва “иқтисодий ривожланишни кенгайтириш” бўйича муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси қатор саъй-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда.
Ҳусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси масъуллари Хитойнинг етакчи университетлари профессорлари билан онлайн мулоқотлар ўтказди. Хитой тажрибасини ўрганиш натижасида профессор Ван Циаолин ва профессор Жан Ци Уюшма раиси маслаҳатчиси сифатида жалб қилинди.
Келишув бўйича:
– 8 992 та маҳаллада 55 мингдан ортиқ “маҳалла еттилиги” ходимларини онлайн ўқитиш;
– 2026 йилнинг 9-13 март кунлари Сирдарё вилоятида амалий ўрганишлар ўтказиш;
– ҳар ойда 208 та туман (шаҳар) бўлим раҳбарлари ва “оғир” тоифадаги “маҳалла еттилиги” ходимлар учун онлайн семинарлар ташкил этиш белгиланди.
Дастлабки ўқув-семинар 2026 йил 9 февраль куни ташкил этилди. Унда Хитойда камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатини шакллантириш ва жойларда уни амалга оширишда бевосита иштирок этган, катта илмий ва амалий тажрибага эга экспертлар иштирок этиб, маъруза қилди. Унда 832 нафар Уюшманинг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари, бош мутахассислари, етакчи мутахассислари ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари бошлиқлари, 4 515 нафар маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва ижтимоий ходимлар иштирок этди.
Мазкур ўқув-семинарда 903 та “оғир” тоифадаги маҳаллада аниқ, амалий ва ижро этиладиган режаларни шакллантириш, ҳар бир маҳалла ўз ҳудуди учун аниқ ҳаракат дастурини ишлаб чиқиши, инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва аҳоли таморқаларидан самарали фойдаланиш, барқарор даромад манбаларини яратиш ва жойларда режаларнинг ижросини назорат қилиш ва амалий ёрдам кўрсатиш асосий мақсад қилиб белгилаб олинди.
Хитой тажрибаси моҳиятини нима ташкил этади?
Сўнгги йилларда жаҳон миқёсида камбағалликни камайтириш масаласи ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада Хитой Халқ Республикасининг камбағалликка қарши кураш тажрибаси амалий ва стратегик жиҳатдан катта аҳамиятга эга.
Хитой 2020 йилга қадар мутлақ камбағалликни бартараф этганини эълон қилди ва 2021 йилдан бошлаб, камбағалликка қайта тушиб қолишнинг олдини олиш сиёсатига ўтди. Бу натижа инфратузилма, давлат хизматлари ва рақамли технологияларни уйғунлаштирган мақсадли ёндашув асосида таъминланган.
Мамлакатда камбағалликка қарши кураш узоқ муддатли ва босқичма-босқич давлат стратегияси сифатида амалга оширилди. 1980 йиллардан бошлаб, қишлоқ хўжалиги қўллаб-қувватланди, 1990 йилларда қашшоқ туманларга қаратилган махсус давлат дастурлари жорий этилди. 2001–2010 йилларда “бутун қишлоқни ривожлантириш” концепцияси асосида инфратузилмани яхшилаш устувор вазифа этиб белгиланди.
2013 йилдан кейин “аниқ (мақсадли) камбағалликни камайтириш” тамойили жорий қилиниб, ҳар бир қашшоқ хонадон, қишлоқ ва туман бўйича алоҳида маълумотлар асосида қарорлар қабул қилиш тизими шакллантирилди. Бу ёндашув давлат ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини берди.
Хитой тажрибасида инфратузилмани ривожлантириш камбағалликни камайтиришнинг асосий омили сифатида қаралди. Натижада қишлоқ аҳолисининг бозорларга чиқиши осонлашди, меҳнат унумдорлиги ошди ва давлат хизматларидан фойдаланишдаги ҳудудий тафовутлар қисқарди. Инфратузилманинг яхшиланиши хусусий сектор инвестицияларини жалб қилиш учун ҳам замин яратди.
Хитой моделида асосий эътибор манзилли ёрдамга қаратилди. Ягона миллий ахборот тизими орқали камбағал аҳоли доимий равишда рўйхатга олинди ва маълумотлар ҳар йили янгилаб борилди. “Олти аниқлик” тамойили асосида кимга ёрдам берилиши, қандай лойиҳа орқали, қайси манбадан ва қандай натижа кутилаётгани аниқ белгилаб олинди.
Хитойнинг қашшоқ қишлоқларда камбағалликни камайтириш тажрибаси шуни кўрсатадики, ушбу муаммони ҳал этишда комплекс ёндашув — инфратузилмани ривожлантириш, давлат хизматларини тенглаштириш ва рақамли технологияларни жорий этиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
***
Хитой тажрибасига асосланган онлайн семинар-тренинг давомида мамлакатнинг камбағалликка қарши курашдаги самарали ва тизимли ёндашувлари, хусусан, манзилли ёрдам кўрсатиш, инфратузилмани ривожлантириш, таълим ва тиббиёт соҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш каби муҳим тажрибалар атрофлича муҳокама қилинди.
Ушбу тажрибалар маҳаллалар даражасида ишсизликни камайтириш, аҳоли даромадларини ошириш ва барқарор иқтисодий фаолликни шакллантиришда амалий аҳамият касб этади. Айниқса, “маҳалла еттилиги” фаолиятини кучайтириш, ҳар бир маҳаллада аниқ режаларни ишлаб чиқиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Тельман ЎРИНОВ,
Баҳром КУШБАКОВ,
Ўзбекистон маҳалллари уюшмаси
Марказий аппарати масъул ходимлари.