Сўнгги янгиликлар

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

Блогерлик касб эмас, агар илмга йўғрилмаса…

МУЛОҲАЗА Бугун қайсидир боладан “Катта бўлсанг ким бўласан?”, деб сўрасангиз, аввалгидек “шифокор”, “ўқитувчи”, “учувчи”, деган жавоблар қаторида “блогер бўламан”, деган жавобни ҳам эшитиш мумкин. “Кумиринг ким?” десангиз, Инстаграмдаги машҳур блогерларни санайди. Бунинг ўзи ёмон…

Кўзгу
-+=

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

 

 

Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан четда қолдирамиз. Аслида, болада ижобий ёки салбий хислатларнинг шаклланишида оила даврасида айтилган гаплар ва муҳокама қилинган мавзулар ҳал қилувчи масалага айланиши мумкинлигини унутиб қўямиз.

Бугун фарзандларимиз олдида нималар ҳақида гаплаш-япмиз? Айтаётган ҳар бир сўзимиз уларнинг тарбиясига таъсир қилишини ҳам инобатга оляпмизми? Ёки ҳали ёш-ку, нимани ҳам тушунарди, деган қараш устунми? Чиндан ҳам бола ҳеч нарсани тушунмайдими? Кечагина туғилган чақалоқ атрофидаги ҳамма гапларни хотирасига муҳрлаб олишини биласизми?

Ҳеч бир мавзу эътибордан четда қолмайди

Психологларнинг таъкидлашича, боланинг онг ости уч ёшгача очиқ бўлади. Бу вақтга қадар у атрофида бўлаётган суҳбатларни тушунмаса-да, хотирасига жойлайверади. Улғая борган сари унинг онгига муҳрланган ахборотлар аста-секин намоён бўла бошлайди. Баъзан ёнимизда ўйнаб юрган фарзандимизга эътибор бермай, турли муаммоларни муҳокама қиламиз. Вақт ўтиб эса, унинг гапириш оҳанги, сўзлари ўзимизнинг такроримиз эканини пайқаймиз.

— Болаларим жуда зийрак. Қачондир кимгадир айтган гапларимни кейинроқ улардан эшитиб қоламан, — дейди Паркент туманидаги “Чинорли” маҳалласида истиқомат қиладиган уч фарзанднинг онаси Дидора Имомова. — Худди диктофондек, оқизмай-томизмай хотирасига ёзиб олади. Яна ҳеч ўзгартиришларсиз сўзлаб беради. Кичкиналигида бунга аҳамият бермас эдим. Лекин улғайгани сари ҳатто савол бериб, гапларни таҳлил қила бошлашди. Шундан кейингина сергак тортиб қолдим. Ўйлаб қарасам, оила даврасида бўлган бирор суҳбат болаларимнинг эътиборидан четда қолмас экан. Бу ҳолат уларнинг тарбиясига ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди. 

Ноўрин муҳокама

Қўнғироқ чалиниб, хонага ўқитувчи кириб келди. Эндигина дарс бошламоқчи эди, қулоқчинда мусиқа эшитиб ўтирган Замира эътиборини тортди. Уни ёнига чақириб, қилаётган ишининг одобдан эмаслигини тушунтирди. Шунда Замира ўқитувчининг юзига тик қараганча: “Аввал битта фарзандли бўлинг, кейин бизга ақл ўргатасиз”, деди қилт этмай. Бу гапга дош бера олмаган ўқитувчи синфдан чиқиб кетди. Замира эса кеча уйидагилар муҳокама қилган мавзуни эгасига етказганидан хурсанд эди. Ота-онаси шу муаллимнинг анча йилдан буён фарзанд кўрмагани, шунинг учун болалар билан ишлашни билмаслиги ҳақида гаплашган эди. Аммо ҳаммасини “ёзиб” олаётган фарзандига кимнингдир дардини муҳокама қилиш мактаб ўқувчисининг иши эмаслигини тушунтириш хаёлига келмаганди…

— Боланинг дунёқараши кўрган ва эшитганлари асосида шаклланади, — дейди психолог Роза МЕЛИБОЕВА. — Баъзи ота-оналар фарзандлари олдида бошқалар ҳақида салбий фикрлар билдиради. Агар бу доимий одатга айланган бўлса, болада ҳам шундай кўникма пайдо бўлади. Ўзи истамаган ҳолда ёмонлик қилмаган кишиларга нисбатан салбий фикр юритади. Бошқалар ҳақида турли-туман фикрларни тинимсиз эшитавериш маълумотларни тўғри таҳлил қила олиш қобилиятини сусайтиради. Боланинг ўртоқлари, ўқитувчиси таъсирида ижобий фазилатлар шаклланган бўлса, ота-онага нисбатан салбий қарашни юзага келтиради. “Ота-онам ҳамиша ким ҳақидадир ёмон фикр билдиради, демак, уларнинг ўзи ёмон”, деган хулосага ҳам келиши мумкин. Оқибатда, ўзаро муносабатлар чигаллашиб кетади.

Фарзанд тарбияси жуда жиддий ва масъулиятли вазифа. Афсуски, баъзи ота-она унинг келажаги ҳақида қайғурар экан, энг кичик жиҳатларни ҳам эътиборга олиш кераклигини ёддан чиқариб қўяди. Оилавий суҳбатлар эса тарбиянинг энг муҳим дастаги эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Тўғри, оила даврасида турли муаммо ва камчиликларни муҳокама қилиб ўрганиб қолганмиз, лекин унинг зарарли таъсиридан фарзандимизни ҳимоя қилишни ҳам унутмайлик. Куни келиб, биз бепарволарча айтган гапларимиз фарзандимиз ва ўзимизнинг келажагимизга доғ бўлиб тушмасин.

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

“Mahalla” мухбири.

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

Оиладаги жанжалдан фарзанд жабр кўради

МУШОҲАДА Турмуш ташвишлари, рўзғордаги арзимас баҳона саба эр-хотин ўртасида юзага келган келишмовчиликка кўпчилик аралашмайди. “Ҳа, энди рўзғор бўлгандан кейин тортишади-да” ёки “Эр-хотиннинг уруши — дока рўмолнинг қуриши”, қабилида бундай вазиятни…