МУШОҲАДА
Турмуш ташвишлари, рўзғордаги арзимас баҳона саба эр-хотин ўртасида юзага келган келишмовчиликка кўпчилик аралашмайди. “Ҳа, энди рўзғор бўлгандан кейин тортишади-да” ёки “Эр-хотиннинг уруши — дока рўмолнинг қуриши”, қабилида бундай вазиятни оқлайдиганлар кўп.
Аммо бу жанжалларни жимгина кузатиб турган қора кўзлар, катталарнинг “қилиғи”дан озорланаётган жажжи юраклар-чи? “Боланинг олдида жанжал қилиб бўлмайди, тарбияси бузилади”, деган ҳақиқатни барчамиз яхши биламиз. Лекин бунга қанчалик амал қиляпмиз?
Жиноят илдизи оиладами?
Бола ниҳоятда тақлидчи бўлади. У оиладаги катталарнинг барча ижобий ва салбий хатти-ҳаракатларини зийраклик билан кузатади. Турмуш ташвишлари, рўзғор икир-чикирлари билан бўлиб, буни эътибордан четда қолдирамиз.
Оиладаги можаролар эса болани руҳан тажанг қилади, уйдан бездиради. Фарзандлар, аввало, жанжалдан қўрқади. Қолаверса, ота-онага нисбатан ҳурмати пасаяди. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, балоғатга етмаган жиноятчиларнинг 61 фоизини носоғлом муҳитда вояга етаётган болалар ташкил этади.
Инсон умри давомида оладиган барча маълумотларининг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда қабул қилар экан. Айнан шу палла унинг қалбида оиладаги муҳит таъсирида маънавиятнинг илк куртаклари намоён бўла бошлайди.
Биз ота-оналар фарзандимиз бировдан кам бўлмасин, деб тун-кун ишлаймиз, яхши едирамиз, кийинтирамиз, қимматбаҳо буюмлар олиб берамиз. Бетоб бўлса, мижжа қоқмай, унга ғамхўрлик қиламиз. Лекин руҳий ҳолатига зарба берадиган жанжаллардан ўзимизни тия олмаймиз.
— Жанжал кўп бўладиган оиланинг фарзандлари қўрқоқ, журъатсиз, ўз фикрини эркин билдира олмайдиган ёки аксинча, ёлғончи ва тажовузкор бўлади, — дейди Олмазор туманидаги 11-мактаб ўқитувчиси Наргиза Холдорова. — Дарсларни яхши ўзлаштира олмайдиган, тарбияси оғир ўқувчилар билан суҳбатлашганимда, уларнинг оиласида соғлом муҳитнинг йўқлини аён бўлади. Биз буни ота-оналарга ҳам тушунтирамиз. Баъзилари, ҳатто, ўз айбини тан олмайди. Гўёки боланинг тарбиясига фақат мактабдаги устозлари масъулдик.
Айрим ёш эр-хотинлар “ҳали болам ёш-ку”, деб улар олдида бемалол бир-бирининг айбларини муҳокама қилишади. Гўдак кичик бўлса-да, ҳамма нарсани тушунади. Жанжаллар оқибатида ёш болада қўрқув, йиғлоқилик, тажанглик ҳолатлари пайдо бўлади. Охир-оқибат у ўсмир ёшга етганда, ўзининг салбий натижасини кўрсатади: атрофдагиларга нисбатан тажовузкор бўлиб қолади. Ота-онани ҳам, бошқаларни ҳам ҳурмат қилмайдиган , маданиятсиз бир кимсага айланади.
Ҳаммаси ўз қўлимизда
Низолар нафақат боланинг руҳиятига, балки унинг саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Айримлардаги бош оғриқ, кўзни тез-тез пирпиратиш, кўриш қобилиятининг пастлиги, кўнгил айниши, юракнинг тез уриши, оғир неврологик касалликлар оиладаги носоғлом муҳит таъсирида юзага келади.
Бир танишим бор — Муқаддас Шарипова. Оиласи барчага ўрнак бўлгулик. Фарзандлари тарбияли, оқил, бир-бирига меҳрибон, каттани ҳурмат, кичикни иззат қиладиган, қатъиятли бўлиб вояга етяпти. Буларнинг бари оилада соғлом муҳитнинг мавжудлиги ва онанинг оқилалигидандир.
Бола тарбияси борасидаги қоидаларни кўздан кечирар эканман, бир банди эътиборимни тортди: “Болани севинг ва иззат қилинг”. Эътибор берсангиз, аксарият ёш ота-она катталар олдида ўзларини жанжалдан тийишади. Нима учун? Катталарга бўлган ҳурмат юзасидан! Бола-чи? У иззатга арзимайдими? Агар шу қоидага амал қилганимизда, қанча-қанча хунук ҳолатларнинг олди олинган бўлармиди?..
Ҳамма ҳам фарзандининг келажакда буюк инсон, олим, спортчи, санъаткор, қисқаси, яхши одам бўлишини хоҳлайди. Унинг пок қалби меҳрни, қувончни туйса, қулоқлари яхши сўзни эшитса, кўзлари эса тарбияли, маънавияти юксак инсонларни кўрса, бу орзулар рўёга айланмайди.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,
“Mahalla” мухбири.