“Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонлари асосида Узун туманидаги “Янгийўл” маҳалласида барпо этилган обектлар фойдаланишга топширилди.
Дастур доирасида маҳаллада 262 та хонадонни таъмирлаш, 12 та кўчадаги йўлларнинг 1,8 километр қисмини шағаллаш, 4,3 километр қисмини асфалтлаш, 2 та трансформатор пункти қуриш, 120 та темир-бетон устунлар ўрнатиш, 2 километр газ тармоғини таъмирлаш ҳамда 2,3 километр узунликдаги янги ичимлик сув қувурини тортиш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 1 километрдан ортиқ асфалтланган йўлда воиш усулида узум етиштириш йўлга қўйилиб, воиш устунлари ўрнатилди. Сайлгоҳ, “Workout” майдончаси, мини-стадион барпо этилди. 127 нафар фуқаронинг бандлиги таминланиб, 4 киши тадбиркорлик фаолиятини бошлади.
Дастур асосида Бандихон туманидаги “Лимонзор” маҳалласида фуқаролар йиғини учун янги бино қурилиши қизғин давом этмоқда. Уй-жойи таъмирга муҳтож ва ўта оғир шароитда яшаётган 122 оиланинг хонадонлари жорий ва капитал таъмирлаб берилмоқда. Ҳозиргача хонадонларга 14 тоннадан ортиқ кўмир етказиб берилди, 8 километр ички ариқ ва зовурлар тозаланди. 23 та кўчада тозалаш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. 2,9 километр узунликда янги электр тармоғи тортилди.
Худди шундай, Музработ туманидаги “Боғи эрам”, Шўрчи туманидаги “Хушчекка” маҳаллаларида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар ҳудудларни янада кўркам, обод масканга айлантириб, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига қулай имкониятни юзага келтираётир.