МУЛОҲАЗА Бугун қайсидир боладан “Катта бўлсанг ким бўласан?”, деб сўрасангиз, аввалгидек “шифокор”, “ўқитувчи”, “учувчи”, деган жавоблар қаторида “блогер бўламан”, деган жавобни ҳам эшитиш мумкин. “Кумиринг ким?” десангиз, Инстаграмдаги машҳур блогерларни санайди. Бунинг ўзи ёмон эмас. Чунки блогерликдан ҳалол даромад топаётган, фойдали ахборот тарқатаётган ёшлар кўп. Муаммо блогер бўлиш истагида эмас, нимага машҳур бўлишни орзу қилаётганимизда. Инстаграмда ёшлар кўрадиган контентга қарасак, икки хил манзарага дуч келамиз. Бир томонда ўзини кўрсатиш учун ҳамма нарсани камерага чиқарадиган, қимматбаҳо машина, кийим-кечак, ресторан, саёҳат ва “ҳашаматли ҳаёт”ни намойиш қилишни асосий мазмунга айлантирган саҳифалар бор. Баъзилар эса кўпроқ кўрилиш учун ҳаёни четга суриб, оилавий муносабатлар, шахсий ҳаёт ёки миллий тарбияга тўғри келмайдиган ҳолатларни ҳам контентга айлантирмоқда. Энг ачинарлиси, бундай видеолар кўпинча айнан ёшлар орасида тез тарқалади. Бирор савиясиз видео минглаб, миллионлаб кўрилса, унинг ортидан бошқалар ҳам “демак, шундай қилсам машҳур бўламан”, деган хулосага келиши мумкин. Шу ерда яна бир савол туғилади: биз болаларимизга нимани намуна қилиб кўрсатяпмиз? Бола ўз кумирига тақлид қилади. Унинг гапиришига, кийинишига, юриш-туришига, ҳатто ҳаёт ҳақидаги тасаввурига эргашади. Агар кумирининг бутун муваффақияти қиммат телефон, автомобиль, дабдабали ҳаёт ва обуначилар сони билан ўлчанса, бола ҳам меҳнат, билим ва ҳунардан кўра, тез бойиш ва тез танилишни муҳим, деб қабул қилиши мумкин. Натижада оддий ҳаёт ёқмай қолади. Ота-онанинг йиллар давомида қилган меҳнати билан топилган рўзғор “кам” кўринади. Ўқишнинг натижаси узоқ кутилгани учун зерикарли туюлади. Телефон экранидаги тайёр, чиройли ҳаёт эса ҳақиқий ҳаётдек кўрина бошлайди. Лекин Инстаграмдаги ҳаёт — ҳаётнинг ўзи эмас. Одамлар одатда муаммосини эмас, чиройли томонини кўрсатади. Экранда кўринмайдиган қарз, ташвиш, оилавий муаммо, муваффақиятсизлик ва йиллар давом этган меҳнат бор. Ёшлар буни кўрмайди, фақат натижани кўради. Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бугун Инстаграмдан ёшларни илмга, китобга, ҳунарга, экологияга ва жамиятга фойдали ишларга ундаш учун фойдаланаётган контент яратувчилар ҳам бор. Масалан, экологик мавзуларда чиқиш қиладиган ёшлардан бири Мўътабар Хушвақтова “Urikguli” саҳифасида чиқиндилар, табиат ва атроф-муҳитга муносабат масаласини кўтариб келмоқда. “UMR.SHAM” каби саҳифаларда эса инсоннинг ўзлигини англаши, ҳаёт ва маънавият ҳақида фикрлашга ундовчи мазмунлар учрайди. Аслида, блогернинг кучи унинг нечта обуначиси борлигида эмас. Унинг кучи — шу обуначиларнинг вақтини нимага сарфлатаётганида. Бир блогер ёшларни яна бир соат телефонга михлаб қўйиши мумкин. Бошқаси эса ўша бир соат ичида китоб ўқишга, тил ўрганишга, кўчани тозалашга ёки бирор ҳунар эгаллашга ундаши мумкин. Шунинг учун “болам блогер бўламан деяпти”, деб ваҳимага тушишдан олдин, ундан “Қайси блогерга ўхшамоқчисан ва нима учун?”, деб сўраш керак. Балки жавобнинг ўзи муаммонинг қаердалигини кўрсатиб беради. Бугун ёшлар кимни машҳур қилаётганига қараш — эртанги жамият қандай бўлишини ҳам англатади. Чунки охир-оқибат Инстаграмдаги контентни фақат блогерлар яратмайди. Уни томошабин ҳам яратади: кўриш, улашиш ва қўллаб-қувватлаш орқали. Демак, гап Инстаграмда эмас. Гап биз нимага қараётганимизда, нимага ҳавас қилаётганимизда ва фарзандларимизга кимни “кумир” қилиб бераётганимизда. Ёшларга “блогер бўлма”, дейиш осон. Ундан кўра “Қандай блогер бўласан?”, деб сўраш муҳимроқ. Шаҳноза ХАЛИЛОВА.
ДОЛЗАРБ МАВЗУ Болани назорат қилиш эмас — тушуниш; таъқиқлаш эмас — ишонтириш; қўрқитиш эмас — мақсад сари етаклаш зарур! Бир вақтлар маҳаллада кечқурун болаларнинг тўп тепаётган овози эшитиларди. Бугун эса катта шаҳарлардаги кўп хонадонларда ота-оналарни бошқа бир хавотир безовта қилади. “Болам ким билан юрибди?”, “Қўлидаги таблетка дори эмасмикан?”, деган саволлар тобора кўпроқ қулоққа чалиниб қолмоқда. Бу хавотир бежиз эмас. Чунки кучли таъсир қилувчи таблеткалар ва синтетик гиёҳванд моддаларга қизиқиш энди фақат катталар муаммоси бўлмай қолди. Энг оғир жиҳати, бу иллатнинг сояси мактаб остонасигача етиб келди. Бир қарашда арзимасдек туюлган бир дона таблетка баъзан ёш умрнинг энг оғир хатосига айланади. Бу муаммо кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Аммо сўнгги йилларда унинг кўлами кенгайиб, ёши тобора кичиклашиб бораётгани хавотир уйғотади. Илгари гиёҳвандлик деганда, катта ёшдагилар кўз олдимизга келарди. Энди эса мактаб ўқувчилари ҳам бу хавф доирасига тушиб қолаётгани ачинарли ҳолдир. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2026 йил 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида келтирилган маълумотларга кўра, 2025 йилда фақат Тошкент шаҳрининг ўзида 1,5 мингдан ортиқ гиёҳвандликка ружу қўйган шахс расман рўйхатга олинган. Мутахассислар эса рўйхатга тушмаган ҳолатлар бундан ҳам кўплигини, уларнинг асосий қисми ёшлар эканини таъкидламоқда. Шу йиғилишда яна бир жиддий рақам айтилди: айрим ёшлар наркотик моддалар учун ойига ўртача 20-25 миллион сўм сарфлаяпти. Энг ачинарлиси, бугун наркотик моддаларни топиш аввалгидек қийин эмас. Интернет, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар орқали “осон пул” таклифлари билан ёшлар гиёҳвандлик савдосига жалб қилинмоқда. Аввал курьер сифатида бошланган иш, кўп ҳолларда истеъмолчига айланиш билан якунланади. Айниқса, биринчи босқич талабаларининг синтетик наркотикларни тарқатиш билан қўлга олинган ҳолатлари кўпроқ қайд этилган. Хўш, нима учун айнан мактаб ёшидаги болалар бундай хавфга тезроқ мойил бўлмоқда? Биринчидан, бу ёшда қизиқувчанлик юқори бўлади. “Бир марта синаб кўрсам нима бўлади?”, деган ўй кўплаб фожиаларнинг биринчи қадамига айланади. Иккинчидан, тенгдошлар таъсири жуда кучли. Ўсмирлар ўзини даврадан четда қолгандай ҳис қилмаслик учун баъзан хатарли таклифларга ҳам рози бўлади. Учинчидан, рақамли олам. Бугунги бола кўчанинг эмас, телефон экранининг тарбиясини ҳам олаяпти. Қисқа видеолар, ёлғон реклама ва “замонавий ҳаёт” ниқоби остида тарқатилаётган зарарли контент ёш онгини алдаши мумкин. Тўртинчидан, оиладаги мулоқотнинг камайиши. Боланинг қўлидаги телефонни кўрамиз, аммо қалбидаги саволларни эшитмаймиз. Унинг дардини интернет эмас, ота-она тинглаши керак. Мутахассисларнинг таъкидлашича, синтетик наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи айрим таблеткаларга боғлиқ ҳолатлар мамлакатимизда ўсиб боряпти. Илмий тадқиқотларда 2022-2024 йиллар оралиғида рўйхатга олинган синтетик моддалар билан боғлиқ ҳолатлар қарийб икки баробар ошгани, энг катта хавф гуруҳини 18-34 ёшдагилар ташкил этиши қайд этилган. Шунингдек, янги психофаол моддаларнинг интернет орқали тарқалиши ва улар ҳақидаги хабардорликнинг пастлиги асосий омиллардан бири сифатида кўрсатилган. Муаммонинг ечими фақат жазода эмас. Энг кучли қурол — эрта профилактика. Мактаб, маҳалла ва оила биргаликда ҳаракат қилмаса, кеч қолишимиз мумкин. Болани назорат қилиш эмас, уни тушуниш; таъқиқлаш эмас, ишонтириш; қўрқитиш эмас, мақсад сари етаклаш бугуннинг энг муҳим вазифасига айланмоқда. Ёшларга бўш вақт эмас, мазмунли ҳаёт керак. Спорт майдонлари, китобхонлик муҳити, касб-ҳунар, ахборот технологиялари ва санъат тўгараклари — буларнинг барчаси наркотикка қарши энг кучли қалқондир. Чунки орзуси бор ёшнинг қўли таблеткага эмас, келажагига чўзилади. Шаҳноза ХАЛИЛОВА.
ФАОЛ ҲАЁТГА ҚАДАМ Бир қарашда пул ҳаётимизда унчалик катта аҳамият касб этмайдиган, шунчаки кундалик харажатлар учун керакли воситадек туюлади. Ўзига тўқ ва топиш-тутиши яхши оила вакилларида худди шундай. Лекин камбағал, доимий даромад манбаига эга бўлмаган кишилар наздида моддият жуда кўп муаммоларнинг ечими бўла олади. Оддий бир ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Айтайлик, оилада 4 нафар фарзанд бор. Эр-хотин иккиси фақатгина мавсумий ишлаб, аранг рўзғор тебратяпти. Болалар кичиклигида билинмаган бўлиши мумкин, лекин улар вояга етгач, харажат янада ортади. Ҳар бирини едириб-ичириш, кийинтириш, таълими олиши учун сармоя киритиш каби масалалар кун тартибининг асосий муаммосига айланади. Аёл нолишни бошлайди. Эркак зарда қилиб, ичкиликка ружу қўяди. Болалар руҳан эзилади. Қарабсизки, оилада носоғлом муҳит юзага келади. Шу боис бугун мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Олиб борилаётган ислоҳотлар йил сайин ўз самарасини кўрсатяпти. Хусусан, бизнинг маҳалламизда ҳам ишсизлар сони кескин қисқарди, оилалар фаровонлиги таъминланяпти. Маҳалламиздаги 141 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро билан алоҳида ёндашув асосида ишлаб келяпмиз. Уларнинг ҳар бири ўзга хос олам. Қизиқиши, орзу ва мақсадлари жуда катта. Эшигини тақиллатиб борар эканман, хурсандлигидан ичига сиғмай кетади. Хонадонларга доим бирор янгилик билан киришга ҳаракат қиламан. Одамлар ҳам “еттилик” ходимларидан нимадир кутишга ўрганиб қолган. Баъзан моддий ёрдам бериш ёки фуқарони ишга жойлаштириш ўзи етарли бўлмаслиги мумкин. Шу боис доим кўрсатилган хизматнинг натижаси билан қизиқаман. Бир оила ўзини тўлиқ тиклаб олиши, муҳтожликдан фаровонликка ўтиши учун баъзан йиллар талаб этилади. Маҳалладошимиз Бозоргул буви Ҳошимова тўрт нафар фарзандни вояга етказган фидойи она. Унинг кенжа қизи ногиронлиги бўлган шахс сифатида рўйхатга олинган. Бугунги кунда у ҳам фарзанд тарбияламоқда. Ўрганишлардан кейин хонадон вакилларини Ижтимоий реестрга киритдик. Сабина Рўзимуродова бувисининг васийлигига берилди. Бугунги кунда 16 ёшли Сабина она тили ва адабиёт фанидан бепул тўгаракларга қатнашяпти. Унга яратилган ушбу имконият келгусида олий таълим муасасасига кириш ва орзуларини рўёбга чиқариш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади. Фаолиятим давомидаги ҳар бир ижобий натижа мени янада кўпроқ ҳаракат қилишга ундайди. Мен ижтимоий ходимликни ўз тақдир йўлим, деб билиб, инсонларга ёрдам бериш учун барча фидокорликка тайёрман. Зубайда ШУКУРОВА, Олот туманидаги “Эски Олот” маҳалласи ижтимоий ходими.
“ТОП-100”: СИЗНИНГ ҚАНДАЙ ТАШАББУС ВА ТАЖРИБАНГИЗ БОР? Чекка ҳудуд деганда, кўпчиликнинг хаёлига имкониятлар чекланган, тараққиётдан бироз ортда қолган манзил келади. Аслида эса тараққиётнинг географияси бўлмайди. У марказ ёки чекка ҳудудни эмас, меҳнатни, ташаббусни ва бирдамликни танлайди. Қаерда одамлар бир мақсад йўлида бирлашса, ўша ерда ўзгариш, ўсиш ва юксалиш бўлади. Шу маънода Қораўзак туманининг энг чекка ҳудудларидан бири — Кўйбак овул фуқаролар йиғини бугун мамлакат миқёсидаги “ТОП-100” талик энг намунали маҳаллалар рўйхатидан муносиб ўрин олди. Кимдир буни навбатдаги муваффақият сифатида қабул қилиши мумкин. Аммо биз учун бу — халқ билан елкама-елка туриб қилинган меҳнат, биргаликда енгилган муаммолар ва биргаликда қурилган келажакнинг эътирофидир. Бугун маҳалла раиси фаолиятини йиғилишлар сони ёки расмий тадбирлар билан баҳолаш даври ортда қолди. Энди натижа инсонлар ҳаётидаги ўзгариш билан ўлчанади. Ҳудудда ишсизлик қанчага қисқарди? Нечта оила камбағалликдан чиқди? Неча нафар ёш ўз келажагини шу ернинг ўзида қуришга қарор қилди? Ана шу саволлар ҳар бир раҳбар учун асосий мезонга айланмоқда. Бир неча йил олдин ҳудудда ишсизлик билан боғлиқ муаммолар етарлича эди. Айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида доимий даромад манбаига эга бўлмаганлар кўпчиликни ташкил қиларди. Айрим оилаларда иқтисодий қийинчиликлар турли ижтимоий муаммоларни келтириб чиқараётган эди. Шунда биз бир муҳим хулосага келдик: муаммоларнинг оқибати билан эмас, сабаби билан курашиш керак. Ҳар бир хонадон ҳолати ўрганилди. Кимнинг қандай салоҳияти борлиги, кимга иш, кимга кредит, кимга касб ўрганиш имконияти кераклиги аниқланди. Шу асосда манзилли ишлар ташкил этилди. Натижа кўп куттирмади. Йил бошида маҳаллада 23 нафар ишсиз фуқаро рўйхатда турган бўлса, бугун уларнинг барчаси даромадли меҳнат билан банд қилинди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 15 та оиланинг 5 таси қисқа вақт ичида камбағаллик тоифасидан чиқарилди. Бу рақамлар ортида инсон тақдирлари турибди. Бизнинг энг катта ютуғимиз — юрт соғинчида юрган фуқароларнинг қайтиши бўлди. Меҳнат миграциясида бўлган 48 нафар овулдошимизнинг 46 нафари ўз оиласи бағрига қайтди. Энди улар ўзга юртда эмас, ўз овулимизда — “драйвер”имиз бўлган чорвачилик ва деҳқончилик орқали рўзғор тебратмоқда. Бу ҳолатнинг маънавий аҳамияти иқтисодий натижасидан ҳам каттароқ. Чунки ўз уйига қайтган инсон — оиласи бағрига қайтган ота, фарзандларига қайтган тарбиячи, маҳалласига қайтган фаол фуқародир... Маҳалламизда йиллар давомида ижтимоий ёрдам ҳисобидан кун кечириб келган оилалар ҳам бўлган. Улардан бирига имтиёзли кредит олиш ва иссиқхона ташкил этишда кўмак берилди. Бугун ўша оила бошлиғининг қадди тик, юзи ёруғ. Чунки у энди боқувчи эмас, тадбиркор! Бир вақтлар ёрдам кутиб яшаган инсон бугун бошқаларга иш ўрни яратаётгани ҳар қандай рақамдан кўра қимматли натижа эмасми? Тажрибамиз яна бир ҳақиқатни кўрсатди: ишсизлик камайган жойда камбағаллик ҳам қисқаради. Камбағаллик қисқарган жойда эса ижтимоий муҳит соғломлашади. Жорий йилда овулимизда бирорта оилавий ажралиш ҳолати қайд этилмагани бежиз эмас. Бу натижа маҳалла нуонийлари, хотин-қизлар фаоли, оқсоқолларнинг ҳар бир хонадон билан доимий мулоқоти самарасидир. Чунки оила мустаҳкам бўлган жойда жамият ҳам мустаҳкам бўлади. Албатта, муаммосиз ҳудуднинг ўзи бўлмайди. Ҳудудимиз кенг, олис манзилларда йирик ишлаб чиқариш корхоналари бор. Тўғри, бир марта ўғирлик ҳолати содир бўлди, лекин уни бизнинг овулдошлар эмас, бошқа ҳудуддан келиб ишлаётган ходим содир этган. Бу воқеа бизга яна бир дарс бўлди: жиноятнинг олдини олиш учун нафақат ҳудуд аҳли, балки бу ерга келиб-кетувчилар билан ҳам ҳушёрликни оширишимиз керак. “ТОП-100” талик рўйхатидан жой олиш биз учун якуний манзил эмас. Аксинча,…
Ҳудудда фуқаронинг пулларини ўғирлангани ҳақида хабар келди. Шошилинч чақирув билан воқеа жойига етиб бордим. Кузатув камералари ёрдамида жиноят тезкор фош этилди. Ҳа, бугун маҳаллаларнинг кузатув камераси билан жиҳозланаётгани, ташвиш ва “SOS” тугмалари билан таъминлангани ишимизни анча енгиллатди. Тизимдаги ўзгаришларга кўра, ҳуқуқбузарликлар оқибати билан эмас, балки уни содир этилишини олдини олиш билан курашишга эътибор қаратяпмиз. Ҳар кунлик иш режа асосида ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий ёрдамга муҳтож бўлган оилалар билан алоҳида ишлаяпмиз, ҳар бир оила ҳақида тўлиқ маълумотга эгамиз. Ким ижтимоий ҳимояга муҳтож, ким муҳтож эмас, таҳлил қилиб боряпмиз. Мақсад – куну тун хавфсизликни таъминлаш. Маҳаллада 3 545 нафар аҳоли истиқомат қилади. Кўп муаммоларга ечим топилган. Ички йўллар ва пиёдалар йўлаклари, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сув тармоқлари таъмирланган. Маҳаллада файз бор, ободлик, орасталик ҳукмрон. Хуллас, ҳаммаси ҳавас қилгудек. Бироқ, 2025 йилнинг шу даврида 25 та жиноят содир этилди. Натижада криминоген вазият оғир ҳудудлар қаторига киритилдик. Албатта, бу рақамлар ҳар бир инсонни ташвишлантиради. Чунки майда безориликдан тортиб, кичик ҳуқуқбузарлигу жиноят жамиятимиз учун доғ. Шу боис маҳалланинг кўзи, юзи ва виждони бўлган фаоллар, нуронийлар, кайвонилар бу масалага жиддий эътибор қаратиб, аҳоли билан суҳбатлар ўтказяпти. Криминоген муҳитни барқарорлаштириш мақсадида “Чилонзор тажрибаси” асосида кенг қамровли профилактик тадбирлар амалга ошириляпти. Алоҳида тоифадаги фуқаролар билан манзилли ишлашга жиддий эътибор беряпмиз. Кўчаларнинг кириш ва чиқиш қисмига кузатув камералари ўрнатилиб, фуқаролар “Менинг инспекторим” мобиль иловасига уланди. Қувонарли жиҳати, жорий йилининг ўтган тўрт ойида атиги битта жиноят содир этилиб, “сариқ” тоифага ўтдик. Шу ўринда фаолиятимизда учраб турган айрим масалаларга эътибор қаратиб, ечими бўйича таклифларимни билдирмоқчиман. Ҳудудимиз шаҳар марказида жойлашгани учун ижтимоий объектлар кўп. Масалан, 4 та ўрта махсус таълим муассасаси жойлашган. Ҳар бирида 300 нафардан талаба бор. Биласиз, бу ерда таълим олувчилар ўтиш даври ёшида бўлгани учун жиноят содир этиш эҳтимоли юқори. Мактабларда айни шу йўналишда ишлайдиган инспектор-писохолог штати жорий этилган. Аммо ўрта махсус мактабларда бундай ходим йўқ. Шу боис имкониятимиз чекланган. Агар ўрта махсус мактабларда ҳам инспектор-психолог иш бошласа, ёшлар ўртасидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларни қисқартиришга эришар эдик. Яна бир масала — қонунчиликка кўра, жиноят қаерда содир этилган бўлса, иш шу манзилда кўриб чиқилади. Масалан, олтиариқлик фуқаро бизнинг ҳудудда пулини ўғирлатиб қўйса, гумондор қаерлик бўлишидан қатъи назар, ишни кўриб чиқиш профилактика инспекторига юкланади. Эътирозли жиҳати, шу қилмиш жиноят экани тасдиқланса, бизнинг маҳалла ҳисобига ёзилади. Ваҳоланки, у фуқаро билан профилактик ишлар олиб бора олмаймиз. Натижада жиноятлар сони ошиб кетяпти. Масалан, маҳалламизда 2 нафар жиноят содир этган фуқаро яшайди, холос. Рўйхатдагиларнинг кўпи бошқа ҳудудда истиқомат қилади. Таклифим, жиноятларни ҳисобга қўйиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш тартибига ўзгартириш киритиш лозим. Марказдаги аксарият маҳаллаларда давлат назорат органи ходимлари турли тадбирлар ўтказади. Масалан, “Дарё транс” жамияти мутахассислари аҳоли ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситаларининг тегишли лицензияга эгалигини текширади. Ёки фуқаролар солиқ, миллий гвардия ходимларининг шу каби вазиятда қонуний талабига бўйсинмайди. Бу вазиятда ҳам профилактика инспекторига мурожаат қилиш белгиланган. Ходимлар билдирги ёзиб, кетади. Ҳужжатларни тўплаш, дастлабки суриштирув олиб бориш, судга чиқариш яна бизнинг зиммамизга тушади. Таклифим, шундай низоли ҳолатларда ташкилот вакилларининг ўзи ҳужжатларни расмийлаштирса, тўғри бўлар эди. Озодбек ОТАЖОНОВ, Урганч шаҳридаги “Истиқлол” маҳалласи профилактика инспектори.
Оила институтини мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш — мамлакатимиз ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишидир. Президентимиз томонидан илгари сурилган “инсон қадрини улуғлаш” тамойили асосида қабул қилинаётган қарор ва дастурлар мазкур соҳанинг ривожига ҳисса қўшмоқда, профилактика, тарғибот ва хизмат кўрсатиш механизмлари маҳалладан республика даражасигача узвий яхлит тизимга айланди. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси оилавий низолар камайгани ва ярашувлар кўпайганида намоён бўлади: мамлакат бўйлаб юритилаёган тарғибот-профилактика ишлари натижасида биргина жорий йилнинг ўтган вақти мобайнида ўн минглаб низоли хонадонларда яна тинчлик ўрнатилди, қатор оилаларнинг муаммосига ечим топди. Бир неча минг оила яраштирилди — бу рақамлар ортида бахтиёр болалар кулгуси жаранглаётган хонадон, қайноқ меҳр тафтида яшаётган оналар, пировардида жамиятнинг биринчи пойдевори ҳисобланадиган мустаҳкам оилалар турибди. Ислоҳотларнинг бош шарти — аҳолига яқинлаштириш. Шу мақсадда туман ва шаҳарларда ташкил этилаётган “Оила ва хотин-қизлар масканлари” “ягона дарча” тамойилини ҳаётга татбиқ этмоқда: ҳуқуқий маслаҳат, психологик қўллаб-қувватлаш, медиатив ёрдам ва оилавий ҳаётга тайёрлаш дарслари бир жойда, бир занжирда таклиф этилади. Бу масканларда минг-минглаб никоҳланувчи ёшлар оилавий ҳаёт сабоқларини ўзлаштирди, ажрим ёқасига келган кўплаб оилаларда ярашувга эришилди, хотин-қизлар тадбиркорлик ва даромад топиш кўникмаларига ўргатилди. Яна қатор ҳудудларда янги масканлар эшик очиши режалаштирилгани хизмат сифати ва қамровини янада кенгайтиради. Оила маърифати масаласида ҳам янги босқич бошланди: илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга олиб кириш, хотин-қизлар салоҳиятини, фаол жамоатчилар тажрибасини оммалаштириш учун “Аёл маърифати” жамоатчилик кенгаши шакллантирилди. Ёш оилалар учун “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси доирасида ўқув-услубий материаллар, видеодарс ва ижтимоий медиамаҳсулотлар тайёрланиб, мактабгача ва мактаб таълими, маҳалла ва ОАВ билан узвий ҳамкорликда тарқатилмоқда. Эрта ва яқин қариндошлар никоҳининг олдини олиш бўйича намунавий тартиб белгиланиб, амалий механизм ўз самарасини кўрсатди: юзлаб нохуш ҳолатларнинг олди олинди. Шу изчил ишлар мантиқий давоми сифатида Республика “Оқила аёллар” ҳаракати ҳам оила сиёсатидаги муҳим таянчга айланди. 2022 йилда Давлатимиз раҳбарининг маърифатпарвар ғоялари асосида ташкил этилган ушбу тузилма қисқа фурсат ичида 200 мингдан ортиқ фаол аёлни атрофига жамлади. Ҳаракат ўз диққат-эътиборини оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, ажримлар салмоғини камайтириш, зўравонлик ҳолатларини бартараф этиш, ёшлар онгида масъулият ва маънавий бағрикенглик туйғусини шакллантириш каби устувор йўналишларга қаратди. Амалиётда бу саъй-ҳаракатлар кенг қамровда ифодаланмоқда: Уй бекалари, қарамоғида кичик фарзанди, ногиронлиги ёки кекса оила аъзоси бўлган аёлларга уйда даромад топиш ва оширишга кўмаклашиш мақсадида биргина январ-феврал ойлари давомида 1 091 та хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказларини ташкил этиш этиш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилди. Йил бошидан 44 та марказлар фаолияти йўлга қўйилди. Низолашаётган оилалар билан мақсадли ва манзилли ишлаш орқали оилаларни барқарорлаштириш ва ажримларнинг олдини олиш мақсадида “Ayol.gov.uz” платформасида “Оила” профили яратилди. Унда маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари томонидан ва ФҲДЁ бўлимларига мурожаат қилинган шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш орқали низоларни барвақт аниқлаш ва cамарали ечимига кўмаклашилмоқда. Бугун Янги Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мутлақо янги мазмун ва амалиёт касб этмоқда. Эътиборлиси, бу жараёнлар фақат муайян муаммоларни бартараф этиш билан чекланиб қолмаяпти, балки оилаларда соғлом турмуш тарзи, юксак маънавий муҳит ва ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни қарор топтиришга хизмат қилмоқда. Маҳалладан тортиб республика миқёсигача йўлга қўйилган яхлит тизим, “Оила ва хотин-қизлар масканлари”, “Аёл маърифати” жамоатчилик кенгаши, Республика “Оқила аёллар” ҳаракати, шунингдек, замонавий…
Sign in to your account