Нигоҳ

Босим баланд бўлса, дастурхонни ўйлаб ёз!

СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШ   “Ҳар куни тузли, ёғли овқат еб юргандим. Бир куни юрагим қисилиб, босимим 180 га чиқди. Шифокор овқатни ўзгартир, дейиши билан картошкани қайнатиб, тузсиз ея бошладим. Энди ўзимни енгил ҳис қиляпман.”— Ойдин ая, 63 ёш, Ғаллаорол тумани. Бугунги кунда гипертония, яъни қон босимининг ошиши — нафақат ёши улғайган, балки ёшлар орасида ҳам кенг тарқалган касалликлардан биридир. Оғримайди, безовта қилмайди, аммо юрагу миянинг энг яқин душмани бўлиб, бирданига “тўсатдан” зарба беради. Шифокорлар уни бежизга “сокин қотил” демайди. Аммо шуни унутмангки, қон босимини назорат қилишнинг энг оддий, энг табиий ва энг самарали усулларидан бири, бу — соғлом овқатланишдир. Тузни озайтиринг, юрагингиз енгиллашади Кўпчилик тузни кўп ишлатади: картошкаси, шўрваси, қовурғаси — барчаси сертуз. Аммо туз қон босимини оширувчи асосий омиллардан биридир. “Тузсиз овқатни овқат деб бўладими?”, — дейишади. Аммо шуни билиб қўйинг: ҳар бир ортиқча чимдим туз — юрагингизга урилган яна бир оғир зарбадир. Шундай экан, тузни зираворлар — зира, кашнич, қуритилган кўкатлар билан алмаштиринг. Уйда тайёрланган сабзавотли шўрвалар — юрак учун энг яхши овқат. Сабзавот — соғлиқнинг шоҳ тахти Бозорда ранг-баранг сабзавотлар жамулжам. Уларнинг ҳар бири юрак учун ҳақиқий доридир. Помидор юракни “қўриқласа”, исмалоқ босимни туширади, брокколи эса томирларни мустаҳкамлайди. Калийга бой маҳсулотлар (банан, апелсин, исмалоқ, картошка) танадаги натрий (туз)ни чиқаришга ёрдам беради ва қон босимини туширади. Шунингдек, сабзавот ва мевалар юрак фаолиятини яхшилаб, танани керакли витаминлар билан таъминлайди. Шу боис ҳар куни камида 4-5 хил сабзавот ёки мева истеъмол қилишга одатланинг. Ёғларни эҳтиёткорлик билан танланг Сариёғ, маргарин ва ҳайвон ёғлари юрак учун оғир юк. Ўрнига зайтун ёғи, кунгабоқар ёки бошқа ўсимлик ёғларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Қовурилган овқатлар ўрнига буғда пиширилган, қайнатилган ёки димланган таомларни танланг. Ичимлик танланг — саломатликни танланг Кофе, қора чой, газли ичимликлар — буларнинг барчаси қон босимини оширувчи воситалар. Айниқса, руҳий зўриқишда турган пайтда бир финжон кофе босимни “осмон”га олиб чиқиши мумкин. Маслаҳат: кун давомида оддий сув ичинг. Енгил ўтли чойлар (масалан, ялпиз, ромашка) танани тинчлантиради. Ўзингизни севиш, бу — овқат танлашдан бошланади Қон босими билан курашиш, бу — бир умр дори ичиш дегани эмас. Ҳар бир чой қошиқ туз, ҳар бир пиширилган таом танловимиздир. Соғлом овқат танлаган инсон юраги учун мустаҳкам қалъа қуради. Босимингиз — бу сизнинг ички овозингиз. Уни эшитинг, унга меҳр беринг. Чунки соғлик — энг катта бойлик! Алибек АБДУЛЛАЕВ,  кардиолог, терапевт.        

128

МОҲИЯТ

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Президент фармони имзоланди. Фармонга кўра, 2025 йилда маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш борасида: аҳоли учун барпо этилаётган пиёдалар ва алоҳида велосипед йўлаклари бўйида дарахтлар ва ўсимликларни экиш орқали “Сояли сайр кўчалари” тармоғи яратилади; ёмғир ва оқова сувлардан самарали фойдаланиш, маҳаллалардаги дарахтларни замонавий сув тежовчи технологиялар орқали суғориш тизими жорий этилади; “Яшил макон” ва “Менинг боғим” лойиҳалари доирасида 200 миллион туп дарахт экилади. Мамлакатимизда “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади. Бу жараёнда экологик тамойилларни ўзининг кундалик ҳаётига жорий этишда юқори кўрсаткичларга эришганларга “Экофаол фуқаро” мақоми берилиб, улар учун давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган банкларда истеъмол кредитини олишда чегирма тақдим этилади. Оиланинг барча вояга етган аъзолари “Экофаол фуқаро” мақомини олганда, уларга “яшил оила” мақоми берилади ҳамда бундай оилалар ўртасида ҳар йили очиқ танлов орқали 14 та электромобиль ўйналади. Аҳолисининг ярми “яшил оила” мақомини олган маҳаллаларда “Энг тоза маҳалла” ва “Энг яшил маҳалла” танловлари ташикл этилади. Ғолиб бўлган маҳаллалар жамғармасига ҳудуд аҳолисининг таклифларини ўрганган ҳолда, йўлларни таъмирлаш, энерготежамкор ёритиш ускуналарини ўрнатиш, болалар майдончасини қуриш, “яшил боғ” яратиш ва ўриндиқлар ўрнатиш, чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш, чиқинди қутилари ва контейнерларини ўрнатишга 500 миллион сўм ажратилади. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси туман ва шаҳарлар кесимида 2025 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида маҳаллаларда дарахт кўчатларини ҳамда хонадонлар ва ички кўчаларга гул ва қаламчаларни экиш дастурини ишлаб чиқади. Барча маҳаллаларнинг ички кўчалари ва аҳоли хонадонларида 32 миллион туп мевали ва манзарали дарахтлар, райҳон, гултожи, атиргул ва бошқа гуллар экилишини таъминлайди. “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш мақсадида 2025 йилнинг 10 февралдан 10 мартга қадар ҳар бир хонадон, кўча ва қабристонларда ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этади. Наврўз байрамига қадар маҳаллалар ўртасида “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” кўрик-танловлари ўтказилади.

168

Оғу ўз манзилига етмай тўхтатилди

Инсоният йигирманчи асрда жуда катта ютуқларга эришди. Оламшумул кашфиётлар қилинди. Кўплаб дардларга даво топилди. Бироқ одамзот йигирма биринчи асрга ўзи билан гиёҳвандлик деган балони олиб ўтдики, бугунги кунда бу муаммо барчани бирдек ташвишга соляпти. Бир сўз билан айтганда, офат ер юзини қамраб олди. Айниқса, ёш йигит-қизларни бу бало ўз домига тортаётгани ниҳоятда ташвишлидир. Гиёҳванд моддани истеъмол қилишни бошлаган ўспиринни, унинг оиласини, яқинларини катта ҳалокат кутиб тургани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бу балога ружу қўйган ёшлар тақдири қандай якун топишини барчамиз биламиз. Ота-она, қариндош-уруғларнинг адоқсиз кўз ёшларини кўрганмиз. Бу иллатга ружу қўйганлар пул топишнинг ҳар хил йўлларини излайди. Ҳатто, энг тубан ишга қўл уради. Чунки унинг хоҳишини қондириш учун маблағ зарур. Одатда гиёҳвандлар ҳеч қаерда ишламайди. Ўз-ўзидан тушунарлики, уларнинг молиявий манбаи фақат ота-онаси, қариндошлари ва уйидаги мулкидир. Пул тополмагач, ўғрилик, талончилик, ҳатто қотиллик йўлига кириб боради. Натижада ашаддий жиноятчига айланиб қолади. Пойтахтимизда яшовчи 30 ёшли Собир ва Жаҳонгир исмли йигитлар шу йилнинг 24 февралида Тошкент тумани ҳудудида гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда эгаллаш ва келгусида сотиш режасини тузишади. Улар ижтимоий тармоқ орқали номаълум шахс билан танишиб, унга гиёҳвандлик воситасини сотмоқчи эканини билдиришганида харидор 600 минг сўм пулни уларнинг пластик картасига ўтказиб беради. Ижтимоий тармоқ орқали юборилган манзилдан полиэтелен пакетга ўралган гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган харидор унинг бир қисмини танишига 200 минг сўмга сотади. Собир бошқариб бораётган автомашина Яккасарой тумани “Ракат” маҳалласида тезкор ходимлар томонидан тўхтатилиб, кўздан кечирилганда салон ичида пакетга ўралган ўткир ҳидли, тўқ жигар рангли модда борлиги аниқланган. Шу жойнинг ўзида у холислар иштирокида баённома асосида расмийлаштириб олинган. Тошкент шаҳар ИИББ ЭКМнинг хулосасига кўра, Собирга тегишли ўткир ҳидли модда “гашиш” эканлиги аниқланган. Олиб борилган тезкор тадбир давомида унинг шериги Жаҳонгир ҳам ушланди. Суд ҳукми билан Собир 5 йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Унинг шериги Жаҳонгирга эса иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Баҳодир ҚАЮМОВ, Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судининг судьяси.

70

“Ногиронлиги бўлганлар учун қулай бинолар қураман”

Бухоролик Шахризод Шокировда болаликдан ногиронлик мавжуд. Шунга қарамай, жуда интилувчан ва қизиқувчан бола. Айниқса, расм чизишга бўлган иқтидори жуда баланд. Ҳаттоки, узоқ масофага бўлса-да яқинлари ёрдамида рассомчилик тўгарагига қатнашиб келяпти. Маҳаллалардаги оилаларни ўрганиш давомида қаҳрамонимизнинг хонадонига борган ижтимоий ходим Шахризоднинг аравачага муҳтожлиги эътибордан четда қолмади. "Кейс-менежмент" асосида унга психологик хизмат кўрсатиш билан бир қаторда, янги ваучер тизими орқали электрон юритмали аравача олиб берилди. — Уч йилдан буён, гоҳ дадам, гоҳида уларнинг шогирдлари ёрдамида тўгарак машғулотларига қатнашиб келаётган эдим, — дейди Шахризод Шокиров. — Лекин яқинда "Инсон" маркази олиб берилган электрон юритмали аравача машғулотларга мустақил равишда бориб-келишимга, ўртоқларим билан сайр қилишга анча асқатяпти. Қалам ва қоғози менинг доимий ҳамроҳим. Келажакда архитекторлик касбини эгаллаб, ўзим каби ногиронлиги бўлганлар учун қулай ва замонавий бинолар қуришни ният қилганман.

146

Аслида йўқ уйга шунча талабгор   

Бугунги ёшлар китоб ўқишнинг ўрнига, қўйиб берсанг эрталабдан-кечгача қўлидаги уяли телефонни титиб ўтиради. Ундаги маълумотлардан ўзига керагини олиб, яхшилик, эзгулик йўлида фойдаланса-ку майлига-я, аммо ғаразли мақсадларда фойдаланса, бу унинг маънавий залолатга ботаётганидан дарак беради. Жавоҳир Отабеков 2005 йилда туғилган. Катта ҳаёт бўсағасида турибди. Олдига эзгу мақсадлар қўйиш, келажакка гўзал ва пухта режа тузиш ўрнига у алдаш, бировнинг ишончини қозониб, уни суиистеъмол қилиш йўли билан мол-мулкини эгаллашни ният қилди. Бу йўлда ахборот тизимидан, жумладан, ахборот технологиялари ресурсларидан фойдаланишни кўзлади. Олдиндан тузган режасига кўра, ўзига тегишли “Redmi Not-8” русумли мобил қурилмаси орқали ижтимоий тармоқларда ижарага хонадон бериши ҳақидаги эълонни жойлаштирди ва “ҳосилини” кута бошлади. 2023 йил 4 январь куни Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган Умиджон қўнғироқ қилиб, ижара шартлари билан қизиқди. Жавоҳир айни дамда Чорвоқда дам олаётгани, бу уйга харидор кўплиги, ижара ҳақи ойига 300 АҚШ доллари эканини, ўзи йўқ уйнинг зўр шароитлари ҳақида оғиз кўпиртириб мақтай кетди. Бугун пул ўтказса, эртаси эрталаб фалон жойда уй калитини топширишини тайинлади. Умиджон бу гапларга ишониб, Жавоҳирнинг пластик картасига 500 000 сўм ўтказиб берди. Эртаси хўроз қичқирмай бор бисотини тугунга тугиб, Жавоҳирни – ўзини “Шерзод” деб таништирган уй эгасини келишилган жойда кута бошлади. Умиджон “Шерзод”ни кута турсин, тўрга илинган кейинги “ўлжалар” билан танишинг. 1996 йилда туғилган марғилонлик Алишер билан ҳам худди шундай суҳбат бўлиб ўтди ва у 555 000 сўм пулни “Қодиржон”нинг пластик картасига ўтказиб берди. Яккабоғ туманилик 2000 йилда туғилган Акромбек ҳам унинг тузоғига осон илинди ва 550 000 сўм пулини ўтказиб берди. Китоб туманилик 1996 йилда туғилган Дилшоджон 2023 йилнинг 7 январида 500 000 сўм, хоразмлик 1993 йилда туғилган Муҳайё Ибрагимова 8 январда  200 000 сўм, Самарқанд вилояти Нуробод туманилик Мадина 9 январда 560 000 сўм, шу куни шаҳрисабзлик 1996 йилда туғилган Хуршид 300 000 сўм пулни унинг пластик картасига ўтказганлардан. – Ўзини турли исмлар билан таништириб келган Жавоҳир пулни олгач, қурбонларини “қора” рўйхат”га  киритиб қўяверган, – дейди пойтахт ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бошқармаси Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Феруз Исмоилов. – Ёшларимиз ахборот технологиялари ресурсларидан билимини, дунёқараши, маданиятини ошириш йўлида унумли фойдаланишса нур устига аъло нур бўларди, албатта. Бироқ айримларнинг технология ресурсларидан ғаразли мақсадларда фойдаланишлари, ўзгаларнинг пешона тери эвазига келган пулларини ўзлаштиришга уриниши, жамиятимизга ёт, жиноятга етакловчи контентларга берилувчанлиги уларнинг маънавий, ҳуқуқий иммунитети сустлигидан дарак беради. Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди Жавоҳирнинг қилмишидан пушаймонлиги, боқувчисини йўқотганлар рўйхатида туриши, касб-ҳунар коллежининг 2-босқичида ўқиётгани, келтирилган зарарни тўлиқ қоплаганини ҳисобга олиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “г” бандларида (“Фирибгарлик”) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топиб, жазо тайинлади. Нилуфар ИСОХОНОВА,

88

Оила қадрини, аввало, қизингизга уқтиринг!

  Ана ўшанда ота-она қирқ-элликка чиққанда, қудаси қизини остонасига етаклаб келмайди... 1997 йилдан буён маҳалла тизимида ишлайман. Авваллари маҳаллага маълумотнома берувчи, тўй-ҳашамнинг бошида турувчи, маслаҳатчи тузилма сифатида қаралган бўлса, шукрки, сўнгги йилларда унинг мақоми ошди. Бугун маҳалла номи улуғ, аммо имконияти чекланган тизим эмас, аксинча аҳолига энг яқин, муаммоларни тинглабгина қолмай, унинг ечимини ҳам таъминлай оладиган, том маънода, ўзини ўзи бошқариш органига айланди. Очиғи, узоқ йиллик фаолият давомида тўпланган тажрибалар мени ҳақиқий маҳалла ходимига айлантирди, десам адашмайман. Бугун ўзимни маҳалладан айро тасаввур этолмайман. 4 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган йиғинда хотиржамлик бор. Сабаби, оилавий ажралишлар, жиноятчилик деган иллатлар бизга мутлақо ёт. Хўш, бунга қандай эришдик? Бугун оилавий ажралишлар, қайнона-келин муносабатлари ҳақида кўп гапиряпмиз. Лекин масаланинг яна бир нозик жиҳати борки, ундан сира кўз юмиб бўлмайди. Аслида, турмушга узатиладиган қиз зиммасига юклатилаётган масъулиятни ҳақиқатан ҳис қиляптими? У борган хонадонида катталарнинг ҳурматини, кичикларнинг иззатини жойига қўя оляптими? Айни жиҳатларни ҳисобга олиб, тўйдан олдин қизлар билан гаплашишга ҳаракат қиламан. “Борган жойингда ўн йилда ўрин топасан. Бунинг учун уйдаги гапни кўчага, ота-онангникига олиб чиқма. Сенинг бахтинг шу йигит билан. Унинг ота-онасини ўзингники бил. Доим ҳурматини қилиб, хизматида бўл”, дея ҳаётий мушоҳадаларимни билдираман. Назаримда, келин-куёвлар билан тўйдан олдин шундай суҳбатлар ташкил қилинса, маҳалланинг ёши улуғлари ўз тажрибаларини гапириб берса, ёшларга катта дарс бўларди. Худди шундай, оилаларнинг кўп ўтмай жар ёқасига келиб қолмаслиги учун қизлар тарбиясига кўпроқ аҳамият беришимиз зарур. Балки мактабларга оила фани киритилиши керакдир. Аслида, қизларга оила, унинг қадр-қиммати туғилганданоқ уқтириб борилиши лозим. Шунда ота-она қирқ-элликка чиққанда, қудаси қизини остонасига етаклаб келмайди... Маҳаллада одамлар бир қарич ерни ҳам қадрлайди. Йиғиннинг кам даромад билан хорижда иш қидириб, сарсон бўлаётан фуқароси йўқ, ҳудуддаги деярли ҳар бир хонадонда бекорчиликка барҳам берилган. Ҳамма ҳунар билан банд. Маҳалланинг “драйвери” — дурадгорликни “устоз-шогирд” тизими асосида ривожлантириб, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш учун уларга субсидиялар, имтиёзли кредитлар олиб беряпмиз. Натижада бундан икки йил аввал маҳаллада атиги 180 нафарга яқин ҳунарманд фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 300 нафарга яқинлашди. Ҳар бир ҳунарманд энг камида маҳалланинг беш нафар фуқаросини банд қилган. Улар ҳам ҳунар ўрганади, ҳам меҳнати ортидан даромад топади. Бир сўз билан айтганда, маҳаллага ислоҳотлар нафаси дадил кириб келяпти. Йиғиннинг ҳар бир кўча ва хонадонида бунга гувоҳ бўлиш мумкин. Юқорида айтганимдек, маҳаллада ишсиз фуқаро, камбағал хонадонлар йўқ. Деҳқонободликларнинг ҳар куни қиладиган иши, кимдандир кам бўлмаган даромади бор. Шу билан бирга, ҳаловати ҳам... Мустақилик байрами арафасида Президент фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Очиғи, бундай юксак эътирофни кутмагандим. Ўз навбатида бу мукофот зиммамга катта масъулият юклайди. Бундан кейин ҳам тинимсиз меҳнат қилиб, раҳбар бўлиб эмас, маҳалла фарзанди сифатида одамларни ўз ортимдан эргаштиришга, “маҳалла еттилиги”ни бир мақсад атрофида бирлаштиришга интиламан. Зеро, бундай натижага якка ўзим эриша олмасдим, маҳалла аҳлининг ташаббусларимизни қўллаб-қувватлагани, “еттилик” вакилларининг ҳамжиҳатлиги бунга замин яратди. Маъмурахон МИРЗАЕВА, Ўзбекистон туманидаги “Деҳқонобод” маҳалласи раиси.

305