Президент Халқ қабулхонасининг “Мурожаатдан – даромадга” лойиҳаси Бухоро вилояти Шофиркон туманида катта фестивалга айланди. Эрта тонгдан туман марказида ўтказилган соғлом ҳаёт учун “5000 қадам” юриш марафони Ёшлар боғидаги турли кўргазмалар-у китобхонлик анжуманига, ёш рассомлар учун маҳорат дарслари-ю ҳарбий-ватанпарварлик дастурларига, спорт мусобақалари-ю аҳоли даромадини ошириш йўлидаги эзгу амалларга уланиб кетди. Буларнинг барчаси ўзаро уйғунликда вилоятни камбағаллик, ишсизлик ва жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасидаги “Бухоро тажрибаси”ни яратишга хизмат қилади. Бу жараёнда Президент маслаҳатчиси ўринбосари – Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан моддий ёрдам масаласида мурожаат қилган шофирконлик 115 нафар хотин-қизга сектор раҳбарлари билан бирга субсидия ҳисобидан ўн турга яқин иш анжомлари топширилди. Тикув машиналари, сут, гўшт ва сабзавотларни қайта ишлаш ускуналари олиб берилган ҳар бир мурожаатчи ўз ҳудудида шу йўналишдаги лидер тадбиркорларга бириктирилди. Бу эса аҳоли даромадини ошириш, бу борадаги мурожаатларга самарали ечим топишнинг яна бир халқчил механизмидир. Масалан, “Қалмақон” маҳалласида яшовчи тадбиркор Ойниса Шарипова ҳам бугун Моҳира Икромова каби субсидияга ускуна олиб иш бошлаган тўрт нафар маҳалладоши билан кооперация ташкил қилди. Тўрт аёл ўз уйида ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарса, тадбиркор уларни сотиб олиб, истеъмолчиларга етказиб беради. Бундан эса барча бирдек манфаатдор. Ёки Денов маҳалласида яшовчи Нодира Каримова ҳам бугун маҳалласидаги тадбиркор билан бирикиб, субсидияга олинган сепараторда сутни қайта ишлаб, қаймоқ, сариёғ олишни бошлади. Бу билан оила бюджети учун яна бир даромад манбаи яратилди. Туман марказидаги Ёшлар боғи анчагача гавжум бўлди. Меҳнат ярмаркалари, касб-ҳунар ўрганиш, олий таълим, соғлом овқатланиш каби йўналишлардаги кўргазмаларда аҳолининг барча қатлами, айниқса, ишсиз хотин-қизлар меҳнат қилиб, жамиятнинг фаол аъзосига айланиши учун кенг миқёсда маълумотлар, маслаҳат ва кўмак олиш имконига эга бўлди. Бухоро шаҳридан келган тажрибали шифокорлар 470 нафардан зиёд аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди. “Бухоро тажрибаси” – садоқат намунаси” тамойили асосидаги бундай тадбирлар вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этиляпти.
“Ёшлар баланси”ни шакллантириш, улар тўғрисидаги зарур маълумотни “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар портали” электрон платформасига киритиб бориш натижасида кўплаб ёшлар ҳаётда ўз ўрнини топмоқда. Маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилган дастлабки йил билан солиштирганда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш борасидаги ижобий ўзгаришлар яққол намоён бўлмоқда. Кредит ёки субсидия олишда ортиқча оворагарчиликка барҳам берилди. 2024 йилнинг шу давригача 16 нафар ишсиз рўйхатга олинган бўлса, уларнинг 12 нафарига имтиёзли кредит ажратилиб, ўзини ўзи банд қилди. 3 нафари доимий ишга жойланди. Норасмий банд бўлганларнинг 5 нафари ўқув курсларига йўналтирилди. Бундай ўзгаришларни ўз тақдирида ҳис қилаётган ёшлардан бири Баҳромжон Меҳмоналиев. Бу йигит имтиёзли кредит олишда ёрдам сўраб, мурожаат қилганди. Мурожаатини шу куннинг ўзида кўриб чиқдик. Дастлаб ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида солиқ органларидан рўйхатдан ўтди. Кейинги босқичда унга ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан 3 иш кунида 5 миллион сўм кредит ажратилди. Яна бир маҳалладошимиз Ўғилой Умарова ишсиз сифатида “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турарди. Тикувчиликка қизиқишини ҳисобга олиб, унга субсидия асосида оверлок тикув машинаси берилди. Ҳозирда шу касб ортидан оиласига даромад олиб кирмоқда. Тиккан либослари маҳаллада тобора харидоргир бўлиб бормоқда. Бундан ташқари, ёшларга хорижий тилларни бепул ўргатиш мақсадида “Ибрат фарзандлари” лойиҳасидан унумли фойдаланяпмиз. Шу кунгача 927 нафар ёшнинг 532 нафари лойиҳа доирасида рўйхатдан ўтган. 67 нафари сертификат эгаси бўлди. Шу қаторда ўзим ҳам рус тилидан сертификат олиб, энди корейс тили курсида қатнашяпман. Ютуқлардан илҳомланиб, ривожланишдан тўхтаб қолмаслик керак, деб ҳисоблайман. Шу боис соҳа ривожига хизмат қилувчи таклифлар билдирмоқчиман. Аввало, миграцияга чиқаётганлар “маҳалла еттилиги”ни хабардор қилиши керак. Аксарият ҳолда улар кетганини кеч биляпмиз. Яна бир таклифим — ҳар бирида 100 тадан хонадони бўлган 7 кўчамиз учун “workout” майдончаси қурилса, яхши бўларди. Сўнгги таклифим — миграциядаги ёшларни ватанга қайтариш билан боғлиқ. Жорий йил 18 нафар хорижда меҳнат қилаётган маҳалла ёшларининг 6 нафари ватанга қайтарилди. Уларга имтиёзли кредит ва субсидия берилди. Шу орқали уларнинг тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланди. Аммо кўплар таклиф қилинган доимий ишга қайтишни истамаяпти. Асосий сабаб — ойлик маош кам. Масалан, ҳудуддаги мебель цехи, қоп ишлаб чиқариш заводидаги бўш иш ўринларига қабул қилинган ходимга 1,5 миллион сўм ойлик таклиф этиляпти. Меҳнатига яраша ойлик маош таклиф этилса, шу ерда ишловчилар сони ортарди. Азамат ҲАЗРАТҚУЛОВ, Гулистон туманидаги “Мевазор” маҳалласи ёшлар етакчиси.
Ижодимнинг бош мезони — инсон қадрини улуғлаш Болалигим Урганч шаҳрининг “Машъал” маҳалласида ўтган. У кунларни соғинч ва энтикиш билан эслайман. Жуда бахтли ва дилхуш дамлар эди. Маҳалламизда ташкил этиладиган тадбир ва байрам кечаларининг барчасига раис алоҳида эҳтиром билан чақирарди. Саҳнага таклиф қилаётганда, худди халқ артистини эълон қилаётгандек мақтовларга буркарди. Бу бир ҳаваскор қўшиқчи учун жуда юқори баҳо эди. Санъатга энди тетапоя қилиб кириб келаётган 11-12 ёшлардаги болага билдирилган ишонч, қўллаб-қувватлаш ва эътироф унга қўш қанот бўлди. Ҳар бир инсоннинг шахс сифатида шаклланиши, камол топиши ва ижтимоийлашувида маҳалланинг тутган ўрни беқиёс. Қайси касб эгаси бўлмайлик, кичик бир қўрғонда яқинларимиз, қўни-қўшниларимиз қуршовида меҳр ва муҳаббат оғушида катта ҳаётга қадам қўямиз. Турли ташвишли ва қувончли дамларда ёнимизда елкадош бўлиб турадиган маҳалла аҳли, аслида. Келин қилиб, қиз чиқармоқчи бўлганнинг баҳосини ҳам маҳалла беради. Яхшимизни оширади, ёмонимизни яширади. Менинг маҳалла тизимида фаолият бошлашим замирида мана шундай миннатдорлик ҳислари устуворлик қилади. Бу масъулиятли вазифани адо этишим кераклиги, Ватаним ва халқим олдидаги қарздорлик ҳисси сабаб шу ердаман. Тўғри, авваллари давлат ташкилотларида бундай масъул лавозимларда фаолият юритмаганман. Лекин доим қалбдан ўзимни бугунги давлат сиёсатининг муҳим иштирокчиси деб билганман. Мен ижодий фаолиятим давомида хоҳ у кинода бўлсин, хоҳ қўшиқчиликда олий мақсадим — ватанпарварлик, ота-онани қадрлаш, инсон қадрини улуғлаш ва эл розилигига эришиш учун астойдил ҳаракат қилганман. Фаолиятимда янги давр бошланди Йўналишимиздан келиб чиқиб, маҳалла тизимида асосий эътиборни маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этишга, ёш ижодкорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳамда унутилиб бораётган қадриятларимизни қайта тиклашга қаратяпмиз. Энг муҳими, доим одамлар орасидамиз, уларнинг бугунги кайфияти, дарду ташвишини ўрганяпмиз. Озми-кўпми, қилган меҳнатимиз сабаб элнинг дуосини оляпмиз. Кўпчилик энди ижод қилмайсизми, деган саволлар билан мурожаат қиляпти. Йўқ, аксинча фаолиятимда янги давр бошланди. Маҳаллалар саҳнасида қўшиқ куйлаяпман, халқнинг қўллаб-қувватлаши, олқишлари янада куч ва илҳом бағишлаяпти. Эрталаб ишга ошиқиб, ўзгача иштиёқ билан келаман. Шунчалик берилиб кетганимдан вақтнинг қандай ўтганини сезмай қоламан. Баъзан охирига етмаган юмушларни уйда давом эттираман. Бу менга завқ бағишлайди. Ҳар бир топшириқни, ҳар бир вазифани иштиёқ билан адо этаман. Сценарийлар ёзаман, тадбир режаларини тузиб чиқаман. Мақсадимиз — халқимиз яхши ҳордиқ чиқарсин, шунда меҳнатида унум ва барака бўлади. Ҳар бир ҳудудга 100 миллион сўм Хабарингиз бор, республикамиз бўйлаб маҳаллаларда “Май — маънавий-маърифий тадбирлар ойлиги” деб эълон қилинган. Унинг доирасида юртимизнинг энг чекка, ҳатто туман марказидан бир неча километр узоқ масофаларда жойлашган ҳудудларга боряпмиз. Ишонасизми, йиллар давомида бирор санъаткор бориб улар билан учрашмаган, саҳнасида қўшиқ куйламаган. Бизни кўргандаги кўзларида пайдо бўлган қувончни тасвирлашга сўз ожиз. Ташрифдан кўзланган мақсад — фақат қўшиқ куйлаб, шеър ўқиб, одамлар вақтини чоғ ўтказишдан иборат эмас. Биринчи навбатда, ўша ердаги халқнинг кайфиятини ўрганамиз. “Маҳалла еттилиги” билан учрашиб, аҳоли кўпроқ қайси масаладаги муаммолар билан мурожаат қилаётганини аниқлаймиз. Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар хонадонига бориб, совға-саломлар улашамиз. Бунинг учун Ўзбекистон маҳаллар уюшмаси ҳар бир вилоят учун 100 миллион сўмдан маблағ ажратган. Барчаси одамларнинг шароитини яхшилаш, оғирини енгил қилиш учун сарфланяпти. Шу билан бирга, давра суҳбатларида бугунги ислоҳотлар, яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берамиз. Маҳалла аввалгидек фақат маълумотнома ёзиб берадиган эмас, аксинча ҳар бир фуқаронинг мурожаатига ижобий ечим топадиган идора мақомига кўтарилганини тушунтиришдан сира чарчамаймиз. Одамларнинг сарсон бўлиб, турли ташкилот эшикларида навбат кутиб ўтирадиган…
Инсон ҳаёти меҳнат билан мазмунли. Айни шу омил боис одамзот тўкис ҳаётга, бахт-саодатга, комилликка интилади. Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида Президент Халқ қабулхоналарининг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш фаолияти ҳам айни шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида Фарғона вилоятида қисқа вақтда янги иш ўринлари яратилди. Хусусан, Президент маслаҳатчиси ўринбосари - Халқ қабулхонаси раҳбари У.Муҳаммадиев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи Тошлоқ, Фарғона туманлари, Қўқон ва Фарғона шаҳарларидаги 200 дан зиёд мурожаатчига тикув машиналари, пишириқ пишириш печлари, мотокультиваторлар ва бошқа иш анжомлари олиб берилди. Мазкур янги механизм билан, аввало, моддий ёрдам сўраб кўп мурожаат қилаётган бу инсонларнинг даромад топиб, рўзғорини бутлаши учун имконият, шароит, тизим яратиб бериляпти. Мисол учун, Тошлоқнинг Қумариқ маҳалласидан ҳам тўрт аёл бугун тикув машинкалари олиб, маҳалладоши Маҳбуба Назарова билан кооперация ташкил қилиб, иш бошлади. Беш йиллик тажрибага эга тадбиркор Маҳбубахоннинг айтишича, ишлаган чевар шу чекка қишлоқда туриб ойига 3-4 миллион сўм бемалол даромад қила олади. Қўқон шаҳрида эса Президент Халқ қабулхонасига моддий ёрдам масаласида келиб тушган мурожаатлар таҳлилидан сўнг 110 дан зиёд хотин-қизлар уй шароитида ишлаб даромад топиш имконига эга бўлди. “Саодат” маҳалласида яшовчи Гулчеҳрахон ҳам ўз тикув машинкаси билан қўшни “Афғонбоғ” маҳалласидаги тадбиркор аёлнинг оилавий “Виқор қалби” тикувчилик корхонасига кооперация асосида иш бошлади. Президент Халқ қабулхонасининг дастлабки босқичида оғир шароитдаги мурожаатчиларни кооперация асосида ишлаб даромад топишига имконият яратилса, кейинчалик улар орасидан тадбиркорликка қобилияти борларига ўз оилавий корхонасини ташкил қилишига, фаолиятини кенгайтиришига ҳам ёрдам берилади. Халқ билан мулоқотнинг янги тизими шу механизм асосида босқичма-босқич кенгайтириб борилади.
22 МАРТ — МАҲАЛЛА ТИЗИМИ ХОДИМЛАРИ КУНИ! Маҳалла тизими бугун ислоҳотларнинг ҳал қилувчи бўғинига айланди. Ҳар қандай масала йиғиннинг ўзида ҳал этиляпти, ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш маҳалла даражасигача кириб борди. Тизимнинг жамиятдаги мавқеини янада ошириш, аҳоли муаммолари билан ишлашдаги иштирокини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил этилди. Хўш, айни соҳадаги янгиланишлар маҳалла, аниқроғи, одамлар ҳаёти учун қандай аҳамиятга эга? “Маҳалла еттилиги” жамият ҳаётини қай даражада ўзгартиряпти? Одамлар маҳалла таъсирини, кўмагини қанчалик ҳис этяпти? Шу каби саволлар билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВни суҳбатга чорладик. — Ҳурматли Қаҳрамон Қўчқорович! Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг давлат идораси, яъни вазирлик таркибидан алоҳида уюшма шаклида ажралиб чиқишига қандай зарурат бор эди? Қолаверса, маҳалланинг давлат бошқарувининг энг қуйи бўғини, мустақил ва халқчил тузилмага айланишида мазкур уюшманинг асосий вазифалари нималардан иборат? — Маҳалла — халқ ва давлат ўртасидаги кўприк. Бу тузилма шунчаки жамият бошқарувининг қуйи тизими бўлибгина қолмай, эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани ҳамдир. Инсоннинг энг нозик жиҳати — эътиқоди, имони маҳалласидаги маънавий муҳитдан озуқа олиб шаклланади. Шу боис кейинги йилларда маҳалланинг нуфузи оширилди, мазкур институтнинг мақоми Конституция даражасида мустаҳкамланди. Маҳалла тизими ислоҳотларнинг марказий ва ҳал қилувчи бўғинига айланди. Айниқса, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “оилабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили амалиётга татбиқ этилди. Кўриниб турибдики, давлат барча ислоҳотларни айнан маҳалла орқали аҳолига етказишни мақсад қилган. Бу ўринда унинг мустақил ўзини ўзи бошқариш органи экани, маҳалла раисини бевосита халқнинг ўзи сайлаши, қолаверса, маҳалла одамларга энг яқин тузилма экани инобатга олиняпти. Бироқ сўнгги йилларда соҳада алоҳида махсус орган бўлмагани маҳаллаларни ривожлантиришга бўлган эътиборни сусайтираётган, маҳаллалар фаолияти устидан назорат ва мониторинг давлат органи зиммасига юклатилгани уларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мақомига зид бўлиб қолаётган эди. Ушбу масаланинг ечими сифатида Президентнинг “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан нодавлат нотижорат ташкилот сифатида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда унинг вилоят ва туманлардаги бўлинмалари ташкил этилди. Янги нодавлат нотижорат тузилмаси фуқаролар йиғинлари фаолиятини қўллаб-қувватлайди, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратади. Шунингдек, уларга қонунчиликда белгиланган ваколатларини амалга оширишда кўмаклашади, “маҳаллабай” ишлашга масъул бўлган шахслар фаолиятини самарали ташкил этади ва уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди. “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жамиятда тўлақонли ва самарали жорий этилишига кўмаклашади. Ушбу мақсадларга эришиш учун, энг аввало, уюшма олдида маҳаллани халқ билан давлат ўртасидаги “кўприк” вазифасини амалга оширувчи халқчил тузилмага айланишини таъминлашдек ғоят муҳим вазифа турибди. Бу ўз-ўзидан содир бўладиган жараён эмас. Қаранг, юқорида маҳаллани давлат бошқарувининг энг қуйи, ислоҳотларнинг марказий ва ҳал қилувчи бўғини деб атадик. Бу ерда маҳаллани фақат ижрочи бўғин сифатида тушунмаслик керак. Қачонки, маҳалла фаол бўлса, ўзининг бугуни ва эртаси учун ёниб яшаса, аҳолининг дарду ташвишларига шерик, фаровон ҳаёти учун дахлдор деб ҳис қилса, кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Энг муҳим вазифалардан яна бири — маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, унинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, маҳалла бошқарувида аҳолининг фаол иштирокини таъминлашдир. Бу борда ҳозиргача қабул қилинган қонунчилик меъёрлари мавжуд ва янада…
Инсон қачон бахтли бўлади? Қачонки атрофдаги кишиларнинг меҳри ва эътиборини ҳис қилса, меҳнати муносиб қадрланса, ҳаётдан рози бўлиб яшайди. Мен бунга ўз ҳаётимда гувоҳ бўляпман. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти билан тақдирландим. Айтиш мумкинки, бундай мукофот, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини ўз маҳалласида намунали ташкил этаётган ёшлар етакчиларининг меҳнати ҳақиқатдан қадр топаётганининг исботидир. Бу ютуқ барча етакчиларга билдирилган эътибор, деб ҳисоблайман. Фаолият олиб бораётган маҳалламизда 629 нафар ёшлар рўйхатга олинган. Барчаси билан индивидуал ишлаб, муаммосига ечим топишда кўмаклашяпман. Мисол учун 25 нафар ишсиз ёш доимий ишга жойланди, 12 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 7 нафари тадбиркорликка жалб этилиб, имтиёзли кредит ажратилди. Хатловда аниқланган 38 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг 11 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилиб, моддий ёрдам кўрсатилди. 12 нафарига олий таълим муассасасида ўқиши учун шартнома пули тўланди. 4 нафарига иш қуроллари учун субсидия ажратилди. 5 нафарининг даволаниш ҳаражати қоплаб берилиб, яна шунчасига узоқ муддатга фойдаланиш учун ижара асосида ер тақсимланди. Ёш оилалар тинчлигини сақлаш, ажримларнинг олдини олишда кенг жамоатчилик, кекса отахону онахоналар хизматидан фойдаланяпман. Бу ўз самарасини бермоқда. 2023 йилда 2 та ажрим ёқасидаги ёш оилаларни маҳалладаги жамоатчилик, хотин-қизлар фаолларини жалб қилган ҳолда яраштирдим. 2 нафар тарбияси оғир ёшларни соғлом ҳаёга қайтардик. Ҳомийлар иштирокида 12 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларини ўқувчилар формаси билан таъминладик. Қовонарлиси, маҳаллада ёшлар ўрасида жиноятчилик қайд этилмаган. Аввалги йилда 28 нафар қизил тоифадаги ёшлар бор эди. Саъй-ҳаракатимиз натижасида барчаси яшил ва сариқ тоифага ўказилди. Ёшларни хорижий тилларга қизиқишини оширишда шахсий намуна бўляпман. Ёшлар ишлари агентлигининг “Ibrat Academy” иловаси орқали турк тили курсини муваффақиятли тамомлаб, сертификат олдим. Ҳозирда шу платформа орқали тил ўрганаётган ёшлар сафи ортиб кетди. 2023 йилда Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси ташкил қилган “Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси” танловининг “Алоҳида эътиборга муҳтож бўлган ёшлар билан самарали ишлаган энг намунали маҳалла етакчиси” номинацияси ғолиби бўлдим. Хусниёбону ЖОНИБЕКОВА, Хўжаобод туманидаги “Гара гури” маҳалласи ёшлар етакчиси.
Sign in to your account