22 МАРТ — МАҲАЛЛА ТИЗИМИ ХОДИМЛАРИ КУНИ!
Маҳалла тизими бугун ислоҳотларнинг ҳал қилувчи бўғинига айланди. Ҳар қандай масала йиғиннинг ўзида ҳал этиляпти, ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиш маҳалла даражасигача кириб борди. Тизимнинг жамиятдаги мавқеини янада ошириш, аҳоли муаммолари билан ишлашдаги иштирокини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил этилди. Хўш, айни соҳадаги янгиланишлар маҳалла, аниқроғи, одамлар ҳаёти учун қандай аҳамиятга эга? “Маҳалла еттилиги” жамият ҳаётини қай даражада ўзгартиряпти? Одамлар маҳалла таъсирини, кўмагини қанчалик ҳис этяпти? Шу каби саволлар билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВни суҳбатга чорладик.
— Ҳурматли Қаҳрамон Қўчқорович! Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг давлат идораси, яъни вазирлик таркибидан алоҳида уюшма шаклида ажралиб чиқишига қандай зарурат бор эди? Қолаверса, маҳалланинг давлат бошқарувининг энг қуйи бўғини, мустақил ва халқчил тузилмага айланишида мазкур уюшманинг асосий вазифалари нималардан иборат?
— Маҳалла — халқ ва давлат ўртасидаги кўприк. Бу тузилма шунчаки жамият бошқарувининг қуйи тизими бўлибгина қолмай, эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани ҳамдир. Инсоннинг энг нозик жиҳати — эътиқоди, имони маҳалласидаги маънавий муҳитдан озуқа олиб шаклланади.
Шу боис кейинги йилларда маҳалланинг нуфузи оширилди, мазкур институтнинг мақоми Конституция даражасида мустаҳкамланди. Маҳалла тизими ислоҳотларнинг марказий ва ҳал қилувчи бўғинига айланди. Айниқса, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “оилабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили амалиётга татбиқ этилди.
Кўриниб турибдики, давлат барча ислоҳотларни айнан маҳалла орқали аҳолига етказишни мақсад қилган. Бу ўринда унинг мустақил ўзини ўзи бошқариш органи экани, маҳалла раисини бевосита халқнинг ўзи сайлаши, қолаверса, маҳалла одамларга энг яқин тузилма экани инобатга олиняпти.
Бироқ сўнгги йилларда соҳада алоҳида махсус орган бўлмагани маҳаллаларни ривожлантиришга бўлган эътиборни сусайтираётган, маҳаллалар фаолияти устидан назорат ва мониторинг давлат органи зиммасига юклатилгани уларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мақомига зид бўлиб қолаётган эди.
Ушбу масаланинг ечими сифатида Президентнинг “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан нодавлат нотижорат ташкилот сифатида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда унинг вилоят ва туманлардаги бўлинмалари ташкил этилди.
Янги нодавлат нотижорат тузилмаси фуқаролар йиғинлари фаолиятини қўллаб-қувватлайди, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратади. Шунингдек, уларга қонунчиликда белгиланган ваколатларини амалга оширишда кўмаклашади, “маҳаллабай” ишлашга масъул бўлган шахслар фаолиятини самарали ташкил этади ва уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди. “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жамиятда тўлақонли ва самарали жорий этилишига кўмаклашади.
Ушбу мақсадларга эришиш учун, энг аввало, уюшма олдида маҳаллани халқ билан давлат ўртасидаги “кўприк” вазифасини амалга оширувчи халқчил тузилмага айланишини таъминлашдек ғоят муҳим вазифа турибди. Бу ўз-ўзидан содир бўладиган жараён эмас. Қаранг, юқорида маҳаллани давлат бошқарувининг энг қуйи, ислоҳотларнинг марказий ва ҳал қилувчи бўғини деб атадик. Бу ерда маҳаллани фақат ижрочи бўғин сифатида тушунмаслик керак. Қачонки, маҳалла фаол бўлса, ўзининг бугуни ва эртаси учун ёниб яшаса, аҳолининг дарду ташвишларига шерик, фаровон ҳаёти учун дахлдор деб ҳис қилса, кўзланган мақсадга эришиш мумкин.
Энг муҳим вазифалардан яна бири — маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, унинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, маҳалла бошқарувида аҳолининг фаол иштирокини таъминлашдир. Бу борда ҳозиргача қабул қилинган қонунчилик меъёрлари мавжуд ва янада такомиллаштирилади. Бироқ маҳалланинг ҳар бир масъули, фуқароси атрофдаги жараёнларга уйғоқ ва теран кўз билан қарамас экан, бу вазифани уддалаб бўлмайди. Ижро ҳокимиятининг юқори ва қуйи идоралари фаолияти билан боғлиқ бўлган бу жараённи назорат қилиш катта тажриба, амалиёт ва билимни талаб қилади.
Маҳалланинг ҳар бир фуқароси ўзи ва оиласининг келажагини ўйлаб иш тутиши, даромадини ошириши, боқимандаликка ўрганмасдан жамият олдидаги масъулиятини сеза билиши керак. Бунинг учун “маҳалла еттилиги” маҳалланинг барча ички ресурсларини аниқлаши ва уларни ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этишда кўмаклашиши, маҳалланинг молиявий имкониятларини ошириш, камбағал фуқароларга ажратилаётган бюджет ва бошқа маблағларнинг мақсадли ва манзилли йўналтирилишини таъминлаши зарур.
— Жамиятимизга «маҳалла еттилиги» деган иборанинг кириб келганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Шундай бўлса-да, маҳаллаларда бу тизим фаолияти ташкил этилди, ходимларнинг вазифалари аниқ белгилаб қўйилди. Эътиборли жиҳати, маҳалла раисининг ваколатлари оширилиши билан бирга, аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш мазкур “еттилик”нинг ўзаро коллегиал қарори асосида ҳал этилиши белгиланди. Бу жараёнда шаффофлик қандай таъминланади? Умуман, “маҳалла еттилиги”нинг жорий этилиши жамият ҳаётида қандай ўзгаришлар ясайди?
— Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бугунги кунда ҳамма иш маҳаллада, халқимиз билан биргаликда ташкил қилинмоқда. Бу тизим босқичма-босқич ривожлантирилмоқда, унга қўшимча куч, имкониятлар бериляпти. Бу, албатта, ҳам ваколат, ҳам масъулият дегани. Бу ишларнинг барчасини битта раиснинг ўзи уддалай олмайди, очиғи, улгурмайди. Шу боис бу масаланинг ечими сифатида маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторидан иборат “маҳалла еттилиги” ташкил этилди.
Ҳозирда “маҳалла еттилиги” аъзоларининг 86 фоизини олий маълумотга эга бўлган малакали кадрлар ташкил этади. Уларнинг 24 фоизи ёш ходимлар экани бугунги кунда аҳоли муаммоларини ҳал этишда ёшлар имкониятидан кенгроқ фойдаланилаётганини кўрсатади. Қолаверса, “еттилик” ходимлари ичида аёллар ҳиссаси 25 фоизга яқин.
“Маҳалла еттилиги”нинг фаолияти асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича алоҳида баҳоланади. Бунда маҳалла раислари ходимларни KPI баҳолашда 20 фоиз балл бериш ҳуқуқига эга бўлади. Қолаверса, ходимларнинг ишга келиб кетиши тўғрисидаги давоматни ҳам (табелни) маҳалла раислари юритади.
“Еттилик” тизими йўлга қўйилгач, маҳаллалардаги барча масалалар тизимли ҳал этилишига имкон яратилди. Шу мақсадда аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатувчи муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харита”лари, маҳаллалар “Омбор дафтари” ишлаб чиқилди. Унга кўра, маҳалла инфратузилмаси яхшиланади, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да турган 2,6 миллионта оила ҳамда 821 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам кўрсатилади, 26,2 мингта нотинч оила ҳамда 320 минг нафар жиноят содир этиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар билан алоҳида ишлаш чоралари кўрилади.
Аҳолининг бандлигини таъминлашда ҳам “маҳалла еттилиги”нинг ўрни ортиб бормоқда. Шу боис 9 452 та маҳалла, 832 та сектор, 208 та туман (шаҳар) Бандлик дастури шакллантирилди. Ҳоким ёрдамчилари кўмагида 34 133 нафар фуқаро даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланди. 3 416 нафар аҳоли касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш учун йўналтирилди. Хотин-қизлар фаоли ташаббуси билан ажралиш ёқасидаги 3 144 та оила аниқланган бўлиб, шундан 1 621 таси яраштирилди. Ишлаш истаги бўлган 7 389 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
2024 йил 1 мартдан бошлаб, 64 турдаги ёрдам ва субсидиялар “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори асосида амалга ошириляпти. Бунинг натижасида моддий ёрдам тайинлашнинг 5 босқичли тартиби 3 босқичга туширилди. Бу жараёнда “маҳалла еттилиги” ўзи мустақил қарор қабул қиляпти ҳамда ушбу қарорлар учун аҳоли олдида жавобгар бўлади.
Бу ўринда шаффофлик қандай таъминланади, деган савол бердингиз. Гап шундаки, ҳозирда ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси алоҳида юритаётган тарқоқ платформалар ўрнига Маҳалланинг ягона платформаси жорий қилиняпти. Платформа «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» платформалари билан ўзаро интеграция қилинади. Натижада ижтимоий ёрдамлар ҳақиқатда унга муҳтож бўлган аҳоли қатламига кўрсатилганини кузатиш мумкин.
Шу билан бирга, 25 та йўналиш бўйича жами 401 та кўрсаткич асосида 9 452 та маҳалла, 208 та туман (шаҳар) ва 14 та ҳудуднинг “Баланси” шакллантирилди. Айнан “Маҳалла баланси” орқали аҳолига «маҳалла еттилиги» томонидан кўрсатилаётган ёрдам кўлами ва манзиллилигини ўрганиш ҳамда улар фаолиятига баҳо бериш имкони мавжуд. Маҳалла аҳолисига кўрсатилиши мумкин бўлган ижтимоий ёрдам ва ушбу ёрдамдан фойдаланган шахслар тўғрисида ёрдам турлари кесимида маълумотлар билан танишиш мумкин бўлади.
— Авваллари, аксарият ҳолларда маҳалла кўмак сўраб келган фуқарога зарур ёрдам бера олмаган. Чунки унинг ўзи ёрдамга муҳтож бўлган, даромад, кўмак манбаи бўлмаган. Ҳозир маҳалланинг молиявий мустақил бўлиши кераклиги, “маҳалла бюджети” ва жамғармаси ташкил этилиши ҳақида кўп гапирилаяпти. Айтингчи, маҳалла муаммоларини ечиш ва аҳоли эҳтиёжларини қоплашда бу тизимнинг самараси қандай бўлади?
— Тўғри, таъкид, қуйи бўғиндаги барча муаммо маҳаллага келиб тақалади. Маҳалла раиси мазкур жараённинг ҳаммасида иштирок этиши шарт. Аммо шундай паллада раисларни қийнаб келаётган бир масала юзага чиқарди: маҳалланинг ўз маблағига эга эмаслиги. Демак, ҳудуд ривожланиши учун, аввало, маҳалланинг ўз бюджети бўлиши керак.
Шу боис 2024 йил 1 январдан бошлаб, барча маҳаллаларда “Маҳалла бюджети” тизими амалиётга жорий қилинди. Ҳар бир йиғинда Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ташкил этилди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ер ва мол-мулк солиғи ҳисобидан 822,6 миллиард сўм солиқ тушуми ундирилиб, маҳалла бюджетига 82,2 миллиард сўм даромад туширилди.
Айтиш керакки, янги тизим маҳалланинг ҳам сиёсий, ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий салоҳиятини оширади. Жамғарма маблағларини сарфлаш ваколати маҳалланинг ўзига берилади. Шу мақсадда алоҳида Йўриқнома ишлаб чиқилди. Зеро, қаерда, қандай муаммо борлигини уларнинг ўзи яхши билади. “Еттилик” вакиллари биргаликда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиб, шу асосда иш олиб боради. Маҳалла раислари узоқ кутилган, уларни анча йиллардан бери ўйлантириб келган ва бугунги кунда долзарб аҳамият касб этаётган “молиявий дастак”ка эга бўлишди. Бу орқали уларнинг ўз ҳудудини обод қилиш ташаббуслари ортади.
Умуман олганда, энди маҳалла кимнингдир ёрдамига муҳтож тузилма эмас, барча жараёнларнинг марказида турувчи, одамларни ҳаракатга келтирувчи ижтимоий кучга айланди. Бундан, албатта, ҳамма ютади: давлат ҳам, маҳалланинг ўзи ҳам, оддий одамлар ҳам.
— Суҳбатимиз ўз-ўзидан аҳоли, тўғрисини айтсак, ҳар бир хонадон, фуқаро муаммосини ҳал этишга бориб тақаляпти. Ахир муаммолар маҳаллада ҳал этилиши керак-да. Кузатганимиз, аҳоли ташвишлари ва дардини аритишда “маҳаллабай”, “фуқаробай”, “хонадонбай” ишлаш асносида «Андижон тажрибаси», «Хоразм тажрибаси», «Сайхунобод тажрибаси» йўлга қўйиляпти. Бу ҳудудлар тажрибаларининг моҳияти ва бир-биридан фарқи ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Юқорида айтганимиздек, бугун барча масалалар маҳалланинг ўзида ечим топишига урғу бериляпти. Бунинг учун маҳаллага — давлатнинг қуйи бўғиндаги бошқарув органига ваколат ҳам, маблағ ҳам, имконият ҳам тақдим этиляпти. “Маҳалла еттилиги” бундан самарали фойдаланиб, одамлар муаммосига имкон қадар жойида ечим топиши керак. Шу маънода сиз қайд этган ўзига хос тажрибаларнинг умумий мақсади аниқ — ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос шароити ва меҳнат ресурсларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, одамларни рози қилиш, даромадларини кўпайтириш, маҳалланинг обрўсини ошириш, маҳалла орқали аҳолига кўмак кўрсатиш.
“Андижон тажрибаси” асосида маҳалла тизимига оид 8 та йўналиш белгилаб олинди. Унга кўра, маҳалла ҳақидаги умумий маълумотлар, демографик кўрсаткичлар, аҳолининг ижтимоий ҳолати, бандлик, таълим, хотин-қизлар, маҳалла инфратузилмаси, жамоатчилик тузилмалари каби йўналишлар қамраб олинди. Маҳалла дастури орқали ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, инфратузилмани яхшилаш, бандликни таъминлаш чоралари кўрилди. Маҳалла раисининг кунлик, ҳафталик, ойлик, чораклик иш режаси тузилди, бир ойлик тадбирлар режаси асосида турли маънавий-маърифий, спорт тадбирлари ўтказилди.
“Хоразм тажрибаси” маҳалла кўмагида ишсиз ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган. Унга кўра, жорий йилда ёшларнинг ўзига республика бўйича 60 минг 500 гектар ер ажратилиши кўзда тутилган. Режага кўра, энг серунум, сувга бой ерлар эҳтиёжи бор, оддий одамларга берилади. Бунда янги тартиб ўрнатилади. Туман ҳокимлари ерни сув таъминоти яхши жойдан ажратишга масъул бўлади. Ҳар бир ёшга қанча майдон ажратиш бўйича “маҳалла еттилиги” таклиф беради. Ер олган ёшлар “Фермерлар мактаби”да ҳосилдор экспортбоп экинлар етиштиришга ўқитилади. Мини-техника, уруғ ва кўчатлар сотиб олишга “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳамда Фермерлар жамғармасидан субсидия ажратилади. Деҳқон ёшларга экспортчи ва қайта ишловчи тадбиркорлар кооперация асосида бириктирилади. Сирасини айтганда, ёшларга ер илми ўргатилиб, сўнгра ер берилади. Қўлида иши бўлмаган, доимий даромади йўқ бу ёшлар “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида ҳосил етиштиришади.
“Сайхунобод тажрибаси” ҳақида сўз кетганда, у томорқа ва уй хўжаликлари имкониятларини тўлиқ ишга солишга хизмат қилади. Бу ерда илк бор янги тажриба қилиниб, маҳаллаларнинг ҳар бирига биттадан мини трактор, 4 тадан мотокультиватор олиб берилди. Эндиликда ҳоким ёрдамчилари “1 сотих томорқадан камида 1-2 миллион сўм даромад” деган мезон асосида аҳоли учун бизнес режа ишлаб чиқади. Маҳалладаги агрономлар билан бирга томорқа ерларини ҳайдаш ва экин экиш хизматларини кўрсатади. Бу тажриба бутун республикада оммалаштирилади.
Шунингдек, томорқада етиштирилган маҳсулотни сотиб олиш тизими йўлга қўйилади. Маҳаллаларнинг ҳар бирида 10 тадан хонадонда намунавий интенсив боғ яратилади. Ҳар бир намунавий хонадон келгусида қўни-қўшниларини бунга ўргатади. Қолаверса, хонадонларда терак етиштирилади, кооперация асосида паррандачилик йўлга қўйилади, балиқчилик ривожлантирилади. Чорвачилик йўналишида Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 33 миллион сўм имтиёзли кредит гаровсиз, нақд пулда берилади. Умуман олганда, бундай тизим орқали ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча, ҳар бир хонадон қамраб олинади.
— Маҳалладаги муаммоларни фақат шу тизимда ишловчи ходимлар билан қамраб олиш имконсиз, албатта. Бу йўналишда жамоатчилик тузилмалари, нуронийлар, зиёлилар фаоллиги ниҳоятда зарур. Очиғини айтиш керак, мазкур жамоатчилик тузилмалари фаолияти ҳар доим самарали кечмаган. Уюшма мазкур тузилмалар билан маҳаллаларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашда қандай режаларни белгилаган?
— Тўғри, маҳалла ишини фақат “еттилик” вакиллари билан ҳал этиб бўлмайди. Бу борада муҳтарам отахон ва онахонларимиз, кўча ва уй бошлиқлари, имом-хатиб ва отинойилар, зиёлиларимиз, жамоатчилик тузилмалари вакилларининг ўрни ниҳоятда муҳим. Шу боис тегишли “Йўл харитаси”га асосан, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, рағбатлантириш тизимини яратиш борасида ишлаяпмиз.
Алоҳида айтиш керак, маҳалла ёшлари билан кўпроқ мулоқот қилиш, уларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларига ечим топиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, ўғил-қизларимизни китобхонликка жалб этиш, ҳарбий хизмат учун муносиб мард ва ботир йигитларни тарбиялаб бориш каби ишларга маҳалладаги жамоатчилик тузилмалари, “Маҳалла назорати” ва “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари, “Оқила аёллар” ҳаракати фаолларини сафарбар этсак, маҳалланинг қурби етмайдиган ишнинг ўзи қолмайди. Ҳар қандай муаммони ўзаро ҳамкорлик ва изчил ҳаракат билан ҳал қилиш мумкин.
Биргина рақам: жамиятда соғлом маънавий муҳит асосларини мустаҳкамлаш мақсадида маҳалла фаоллари кўмагида ажралиш ёқасига келиб қолган 1 042 та оила яраштирилгани,
2 999 та оиланинг нотинчлигига барҳам берилгани, 7 772 та (82,2 фоиз) маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани, албатта, маҳаллалардаги жамоатчилик тузилмаларининг саъй-ҳаракати ва фаоллиги билан боғлиқ.
— «Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она», деганда маҳалланинг жамиятимизда кузатиладиган маънавий-маърифий жараёнларга дахлдор тузилма эканлигини кўрамиз. Албатта, оила, фарзанд, ёшлар таълим-тарбиясида маҳалла бениҳоя таъсирчан куч бўлиб келган. Аммо бугунги кунда бу таъсирчанлик анча сусайгандек. Жамиятда оилавий ажралишларнинг кўпайгани, фарзандларнинг тарбиясидаги кемтиклик, ёшларнинг ёт унсурлар таъсирига тушиб қолиши, хуллас маънавий муҳитдаги беқарорликлар ҳақида кўп гапирса бўлади. Энг муҳими, маҳалла маънавиятнинг юзи бўлиши кераклигини Президентимизнинг ўзи талаб қиляпти. Айни йўналишдаги чора-тадбирлар маҳаллаларда қандай тартибда йўлга қўйилади?
— 2023 йил 22 декабрь куни давлат раҳбари раислигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида устувор аҳамиятга эга бўлган илм-фан, таълим ва тарбия, маънавий-маърифий соҳалардаги долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Шундан келиб чиқиб, барча маҳалла раислари ва фаолларининг маҳаллаларда маънавий-маърифий соҳалардаги иш услуби тубдан ўзгарди. Ёшларнинг таълим-тарбияси, маънавияти ва маърифатини юксалтириш маҳалланинг кундалик устувор вазифасига айланди. Бу жараёнда маҳалла раислари ва фаоллари мактаблар ҳаётида фаол иштирок этиб, ўғил-қизларимизнинг таълим-тарбияси ва келажак тақдири учун масъулият ва жавобгарликни ҳис этиб фаолият юритяпти.
Маҳалла раислари ташаббуси билан мактабларда 9 977 маротаба ота-оналар мажлислари ўтказилди. “Мактаб – ота-она – маҳалла” ҳамкорлиги асосида электрон мулоқот платформаси ишга туширилди. Мактабдаги давомат, тарбияси оғир ўқувчиларга алоҳида эътибор қаратилиб, ота-оналар ва маҳалла раисларининг бу борадаги масъулияти оширилди.
Қолаверса, маҳаллада истиқомат қилаётган зиёлилар, нуронийлар, Ҳаж ва Умра зиёратларига бориб келган ҳар бир маҳалладошимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши зарур. Шу мақсадда 9 452 та маҳаллада фаол 400 мингдан ортиқ нуроний ва зиёлилар, жамоатчилик фаоллари рўйхати шакллантирилди. Бугунги кунга қадар 4 085 та маҳалладан 161 523 нафар зиёли, нуроний, Ҳаж ва Умра зиёратига бориб келганлар орасидан “маънавият тарғиботчилари” шакллантирилиб, уларнинг хонадонларда тарғибот ишлари йўлга қўйилди.
Шунингдек, кўплаб маҳаллаларда маърифатпарвар аждодларимиз яшаб ўтган, улар туғилиб, яшаган уйларнинг ҳаммага кўринарли жойларида “Жадид яшаган, бу хонадоннинг бобоси жадид бўлган”, деган ёзувлар (ёдгорлик лавҳалари) ўрнатилди. Маҳалла биносида “Қатағон қурбонлари хотираси бурчаклари” ташкил этилиб, “Маҳалла хотира китоблари” тайёрланди. Шу билан бирга, “Маҳалла кутубхонаси”, “Халқ кутубхонаси” каби маънавий масканлар сони ошди.
— Азалдан маҳаллаларда нуронийларнинг ўрни алоҳида бўлган. Фарзанд тарбияси, маънавий муҳит, оилалар мустаҳкамлигида уларнинг ҳаётий тажрибасидан фойдаланилган. Айтингчи, ҳозирда маҳалла ишида нуронийларнинг иштироки, ижтимоий фаоллиги қандай таъминланади?
— Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қари билганни пари билмас” каби ҳикматли иборалар мавжуд. Бу нақллар ҳаётимизда ўз исботини топган. Қолаверса, кўпни кўрган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар таълим-тарбияси, оилаларни мустаҳкамлаш ишларида фойдаланиш мумкин.
Шу мақсадда маҳаллаларда “Кексалар маслаҳати” гуруҳи ташкил этилди. Гуруҳ таркибига маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, кишиларни ортидан эргаштира олиш малакасига эга бўлган, аҳоли орасида обрў-эътиборли, бошқаларга ибрат бўладиган кекса авлод вакиллари киритилди. “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилига мувофиқ, ёшлар ҳар бир маҳалладаги фаол нуронийларга бириктирилди. Шу асосда 515 минг нафар аҳоли вакиллари қамраб олинди.
Шунингдек, кекса авлод вакиллари маҳаллалардаги барча таълим муассасаларига, “Нуроний ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси асосида муаммоли оилаларнинг ҳар бирига бириктирилди. Нуронийларнинг жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги фаоллигидан самарали фойдаланиляпти.
Умуман олганда, нуронийларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиши учун шарт-шароит яратиш, бир томондан, ана шу салоҳиятни жамият учун фойдали ишларга йўналтиришга хизмат қилса, бошқа жиҳатдан уларга ўз қобилиятларини ишга солиш ҳамда одамлар учун керакли эканини ҳис этиб, тўлақонли турмуш кечиришларига имконият яратади.
— Муҳтарам Прездентимизнинг ташаббуслари билан ҳар йили 22 март — Маҳалла тизими ходимлари куни, этиб белгиланган. Бу байрамнинг айнан Наврўз айёми билан бирга нишонланишида катта рамзий маъно бор. Мана шундай шукуҳли айём кунларида эришилган натижалар билан биргаликда куннинг долзарб ва устувор вазифалари ижроси тизим масъулларини ҳушёр торттиради, албатта. Шулар хусусида сўзлаб берсангиз.
— Наврўз байрами тантаналарида Президентимиз Маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан жонкуяр ва фидойи маҳалла фаолларини табриклади. Маҳаллани қўллаб-қувватлаш, уни янада ривожлантириш доимо эътибор марказида бўлишини таъкидлади. Чунки «маҳалла – бу меҳр ва аҳиллик қўрғонидир. Маҳалла – оқкўнгил, бунёдкор халқимиз қалбининг кўзгусидир».
Сир эмас, ўтган вақт давомида уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш бўйича катта тажриба тўпладик. Эндиги вазифамиз халқ билан янада яқин бўлиб, мулоқотлар олиб бориш натижасида бу тажрибани бойитишдан иборат.
Бугун жамиятда маҳалла аралашмайдиган, унга тааллуқли бўлмаган масаланинг ўзи йўқ. Ёшлар таълим-тарбияси, оилалар мустаҳкамлиги, ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалалари дейсизми, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишми, барча-барчасида маҳалланинг ўрни сезилиб туради. Шу боис ҳар бир маҳаллада самарали иш олиб бориш фаолиятимизнинг бош мезонига айланиши даркор.
Оила тинч бўлса, маҳалла тинч, маҳалланинг осойишталиги ўз-ўзидан давлатимиз тинчлигига асос бўлади. Маҳалла ва оила, бу — ягона ижтимоий институт эканини, уларни бир-биридан айри тасаввур этиб бўлмаслигини бугун барчамиз тўла англаб турибмиз. Биз уларга ўз вақтида керакли кўмакни бера олсак, маҳалла ва оилалардаги мавжуд муаммоларга ечим топиб, тизимли равишда ҳал этсак, ўйлайманки, бизни хавотирга солаётган ижтимоий ва маиший муаммоларнинг асосига етган бўламиз.
Бугун шиддат билан ўзгараётган замонда ёшларимизни ҳар қандай маънавий ва мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш энг катта вазифалардан биридир. Бизнинг бу борадаги иштирокимиз, аввало, бир-биримизга, қўни-қўшниларга, кўчамизда, маҳалламизда униб-ўсиб келаётган болалар тарбиясига бефарқ бўлмасдан, жон куйдиришда, том маънода “ҳар бир болага ҳам ота, ҳам она, ҳам устоз, ҳам тарбиячи” бўлишимизда намоён бўлади. Маҳалла раиси ота-оналар билан бирга, мактаблар ҳаётида фаол қатнашиши, ёшларнинг билими ва касб эгаллашига эътиборли бўлиши керак.
Маҳаллаларни жиноятдан ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотган оилалар, якка-ёлғиз қарияларни қўллаб-қувватлаш, нотинч, ажралиш ёқасида турган оилалар билан муттасил ишлаш, тўй-ҳашамларни дабдабадан холи, ихчам ва камхарж ўтказиш, маҳаллада жамоатчилик назорати таъсирчанлигини ошириш фаолиятимизнинг муҳим йўналиши бўлиши шарт.
Мухтасар қилиб айтганда, Президентимизнинг “Қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм суради, нохуш ҳолатларга йўл қўйилмайди”, деган сўзлари фаолиятимизда дастуриламал бўлиши лозим.
Б. АБДУСАТТОРОВ
суҳбатлашди.