ФАОЛ ҲАЁТГА ҚАДАМ
Бир қарашда пул ҳаётимизда унчалик катта аҳамият касб этмайдиган, шунчаки кундалик харажатлар учун керакли воситадек туюлади. Ўзига тўқ ва топиш-тутиши яхши оила вакилларида худди шундай. Лекин камбағал, доимий даромад манбаига эга бўлмаган кишилар наздида моддият жуда кўп муаммоларнинг ечими бўла олади.
Оддий бир ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Айтайлик, оилада 4 нафар фарзанд бор. Эр-хотин иккиси фақатгина мавсумий ишлаб, аранг рўзғор тебратяпти. Болалар кичиклигида билинмаган бўлиши мумкин, лекин улар вояга етгач, харажат янада ортади. Ҳар бирини едириб-ичириш, кийинтириш, таълими олиши учун сармоя киритиш каби масалалар кун тартибининг асосий муаммосига айланади. Аёл нолишни бошлайди. Эркак зарда қилиб, ичкиликка ружу қўяди. Болалар руҳан эзилади. Қарабсизки, оилада носоғлом муҳит юзага келади.
Шу боис бугун мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Олиб борилаётган ислоҳотлар йил сайин ўз самарасини кўрсатяпти. Хусусан, бизнинг маҳалламизда ҳам ишсизлар сони кескин қисқарди, оилалар фаровонлиги таъминланяпти.
Маҳалламиздаги 141 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро билан алоҳида ёндашув асосида ишлаб келяпмиз. Уларнинг ҳар бири ўзга хос олам. Қизиқиши, орзу ва мақсадлари жуда катта. Эшигини тақиллатиб борар эканман, хурсандлигидан ичига сиғмай кетади. Хонадонларга доим бирор янгилик билан киришга ҳаракат қиламан. Одамлар ҳам “еттилик” ходимларидан нимадир кутишга ўрганиб қолган.
Баъзан моддий ёрдам бериш ёки фуқарони ишга жойлаштириш ўзи етарли бўлмаслиги мумкин. Шу боис доим кўрсатилган хизматнинг натижаси билан қизиқаман. Бир оила ўзини тўлиқ тиклаб олиши, муҳтожликдан фаровонликка ўтиши учун баъзан йиллар талаб этилади.
Маҳалладошимиз Бозоргул буви Ҳошимова тўрт нафар фарзандни вояга етказган фидойи она. Унинг кенжа қизи ногиронлиги бўлган шахс сифатида рўйхатга олинган. Бугунги кунда у ҳам фарзанд тарбияламоқда.
Ўрганишлардан кейин хонадон вакилларини Ижтимоий реестрга киритдик. Сабина Рўзимуродова бувисининг васийлигига берилди. Бугунги кунда 16 ёшли Сабина она тили ва адабиёт фанидан бепул тўгаракларга қатнашяпти. Унга яратилган ушбу имконият келгусида олий таълим муасасасига кириш ва орзуларини рўёбга чиқариш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Фаолиятим давомидаги ҳар бир ижобий натижа мени янада кўпроқ ҳаракат қилишга ундайди. Мен ижтимоий ходимликни ўз тақдир йўлим, деб билиб, инсонларга ёрдам бериш учун барча фидокорликка тайёрман.
Зубайда ШУКУРОВА,
Олот туманидаги “Эски Олот”
маҳалласи ижтимоий ходими.