“ТОП-100”: СИЗНИНГ ҚАНДАЙ ТАШАББУС ВА ТАЖРИБАНГИЗ БОР?
Чекка ҳудуд деганда, кўпчиликнинг хаёлига имкониятлар чекланган, тараққиётдан бироз ортда қолган манзил келади. Аслида эса тараққиётнинг географияси бўлмайди. У марказ ёки чекка ҳудудни эмас, меҳнатни, ташаббусни ва бирдамликни танлайди. Қаерда одамлар бир мақсад йўлида бирлашса, ўша ерда ўзгариш, ўсиш ва юксалиш бўлади.
Шу маънода Қораўзак туманининг энг чекка ҳудудларидан бири — Кўйбак овул фуқаролар йиғини бугун мамлакат миқёсидаги “ТОП-100” талик энг намунали маҳаллалар рўйхатидан муносиб ўрин олди. Кимдир буни навбатдаги муваффақият сифатида қабул қилиши мумкин. Аммо биз учун бу — халқ билан елкама-елка туриб қилинган меҳнат, биргаликда енгилган муаммолар ва биргаликда қурилган келажакнинг эътирофидир.
Бугун маҳалла раиси фаолиятини йиғилишлар сони ёки расмий тадбирлар билан баҳолаш даври ортда қолди. Энди натижа инсонлар ҳаётидаги ўзгариш билан ўлчанади. Ҳудудда ишсизлик қанчага қисқарди? Нечта оила камбағалликдан чиқди? Неча нафар ёш ўз келажагини шу ернинг ўзида қуришга қарор қилди? Ана шу саволлар ҳар бир раҳбар учун асосий мезонга айланмоқда.
Бир неча йил олдин ҳудудда ишсизлик билан боғлиқ муаммолар етарлича эди. Айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида доимий даромад манбаига эга бўлмаганлар кўпчиликни ташкил қиларди. Айрим оилаларда иқтисодий қийинчиликлар турли ижтимоий муаммоларни келтириб чиқараётган эди. Шунда биз бир муҳим хулосага келдик: муаммоларнинг оқибати билан эмас, сабаби билан курашиш керак.
Ҳар бир хонадон ҳолати ўрганилди. Кимнинг қандай салоҳияти борлиги, кимга иш, кимга кредит, кимга касб ўрганиш имконияти кераклиги аниқланди. Шу асосда манзилли ишлар ташкил этилди. Натижа кўп куттирмади. Йил бошида маҳаллада 23 нафар ишсиз фуқаро рўйхатда турган бўлса, бугун уларнинг барчаси даромадли меҳнат билан банд қилинди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 15 та оиланинг 5 таси қисқа вақт ичида камбағаллик тоифасидан чиқарилди. Бу рақамлар ортида инсон тақдирлари турибди.
Бизнинг энг катта ютуғимиз — юрт соғинчида юрган фуқароларнинг қайтиши бўлди. Меҳнат миграциясида бўлган 48 нафар овулдошимизнинг 46 нафари ўз оиласи бағрига қайтди. Энди улар ўзга юртда эмас, ўз овулимизда — “драйвер”имиз бўлган чорвачилик ва деҳқончилик орқали рўзғор тебратмоқда. Бу ҳолатнинг маънавий аҳамияти иқтисодий натижасидан ҳам каттароқ. Чунки ўз уйига қайтган инсон — оиласи бағрига қайтган ота, фарзандларига қайтган тарбиячи, маҳалласига қайтган фаол фуқародир…
Маҳалламизда йиллар давомида ижтимоий ёрдам ҳисобидан кун кечириб келган оилалар ҳам бўлган. Улардан бирига имтиёзли кредит олиш ва иссиқхона ташкил этишда кўмак берилди. Бугун ўша оила бошлиғининг қадди тик, юзи ёруғ. Чунки у энди боқувчи эмас, тадбиркор! Бир вақтлар ёрдам кутиб яшаган инсон бугун бошқаларга иш ўрни яратаётгани ҳар қандай рақамдан кўра қимматли натижа эмасми?
Тажрибамиз яна бир ҳақиқатни кўрсатди: ишсизлик камайган жойда камбағаллик ҳам қисқаради. Камбағаллик қисқарган жойда эса ижтимоий муҳит соғломлашади. Жорий йилда овулимизда бирорта оилавий ажралиш ҳолати қайд этилмагани бежиз эмас. Бу натижа маҳалла нуонийлари, хотин-қизлар фаоли, оқсоқолларнинг ҳар бир хонадон билан доимий мулоқоти самарасидир. Чунки оила мустаҳкам бўлган жойда жамият ҳам мустаҳкам бўлади.
Албатта, муаммосиз ҳудуднинг ўзи бўлмайди. Ҳудудимиз кенг, олис манзилларда йирик ишлаб чиқариш корхоналари бор. Тўғри, бир марта ўғирлик ҳолати содир бўлди, лекин уни бизнинг овулдошлар эмас, бошқа ҳудуддан келиб ишлаётган ходим содир этган. Бу воқеа бизга яна бир дарс бўлди: жиноятнинг олдини олиш учун нафақат ҳудуд аҳли, балки бу ерга келиб-кетувчилар билан ҳам ҳушёрликни оширишимиз керак.
“ТОП-100” талик рўйхатидан жой олиш биз учун якуний манзил эмас. Аксинча, бу янада катта масъулият юклаётган ишончдир. Чунки ҳар қандай ютуқнинг қадри уни сақлаб қолиш ва ривожлантириш билан белгиланади. Бизнинг олдимиздаги асосий вазифа ҳам ўзгармаган: ҳар бир хонадонга фаровонлик киритиш, ҳар бир ёшнинг орзусига қанот бериш, ҳар бир оиланинг бахтли ҳаёт кечиришини таъминлаш.
Зеро, маҳалла тараққиётининг ҳақиқий мезони обод кўчалар ёки чиройли бинолар эмас. Унинг энг муҳим кўрсаткичи — инсон тақдиридаги ижобий ўзгаришдир. Обод инсон бўлса, маҳалла ҳам обод бўлади. Мустаҳкам оила бўлса, жамият ҳам мустаҳкам бўлади. Ана шундагина ҳар қандай ҳудуд, ҳатто мамлакатнинг энг чекка овули ҳам тараққиёт ва фаровонлик масканига айланади.
Руслан УТЕНИЁЗОВ,
Қораўзак туманидаги
Койбак овул фуқаролар йиғини раиси.