ДОЛЗАРБ МАВЗУ
Болани назорат қилиш эмас — тушуниш; таъқиқлаш эмас — ишонтириш; қўрқитиш эмас — мақсад сари етаклаш зарур!
Бир вақтлар маҳаллада кечқурун болаларнинг тўп тепаётган овози эшитиларди. Бугун эса катта шаҳарлардаги кўп хонадонларда ота-оналарни бошқа бир хавотир безовта қилади. “Болам ким билан юрибди?”, “Қўлидаги таблетка дори эмасмикан?”, деган саволлар тобора кўпроқ қулоққа чалиниб қолмоқда.
Бу хавотир бежиз эмас. Чунки кучли таъсир қилувчи таблеткалар ва синтетик гиёҳванд моддаларга қизиқиш энди фақат катталар муаммоси бўлмай қолди. Энг оғир жиҳати, бу иллатнинг сояси мактаб остонасигача етиб келди. Бир қарашда арзимасдек туюлган бир дона таблетка баъзан ёш умрнинг энг оғир хатосига айланади.
Бу муаммо кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Аммо сўнгги йилларда унинг кўлами кенгайиб, ёши тобора кичиклашиб бораётгани хавотир уйғотади. Илгари гиёҳвандлик деганда, катта ёшдагилар кўз олдимизга келарди. Энди эса мактаб ўқувчилари ҳам бу хавф доирасига тушиб қолаётгани ачинарли ҳолдир.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2026 йил 27 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида келтирилган маълумотларга кўра, 2025 йилда фақат Тошкент шаҳрининг ўзида 1,5 мингдан ортиқ гиёҳвандликка ружу қўйган шахс расман рўйхатга олинган. Мутахассислар эса рўйхатга тушмаган ҳолатлар бундан ҳам кўплигини, уларнинг асосий қисми ёшлар эканини таъкидламоқда. Шу йиғилишда яна бир жиддий рақам айтилди: айрим ёшлар наркотик моддалар учун ойига ўртача 20-25 миллион сўм сарфлаяпти.
Энг ачинарлиси, бугун наркотик моддаларни топиш аввалгидек қийин эмас. Интернет, ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар орқали “осон пул” таклифлари билан ёшлар гиёҳвандлик савдосига жалб қилинмоқда. Аввал курьер сифатида бошланган иш, кўп ҳолларда истеъмолчига айланиш билан якунланади. Айниқса, биринчи босқич талабаларининг синтетик наркотикларни тарқатиш билан қўлга олинган ҳолатлари кўпроқ қайд этилган.
Хўш, нима учун айнан мактаб ёшидаги болалар бундай хавфга тезроқ мойил бўлмоқда?
Биринчидан, бу ёшда қизиқувчанлик юқори бўлади. “Бир марта синаб кўрсам нима бўлади?”, деган ўй кўплаб фожиаларнинг биринчи қадамига айланади.
Иккинчидан, тенгдошлар таъсири жуда кучли. Ўсмирлар ўзини даврадан четда қолгандай ҳис қилмаслик учун баъзан хатарли таклифларга ҳам рози бўлади.
Учинчидан, рақамли олам. Бугунги бола кўчанинг эмас, телефон экранининг тарбиясини ҳам олаяпти. Қисқа видеолар, ёлғон реклама ва “замонавий ҳаёт” ниқоби остида тарқатилаётган зарарли контент ёш онгини алдаши мумкин.
Тўртинчидан, оиладаги мулоқотнинг камайиши. Боланинг қўлидаги телефонни кўрамиз, аммо қалбидаги саволларни эшитмаймиз. Унинг дардини интернет эмас, ота-она тинглаши керак.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, синтетик наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи айрим таблеткаларга боғлиқ ҳолатлар мамлакатимизда ўсиб боряпти. Илмий тадқиқотларда 2022-2024 йиллар оралиғида рўйхатга олинган синтетик моддалар билан боғлиқ ҳолатлар қарийб икки баробар ошгани, энг катта хавф гуруҳини 18-34 ёшдагилар ташкил этиши қайд этилган. Шунингдек, янги психофаол моддаларнинг интернет орқали тарқалиши ва улар ҳақидаги хабардорликнинг пастлиги асосий омиллардан бири сифатида кўрсатилган.
Муаммонинг ечими фақат жазода эмас. Энг кучли қурол — эрта профилактика. Мактаб, маҳалла ва оила биргаликда ҳаракат қилмаса, кеч қолишимиз мумкин. Болани назорат қилиш эмас, уни тушуниш; таъқиқлаш эмас, ишонтириш; қўрқитиш эмас, мақсад сари етаклаш бугуннинг энг муҳим вазифасига айланмоқда.
Ёшларга бўш вақт эмас, мазмунли ҳаёт керак. Спорт майдонлари, китобхонлик муҳити, касб-ҳунар, ахборот технологиялари ва санъат тўгараклари — буларнинг барчаси наркотикка қарши энг кучли қалқондир. Чунки орзуси бор ёшнинг қўли таблеткага эмас, келажагига чўзилади.
Шаҳноза ХАЛИЛОВА.