МУЛОҲАЗА
Бугун қайсидир боладан “Катта бўлсанг ким бўласан?”, деб сўрасангиз, аввалгидек “шифокор”, “ўқитувчи”, “учувчи”, деган жавоблар қаторида “блогер бўламан”, деган жавобни ҳам эшитиш мумкин. “Кумиринг ким?” десангиз, Инстаграмдаги машҳур блогерларни санайди. Бунинг ўзи ёмон эмас. Чунки блогерликдан ҳалол даромад топаётган, фойдали ахборот тарқатаётган ёшлар кўп. Муаммо блогер бўлиш истагида эмас, нимага машҳур бўлишни орзу қилаётганимизда.
Инстаграмда ёшлар кўрадиган контентга қарасак, икки хил манзарага дуч келамиз. Бир томонда ўзини кўрсатиш учун ҳамма нарсани камерага чиқарадиган, қимматбаҳо машина, кийим-кечак, ресторан, саёҳат ва “ҳашаматли ҳаёт”ни намойиш қилишни асосий мазмунга айлантирган саҳифалар бор. Баъзилар эса кўпроқ кўрилиш учун ҳаёни четга суриб, оилавий муносабатлар, шахсий ҳаёт ёки миллий тарбияга тўғри келмайдиган ҳолатларни ҳам контентга айлантирмоқда. Энг ачинарлиси, бундай видеолар кўпинча айнан ёшлар орасида тез тарқалади. Бирор савиясиз видео минглаб, миллионлаб кўрилса, унинг ортидан бошқалар ҳам “демак, шундай қилсам машҳур бўламан”, деган хулосага келиши мумкин.
Шу ерда яна бир савол туғилади: биз болаларимизга нимани намуна қилиб кўрсатяпмиз? Бола ўз кумирига тақлид қилади. Унинг гапиришига, кийинишига, юриш-туришига, ҳатто ҳаёт ҳақидаги тасаввурига эргашади. Агар кумирининг бутун муваффақияти қиммат телефон, автомобиль, дабдабали ҳаёт ва обуначилар сони билан ўлчанса, бола ҳам меҳнат, билим ва ҳунардан кўра, тез бойиш ва тез танилишни муҳим, деб қабул қилиши мумкин. Натижада оддий ҳаёт ёқмай қолади.
Ота-онанинг йиллар давомида қилган меҳнати билан топилган рўзғор “кам” кўринади. Ўқишнинг натижаси узоқ кутилгани учун зерикарли туюлади. Телефон экранидаги тайёр, чиройли ҳаёт эса ҳақиқий ҳаётдек кўрина бошлайди. Лекин Инстаграмдаги ҳаёт — ҳаётнинг ўзи эмас. Одамлар одатда муаммосини эмас, чиройли томонини кўрсатади. Экранда кўринмайдиган қарз, ташвиш, оилавий муаммо, муваффақиятсизлик ва йиллар давом этган меҳнат бор. Ёшлар буни кўрмайди, фақат натижани кўради.
Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бугун Инстаграмдан ёшларни илмга, китобга, ҳунарга, экологияга ва жамиятга фойдали ишларга ундаш учун фойдаланаётган контент яратувчилар ҳам бор. Масалан, экологик мавзуларда чиқиш қиладиган ёшлардан бири Мўътабар Хушвақтова “Urikguli” саҳифасида чиқиндилар, табиат ва атроф-муҳитга муносабат масаласини кўтариб келмоқда. “UMR.SHAM” каби саҳифаларда эса инсоннинг ўзлигини англаши, ҳаёт ва маънавият ҳақида фикрлашга ундовчи мазмунлар учрайди.
Аслида, блогернинг кучи унинг нечта обуначиси борлигида эмас. Унинг кучи — шу обуначиларнинг вақтини нимага сарфлатаётганида. Бир блогер ёшларни яна бир соат телефонга михлаб қўйиши мумкин. Бошқаси эса ўша бир соат ичида китоб ўқишга, тил ўрганишга, кўчани тозалашга ёки бирор ҳунар эгаллашга ундаши мумкин. Шунинг учун “болам блогер бўламан деяпти”, деб ваҳимага тушишдан олдин, ундан “Қайси блогерга ўхшамоқчисан ва нима учун?”, деб сўраш керак. Балки жавобнинг ўзи муаммонинг қаердалигини кўрсатиб беради. Бугун ёшлар кимни машҳур қилаётганига қараш — эртанги жамият қандай бўлишини ҳам англатади.
Чунки охир-оқибат Инстаграмдаги контентни фақат блогерлар яратмайди. Уни томошабин ҳам яратади: кўриш, улашиш ва қўллаб-қувватлаш орқали. Демак, гап Инстаграмда эмас. Гап биз нимага қараётганимизда, нимага ҳавас қилаётганимизда ва фарзандларимизга кимни “кумир” қилиб бераётганимизда. Ёшларга “блогер бўлма”, дейиш осон. Ундан кўра “Қандай блогер бўласан?”, деб сўраш муҳимроқ.
Шаҳноза ХАЛИЛОВА.