Кўзгу

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан четда қолдирамиз. Аслида, болада ижобий ёки салбий хислатларнинг шаклланишида оила даврасида айтилган гаплар ва муҳокама қилинган мавзулар ҳал қилувчи масалага айланиши мумкинлигини унутиб қўямиз. Бугун фарзандларимиз олдида нималар ҳақида гаплаш-япмиз? Айтаётган ҳар бир сўзимиз уларнинг тарбиясига таъсир қилишини ҳам инобатга оляпмизми? Ёки ҳали ёш-ку, нимани ҳам тушунарди, деган қараш устунми? Чиндан ҳам бола ҳеч нарсани тушунмайдими? Кечагина туғилган чақалоқ атрофидаги ҳамма гапларни хотирасига муҳрлаб олишини биласизми? Ҳеч бир мавзу эътибордан четда қолмайди Психологларнинг таъкидлашича, боланинг онг ости уч ёшгача очиқ бўлади. Бу вақтга қадар у атрофида бўлаётган суҳбатларни тушунмаса-да, хотирасига жойлайверади. Улғая борган сари унинг онгига муҳрланган ахборотлар аста-секин намоён бўла бошлайди. Баъзан ёнимизда ўйнаб юрган фарзандимизга эътибор бермай, турли муаммоларни муҳокама қиламиз. Вақт ўтиб эса, унинг гапириш оҳанги, сўзлари ўзимизнинг такроримиз эканини пайқаймиз. — Болаларим жуда зийрак. Қачондир кимгадир айтган гапларимни кейинроқ улардан эшитиб қоламан, — дейди Паркент туманидаги “Чинорли” маҳалласида истиқомат қиладиган уч фарзанднинг онаси Дидора Имомова. — Худди диктофондек, оқизмай-томизмай хотирасига ёзиб олади. Яна ҳеч ўзгартиришларсиз сўзлаб беради. Кичкиналигида бунга аҳамият бермас эдим. Лекин улғайгани сари ҳатто савол бериб, гапларни таҳлил қила бошлашди. Шундан кейингина сергак тортиб қолдим. Ўйлаб қарасам, оила даврасида бўлган бирор суҳбат болаларимнинг эътиборидан четда қолмас экан. Бу ҳолат уларнинг тарбиясига ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди.  Ноўрин муҳокама Қўнғироқ чалиниб, хонага ўқитувчи кириб келди. Эндигина дарс бошламоқчи эди, қулоқчинда мусиқа эшитиб ўтирган Замира эътиборини тортди. Уни ёнига чақириб, қилаётган ишининг одобдан эмаслигини тушунтирди. Шунда Замира ўқитувчининг юзига тик қараганча: “Аввал битта фарзандли бўлинг, кейин бизга ақл ўргатасиз”, деди қилт этмай. Бу гапга дош бера олмаган ўқитувчи синфдан чиқиб кетди. Замира эса кеча уйидагилар муҳокама қилган мавзуни эгасига етказганидан хурсанд эди. Ота-онаси шу муаллимнинг анча йилдан буён фарзанд кўрмагани, шунинг учун болалар билан ишлашни билмаслиги ҳақида гаплашган эди. Аммо ҳаммасини “ёзиб” олаётган фарзандига кимнингдир дардини муҳокама қилиш мактаб ўқувчисининг иши эмаслигини тушунтириш хаёлига келмаганди… — Боланинг дунёқараши кўрган ва эшитганлари асосида шаклланади, — дейди психолог Роза МЕЛИБОЕВА. — Баъзи ота-оналар фарзандлари олдида бошқалар ҳақида салбий фикрлар билдиради. Агар бу доимий одатга айланган бўлса, болада ҳам шундай кўникма пайдо бўлади. Ўзи истамаган ҳолда ёмонлик қилмаган кишиларга нисбатан салбий фикр юритади. Бошқалар ҳақида турли-туман фикрларни тинимсиз эшитавериш маълумотларни тўғри таҳлил қила олиш қобилиятини сусайтиради. Боланинг ўртоқлари, ўқитувчиси таъсирида ижобий фазилатлар шаклланган бўлса, ота-онага нисбатан салбий қарашни юзага келтиради. “Ота-онам ҳамиша ким ҳақидадир ёмон фикр билдиради, демак, уларнинг ўзи ёмон”, деган хулосага ҳам келиши мумкин. Оқибатда, ўзаро муносабатлар чигаллашиб кетади. Фарзанд тарбияси жуда жиддий ва масъулиятли вазифа. Афсуски, баъзи ота-она унинг келажаги ҳақида қайғурар экан, энг кичик жиҳатларни ҳам эътиборга олиш кераклигини ёддан чиқариб қўяди. Оилавий суҳбатлар эса тарбиянинг энг муҳим дастаги эканини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Тўғри, оила даврасида турли муаммо ва камчиликларни муҳокама қилиб ўрганиб қолганмиз, лекин унинг зарарли таъсиридан фарзандимизни ҳимоя қилишни ҳам унутмайлик. Куни келиб, биз бепарволарча айтган гапларимиз фарзандимиз ва ўзимизнинг келажагимизга доғ бўлиб тушмасин. Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА, “Mahalla” мухбири.

70

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВ, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси, сиёсий фанлар доктори, профессор.   Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида келгуси ўн йиллик мамлакатимизда миллий юксалиш даври бўлишини қайд этди. Шу мақсадда инсон қадрини янада юксалтиришга қаратилган 7 та миллий дастур белгилаб берилди. Уларнинг ҳар бири мамлакат ҳаётининг муайян йўналишини қамраб олса, олтинчи миллий дастур тараққиётнинг энг қуйи ва энг муҳим бўғини — маҳалланинг мақомини янги босқичга кўтаришни назарда тутади. Унга кўра, маҳалла жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантирилади. Энди давлат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашув буткул ўзгаради. Туман бюджети, инвестиция дастури ҳамда инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Бунда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги — энг асосий мезон сифатида белгиланади. Бу ёндашув маҳалланинг давлат ва жамият ўртасидаги ўрнини ҳам сифат жиҳатидан ўзгартиради. Маҳалла буюртмаси орқали давлат сиёсати одамларга янада яқинлашади, тараққиётнинг манзили ва натижаси аниқлашади. Энг муҳими, бу жараённинг марказида инсон тақдири, унинг талаб ва эҳтиёжи, оила фаровонлиги турибди. Бугунги Янги Ўзбекистон маҳалласи, бу — Президент орзу қилганидек, одамларнинг дарди эшитиладиган, муаммолари ўз вақтида ҳал этиладиган, тараққиёт ва бунёдкорлик марказига айланган маҳалладир. МАҲАЛЛА ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ УСТУВОР ИНСТИТУТИГА АЙЛАНДИ 2017 йилдан бошлаб, Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллага нисбатан мутлақо янги сиёсий ёндашувни шакллантирди. Давлат раҳбари ҳар бир ҳудудга ташрифи давомида маҳалладаги ҳақиқий аҳвол билан танишишни, аввало, одамлар дардини маҳалла орқали эшитишни бош мезон сифатида белгилади. Натижада давлат бошқарувида “маҳаллабай”, “хонадонбай”, “фуқаробай” ишлаш каби янги бошқарув тамойиллари пайдо бўлди. Авваллари вазирлик ва идоралар ўз фаолиятини, асосан, туман ёки шаҳар миқёсида режалаштирган бўлса, янги тизимда барча ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар маҳалла кесимида таҳлил қилинадиган бўлди. Энди қайси маҳаллада ишсизлик юқори, қаерда муҳтож оилалар кўп, қаерда инфратузилма муаммоси мавжудлиги давлат қарорларини қабул қилишда асосий мезонга айланди. Илгари маҳалла раиси, асосан, мурожаатларни қабул қилувчи ва уларни юқори ташкилотларга йўналтирувчи шахс сифатида қаралган бўлса, ислоҳотлардан кейин у маҳаллада амалга оширилаётган давлат сиёсати натижалари учун масъул раҳбар сифатида эътироф этилди. Раиснинг давлат органлари билан ҳамкорлиги кенгайди, унинг ташаббуслари асосида кўплаб ижтимоий масалалар жойида ҳал этиладиган тизим шаклланди. Энг муҳим ўзгариш шунда бўлдики, давлат идоралари фуқарони ўз ҳузурига чақириш амалиётидан воз кечиб, муаммонинг ўзи яшаб турган маҳаллага тушиш тамойилига ўтди. Президент томонидан ҳар бир раҳбарга маҳаллаларга чиқиб ишлаш, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, муаммони идорада эмас, жойида ҳал этиш талаби қўйилди. Бу давлат хизматларининг аҳолига яқинлашишига хизмат қилди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган давлат ва жамият қурилишига оид энг муҳим ислоҳотлардан бири — маҳалла институтини конституциявий даражада мустаҳкамлаш бўлди. 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдумида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида маҳалланинг ҳуқуқий мақоми, жамият ҳаётидаги ўрни ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти сифатидаги аҳамияти янада аниқ ва мустаҳкам ифода этилди. “МАҲАЛЛА ЕТТИЛИГИ” — МАҲАЛЛАДА ЯГОНА ЖАМОА БЎЛИБ ИШЛАШНИНГ ЯНГИ МОДЕЛИ Авваллари маҳаллада аҳоли муаммоларини ҳал этишда бир нечта идора вакиллари иштирок этган бўлса-да, уларнинг фаолияти ягона мақсад ва ягона режа асосида мувофиқлаштирилмаган эди. Барча ходимлар, асосан, ўз тизими доирасида иш олиб борар, битта оиланинг муаммоси эса турли ташкилотлар ўртасида парчаланиб кетарди. 2016-2026 йиллар давомида Президентимиз ташаббуси билан маҳаллада комплекс ишлаш тамойили шакллантирилди. Амалиёт шуни кўрсатдики, аҳоли муаммоларини самарали ҳал этиш учун барча масъулларни ягона жамоа сифатида ишлашга ўтказиш зарур эди. Ана шу…

85

Бошқоронғи келин истаги — инжиқликми ёки эҳтиёж?

ТАҲЛИЛ   «Тавба, кеча уни, бугун буни ейман дейишга қандай бети чидаркан? Энди, эрим ювош, айтганимни муҳайё қилади, деб эркаланавериш керакми? Биз ҳам ҳомиладор бўлганмиз. Бир нарсалар егимиз келган, лекин уйда борига кўникканмиз”. Онасининг бундай норозиликларидан кейин қайси ўғил ҳомиладор хотинининг кўнглига қараб, унга бирор нарса илиниши мумкин. Бу туғилажак фарзандининг саломатлигига салбий таъсир қилмайдими? Эртанги кунимизнинг давомчиларини соғлом ҳолда дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёлларимизнинг саломатлигига боғлиқ. Бунда бўлажак онанинг тўғри ва сифатли овқатланиши масаласи энг муҳим жиҳатлардан бири саналади. Аммо бугун ҳамма оилада ҳам ҳомиладор аёлнинг овқатланишига алоҳида эътибор қаратиляптими? Бу масъулиятли вазифа аслида кимнинг зиммасига юклатилган? Гинеколог қабулида навбат кутиб турган ҳомиладор аёллар билан суҳбатлашганимизда, уларнинг 50 фоиздан ортиғи оиласида бу каби масалаларни фақат қайнонаси ҳал этишини таъкидлашди. Ҳатто, уларнинг айримлари нима егиси келаётганини айтишга ҳам ийманар экан. Қайнона-қайнотасидан алоҳида яшайдиган келинлар эса бу борада турмуш ўртоғига мурожаат қилади, албатта. Лекин айрим аёллар эркакларнинг бу борада бироз ҳафсаласизлиги ва эътиборсизлигидан азият чекаётгани ҳам рост. “Нима егинг келяпти, онаси?” — Уч фарзандни дунёга келтирдим, — дейди бир таниш аёл. — Лекин турмуш ўртоғимнинг “нима егинг келяпти, онаси?” деб сўраганини эслолмайман. Бирор нарса хоҳлаётганимни айтганимда эса “ана, бозорга бориб олиб кел”, деган бепарволарча муносабатидан кўнглим ранжиган ҳолатлар ҳам бўлган. Ҳомиладорлик вақтида аёл киши кўпроқ меҳрга, эътиборга муҳтож бўлиб қолади. Тўғри, кўнглим тусаганини ўзим қидириб, топиб еганман. Аммо отанинг туғилажак фарзанд учун кўрсатадиган ғамхўрлиги бошқача бўлади-да. Ҳар бир ота-она, буви ва бува учун соғлом фарзанд, набира кўриш, ортида қоладиган издошларининг ҳар жиҳатдан саломат бўлиши жуда муҳим. Баъзан шу каби жиҳатларда ҳомиладорнинг овқатланиши арзимас масаладек туюлади. — Ҳомиладорга кўнгли тусаган нарса топиб берилмаса, у яширинча ейишга мажбур бўлади, — дейди психологи Замира Билолова. — Сиқилиш ва тушкун кайфият туғилажак боланинг феъл-атворига ҳам таъсир қилади. Халқ орасида “Агар бошқоронғи аёл гўшт ейман деса, этингдан кесиб бер”, деган нақл бор. Бошқоронғи аёлнинг тансиқ нарсаларни фақат ўзи ейиши айб саналмайди. Унга кўнгли тусаганини топиб бериш турмуш ўртоғи ва қайнонанинг бурчи ҳисобланади. Аммо шу бурчни ҳамма эр ёки қайноналар англаяптими? Янги хонадонга тушган келин учун оилавий муҳитга мослашиш бироз қийинчилик туғдириши табиий. Шундай вақтда оила аъзолари ва келин ўртасидаги қалбан яқинлик оилада соғлом муҳитни юзага келтиради. Она эмас, бола сўрайди Дугонам яқинда ўғил фарзанд кўрди. Туғуруқхонадан чиққач, кўришга бордим. Чақалоқни қўлимга оламан десам, жуда кичкина ва нимжонлигидан бироз ҳайиқдим. Ундан нега фарзандининг заифлигини сўраганимда, ҳўнграб йиғлаб юборди. Қайнонаси бир-икки марта эрининг яшириб олиб келган егуликларини кўриб қолгач, ҳар иккисига ҳам оғир гаплар гапирибди. Шундан кейин тинчини ўйлаб, бирор нарса егиси келса ҳам чурқ этмабди. Бола эса ўзига керакли озиқани ололмагач, жуда нимжон бўлиб туғилибди. Шифокорлар гўдакнинг иммунитети паст ва тез-тез касалликка чалиниши мумкинлиги сабаб эҳтиёт қилиш зарурлигини тайинлашибди. — Тўғри овқатланиш аёлни ҳомиладорлик даврида жисмоний жиҳатдан соғлом ҳис қилишига ёрдам беради, — дейди гинеколог Гулноза Жўраева. — Халқимизда ҳомиладор кўнгли тусаган нарсани озгина бўлса ҳам емаса, бола чиноқ бўлиб қолади, деган гап бор. Бунда бола тўла-тўкис ривожланиши учун зарур озиқа талаб қилаётганига ишора бор (айниқса, 11-12 ҳафталик муддатларда). Аммо оналар “яхши юрибман-ку, шифокор айтаверади-да”, деб бепарво бўлишади.Аслида етишмаётган озиқани онанинг нафси эмас, ривожланаётган ҳомила, яъни бола талаб…

50

Оиладаги жанжалдан фарзанд жабр кўради

МУШОҲАДА Турмуш ташвишлари, рўзғордаги арзимас баҳона саба эр-хотин ўртасида юзага келган келишмовчиликка кўпчилик аралашмайди. “Ҳа, энди рўзғор бўлгандан кейин тортишади-да” ёки “Эр-хотиннинг уруши — дока рўмолнинг қуриши”, қабилида бундай вазиятни оқлайдиганлар кўп. Аммо бу жанжалларни жимгина кузатиб турган қора кўзлар, катталарнинг “қилиғи”дан озорланаётган жажжи юраклар-чи? “Боланинг олдида жанжал қилиб бўлмайди, тарбияси бузилади”, деган ҳақиқатни барчамиз яхши биламиз. Лекин бунга қанчалик амал қиляпмиз? Жиноят илдизи оиладами? Бола ниҳоятда тақлидчи бўлади. У оиладаги катталарнинг барча ижобий ва салбий хатти-ҳаракатларини зийраклик билан кузатади. Турмуш ташвишлари, рўзғор икир-чикирлари билан бўлиб, буни эътибордан четда қолдирамиз. Оиладаги можаролар эса болани руҳан тажанг қилади, уйдан бездиради. Фарзандлар, аввало, жанжалдан қўрқади. Қолаверса, ота-онага нисбатан ҳурмати пасаяди. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, балоғатга етмаган жиноятчиларнинг 61 фоизини носоғлом муҳитда вояга етаётган болалар ташкил этади. Инсон умри давомида оладиган барча маълумотларининг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда қабул қилар экан. Айнан шу палла унинг қалбида оиладаги муҳит таъсирида маънавиятнинг илк куртаклари намоён бўла бошлайди. Биз ота-оналар фарзандимиз бировдан кам бўлмасин, деб тун-кун ишлаймиз, яхши едирамиз, кийинтирамиз, қимматбаҳо буюмлар олиб берамиз. Бетоб бўлса, мижжа қоқмай, унга ғамхўрлик қиламиз. Лекин руҳий ҳолатига зарба берадиган жанжаллардан ўзимизни тия олмаймиз. — Жанжал кўп бўладиган оиланинг фарзандлари қўрқоқ, журъатсиз, ўз фикрини эркин билдира олмайдиган ёки аксинча, ёлғончи ва тажовузкор бўлади, — дейди Олмазор туманидаги 11-мактаб ўқитувчиси Наргиза Холдорова. — Дарсларни яхши ўзлаштира олмайдиган, тарбияси оғир ўқувчилар билан суҳбатлашганимда, уларнинг оиласида соғлом муҳитнинг йўқлини аён бўлади. Биз буни ота-оналарга ҳам тушунтирамиз. Баъзилари, ҳатто, ўз айбини тан олмайди. Гўёки боланинг тарбиясига фақат мактабдаги устозлари масъулдик. Айрим ёш эр-хотинлар “ҳали болам ёш-ку”, деб улар олдида бемалол бир-бирининг айбларини муҳокама қилишади. Гўдак кичик бўлса-да, ҳамма нарсани тушунади. Жанжаллар оқибатида ёш болада қўрқув, йиғлоқилик, тажанглик ҳолатлари пайдо бўлади. Охир-оқибат у ўсмир ёшга етганда, ўзининг салбий натижасини кўрсатади: атрофдагиларга нисбатан тажовузкор бўлиб қолади. Ота-онани ҳам, бошқаларни ҳам ҳурмат қилмайдиган , маданиятсиз бир кимсага айланади. Ҳаммаси ўз қўлимизда Низолар нафақат боланинг руҳиятига, балки унинг саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Айримлардаги бош оғриқ, кўзни тез-тез пирпиратиш, кўриш қобилиятининг пастлиги, кўнгил айниши, юракнинг тез уриши, оғир неврологик касалликлар оиладаги носоғлом муҳит таъсирида юзага келади. Бир танишим бор — Муқаддас Шарипова. Оиласи барчага ўрнак бўлгулик. Фарзандлари тарбияли, оқил, бир-бирига меҳрибон, каттани ҳурмат, кичикни иззат қиладиган, қатъиятли бўлиб вояга етяпти. Буларнинг бари оилада соғлом муҳитнинг мавжудлиги ва онанинг оқилалигидандир. Бола тарбияси борасидаги қоидаларни кўздан кечирар эканман, бир банди эътиборимни тортди: “Болани севинг ва иззат қилинг”. Эътибор берсангиз, аксарият ёш ота-она катталар олдида ўзларини жанжалдан тийишади. Нима учун? Катталарга бўлган ҳурмат юзасидан! Бола-чи? У иззатга арзимайдими? Агар шу қоидага амал қилганимизда, қанча-қанча хунук ҳолатларнинг олди олинган бўлармиди?.. Ҳамма ҳам фарзандининг келажакда буюк инсон, олим, спортчи, санъаткор, қисқаси, яхши одам бўлишини хоҳлайди. Унинг пок қалби меҳрни, қувончни туйса, қулоқлари яхши сўзни эшитса, кўзлари эса тарбияли, маънавияти юксак инсонларни кўрса, бу орзулар рўёга айланмайди.   Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА, “Mahalla” мухбири.

64

ОТА БЎЛИШНИНГ нафақат маънавий, балки ҚОНУНИЙ ТАЛАБИ ҲАМ БОР!

Тасаввур қилинг, эр-хотин ўзаро келишмовчилик ёки бошқа сабабларга кўра, маълум вақтдан буён бирга яшамаяпти. Аёл ҳомиладор. Ана шундай вазиятда, бўлажак она, гарчи ҳали фарзанди туғилмаган бўлса ҳам, турмуш ўртоғидан ҳомиладорлик даврида ўзининг таъминоти учун алимент ундириши мумкин. Чунки қонун талаби шундай. Яқинда шу мазмундаги ишни кўриб чиқдик. Фарида Холмуродова (исм-шарифлар ўзгартирилган) судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Зойирбек Рустамов билан 2025 йил октябрь ойида қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганлигини, бироқ ҳозирда иккиси бирга яшамаётгани, айни вақтда ҳомиладор эканлиги сабабли меҳнат қилиш имконияти йўқлигини маълум қилган. Турмуш ўртоғи унинг таъминоти учун моддий ёрдам бермаётгани боис ҳар ойда 2 миллион сўмдан алимент ундириб беришни сўраган. Туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси мутахассисларининг текширув хулосаларига кўра, даъвогар ҳақиқатан ҳам, олти ойлик ҳомиладор эканлиги маълум бўлган. Ўз навбатида, Зойирбек Рустамов даъвони тан олмай, агар аёли у билан бир оила бўлиб яшаса, таъминот беришини, акс ҳолда, алимент тўлашга қарши эканлигини баён қилган. Хўш, бундай вазиятда қонун талаби нимадан иборат? Оила кодексининг 117-моддасига кўра, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Мазкур кодекснинг 119-моддаси талабига кўра, эр-хотин (собиқ эр-хотин) ўртасида алимент тўлаш тўғрисида келишув мавжуд бўлмаган ҳолларда, эр ёки хотинга (собиқ эр ёки хотинга) суд тартибида ундириб бериладиган алимент миқдори тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини инобатга олиб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланади. Бироқ бу сумма қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг 11,5 фоизидан кам бўлмаслиги лозим. Суд иш ҳолатини батафсил ўрганиб, қонун талабларига асосан, даъвогар Фарида Холмуродованинг фойдасига жавобгардан ҳомиладорлик даври тугагунига қадар ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида алимент ундиришни лозим деб топди. Жасуриддин АБДУСАТТАРОВ, фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро суди раиси

31

Бахтли оила сабр, муроса ва ҳурмат билан бунёд бўлади!

ОҚИЛАЛИК — ОИЛА БЕЗАГИ   Маҳаллада иш бошлаган вақтим жуда ёш эдим. Ич-ичимдан қўрқув ва ҳадик бор эди. Атрофдагилар ҳам бирор натижа кўрсатишимга шубҳа билан қарашди. Лекин бу тўсиқларни енгиб ўтиш учун ўзимда куч топдим. Фақат олға интилдим, ўқидим, изландим. Қолаверса, йиллар давомида тўпланган тажриба сабаб халқ ишончини қозона олдим. Ҳар куни тонгни янги мақсад ва орзулар билан бошлайман. Ниятларимда ҳудудимизда истиқомат қиладиган аёлларнинг бахтли ва хотиржам ҳаёт кечириши мужассам. Бу йўлда баъзан ярим тунга қадар идорада қолиб кетаман. Иш жуда кўп. Ҳал этиладиган муаммолар талайгина. Айни вақтда иккита маҳалла ҳудудида фаолият юритаман. “Ибрат”да ҳаммаси жойида. Хотин-қизлар анча фаол. Ишсизлар деярли йўқ. Аёллар мунтазам равишда янги ташаббуслар ва лойиҳаларни амалга ошириб келяпти. “Ахиллик” маҳалласида эса вазият бироз жиддий. Кўп оилаларда эркаклар аёлининг ишлашига рухсат бермайди. Фақатгина фарзанд тарбияси ва рўзғор юмушлари билан банд бўлишини истайди. Лекин улар орасида иқтидорли ва иштиёқи баландлари кўп. Шундай опа-сингилларимизни уй шароитида бандлигини таъминлаяпмиз. 5-6 нафар чеварни бир хонадонга йиғиб, тикувчилик билан шуғулланишига шароит яратиб бердик.   Аёлнинг ижтимоийлашувини таъминлаш, жамиятдаги ўзгаришлар билан ҳамнафас яшашини таъминлаш оила муҳитига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Фарзандлар тарбиясига муҳим аҳамият касб этади. Шу боис гарчи хонадон вакиллари моддий жиҳатдан ўзига тўқ бўлишига қарай, аёлни меҳнат қилишга ундаяпмиз. Мазкур ҳудудда ишсизлик кўрсатикичини камайтириш учун ишлаб чиқариш корхоналарига эҳтиёж баланд. Хотин-қизлар узоққа қатнашдан кўра, уйига яқингина жойда ишлаши уларга ҳар жиҳатдан маъқул. Шунда рўзғор юмушларига ҳам бемалол улгура олади. Хотин-қизлар фаоли сифатида низо келиб чиққан оилаларга тез-тез киришимга тўғри келади. Келиша олмаётган эр-хотинлар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Йигитлар ҳам, қизлар ҳам жуда сабрсиз бўлиб кетган. Ҳамма нарсага тезгина эришишни истайди. Келинларнинг қайнонага тоқати йўқ. Айримлари тўйдан олдин алоҳида яшаш шарти билан турмушга чиқяпти. Баъзан қайноналарга ҳам ҳайрон қоламан. Уйланган ўғлини келинидан қизғонади. Ҳар ишдан камчилик қидириб, арзимаган нарсаларга жанжал кўтаради. Бу каби муаммоларни бартараф этиш учун ҳудудларда фаолият юритаётган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида қайнота-қайноналар учун ҳам махсус машғулотлар ташкил этиш керак. Келин-куёвларнинг ўқиш муддатини узайтириш натижадорликни янада оширган бўларди. Ҳозир “еттилик” вакиллари билан бир ташкилот биноси ажратиб берган хонада ўтирибмиз. Баъзан дардини айтиш учун келган аёллар ийманибгина чиқиб кетади. Оилавий можароларни муҳокама қилиш учун шароит йўқ. Қанийди, маҳалламизнинг ўз идораси ва ҳар бир ходимнинг шахсий хонаси бўлса, аҳоли муаммолари билан ишлаш ҳам анча осон кечарди. Умида ОРИФЖОНОВА, Гулистон туманидаги “Аҳиллик” ва “Ибрат” маҳаллалари хотин-қизлар фаоли.          

34