Кўзгу

“Биз рақамлар ортидан қувмадик, ҳисоботлар билан ҳисоблашмадик…”

“ТОП-100”: СИЗНИНГ ҚАНДАЙ ТАШАББУС ВА ТАЖРИБАНГИЗ БОР?     Йиғинимиз мамлакатимиз маҳаллалари орасида “ТОП-100” таликдан ўрин олгани бежиз эмас. Бу натижа ортида ҳар бир хонадон, ҳар бир оила ва ҳар бир фуқаро билан олиб борилган тизимли ишлар мужассам. Маҳалламизда бир вақтлар ишсизлик, камбағаллик ва меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди. Биз ушбу масалаларга рақам сифатида эмас, инсон тақдири сифатида қарадик. Натижада ишсиз сифатида рўйхатга олинган 79 нафар фуқаронинг барчаси доимий ва даромадли меҳнат билан банд қилинди. Бунинг ортидан кўплаб оилаларнинг иқтисодий аҳволи яхшиланди, хонадонларга барака кирди. Шунингдек, маҳалламиздаги 23 та камбағал оилани мазкур тоифадан чиқариш бўйича манзилли ишлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда фақат моддий кўмак бериш билан чекланиб қолмаяпмиз. Асосий эътибор оилаларнинг ўзини ўзи таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга, меҳнат қилиш ва даромад топиш учун шароит яратишга қаратиляпти. Зеро, инсонни ёрдамга ўргатиш эмас, мустақил ҳаётга тайёрлаш муҳим. Биз эришган энг муҳим натижа — меҳнат миграцияси билан боғлиқ. Йил бошида маҳалламиздан 133 нафар фуқаро турли давлатларда меҳнат қилиб юрарди. Бу рақам ортида эса юрт соғинчи билан яшаётган юзлаб инсонлар, ота меҳрига зор фарзандлар, оиласи бағридан узоқдаги юртдошларимиз тақдири мужассам эди... Меҳнат миграцияси фақат иқтисодий ҳодиса эмас. У оиланинг маънавий муҳитига, фарзандлар тарбиясига, маҳалладаги ижтимоий муносабатларга ҳам таъсир кўрсатади. Чет элда меҳнат қилаётган инсон пул топиши мумкин, аммо фарзандининг улғайиш жараёнини, оиласи билан ўтадиган энг қадрли лаҳзаларни ортга қайтариб бўлмайди. Шу боис биз меҳнат миграциясига фақат иқтисодий жараён сифатида эмас, ижтимоий масала сифатида ёндашдик. Ҳар бир мигрантнинг оиласи билан учрашдик, уларнинг муаммоларини ўргандик, қайтишга тўсқинлик қилаётган омилларни таҳлил қилдик. Хорижда юрган фуқаролар билан доимий мулоқот ўрнатилди, уларга юртимизда яратилаётган имкониятлар ҳақида тушунтириш берилди. Энг муҳими, улар қайтгач, муносиб иш ва даромад манбаи билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратдик. Маҳалла, сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар ва тадбиркорлар ҳамкорлигида қайтиб келган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилди. Айримлари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига жойлаштирилди, бошқалари тадбиркорликка жалб этилди, яна бир қисми касб-ҳунар ўрганиш орқали ўз фаолиятини бошлади. Мисол учун, Санъат Қўчқоров 10 миллион сўм кредит эвазига деҳқончилик фаолиятини бошлади, Оғабек Қурбонбоев эса 33 миллион сўм кредит маблағи ҳисобидан хизмат кўрсатиш тармоғини ишга туширди. Ишсиз сифатида рўйхатга олинган Жавлонбек Ўразимбетов имтиёзли кредит орқали автомобилларни ювиш шохобчасини ташкил этди. Натижада меҳнат миграциясида бўлган 116 нафар фуқаро Ватанга қайтарилди. Бу шунчаки рақам эмас, бу — юздан ортиқ оиланинг қайта бирлашгани, фарзандларнинг ота-она бағрига қайтгани, маҳаллада инсон капитали ва меҳнат салоҳиятининг тикланганидир. Бугун биз бир ҳақиқатни чуқур англаб етдик: инсон ўз юртида меҳнат қилиб, оиласи даврасида яшаш имкониятига эга бўлса, бу ҳар қандай кўрсаткичдан устун натижадир. Маҳалланинг ҳақиқий тараққиёти ҳам айнан шундан бошланади. Хитой овули тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, миграция оқибатларига қарши курашишнинг энг самарали йўли — одамларнинг ўз юртида муносиб меҳнат қилиши учун шароит яратишдир. Инсонга иш берсангиз, у даромад топади. Даромад топса, оиласи мустаҳкам бўлади. Оила мустаҳкам бўлса, маҳалла тараққий этади. Маҳалла тараққий этса, мамлакат ривожланади. Давлатбой ОТАЖОНОВ, Амударё туманидаги Хитой овул фуқаролар йиғини раиси.

65

“Осмон қироли”нинг ўзлик сари парвози

ПРЕМЬЕРАДАН СЎНГ...   Ҳар сафар тайёра ердан кўтарилар экан, туйғулар яна бир бор тафтишдан ўтади. Осмон — шунчаки йўл эмас, у ирода ва ўзликни англаш майдони. Буни, айниқса, учувчилар яхши билади. Куни кеча Миллий кино санъати саройида премьераси бўлиб ўтган “Осмони фалакларда: Осмон қироли” фильми айни мавзуни кўтариб чиққани билан томошабинлар эътиборини тортди. Воқеалар юртимиз тарихининг энг мураккаб даврларидан бири — мустақиллик арафасида кечади. Ёзувчи Хайриддин Султон сценарийси асосида кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов тасвирга олган ижод намунаси кишини чуқур мушоҳадага чорлайди. Сюжет марказида сирли феъл-атворга эга учувчи Шамшетов ва унинг шогирди Бадалов туради. Улар ўртасидаги “Устоз-шогирд” анънасига асосланган муносабатдан кўриш мумкинки, ҳар қандай соҳада инсон ўз йўлини топиши учун ҳаётнинг паст-баландини кўрганларнинг кўмагига муҳтож бўлади. Кўрсатилган тўғри йўл, берилган мустаҳкам сабоқ тўсиқларни енгиб ўтишда қалқон вазифасини ўтайди. — Ватанга муҳаббат ва садоқат, касбга бўлган фидойилик, бурч ва матонат ҳақида сўзловчи асар асосида янги фильм суратга олинди, — дейди Кинематография агентлиги директори, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев. — Ушбу картина, асосан, драма жанрида. Кино асарда авиация наинки касб ёки соҳа сифатида, балки инсоннинг маънавий баландлиги экани ўзига хос тарзда талқин этилган. Ушбу фильмда томошабин авиациянинг мафтункор оламига кириб бориши билан бирга, инсон қалбидаги мураккаб кечинмалар, виждон ва манфаат, орият ва мунофиқлик, юксаклик ва тубанлик ўртасидаги кескин курашга гувоҳ бўлади.  Асарда илгари сурилган яна бир ғоя — ҳалоллик ҳамда касбга садоқат. Бадалов устозидан айни шу жиҳатларни қунт билан ўрганади. Ҳам учувчилик, ҳам инсонийлик нуқтаи назаридан берилган билимлар йигитга ўз йўлини топиб олишда дастур вазифасини ўтайди. Шамшетовнинг атрофида лавозим ва мансаб ортидан югурадиган кишилар жуда кўп бўлади. Улардан бири Эшбеков билан иккиси яқин дўст эди. Лекин умр чорраҳаларидан йўллар айро тушади. Фидойилик ва лаганбардорлик ўртасидаги танлов сабаб муносабатлар узилади. Гарчи Эшбеков танлаган йўлини тўғри деб билса-да, Шамшетов уни юрагига яқин олиб, бундан қаттиқ оғриқ туяди. Ҳақиқий учувчининг увол бўлган иқтидорига ачинади. Унинг кечинмаларидан англаш мумкинки, дўстлик фақатгина юзаки мулозаматлар билан чекланиб қолмаслиги, аксинча қалб ришталарини боғловчи туйғуга айланиши керак. Фильмда тасвирланган манзаралар томошабинни бир муддат тарихий дамларга етаклайди. Ижодкорлар ўша давр муҳитини маҳорат билан кўрсатиб берган. Бу қайсидир маънода бизга ўзаро солиштириш имконини ҳам тақдим этади. Бугунги бунёдкорлик, ўзгариш ва ислоҳотларни янада теранроқ ҳис қиламиз. Бир сўз билан айтганда, “Осмон қироли” учувчилар ҳаёт тарзини ўзига хос ёндашув асосида кўрсатиб берган. Улар фалак бағрига кўтарилар экан, ҳар сафар умрини тахликага қўяётганини ич-ичидан ҳис қилади. Шу боис хатолари, йўл қўйган камчиликлари учун ўзини ўзи сўроқлайди. Шемшетов каби касб фидойилари эса виждон поклиги, қалб хотиржамлиги учун доим тўғри йўлни танлайди. Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА, “Mahalla” мухбири.

48

“Мен боғ барпо этишга чоғландим, сиз ҳам юринг…”

ИНСОН ВА ТАБИАТ   Куни кеча пойтахтимизда бунёд этилаётган Миллий дендрология боғида Президентимиз бошчилигида кўчат экиш тадбири бўлиб ўтди. Албатта, дастлабки ниҳолни Юртбошимиз экиб бердилар. Мен бу жараённи кузатар эканман, таҳликали вазиятда яшаётган дунёда Ўзбекистон деган жаннатмакон юртда туғилганимга шукроналар келтирдим. Халқимиз яратувчи, бунёдкор, меҳнаткаш, тадбиркор ва эзгу ниятларига фақат ҳаракати, келажакка бўлган ишончи туфайли эришадиган халқдир. Президентимиз ўз маърузасида халқимизнинг азалий одатлари, кўчат экиб, боғ яратишдаги фазилатларига алоҳида тўхталиб, бу эзгу қадриятлар бардавом бўлиши кераклигини таъкидлади. Қаранг, юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасида беш йил давомида ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиб келинмоқда. Минглаб гектар майдонларда яшил боғлар, яшил жамоат парклари, кўплаб массивларда “Янги Ўзбекистон боғлари” барпо этилиши ўз-ўзидан бўлмади, ахир. Юрт раҳбарининг катта эътибори, ташаббуси ва раҳнамолигида Орол денгизининг қуриган тубида яшил ўрмонзорлар яратилди, кўплаб туманларда сувсизликка чидамли галофит боғлар бунёд этилди. Бу йил “Мен ҳам кўчат экаман” ташаббуси доирасида 75 миллион тупдан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилди. Мен бу рақамлар ичида бизнинг Қува тумани ҳам борлигидан қувонаман. Айниқса, узоқ йиллардан бери қилган орзуларимиз ушалди. Яъни Каркидон сув омбори ҳудуди қисқа фурсатларда таниб бўлмас қиёфага келди. Кимсасиз ётган адирликлар бағридаги 300 гектар ерга яқин майдонда “яшил белбоғ” ташкил этилиб, 10 минг тупдан зиёд дарахт кўчатлари экилди. Унга яраша суғориш тизими жорий қилинди. Шунингдек, 50 гектар майдонда “Сокин ҳудуд”ташкил қилиниб, Хитой давлатидан келтирилган гуллар ва манзарали дарахтлар экилди. Мен яшаётган туманда маҳаллалар, кўчалар кун сайин обод бўлиб бораётганидан фахрланаман. Кечаги тадбирда айтилган натижалар, даврадаги олимлар, шоирлар, санъаткорлар, журналистларнинг фикри мени ҳам ғоят тўлқинлантирди, руҳий қувват берди. Етмишдан ошган бўлсам, нима қариб қолибманми, дедим. Эрта тонгда набирам билан томорқамизга 15 туп хурмо дарахти экдик. Икки йил муқаддам экилган гилос кўчатларимизни парвариш қилдик. Токи биздан эртанги кунга яшил боғлар қолсин. Бугун маҳалла фуқаролар йиғини биносига бораман, қўшниларимиз билан кўчаларимизни янада обод қилиш тўғрисида суҳбат ўтказаман. Президентимизнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасида қилган маърузасида белгиланган вазифаларни уларга етказаман. Кейинги сафарим туман хотин-қизлар бўлими фаоллари, журналистлар, ёш ижодкорлар даврасига бўлади. Зеро, биз оналар ўз фарзандларимизга, набираларимизга, экологик тоза ҳаётни, тинч ва осуда ватанни қолдиришимиз керак. Омон бўлсин Она Еримиз, Тинчлик бизга энг эзгу тилак, Мен наслимга – келажагимга – Тинч Ватанни беришим керак! Зуҳра АЛИЕВА, “Қува ҳаёти” газетаси бош муҳаррири.

28

Эзгулик ва инсонпарлик бўёқларда янада сержило

ҲАМКОРЛИК   Жамиятни юксалтириш, халқнинг яшашга иштиёқини янада ошириш, олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда ўзаро ҳамкорлик катта аҳамиятга касб этади. Айниқса, маҳалла тизимида барча йўналишларни баробар ривожлантириш кутилган натижани бериши аниқ. Шу маънода Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Мазкур ҳужжат ҳар бир фуқаро ўзи ва оиласининг келажаги учун қайғуриши, боқимандаликка ўрганмаслиги бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш, фуқароларни ўз уйи ва кўчасини озода сақлаш, маънавий ва маърифий ишларда маҳалланинг ўрнини кучайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, янги ҳамкорлик тизими Янги Ўзбекистон қиёфасини тараннум этишга қаратилган тасвирий санъат асарлари яратишни рағбатлантиради. Бундан ташқари, меморандум доирасида Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб борган ҳудудларда истеъдодли ёш рассомлар иштирокида тасвирий санъат асарлари кўргазмалари уюштирилади. Мазкур ҳужжат доирасида “Янги Ўзбекистон: маҳалла – анъаналар – инсоний қадриятлар” мавзусидаги ранг-тасвир асарлари танловини ўтказиш белгиланган. Унга кўра, танловнинг маҳалла босқичини самарали ташкил этиш ҳамда ижодкорларни кенг жалб қилиш мақсадида республикадаги 8 992 та маҳаллада тадбирлар ташкил этилади. Маҳалла босқичида асарларни саралаш ишлари 2026 йил 14 март кунига қадар ўтказилиб, белгиланган тартибда туман (шаҳар) ташкилий қўмиталарига тақдим этилиши таъминланади. Маҳалла раиси ва ёшлар етакчиси ижодкорларни танловга кенг жалб қилиш, шунингдек, асарларни қабул қилиш ва саралаш ишларини сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратади. Танлов натижаларига кўра, ҳар бир маҳалладан тақдим этилган асарларни ташкилий қўмита рўйхат асосида тартибга солиб, 8 992 та ранг-тасвир асари йиғиб олинади ҳамда республикада ташкил этиладиган кўргазмада иштирок этишини таъминлайди. Республика миқёсида ўтказиладиган кўргазманинг санаси ва ўтказилиш жойи қўшимча равишда эълон қилиниб, иштирокчилар тегишли тартибда хабардор қилинади. Бугунги кунда тасвирий санъат инсонлар, хусусан, ёшлар камолотини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этяпти. Дунёда мафкуравий кураш кетаётгани, ёт ғоялар ёшларни ўз домига тортаётгани барчага маълум. Шу нуқтаи назардан замонавий тасвирий санъатда миллийлик ва умуминсоний қадриятларни юксак даражада тарғиб қилиш ва тасвирлаш халқни руҳлантириши, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаши аниқ. Умид қиламизки, санъат ва маданиятдек қудратли куч орқали инсон қалбига йўл топишда истеъдод эгалари муносиб ҳисса қўшади. Ижодкорлар ўз асарларида янги ижодий марралар сари илҳомлантирадиган муқаддас тушунчалар — Ватан, халқ манфаати, эзгулик ва инсонийлик каби ўлмас ғояларни бош мақсад қилиб қўйса, уларни бадиий маҳорат билан ифода эта олса, шубҳасиз, ўзининг ижтимоий вазифасини сидқидилдан адо этган бўлади. Жамшид ЧОРИЕВ, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бошқарма бошлиғи.

20

Тўсиқ эмас, дастак билан ҳаёт завқи бошқача

МУШОҲАДА Болалик хотираларини ёдга олганимда, бехос қўшнимизнинг юра олмай, бир жойда ўтириб қолган қизи эсимга тушади. Эшитишимча, у туғилганда, шифокорлар йўл қўйган хато сабаб ногирон бўлиб қолган экан. Бу мусибат онани йиллар давомида қийнагани аниқ. Лекин аёл ташвишини ҳеч кимга билдирмасликка ҳаракат қиларди. Ҳатто, уйида имконияти чекланган фарзанд парваришлаётганини бошқалардан яширишга уринарди. Доим маҳалла-кўйдан хол-аҳвол сўраб келганларни эшик олдидан кузатарди. Айрим вақтлар онам бирор тансиқ таом илиниб, бериб юборганида, Ўлмасой билан бирозгина суҳбатлашишга улгуриб қолардим. Ҳар сафар мени кўрганида кўзлари қувончдан порлаб кетарди. Унинг ҳам одамлар билан мулоқот қилгиси, ўзига кимнидир яқин олиб, дардлашгиси келарди. Улғайгач англаб етдимки, инсоннинг жисмоний имкониятлари чеклангани билан қалби бутун бўларкан. У ҳам бошқалар каби атрофидагилардан меҳр кутиб яшаркан. Кўнглига яқин кишилар билан гаплашиб, руҳан енгил тортгиси келаркан. Аммо нотўғри қарашлар, “одамлар нима дейди” қабилидаги хато фикрлар бу эркинликни бўғиб қўяётганини кеч англаб етамиз. Ўлмасой ўттиз беш йиллик умрини фақат битта хонада яшаб ўтказди. Болалигида тенгқурлари билан ўйнай олмади. Уйига ўртоқларини чақириб, меҳмон қилолмади. Баҳорда қир-адирлардан лолалар узолмади... Тўғри, бундай вазиятда фақатгина унинг оила аъзоларини айблаш нотўғри. Сабаби, бундан йигирма йиллар аввал ногиронлиги бўлган фуқароларнинг аравача олиши ёки махсус қўлтиқтаёққа эга бўлиши анча қийин эди. Қолаверса, ҳозиргидек реабилитация қилиш марказлари жуда кам бўлган. Бугун юртимизда ижтимоий ҳимоя тизими жадал одимлаяпти. “Еттилик” ходимлари ҳар бир хонадон билан манзилли ишлаб, кўмакка муҳтож кишиларни аниқлаяпти. Айниқса, инклюзив таълим, кундузги қараб туриш хизмати, адаптив спорт турларининг ривожланаётгани ногиронлиги бўлган фуқаролар учун янгидан-янги имконият эшикларини очаётганига гувоҳмиз. Лекин шунча шароитдан мақсадли фойдаланиш ўрнига имконияти чекланган фарзандини одамлар орасига қўшишдан уяладиган, уларни уйидан кўчага чиқаришни истамайдиган ота-оналар борлигини рад этолмаймиз. Айни шу мавзуда маҳалла ходимлари билан кўп гашлашганмиз. Баъзан бундай оилаларга ойлаб қатнашга тўғри келаётгани ҳам рост. Назаримда, эскича қараш ва ўй фикрлардан воз кечиш вақти келди. Бу дунёга келган ҳар бир инсон ўз имкониятларидан фойдаланишга, жамиятнинг муҳим бир бўлаги бўлишга тўла ҳақли. Шу ҳақиқатни теран англаганимиз ҳолда қандайдир хасталик ёки жисмоний кемтиклик сабаб азият чекаётган яқинларимизга дастак бўлайлик. Кайфиятини кўтариш, орзу ва мақсадларини қўллаб-қувватлаш уларни анча тетиклаштиради. Руҳан бардам кишининг эса саломатлигида ҳам ижобий ўзгаришлар намоён бўлиши шубҳасиз. Айнан шундай ёндашув билан ҳақиқий инсоний бурчимизни адо этган бўламиз. Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА, “Mahalla” мухбири.          

41

Оталик бурчи унутилганда оилага дарз кетади, рўзғорда тутум

РАИС СЎЗ СЎРАЙДИ   Маҳалламиз кичкина, 2,5 минг аҳоли истиқомат қилади. Шундай бўлса-да, ҳар бир оиланинг дарду ташвишини аритиш, муаммоларини ҳал этиш, орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш “еттилик” аъзоларининг бирламчи вазифасидир. Очиғи, маҳалла тизимидаги узоқ йиллик фаолиятимиз давомида “еттилик” сингари аниқ мақсадга йўналтирилган, деярли барча соҳаларни қамраб олган, ҳар қандай кўмакни маҳалланинг ўзида ташкил этадиган ўзига хос тажриба йўлга қўйилмаган эди. Буни оддий одамларнинг ўзлари ҳам эътироф этяпти. “Хондамир”да ҳам “маҳалла еттилиги” ўз фаолиятини самарали олиб боряпти. Аниқ рақамларга эътибор қаратсак. Жорий йил бошида 31 та оила “Камбағал оилалар рееестри”га руйхатга олинди, шу вқақтга қадар 20 таси реесстрдан чиқарилди, уларнинг оила аъзолари бандлиги таъминланди. 11 та оила билан аниқ индивидуал режалар асосиад ишланяпти. 2026 йилда маҳалламиз камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилади. Шунингдек, 16 нафар фуқарога имтиёзли кредит ажратилди, 20 та иш ўрни яратилди. Қолаверса, “Аёллар дафтари”даги 15 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилди, 10 нафари доимий ишга жойлашди, 15 нафари уй шаротида ўзини ўзи банд қилди. Маҳалламиз ажралиш ва жиноятчилик масаласида “яшил” тоифада. Ўтган йили ва жорий йилнинг шу даврига қадар бирорта оила ажрашмади, жиноят содир бўлмади. Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, оилавий ажралишларга, асосан, молиявий масалалар, етишмовчилик, йўқчилик сабаб бўляпти. Ўғлимизни уйлантиришга шошяпмизу, унинг эртага оилани еплаши, рўзғорни юрита олишини ҳисобга олмаяпмиз. Аксарият ёшларнинг қўлида бирорта касби йўқ, ўқимаган, оқибатда ишсиз юраверади. Кузатсангиз, бугун кўпгина оилаларда оналар назоратни қўлга олган. Эркакларнинг оиладаги ўрни йўқолиб боряпти. Нега? Сабаблар яна ўша молиявий жиҳатга бориб тақалади: уйида етарли шароитни қилиб қўймаган, рўзғорнинг кам-кўстини бутламаган, оталик бурчини унутиб қўяётган эркакни аёли ҳурмат қиладими? Айниқса, шундан сўнг, аёлнинг ўзи ишласа, пул топса, рўзғорни юритса, “эрни нима қиламан, иккита болани ўзим эплаб оламан”, деган қараш шаклланиб боради. Оилага дарз кетади... Шу билан ҳаммаси тугайдими? Афсуски, йўқ! Икки ўртада болалар жабр чеккани қолади. Оғриқлиси, бу ажралиш эртага болаларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатишда давом этади: ўқиши, юриш-туришини назорат қилиш сусаяди, енгил ҳаётга ўрганиб боради, онанинг уларни тергаб туришга вақти бўлмайди. Демак, оила қуришдан олдин, биринчи навбатда, йигитлар бирор ҳунарли, касб-корли бўлсин, эртага оилани мустақил идора қила олсин, рўзғорни бутласин! Зеро, ажралишлар таҳлили бундай ҳолат кўпинча ўзига тўқ оилаларда эмас, айнан етишмовчилик доимий муаммо бўлган хонадонларда кўпроқ кузатилмоқда. Яна бир гап: кўчабоши ва уйбошиларнинг нуфузини ошириш керак. Боиси оилалардаги мавжуд ҳолат, уларнинг муаммолари, ҳудуддаги камчиликлардан айнан улар орқали доимий хабардор бўламиз. “Жамоатчилик асосида” деган сўзлар билан уларни шунчаки ишлатиб бўлмайди. Уларнинг ҳам рўзғори бор, ташвишлари етарлича. Истардикки, кўчабоши ва уйбошиларга аниқ белгиланган миқдорда устама ёки ойлик маош тўлаб борилса. Бу — уларнинг масъулиятини ошириб, маҳалла ишини жонлантирарди. Бахтиёр ОРИФЖОНОВ, Учтепа туманидаги “Хондамир” маҳалласи раиси.

96