Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда, маҳалла телеграм гуруҳларида гўёки “электр тармоқла-ри корхонасиданмиз”, деб одамлардан пул ундириб юрган фирибгарлар ҳақида хабар тарқала бошлади. Хўш, бу қанчалик асосли? Ҳақиқатан улар фирибгарми? Ушбу саволларга жавоб излаб, мавзуга таҳлилий ёндашдик. Чилонзор тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси берган маълумотга кўра, қатор телеграм каналларида эълон қилинган “Электр усталарми ёки фирибгарлар?” сарлавҳаси остидаги фотолавҳа тезкор ўрганиб чиқилган. Ўрганиш натижаси бўйича расмий баёнот берилган. Унда қайд этилишича, электр тармоқлари компанияси ходимларига ўхшаш махсус кийимда уйма-уй юриб, шартнома асосида ўз хизматини таклиф этган ишчиларнинг хатти-ҳаракати шубҳали, деб баҳоланган. Мазкур ҳолат юзасидан бошқарманинг жиноят-қидирув бўлими ходим-лари томонидан тезкор-суриштирув тадбирлари олиб борилган. Ўрганиш давомида муҳокамаларга сабаб бўлган электр усталар аслида ким ва қандай ташкилот эканига аниқлик киритилган. Маълум бўлишича, махсус кийимда уйма-уй юрган аёллар фирибгар эмас, балки пойтахтимиз ҳудудида хизмат кўрсатувчи “Электр тармоқ монтаж ҳолатлари” масъулияти чекланган жамияти ишчилари бўлиб чиқди. Оддий қилиб айтганда, бу жамият аҳолига уй ёки хонадон ичида электр билан боғлиқ созлаш, монтаж ва таъмирлаш хизматларини кўрсатади. Уларнинг ҳудудий бошқарув сервис компаниялари ёки туман электр тармоқлари корхонасидан фарқли томони ҳам айнан шунда. Жамият директори Темур Кўчимовнинг айтишича, корхона 2019 йилдан бери фаолият юритиб келади. 20 минг нафардан ортиқ мижозга эга. Аҳоли билан шартнома тузиш ихтиёрий шаклда амалга оширилади. Туман ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғини билан келишган ҳолда иш ташкил этилади. — Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасигача кўтарилди, — дейди Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Учқунбек Ирисбеков. — “Электр тармоқ монтаж ҳолатлари” масъулияти чекланган жамияти палата аъзоси сифатида қонуний фаолият олиб боради. Жараёнда биз ҳам уларни қўллаб-қувватлаш, зарур ҳуқуқий кўмак кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Шу ўринда айрим ижтимоий тармоқ фаоллари, гуруҳ ва каналлар билиб-билмай нотўғри ахборот тарқатаётгани тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув ҳисобланади. Шу боис улардан бу каби ёлғон ва асоссиз маълумотлар тарқатмасликни сўраймиз. Палата ўз аъзоларининг манфаатини қонуний асосда ҳимоя қилишга доим тайёр. Мақола тайёрлаш жараёнида жамият хизматидан фойдаланган айрим истеъмолчилар фикри билан ҳам яқиндан танишдик. Олмазор туманидаги Қорақамиш 2/4, 12-уй, 14-хонадон эгаси М.Йўлдошевнинг маълум қилишича, жамият ходимлари шартнома асосидаги чақирувга биноан зал, йўлак ва ошхона ўчирғичларини янгисига бепул алмаштириб берган. Шунингдек, Юнусобод туманидаги 16-мавзе, 7-уй, 17-хонадон эгаси Умида Аҳмедова чақирув орқали бепул хизматдан фойдаланган. Шартнома асосида барча камчиликлар бепул бартараф этилган. Шу каби хизматдан фойдаланиб, муаммоси ҳал бўлган яна минглаб фуқаролар жамият ходимларига ўз миннатдорлигини билдирган. Уларнинг таъкидлашича, нархлар жуда ҳамёнбоп. 45 минг сўм тўлов эвазига йил давомида бепул хизмат кўрсатилади. Ваҳоланки, кўчада хусусий электр усталар бир дона ўчирғични 50 минг сўмдан ўрнатади. Мухтасар қилиб айтганда, нохолис ва текширилмаган ахборотни тарқатиш орқали ҳар қандай ин-соннинг ишчанлик обрўси, шаъни ва қадр-қимматига путур етказиш мумкин. Шундай экан, ижтимоий тармоқ фаоллари, маҳалла ходимлари ва фуқаролардан ахборот улашаётганда эътиборли бўлиш ва расмий манбалардан маълумот олишни маслаҳат берамиз. Акс ҳолда қонун олдида жавоб беришга тўғри келади. Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ.
Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси ҳамда масъул ташкилот ва идора раҳбарларидан ташкил топган Республика ишчи гуруҳи пойтахт ҳудудларида аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммоларни ҳал этиш, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш каби йўналишлардаги ишларга кўмаклашиш мақсадида ўз фаолиятини Тошкентда давом эттирди. Президент маслаҳатчиси ўринбосари – Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигидаги гуруҳ томонидан Тошкент шаҳар масъулларига аҳоли муаммоларини ўрганиш, сайёр қабуллар ташкил қилиш, уларда аниқланган муаммолар бўйича вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ечим топиш каби вазифаларни бажаришда қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, пойтахт аҳолиси билан ўтказилган мулоқотлар, аниқланган муаммоларнинг ечими бўйича кўрилган чораларнинг натижадорлигини ўрганиш, ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи ва туман ҳокимлари иштирокида оғир тоифадаги маҳаллаларда 30 дан зиёд сайёр қабуллар ўтказилиб, уларда 300 дан зиёд жамоавий масалалар кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг 182 таси ижобий ҳал этилди, муайян вақт ва маблағ талаб этадиган 115 та масаланинг ижроси назоратга олинди. Мисол учун, 10 та оғир маҳалланинг электр таъминотини яхшилаш лойиҳаларининг манзилли рўйхати шакллантирилди ва тасдиқлаш учун Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига киритилиши таъминланди. Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Бектемир ва Сергели туманларидаги маҳаллаларда 12,6 млрд сўм маблағ ҳисобига 19 та трансформаторлар ўрнатилади ва 47 км электр тармоқлари тортилади. Мазкур рўйхат асосида ишларни бошлаш учун республика бюджетидан Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетга 3,8 млрд. сўм маблағлар ўтказиб берилиши таъминланди. Шунингдек, Яшнобод туманидаги “Ҳилол” маҳалласида, Мирзо Улуғбек туманидаги “Ижодкор” маҳалласида, Сергели туманидаги “Зиёлилар” маҳалласида ичимлик сув тармоғи тортилди. Пойтахт бўйлаб 800 кмдан зиёд лоток, ариқ ва зовурлари чиқиндилардан тозаланиб, 20 кмга яқин қисми бетонлаштирилди, 1,7 мингга яқин кўчалар чиқиндилардан тозаланди. Юздан зиёд қабристон ва зиёратгоҳлар обод қилинди. Мисол учун, Яшнабод тумани “Маърифат” МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг атрофидаги лотоклар тозаланди. Чилонзор тумани туман Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан, “Бунёдкор”, “Лутфий”, “Сўгалли ота” ва бошқа кўчалардаги ирригация лотоклари тошқин ҳолатини олдини олиш учун тозаланмоқда. Бундан ташқари, белгиланган режа-жадваллар асосида муборак Рамазон ойида пойтахт бозорларини асосий турдаги истеъмол озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, жойларда арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаларини ташкил қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан хабар олиш, уларга ёрдам кўрсатиш, ифторлик дастурхонларини ёзиш каби қатор ишлар амалга оширилди. Ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир 10 та маҳаллада 24 та арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди. Пойтахтнинг 12 та туманинг барча маҳалла ва кўчаларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини тизимли ва манзилли ташкил этилиб, бугунги кунга қадар ташкил этилган 913 та акция ва ҳашарларда 72 мингдан ортиқ аҳоли вакиллари иштирок этди. Жами 3 мингга яқин ижтимоий соҳа объектлари атрофлари ободонлаштирилди. Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.
Аёл борки, оналик мақомига эришишни истайди. Фарзандини бағрига босиб, унинг меҳрини ҳис этиш унинг учун энг олий саодат. Лекин тақдирнинг турфа синовлари сабаб тўққиз ой вужудида асраб-авайлаб кўтариб юрган гўдагини қандайдир нуқсон билан дунёга келтиришдан оғир мусибат бўлмаса керак. Йўл қўйилган қандайдир хатолар, қабул қилинган нотўғри қарорлар боис норасидаларнинг турли ирсий касалликлар билан туғилаётгани, афсуски, рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Ирсий кассалликлар ахборотларни наслдан-наслга ташувчи генларнинг ўзгариши натижасида юзага келади. Ҳар бир одам ўз генининг ярмини онадан, иккинчи ярмини отадан олади. Бир гуруҳ ирсий касалликлар генлардаги “яширин” зарарланиш оқибатида юзага келади. Кейинчалик етти авлодда бу салбий ҳолат такрорланиши мумкин. Ҳозирги кунда инсонда 35 мингта ген аниқланган. Шундан 7 мингтаси касаллик генлари ҳисобланади. Олимларнинг таъкидлашича, ирсий касалликлар бошқа соматик хасталикларга қараганда оғир кечади. Бу ногиронликка ёки гўдакнинг ўлимига сабаб бўлади. Баъзилари болада 3-4 ёшда пайдо бўлади, 14-15 ёшга бориб у ҳатто ўринидан тура олмай қолади. Носоғлом фарзанд туғилиши хавфи қон-қариндошлар қанчалик яқин бўлса, шунчалик ортиб бораверади. Орзиқиб кўтилган боланинг туғма нуқсон билан дунёга келиши, ота-она учун оғир фожиа демак. Чақалоқларнинг касаллик билан туғилаётгани, аёллар ва эркакларнинг бепуштлиги, 1 ёшгача бўлган болалар ўртасидаги ўлимнинг бир қисми ирсий омиллар билан боғлиқ. Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг оқибатлари ҳақида қанча кўп гапирилмасин, аҳоли қарашларини ўзгартириш қийин кечаётгани жуда ачинарли. Ваҳоланки, бунинг ортида қатор ижтимоий муаммолар яширинганки, бир қарашда кўзга ташланмаслиги мумкин. Хусусан, оилада фарзандсизлик ёки боланинг туғма ногиронлик билан дунёга келиши туфайли пайдо бўладиган келишмовчиликнинг ажралишгача етиб бораётганига тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Қолаверса, нуқсон билан туғилган чақалоқ сабаб нафақат эр-хотин, балки ота-она ва қариндошлар ўртасида низолар авж оляпти. Оқибатда, шу кунгача ахил-иноқ яшаб келаётган қондошлар бир-бири билан юз кўрмас бўлишгача етиб боришяпти. Масаланинг энг ўйлантирадиган жиҳати эса ногиронлиги бўлган болалар ва ажралишларнинг мамлакатдаги демокраграфик тенденцияларга салбий таъсир кўрсатишидир. Бу ҳали ҳаммаси эмас, яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳ қайсидир маънода оилани камбағаллик сари етаклайди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, қандайдир ирсий касаллик билан туғилган гўдакни даволашга анча-мунча сарф-харажат қилишга тўғри келади. Қолаверса, болани парвариш қилиш учун ота ёки она ишламаслиги, кун бўйи унинг ёнида бўлиши керак. Меҳнатга лаёқатли оила вакилининг ҳеч қандай машғулот билан банд эмаслиги, оиланинг моддий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши кундек равшан. Бугунги кунда камбағал сифатида рўйхатга олинган хонадонларнинг кўпида вазият айнан шундай экани сўзимизнинг яққол исботи. Юқорида санаб ўтилган барча муаммоларнинг ечими битта – қариндошлар ўртасидаги никоҳга йўл қўймаслик. Ўз келажаги ва юрт равнақини ўйлайдиган инсоннинг бундай катта хатога йўл қўйишга ҳаққи йўқ. Зулайҳо КАМОЛХЎЖАЕВА, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маъсул ходими.
Ўқитувчи деганда, ҳар биримизнинг кўз олдимизда замон билан ҳамқадам бўлган жонкуяр, зиёли шахс гавдаланади. Устозлик азалдан эътиборли касб, улуғ мартаба саналган. Сабаби, ҳар қайси инсон унинг қўлида савод чиқаради, таълим-тарбия олади. Бугун ҳар биримизнинг жамиятда ўз ўрнимизни топишимиз, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилишимизда устозларнинг ҳиссаси беқиёс. Афсуски, сўнгги пайтларда ана шундай мўътабар инсонларнинг шаъни, обрўсига путур етказиш, уларни ҳақоратомуз сўзлар билан камситиш ҳолатларига кўп дуч келяпмиз. Ҳаттоки, ижтимоий тармоқларда дарс вақтида синфхонага бостириб кириш, ўқитувчини ҳақоратлаш, ўқувчилар олдида изза қилиш, ҳатто дўппослаш ҳолатлари тез-тез муҳокамалар марказида бўляпти. Жумладан, яқинда Сирдарё туманидаги мактаблардан бирида аёл дарс вақтида синфхонага бостириб кириб, ўқитувчини ҳақорат қилиб, унга қўл кўтаргани акс этган видео жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Ота-оналарнинг куракка турмас ҳаракатларидан сўнг, уларнинг фарзандлари бу воқеадан ўзига қандай хулоса олади? Педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қимматига путур етар экан, ёш авлоднинг таълим-тарбияси яқин келажакда қай аҳволда бўлишини тасаввур қилишнинг ўзи аянчли. Шуни тушуниб олиш керакки, мактабга дуч келган одам (дарс вақтида ҳатто ота-она ҳам) истаганича кириб-чиқиши, дарс жараёни ва педагоглар фаолиятига аралашиши, ўқитувчига дўқ қилиш уёқда турсин, маданият чегарасидан четга чиқиб гаплашишга ҳақли эмас! Бунинг учун ҳатто жавобгарлик бор: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга биноан, педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш — фуқароларга БҲМнинг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилса — фуқаролар БҲМнинг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахслар ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима тўлайди ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олинади. Жамиятимизда учраётган айрим воқеликлар ўқитувчиларнинг меҳнатини қадрлаш, хавфсизлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳурматини ошириш қаратилган усулларни амалиётга татбиқ этишни кўрсатиб беряпти. Биринчидан, ўқитувчиларни зўравонлик ва қадрсизланишдан ҳимоя қилишда уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш лозим. Уларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонунлар ишлаб чиқиш керакки, ўқитувчига қарши зўравонлик учун жиддий жазолар белгилансин. Бу ўринда ўқувчиларни ҳам унутмаслик лозим. Ўқувчиларда педагогга нисбатан ҳурмат ва эътиборли муносабатни шакллантириш лозим. Бунинг учун таълим дастурларини такомиллаштириш, мактабларда ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида дўстона алоқани ривожлантиришга қаратилган тадбирларни ташкил этиб бориш самара беради. Бундан ташқари, мактабларда зўравонликка қарши ички қоидаларни ишлаб чиқиш керак. Ҳар бир ўқитувчи ўзини хавфсиз ҳис қилиши учун аниқ кўрсатмалар, тартиблар, ҳимоя тизими бўлиши лозим. Таълим муассасаларида зўравонликка қарши курашиш учун махсус дастурлар ишлаб чиқилиши зарур. Зеро, Сирдарёда кузатилган каби ҳолатларни фақат ўқитувчига зулм эмас, балки таълимга, тарбияга ва келажакка зўравонлик сифатида баҳолаш мумкин. Ўқитувчига зулмни мамлакат келажагига жиноят деб билиш вақти келди. Ўқитувчи ўз ишида хавфсиз ва ҳурматли шароитда ишлаши жамиятнинг янада юксалиши ва таълим тизимининг муваффақиятига замин яратади. Шаҳноза ХАЛИЛОВА.
Кейинги пайтда фирибгарликнинг янги усуллари пайдо бўлди. Жумладан, ижтимоий тармоқларда тўлиқсиз иш вақти ёки масофадан даромад олиш тўғрисидаги таклифлар кўп учраяпти. Иш излаётганларнинг содда ва ишонувчанлиги фирибгарликка кенг йўл очяпти. Кўпинча уйдан ёки тўлиқсиз иш кунида ишлаш истагида бўлган ёш болали оналар, туғруқ таътилидаги аёллар алданиб қоляпти. Мисол учун, сизга тест бирон бир топшириқнинг бир қисми сифатида иш таклиф қилинади. Кейин иш берувчи бу меҳнатга ҳақ тўламасдан ғойиб бўлади. Ёки фирибгар мижоздан маош ўтказиш ва бошқа турли баҳоналар билан унинг банк картаси маълумотларини сўрайди. Бу алдовга ишонган киши нафақат бажарган меҳнатига яраша ҳақ ололмайди, балки унинг ҳисобидан пул ечиб олиниши мумкин. Иккинчи ҳолатда мижозга товар сотиш таклиф қилинади. Маҳсулот учун олдиндан тўловни амалга ошириш сўралади. Пул ўтказилиши билан ҳисоб блокланади. Аслида ҳақиқий иш берувчи ҳеч қачон потенциал ходимдан пул сўрамайди. Шундай талаб қўйилган ҳолда — бу шак-шубҳасиз фирибгарлик! Фуқаролар алданиб қолмаслиги учун, аввало, ҳуқуқий билимини ошириши керак. Ҳар қандай таклифни таҳлил қила олиши лозим. Кейинги вазиятда фирибгарлар одамларнинг ишончига кириб, уларни катта маошлик ишларга жўнатишга ишонтиряпти. Бунга мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Куни кеча Самарқанд ва Навоийда ана шундай фирибгарлик фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилишича, Оқдарё туманида фуқароларнинг ишончига кириб, уларни Англия давлатига ишга юбориш эвазига 4 500 АҚШ доллари сўралган. Афсуски, терговга қадар текширув давомида яна 47 нафар фуқаро 37 160 АҚШ долларга чув тушгани аниқланган. Бундан ташқари, Навоий вилоятида 4 минг АҚШ доллари эвазига фуқароларни Корея давлатига яшаш ва ишлаш учун жўнатиш ҳамда виза ҳужжатларини тайёрлаб беришни айтиб, алданган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миграция агентлигининг ахборот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаровнинг маълум қилишича, хавфсиз миграция тизими йўлга қўйилган бўлса-да, негадир одамлар эҳтиётсизлик қиляпти. Осон йўл билан кўпроқ пул топиш иштиёқи уларни фирибгарлар қурбонига айлантиряпти. Аслида муаммога ечим бор. Республикамиз бўйича “Хорижга иш – маҳалладан” тамойили йўлга қўйилиб, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси хорижда ишлаш истагида бўлган фуқарони аниқлаб, “Онлайн маҳалла” платформасига киритади. Номзодлар хориждаги иш берувчилар танловларига жалб этилади. Бундан ташқари, касбий малакаси йўқ ва тилни билмайдиган фуқароларни касбга ўқитиш ва профтаълим муассасаларида мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилган. Бунинг учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги қошида Фуқароларни хорижий тилларга ўргатиш ва ишлашга мақсадли тайёрлаш маркази очилган. Шундай экан, хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимиз биринчи навбатда ўзлари яшаётган маҳаллага мурожаат қилсалар, ортиқча оворагарчилик ва кўнгилсизликнинг олди олинади. Мақсадбек ФАЙЗ.
Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлик фаолияти ривожлантириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири, деб белгиланди. Шундан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш судлар фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Аммо тадбиркорлар ҳуқуқларининг бир қатор шартномавий муносабатларда бузилиши ҳолатлари ҳам учраб турибди. Худди шундай ҳолат юз берганда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган суд ишларидан бири Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги “Чуқурсой” маҳалласида сайёр суд мажлисида тарафлар иштирокида кўриб чиқилди. Тошкент туманлараро иқтисодий судининг иш юритувидаги “Дилфузабону комилликка элтувчи сервис” хусусий корхонасининг “Оқибат-файз” МЧЖга нисбатан киритган 42 356 062,91 сўм зарар ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иш юзасидан сайёр судда “Чуқурсой” маҳалласи раиси О.Сулаймонова, профилактика инспектори Ш.Мухторов, МИБ Олмазор тумани бўлими давлат ижрочиси Ш.Мақсудов ҳамда А.Сайдалиева ва бошқалар иштирок этди. Суд мажлисидан сўнг тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга қонунчилигимизда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли экани қайд этилди. Низолар қонунчилик асослари доирасида кўриб чиқилиши, шу билан бирга, суд низоларни келишув йўли билан ҳал этиш, тарафларни келишувга эриштириш суднинг вазифаларидан бири экани, энг яхши ва тарафлар учун мақбул ечим бу — низони келишув йўли билан ҳал этиш экани юзасидан тушунтириш берилди. Назокат БАЙЗАКОВА, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси.
Sign in to your account