Аёл борки, оналик мақомига эришишни истайди. Фарзандини бағрига босиб, унинг меҳрини ҳис этиш унинг учун энг олий саодат. Лекин тақдирнинг турфа синовлари сабаб тўққиз ой вужудида асраб-авайлаб кўтариб юрган гўдагини қандайдир нуқсон билан дунёга келтиришдан оғир мусибат бўлмаса керак. Йўл қўйилган қандайдир хатолар, қабул қилинган нотўғри қарорлар боис норасидаларнинг турли ирсий касалликлар билан туғилаётгани, афсуски, рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат.
Ирсий кассалликлар ахборотларни наслдан-наслга ташувчи генларнинг ўзгариши натижасида юзага келади. Ҳар бир одам ўз генининг ярмини онадан, иккинчи ярмини отадан олади. Бир гуруҳ ирсий касалликлар генлардаги “яширин” зарарланиш оқибатида юзага келади. Кейинчалик етти авлодда бу салбий ҳолат такрорланиши мумкин.
Ҳозирги кунда инсонда 35 мингта ген аниқланган. Шундан 7 мингтаси касаллик генлари ҳисобланади. Олимларнинг таъкидлашича, ирсий касалликлар бошқа соматик хасталикларга қараганда оғир кечади. Бу ногиронликка ёки гўдакнинг ўлимига сабаб бўлади. Баъзилари болада 3-4 ёшда пайдо бўлади, 14-15 ёшга бориб у ҳатто ўринидан тура олмай қолади.
Носоғлом фарзанд туғилиши хавфи қон-қариндошлар қанчалик яқин бўлса, шунчалик ортиб бораверади. Орзиқиб кўтилган боланинг туғма нуқсон билан дунёга келиши, ота-она учун оғир фожиа демак. Чақалоқларнинг касаллик билан туғилаётгани, аёллар ва эркакларнинг бепуштлиги, 1 ёшгача бўлган болалар ўртасидаги ўлимнинг бир қисми ирсий омиллар билан боғлиқ.
Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг оқибатлари ҳақида қанча кўп гапирилмасин, аҳоли қарашларини ўзгартириш қийин кечаётгани жуда ачинарли. Ваҳоланки, бунинг ортида қатор ижтимоий муаммолар яширинганки, бир қарашда кўзга ташланмаслиги мумкин. Хусусан, оилада фарзандсизлик ёки боланинг туғма ногиронлик билан дунёга келиши туфайли пайдо бўладиган келишмовчиликнинг ажралишгача етиб бораётганига тез-тез гувоҳ бўляпмиз. Қолаверса, нуқсон билан туғилган чақалоқ сабаб нафақат эр-хотин, балки ота-она ва қариндошлар ўртасида низолар авж оляпти. Оқибатда, шу кунгача ахил-иноқ яшаб келаётган қондошлар бир-бири билан юз кўрмас бўлишгача етиб боришяпти. Масаланинг энг ўйлантирадиган жиҳати эса ногиронлиги бўлган болалар ва ажралишларнинг мамлакатдаги демокраграфик тенденцияларга салбий таъсир кўрсатишидир.
Бу ҳали ҳаммаси эмас, яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳ қайсидир маънода оилани камбағаллик сари етаклайди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, қандайдир ирсий касаллик билан туғилган гўдакни даволашга анча-мунча сарф-харажат қилишга тўғри келади. Қолаверса, болани парвариш қилиш учун ота ёки она ишламаслиги, кун бўйи унинг ёнида бўлиши керак. Меҳнатга лаёқатли оила вакилининг ҳеч қандай машғулот билан банд эмаслиги, оиланинг моддий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши кундек равшан. Бугунги кунда камбағал сифатида рўйхатга олинган хонадонларнинг кўпида вазият айнан шундай экани сўзимизнинг яққол исботи.
Юқорида санаб ўтилган барча муаммоларнинг ечими битта – қариндошлар ўртасидаги никоҳга йўл қўймаслик. Ўз келажаги ва юрт равнақини ўйлайдиган инсоннинг бундай катта хатога йўл қўйишга ҳаққи йўқ.
Зулайҳо КАМОЛХЎЖАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маъсул ходими.