Маҳалламиз Деҳқонобод туманининг энг олис ва чекка аҳоли яшаш манзилларидан бири ҳисобланади. Пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган бу ҳудуднинг мусаффо ҳавоси, зилол суви, унумдор тупроғи, айниқса, боғдорчилик учун жуда қулай. Меҳнаткаш, ташаббускор қишлоқ одамлари бу имкониятдан тўлақонли фойдаланмоқда. Аҳоли томорқасида ҳам, деҳқон ва фермер хўжаликларининг ер майдонларида ҳам шовуллаган боғларни учратасиз.
Ҳудуд аҳли олма етиштиришнинг ҳадисини олган. Бугунги кунда фақат олманинг ўзидан 300-400 миллион сўмлаб даромад топаётган оилалар кўп. Мисол учун, тажрибали боғбон Қурбонназар Норқобилов қарийб 50 йилдан буён олма етиштириш билан шуғулланади. Ҳозир боғдорчилик бўйича фермер хўжалигини ташкил қилган. Хўжалик тасарруфидаги 1,2 гектар ерда 350 туп олма дарахти бор. Ўтган йили 30 тоннадан ошиқ ҳосил олди. Бу йил янада кўпроғини чамалаб турибди.
Қ.Норқобилов каби миришкор боғбонларимиз кўп, ҳар бири олма етиштиришда ўзига хос тажриба яратган. Энди ҳисоб-китоб қилиб кўринг, айни вақтда бир кило сара олманинг ўртача улгуржи баҳоси 10 минг сўмдан кам эмас. Буни 30 тоннага кўпайтирсак, 300 миллион сўм маблағ, дегани. Бу фермер учун кам даромад эмас. Сарчашмалик оилаларнинг бугунги фаровон ҳаёти замирида уларнинг ана шу тадбиркорлиги, меҳнатлари ҳосиласи мужассам.
Яна бир жиҳат — маҳсулотни сотишда умуман муаммо йўқ. Ҳар йили ҳосил йиғими вақтида бу ерга кўплаб тадбиркорларнинг ўзлари келиб, олма сотиб олишади. Ҳатто харидорлар ҳали олмалар пишмасдан туриб, олдиндан бир қисм пулини тўлаб, боғларни банд қилиб кетишади. Сўнгра улар “Сарчашма” олмаларини мамлакатимизнинг барча ҳудудлари ҳамда хориж бозорларига етказиб беришади.
Ўзига тўқлик, ҳотиржамлик одамларни бунёдкорлик ишларига рағбат уйғотади. Шу маънода маҳаллада бирорта кўримсиз, қаровсиз ётган иморатни учратмайсиз. Одамлар ўз кўчаси, хонадони атрофини озода сақлашга интилади. Шунга кўра, инфратузилма билан боғлиқ масалалар ҳомийлик, ўзаро ҳамкорлик асосида ҳал этиляпти. Муҳими, маҳалла аҳли бугунидан мамнун, мамлакатдаги ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси билан яшамоқда.
Очил МЕНГЛИЕВ,
Деҳқонобод туманидаги
“Сарчашма” маҳалласи раиси.