Маҳалла аҳолисининг 30 фоизи турли давлат ташкилотларида меҳнат қилади. Қолган қисми тадбиркорлик, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, гулчиик ишлари билан банд. Жорий йил аҳолининг 12 фоизи турли йўналишлар бўйича ўзини ўзи банд қилиб, даромадли бўлди.
Маҳалла идорасига туташ ҳудудда маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари – тикувчилик ательеси, сартарошхона, гўзаллик салони фаолият юритмоқда. Шунингдек, йиғинда 3 та дераза ва эшик-ром ясовчи уста-ҳунарманд, автомобиль устахоналари ҳамда битта боғча ва оилавий поликлиника бор.
Муаммо: аҳоли кўчаларнинг абгор ҳолатидан, электр энергия кучланиши пастлигидан хонадонларидаги маиший техникалари куйиб қолаётганидан шикоят қилмоқда. Шу сабаб 8 та кўчанинг 5 тасини тезда асфальтлаш, 1 та янги трансформатор, 96 та бетон устун ўрнатилиши зарур. 4 йилдан буён трансформатор ва бетон устунлар бўйича туман электр тармоқлари корхонасига мурожаат қиламиз, лекин ваъда беришдан нарига ўтишмайди.
Келгусида маҳалла идораси ҳовлисида болалар ўйингоҳи ҳамда новвойхона, машиналарни ювиш сервис хизматини ташкил этиш режалаштирилган.
Рауф ЁҚУБОВ,
Самарқанд шаҳридаги “Гулобод” маҳалласи раиси