Сўнгги янгиликлар

Оилавий суҳбатларда тарбия куртак очади

    Кўпинча фарзанд тарбияси ҳақида сўз борганда, оилавий суҳбатларнинг аҳамиятини назардан…

Маҳалланинг чегараси аниқ, номи ягона бўлади

    Маҳалланинг чегараси ва номи оддий техник масала эмас. Бу икки…

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН МАҲАЛЛАСИ, БУ — ПРЕЗИДЕНТ ОРЗУСИДАГИ МАҲАЛЛА

“ЯГОНА ВАТАН, ЯГОНА ХАЛҚ БЎЛИБ, ЯНГИ ҲАЁТ ВА КЕЛАЖАК ЯРАТАМИЗ!”   Қаҳрамон…

ФИРИБГАРЛАР ПУЛДАН КЎРА КЎПРОҚ НАРСА ЎҒИРЛАЙДИ

ТАҲЛИЛ У бир инсонни маблағидан, бошқасини ишончидан, яна бировни умидидан айиради... Бугун…

Кўзгу
-+=

Бошқоронғи келин истаги — инжиқликми ёки эҳтиёж?

ТАҲЛИЛ

 

«Тавба, кеча уни, бугун буни ейман дейишга қандай бети чидаркан? Энди, эрим ювош, айтганимни муҳайё қилади, деб эркаланавериш керакми? Биз ҳам ҳомиладор бўлганмиз. Бир нарсалар егимиз келган, лекин уйда борига кўникканмиз”.

Онасининг бундай норозиликларидан кейин қайси ўғил ҳомиладор хотинининг кўнглига қараб, унга бирор нарса илиниши мумкин. Бу туғилажак фарзандининг саломатлигига салбий таъсир қилмайдими?

Эртанги кунимизнинг давомчиларини соғлом ҳолда дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёлларимизнинг саломатлигига боғлиқ. Бунда бўлажак онанинг тўғри ва сифатли овқатланиши масаласи энг муҳим жиҳатлардан бири саналади. Аммо бугун ҳамма оилада ҳам ҳомиладор аёлнинг овқатланишига алоҳида эътибор қаратиляптими? Бу масъулиятли вазифа аслида кимнинг зиммасига юклатилган?

Гинеколог қабулида навбат кутиб турган ҳомиладор аёллар билан суҳбатлашганимизда, уларнинг 50 фоиздан ортиғи оиласида бу каби масалаларни фақат қайнонаси ҳал этишини таъкидлашди. Ҳатто, уларнинг айримлари нима егиси келаётганини айтишга ҳам ийманар экан. Қайнона-қайнотасидан алоҳида яшайдиган келинлар эса бу борада турмуш ўртоғига мурожаат қилади, албатта. Лекин айрим аёллар эркакларнинг бу борада бироз ҳафсаласизлиги ва эътиборсизлигидан азият чекаётгани ҳам рост.

“Нима егинг келяпти, онаси?”

— Уч фарзандни дунёга келтирдим, — дейди бир таниш аёл. — Лекин турмуш ўртоғимнинг “нима егинг келяпти, онаси?” деб сўраганини эслолмайман. Бирор нарса хоҳлаётганимни айтганимда эса “ана, бозорга бориб олиб кел”, деган бепарволарча муносабатидан кўнглим ранжиган ҳолатлар ҳам бўлган. Ҳомиладорлик вақтида аёл киши кўпроқ меҳрга, эътиборга муҳтож бўлиб қолади. Тўғри, кўнглим тусаганини ўзим қидириб, топиб еганман. Аммо отанинг туғилажак фарзанд учун кўрсатадиган ғамхўрлиги бошқача бўлади-да.

Ҳар бир ота-она, буви ва бува учун соғлом фарзанд, набира кўриш, ортида қоладиган издошларининг ҳар жиҳатдан саломат бўлиши жуда муҳим. Баъзан шу каби жиҳатларда ҳомиладорнинг овқатланиши арзимас масаладек туюлади.

— Ҳомиладорга кўнгли тусаган нарса топиб берилмаса, у яширинча ейишга мажбур бўлади, — дейди психологи Замира Билолова. — Сиқилиш ва тушкун кайфият туғилажак боланинг феъл-атворига ҳам таъсир қилади. Халқ орасида “Агар бошқоронғи аёл гўшт ейман деса, этингдан кесиб бер”, деган нақл бор. Бошқоронғи аёлнинг тансиқ нарсаларни фақат ўзи ейиши айб саналмайди. Унга кўнгли тусаганини топиб бериш турмуш ўртоғи ва қайнонанинг бурчи ҳисобланади. Аммо шу бурчни ҳамма эр ёки қайноналар англаяптими? Янги хонадонга тушган келин учун оилавий муҳитга мослашиш бироз қийинчилик туғдириши табиий. Шундай вақтда оила аъзолари ва келин ўртасидаги қалбан яқинлик оилада соғлом муҳитни юзага келтиради.

Она эмас, бола сўрайди

Дугонам яқинда ўғил фарзанд кўрди. Туғуруқхонадан чиққач, кўришга бордим. Чақалоқни қўлимга оламан десам, жуда кичкина ва нимжонлигидан бироз ҳайиқдим. Ундан нега фарзандининг заифлигини сўраганимда, ҳўнграб йиғлаб юборди. Қайнонаси бир-икки марта эрининг яшириб олиб келган егуликларини кўриб қолгач, ҳар иккисига ҳам оғир гаплар гапирибди. Шундан кейин тинчини ўйлаб, бирор нарса егиси келса ҳам чурқ этмабди. Бола эса ўзига керакли озиқани ололмагач, жуда нимжон бўлиб туғилибди. Шифокорлар гўдакнинг иммунитети паст ва тез-тез касалликка чалиниши мумкинлиги сабаб эҳтиёт қилиш зарурлигини тайинлашибди.

— Тўғри овқатланиш аёлни ҳомиладорлик даврида жисмоний жиҳатдан соғлом ҳис қилишига ёрдам беради, — дейди гинеколог Гулноза Жўраева. — Халқимизда ҳомиладор кўнгли тусаган нарсани озгина бўлса ҳам емаса, бола чиноқ бўлиб қолади, деган гап бор. Бунда бола тўла-тўкис ривожланиши учун зарур озиқа талаб қилаётганига ишора бор (айниқса, 11-12 ҳафталик муддатларда). Аммо оналар “яхши юрибман-ку, шифокор айтаверади-да”, деб бепарво бўлишади.Аслида етишмаётган озиқани онанинг нафси эмас, ривожланаётган ҳомила, яъни бола талаб қилаётган бўлади. Витамин ва микроэлементлар танқислиги, айниқса, ҳомиладорлик даврида кучаяди. Бундай вақтда турли дармондорилар ҳамда микроэлементларни меъёрида истеъмол қилиш туғуруқ ва ундан кейинги даврда аёл ва ҳомиланинг ривожланишида муҳим омилдир.

Бир қарашда арзимаган маиший масаладек туюладиган бу мавзу аслида оила ва жамият келажагига бевосита боғлиқдир. Эртага дунёга келадиган миллат давомчиларини бағрида кўтариб юрган аёлни асраш ҳар биримизнинг соғлом келажак пойдеворига қўшадиган муносиб ҳиссамиз бўлади.

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,

“Mahalla” мухбири.

 

Улашиш
Ҳафта давомида
Кўп ўқилганлар

Биласизми?

Сарсон талабалар

Шаҳзод билан Суҳроб битта олий таълим муассасасида ўқишади. Ниятлари яхши билим олиб, ўз касбларининг устаси бўлиш десангиз, хато ўйлаган бўласиз. Улар ётоқхонада бирга туриша бошлашдию ҳамфикр чиқиб қолишди. Нима кўп…