Ўзбекистон маҲаллалари уюшмасининг маҲалла фаолларига МУРОЖААТИ Ҳурматли маҳалла фаоллари! Азиз юртдошлар! Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тарихий жасорати, сиёсий иродаси билан мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш миллий сиёсат даражасига олиб чиқилди. Бу борада тадбиркорлик, ижтимоий ҳимоя, касбий таълим ва эҳтиёжманд аҳоли билан янгича ишлаш тизими йўлга қўйилди. Тўрт йил муқаддам юртимизда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари бошланганида 7,5 миллион ёки мамлакат аҳолисининг 23 фоизи даромади камбағаллик чегарасига етмас эди. Ўтган йилларда 3,5 миллион аҳолини даромадли қилиш ҳисобига камбағаллик даражасини 17 фоиздан 11 фоизга пасайтиришга эришилди. Ўзбекистонда қисқа муддатда камбағалликни қисқартириш соҳасида ўзига хос ташкилий модел шакллантирилди, “ижтимоий давлат” тамойили асосида инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиш, пировардида, камбағалликка буткул барҳам бериш мақсад қилинди. Таъкидлаш керакки, бу каби юрт тараққиёти ва фаровонлигига қаратилган ислоҳотларнинг барча жараёнларида маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Маҳалла янгиланишлар руҳига мос равишда такомиллашиб, аҳолини ислоҳотларга сафарбар этадиган, жамиятнинг барча қатламларини изчил ҳаракатга келтирадиган фаол ижтимоий тузилмага, одамлар келиб фикрини, таклифини, дардини айтадиган, муаммосига ечим топадиган масканга айланди. Президентимиз ташаббуси билан камбағалликни қисқартириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, бандликни таъминлаш, ижтимоий ҳимоя, фуқароларга ўз қобилиятини юзага чиқаришга кўмаклашиш борасидаги барча саъй-ҳаракатлар айнан маҳалла даражасида ташкил этилаётгани бежиз эмас. Натижада, жорий йил ўтган даври мобайнида 4 901 та (52 фоиз) маҳалла жиноятчиликдан, 2 930 та (31 фоиз) маҳалла оилавий ажримдан, 1 789 та (19 фоиз) маҳалла ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантирилди. Инсон ҳар доим яхши яшашга, фаровон турмуш кечиришга, бировдан кам бўлмасликка ҳаракат қилади. Президентимиз қайд этганидек, “Камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил — инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда аниқ мақсад сари интилиши зарур”. Бироқ орамизда шундай инсонлар ҳам борки, ҳамон боқимандалик кайфиятидан чиқиб кетолмаяпти, “давлат менга ҳамма нарсани қилиб бериши керак”, деган қарашда яшаяпти. Улар ўқиш, ҳунар ўрганиш, малака ошириш ўрнига давлатнинг доимий ёрдамига ўрганиб қолгани, ташаббус кўрсатишдан йироқлиги, “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида яшаётгани айни ҳақиқат. Демак, бу жараёнда маҳалла фаоллари ташаббусни қўлга олиши, бундай тоифадаги шахсларнинг дунёқараши, фикрини ўзгартириши, ижтимоий фаоллигини кучайтиришга эътибор қаратиши лозим бўлади. Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 11 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланиши таъкидланди, айни йўналишда мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш борасида янги давр бошланди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” ғояси асосида ҳаётда қийналган, оғир шароитда яшашга мажбур бўлаётган аҳоли вакилларининг турмуш-тарзига янгича маъно-мазмун олиб кирилади. Бу ўринда улар ҳам ўзини қийнаши, интилиши, яхши ҳаёт учун имкониятлар излаши зарур, албатта. Айни шу тамойиллардан келиб чиқиб, “маҳалла еттилиги” вакиллари, жамоатчилик тузилмалари аъзолари, маҳалладаги фаол аҳоли қатламига қарата мурожаат қиламизки, келинг, бу борада биргаликда ташаббус кўрсатайлик, одамларни меҳнат қилишга, ўз ҳаётини яхшилаши учун ҳаракатга чорлайлик, эртанги кунига ишонч уйғотайлик. Қадрли маҳалла раислари! Ҳозир сиз маҳалланинг ҳақиқий етакчиси сифатида майдонга чиқадиган пайт. “Маҳалла еттилиги” – ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, солиқ ва профилактика инспекторлари билан елкама-елка ишлар экансиз, уларни устувор мақсадлар сари йўналтиринг. Аҳолига муносиб яшаш шароитларини яратишда ўз қобилиятингиз, истеъдодингизни ишга солиб, изланишдан тўхтаманг. Ҳаётни, аҳоли яшаш тарзи ва дунёқарашини чуқур ўрганинг. Энди Сиз ҳудуд раҳбари сифатида ҳар бир оила, ҳар бир инсон…
Йигирма ёшли Комилжон ҳали ўн саккиз ёшга тўлмаган Муслимахонни севиб қолди. Икки-уч ой учрашиб юриб, уйланишга қарор қилди. 2023 йилнинг баҳорида Комилжон онасига қизнинг уйига совчиликка боришини айтганида, онаси кескин рад этди. “Уйлангандан кўра, ҳунар ўрган, ишла, пул топ, кейин уйланиш ҳақида ўйлайсан. Сенга қўшиб, хотинингни ҳам мен боқаманми, бошимга бало қилиб”, – деди она. Онасидан хафа бўлган ошиқ, шу заҳотиёқ қиз билан учрашишга келишди ва тунда пойтахтга қочиш таклифини берди. Шуни кутиб тургандек, маъшуқаси ҳам дарров рози бўла қолди. Уйдагиларнинг уйқуга кетишини кутган беқарор ошиқ тунда отасидан қолган “ВАЗ-2106” русумли автомашинани ҳайдаб чиқиб кетди. Сергели туманидан ижарага уй топиб яшай бошлашди. Машинани эса 3 млн. 500 минг сўмга сотиб юборди. Бу пулга атиги 10 кунгина шоҳона яшаш насиб қилди. Бойвачча “ошиқ” 14 май куни севгилиси билан Яккасарой туманидаги “NЕХТ” мажмуасига айлангани боришди. Севгилиси очқаганини айтганда, чўнтагига қўлини тиққан ошиқ чўнтагида ҳемири йўқ эканини англади. Овқатланиш тугул, ижара уйига етиб олиш муаммо. Англадики, севги қорин тўйдирмас экан. Муслима эса такрор-такрор “овқатланайлик”, деб қўймасди. Биринчи марта севгилиси кўзига жуда хунук, очофатдай кўриниб кетди. Хаёлига фақат менми, у ҳам пул топсин, деган ўй келди ва аланг-жаланг қилиб, ўриндиқда 300 АҚШ долларилик “Iphone XS” телефонини ўйнаб ўтирган 10 яшар болани мўлжалга олди. “Маликаси”га бориб, болани алдаб телефонни ўғрилаб келишини айтди. Севги кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйганмиди ёки очлик ундадими, Муслима болани авраб телефонни қўлга киритди. Шу заҳотиёқ улар шошиб кўчага отилишди. Телефонни яқин дўконга кириб сотишга уринганда, сотувчи йигит уни ўғриланган-ўғриланмагани ҳақида сўрайди ва ҳар эҳтимолга қарши суратга олиб қўйишини айтганда, ошиқ йигит Муслиманинг паспорти йўқлигидан фойдаланиб, қизни суратга олишини, телефон эгаси у эканини баҳона қилиб, ўзини кадрдан четга олади. 400 минг сўм ошиқларга бир неча кунга етди холос. Қандай қилиб пул топиш ҳақида ўйлаётган Комилжон тушкунликка тушиб, пулсиз севгининг умри қисқа эканлиги, бир ўзи-ку амалласа бўлиши, лекин “манави” ошиқча дахмаза бўлаётганини ўйлай бошлади. Ниҳоят Комилжон ошқозонни ҳатто оташин севги билан ҳам алдаб бўлмаслигни тушуниб етди. 23 май куни тунги сайрга чиққан ошиқлар анча вақт айланиб юришди. Тунги соат 2:00 ларда Комилнинг эътиборини 1995 йилда туғилган Ойбекка тегишли бўлган “ВАЗ-2106” автомашинаси тортди. Бу русумдаги автомашинани илгари ҳайдагани, унинг сир-асрорини билгани учун аста унга яқинлашди. Калит танлаш йўли билан эшигини очиб, ўт олдириш қулфи симларини узиб, бир-бирига улаш орқали ҳайдаб кетди. У ҳаммасини ташлаб, севгисига ҳам қўл силтаб, иссиқ, юмшоқ, топ-тоза ўрин-кўрпаси, мазалидан-мазали ош-овқати тайёр, пул сўраса жавраб-жавраб бўлса-да, берадиган онаси бор қадрдон ота уйига қайтишни режалаштирганди. Бироқ Сергели тумани ИИО ФМБ ППХ ходимлари тўхтатиб, ҳужжатларини сўраганда, ўғирлиги фош бўлди. Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди Комилжонни Жиноят кодексининг 169-моддаси (“Ўғрилик”), 267-моддаси (“Транспорт воситасини олиб қочиш”), 127-моддаси (“Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш”)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди. Унга олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланди. Муслиманинг эса вояга етмаганлиги, муқаддам судланмаганлиги, биринчи марта жиноят содир этганлиги инобатга олиниб, жазодан озод этилди ва яшаб турган жойида профилактик ҳисобга қўйилди. Ҳар иккиси учун ошиқлик шундай якун топди. Хулоса чиқариш сиздан. Нилуфар ИСОХОНОВА, Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи.
Бахтли турмушга эришиш осон эмас. Бунинг учун қанчадан-қанча синовларни бошдан кечиришга тўғри келади. Турли келишмовчилик ва низоли ҳолатларни енгиб ўтиш талаб этилади. Бироқ баъзи оилалар қийинчиликларга дош беролмай, тезгина сўнгги нуқтани қўйишни афзал билади. Оилага бундай юзаки муносабатда бўлиш, эртани ўйламай қадам босиш, нафақат эр-хотинннинг балки жамиятнинг фожеаси демак. Республикамизнинг етакчи оилашунос олимлари оилавий низоларнинг бир нечта сабабларини келтириб ўтишган. Булар оилада ҳуқуқ ва мажбуриятларни турлича тушуниш (меҳнат ролларини нотўғри тақсимланиши), ўзаро қадр-қиммат туйғусининг камайиб бораётгани, спиртли ичимликлар, қимор ўйинларига қарамлик билан боғлиқ ҳолатлардир. Шу билан бирга, моддий етишмовчилик, оила маблағларининг исрофгарчилик ва самарасиз ишлатилиши, уй-рўзғор ва болалар парваришида ҳамкорлик қилиш зарурати билан боғлиқ тортишувлар ҳам тез-тез учраб туради. Албатта, бу каби рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Лекин ҳар қандай вазиятда эр ёки хотиннинг хулқ-атвори доим муҳим роль ўйнайди. Айниқса, муроса қилиш маданиятнинг етишмаслиги оила аъзоларнинг руҳий ҳолати ва жисмоний саломатлигига салбий, баъзида эса ҳалокатли таъсир кўрсатади. Хўш, оилавий низоларни олдини олиш ҳамда баратараф этиш учун нима қилиш керак? Бунда асосий масъулият кимнинг зиммасига тушади? Саъй-ҳаракатлар қанчалик самара беради? Биринчи навбатда, ҳар бир инсон салбий ҳис-туйғуларини бошқара билиши керак. Атрофидагиларни имкон қадар тушунишга, кўпроқ ҳазил ва юморлар ишлатишга ҳаракат қилиши зарур. Қолаверса, хотиржам бўлиш (агар инсон ўз ҳис-туйғуларингизни жиловлай олмаётганини ҳис қилса, диққатини бошқа объектга қаратиши мумкин, стулга ёки диванга ўтиришга ҳаракат қилиш мумкин, бунда ғазаб бироз пасаяди), сабабсиз нолимаслик, ҳақоратламаслик, дарҳол бошқаларни қайта тарбиялашга уринмаслик лозим. Оилада ўзаро ҳурмат туйғулари устувор бўлиши учун танқиддан узоқроқ турган маъқул. Эр ҳам, хотин ҳам эътиборлироқ бўлса, бир-бирининг ва фарзандларининг яхши фазилатларини эътироф эта билса, ўртадаги меҳр-муҳаббат янада кучаяди. Ширин сўз, хушмуомалалик билан авж олиб кетиши мумкин бўлган жанжалга бир зумдаёқ нуқта қўйиш мумкин. Бундан ташқари, эр-хотин бир-бирига нима муҳимлигини, албатта, билиши лозим. Характеридаги ёқтирмайдиган жиҳатларни дўстона кайфиятда, ижобий таклифлар билан бартараф этишга ҳаракат қилиш яхши самара беради. Фақат ўзининг эмас, ҳамроҳининг манфаатларига хизмат қиладиган қарорлар қабул қилиб туриш керак. Муносабатлар доимий равишда ўзаро ҳурмат ва қадрлашга асослансагина, кичик можароларни енгиб ўтиш осон кечади. Бир-бирини руҳлантира олиш, янги ғояларини муносиб рағбатлантириш оиланинг кўплаб муваффақиятларига асос бўлади. Баъзан йўл қўйилган хато ва камчиликларга эътибор қаратмаслик ҳам бахтли ҳаёт сари ташланган қадам бўлиши мумкин. Айниқса, ўтмишда бўлиб ўтган хатоларни қайта ва қайта эслаш ўртага совуқчилик солади. Энг муҳими, ҳар бир инсон оилавий ҳаётда сабр-қаноат, бағрикенглик, эътибор ва ижобий фазилатлар катта аҳамиятга эгалигини тушуниб етиши зарур. Оила — муқаддас қўрғон. Шундай экан, уни асраб-авайлаш, яқинларимизнинг меҳру муҳаббатини ҳис қилиб яшашда кўп нарса ўзимизга боғлиқ эканини англаш вақти келди. Бу фарзандларимизнинг келажаги ва юртимизнинг равнақи учун қўшадиган энг катта ҳиссамиз бўлади. Раъно ИСМОИЛОВА, Низомий номидаги ТДПУ “Амалий психология” кафедраси доценти в.б., психология фанлари номзоди
ҲУҚУҚ Мобиль дастурлар яратиб, улар орқали ўзгаларнинг пластик карталаридаги маблағларни ўғирлаган киберфирибгарларга суд ҳукми ўқилди. Рақамли технологиялар ҳаётимизга бугун жадал кириб келмоқда. Қўлимиздаги оддий телефонда ҳам бугун кўплаб мобиль дастурлар, иловалар бор. Афсуски, баъзи фуқаролар бунда ўз манфаатини ўйлаб, қаллоблик йўлини танлаяпти. Сўнгги пайтларда кибержиноятларнинг кўпайиб бораётгани ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Тошкент шаҳрида яшовчи, тадбиркор Ш.Ш ҳамда Турин политехника университети талабаси А.Ю ҳам ахборот тизими орқали одамларни “чув” тушириш режасини тузган. Улар интернет ижтимоий тармоғидан фойдаланиб, “Agrobank mobile” зарарли иловасини яратади. Мазкур илова орқали фуқароларнинг пластик картасидан эркин фойдаланиш имкониятига эга бўлган. Дастур ёрдамида фуқаро А.Н.нинг пластик картасидаги 47 миллион 235 минг сўм миқдоридаги пул маблағини биржада криптовалютага алмаштирган ҳолда мазкур маблағларни яширин равишда талон-торож қилади. Бундан ташқари, фуқаро О.Ж.нинг картасидаги 45 миллион 225 минг сўм сўм миқдоридаги пул маблағларини ҳам криптовалютага алмаштирган ҳолда ўзлаштириб олган. Фарғона вилоят ИИБ киберхавфсизлик бўлими ходимлари томонидан мазкур ҳолатлар бўйича тезкор техник тадбирлар ўтказилиб, икки фирибгарнинг қилмиши фош бўлди. Судланувчиларга суд ҳукми билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Нодирбек РАИМҚУЛОВ, Фарғона вилоят судининг судьяси.
Рейтинг баҳолаш мезонлари 23 та. Улар 3 та гуруҳга бўлинган Рейтинг доирасида тадбиркорлик субъектлари қуйидаги тоифаларга ажратилади: “ААА”, “АА” ва “А” тоифалар – юқори барқарорлик рейтинги; “BBB”, “BB” ва “B” тоифалар – ўрта барқарорлик рейтинги; “CCC”, “CC” ва “C” тоифалар – қониқарли барқарорлик рейтинги; “D” тоифа – қуйи барқарорлик рейтинги. ! Барқарорлик рейтинги юқори бўлган тадбиркорларни рағбатлантириш чоралари назарда тутилган. БАРҚАРОРЛИК РЕЙТИНГИ ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ? Ўзбекистонда 2024 йил 1 февралдан тадбиркорлар рейтинги жорий этилди. Бунда юқори рейтингга эга тадбиркорлар рағбатлантирилади, бироқ рейтинги паст корхоналарга нисбатан жазо чоралари қўллаш назарда тутилмаган. Агар тадбиркор “ААА” тоифадаги рейтингга эга бўлса: – солиқ органлари томонидан текширишлар ўтказилмайди; – ҚҚСдан ҳосил бўлган солиқ суммаси бир кунда қайтарилади (амалдаги муддат 7 кундан 30 кунгача); – ҚҚСдан бошқа солиқ турлари бўйича ҳосил бўлган ортиқча солиқлар суммалари уч кунда қайтариб бериш (амалда 10 кундан 15 кунгача) юзасидан қўшимча преференсиялар берилади. Яна бир рағбатлантириш – солиқ ва божхона органларида товарларни импорт қилишда вақтида тўланган солиқларни ҳисобга олиш тизими жорий қилиняпти. Бунгача бу фақат йирик солиқ тўловчилар ҳамда “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида сертификат олган корхоналар учун амал қилар эди. Энди рейтинги юқори бўлган тадбиркорлик субъектларига ҳам мазкур тартиб татбиқ этилади. Рейтингнинг асосий мақсади – тадбиркорларни ихтиёрий равишда қонунчиликда белгиланган меъёрлар бўйича мажбуриятларни ўз вақтида бажаришига ундашдир. ЮҚОРИ БАЛЛГА ЭГА БЎЛИШ УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК? Рейтинг баҳолаш мезонлари 23 та. Улар 3 та гуруҳга бўлинган. Биринчиси, ҳамма учун бир хил бўлган умумий 10 та мезон кўзда тутилган. Мазкур мезонлар орқали тадбиркор 100 балл олиш имконияти мавжуд. Иккинчиси, камайтирувчи 9 та мезон. Бу мезонлар қонунчилик талаблари бузилган ҳолатлар ёки ҳисоботларга қайта-қайта тузатиш киритиб тақдим этган ҳолатларда, йил давомида бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчиш кўпайиб кетса ишлайди. Учинчиси, рағбатлантирувчи 4 та мезон. “Ижтимоий реестр”, “Аёллар дафтари”га кирган фуқароларни ишга олган ва улар умумий ходимларининг 10 фоизидан кўпроқни ташкил қилган тадбиркорлик субъектларига 5 баллдан 10 баллгача қўшимча рағбатлантирувчи балл берилади. Тадбиркорлик субъектларини баҳолашда фаолиятни узоқ давом эттириш, солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатда тақдим этиш, солиқларни ўз вақтида ихтиёрий тўлаш каби ҳолатлар асосий рол ўйнайди. Шунинг учун солиқ мажбуриятларини вақтида ва ихтиёрий бажариш рейтингда юқори балл олишни кафолатлайди. ПЛАТФОРМА ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ? Солиқ қўмитаси томонидан мавжуд 23 та мезон бўйича “ТАДБИРКОРЛАРНИНГ БАРҚАРОРЛИК РЕЙТИНГИ” платформаси ишлаб чиқилган. Платформа солиқ ҳисоботлари, тўланган солиқ суммалари, субъектнинг рўйхатдан ўтган санаси, бошқа органлардан олинган маълумотлар асосида тадбиркорларнинг рейтингини автоматик шакллантиради. Ушбу маълумотлар ҳар куни тадбиркорнинг шахсий кабинети ва Савдо саноат палатасининг расмий веб сайтига жойлаштириб борилади. Тадбиркорнинг қандайдир камчиликлари бўлиб, паст балл олса, дастур нима сабабдан бундай балл олгани ва камчиликлар қандай бартараф этилишини кўрсатиб туради. Бу шаффоф рейтинг бўлиб, тадбиркор ўзи ва контрагенти рейтингда қанча балл тўплагани ва нима учун шу баллни олганини кўриб туради. Рейтингнинг амалиётда қўлланилиши тадбиркорларнинг тўғри ишлаши, ривожланишига стимул беради.
Куни кеча ажралиш ёқасида турган бир оилани яраштирдик. Эр аввалдан хотинига тазйиқ ўтказиб, қўпол муносабатда бўлиб келган. Лекин аёл дардини ичига ютиб, фарзандларимнинг отаси-ку, деб ҳаммасига чидаб яшайверган. Охири сабр косаси тўлгач, уч фарзандини олиб, уйдан чиқиб кетган. Бу оилани муросага келтириш осон кечмади. Келин яшайдиган маҳалланинг фаоллари билан бирга анча тер тўкдик. Ҳар икки томонга қилаётган иши фарзандларининг тақдирига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилдик. Аёлни сабрли бўлишга, эркакни оиласини асраб-авайлашга кўндирдик. Бироз муддат айрилиқда яшагандан кейин улар ҳам бир-бирини қадрлай бошлади. Ҳудудимизда 39 та кўп қаватли уйлар бор. Ижарада турувчилар кўпчиликни ташкил этади. Бугун битта оилани яраштириб, келсак, эртага ўрнига бошқаси келиб яшаётган бўлади. Вазият шундай бўлганидан, ўтган йили 3 та ажралиш қайд этилди. 4 нафар норасида гўдак тирик етим бўлиб қолди. Сабабларни таҳлил қилганда, кўпинча учинчи шахс аралашуви оилалар бузилишига олиб келаётганини кўряпмиз. Бундан ташқари, 3 та шаръий никоҳ билан яшаб келаётган оилаларнинг биттаси ФҲДЁ бўлимидан рўйхатдан ўтказилди. Яна бир оила шу ойда расман никоҳдан ўтмоқчи. Шу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Оқила аёллар” ҳаракати билан ҳамкорликда хонадонларга кириб, тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Оилада соғлом муҳит қарор топиши учун аёлнинг касб-ҳунарга эга бўлиши жуда муҳим. Қўлидан иш келган, яхши натижаларга эришаётган инсонни атрофидагилар ҳам ҳурмат қилади, албатта. Шу мақсадда 2023 йилда 4 нафар аёлни 2 ойлик тикувчилик курсида ўқишига ёрдам бердик. Ҳозир улар субсидия асосида тикув машинаси олиб, ишини анча йўлга қўйиб олишди. Февраль ойидан яна 6 нафар хотин-қизлар ўқишга юборилади. Маҳалламизда Соҳиба Бердиевага тенг келадиган қандолатчи топилмаса керак. У пиширган ширинликларини бозор ва дўконларга тарқатишдан ташқари, буюртма асосида тортлар тайёрлайди. Мазаси оғзингизда қолади. Ёнида иккита шогирди ҳам бор. Мақсуда Жўраева эса 5 нафар ходими билан тикувчилик қилиб, келинларга сарполик кийимлар тикяпти. 30 нафардан зиёд аёллар “Ғофур Ғулом” маҳалласидаги ип йигирув корхонасида ишлайди. 2 та парранда фабрикасида эса 26 киши меҳнат қиляпти. Йил бошидаги хатлов жараёнида 102 та муаммоли ҳолат рўйхатга олинди. Булар ишсизлар, кредит олмоқчи бўлганлар, боқувчисини йўқотганлар, ногирон бўлган ва ногирон парваришлаётган аёллар. Қолаверса, мурожаатлардан келиб чиқиб, туман ҳокимлиги 3 нафар аёлнинг айни вақтда яшаб келаётган хонадонига ижара шартнома расмийлаштириб, бир йиллик тўловини қилиб берадиган бўлди. Ҳаётда қийналган аёллар билан учрашганда, умид билан бизга тикилиб турганини сезаман. Уларнинг ишончини оқлаш учун доимий ҳаракатдамиз. Ўтган йили 90 нафар боқувчисини йўқотган аёлларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. “Аёллар дафтари”га киритилган 179 нафар фуқародан 12 кишига кредит олиши учун тавсиянома берилди. Хуллас, барча фаоллар “Бахт” маҳалласининг аёллари бахтли бўлиши учун елиб-югуряпмиз. Соҳиба Бўриева Ғаллаорол туманидаги “Бахт” маҳалласи хотин-қизлар фаоли
Sign in to your account