Рейтинг баҳолаш мезонлари 23 та. Улар 3 та гуруҳга бўлинган
Рейтинг доирасида тадбиркорлик субъектлари қуйидаги тоифаларга ажратилади:
“ААА”, “АА” ва “А” тоифалар – юқори барқарорлик рейтинги;
“BBB”, “BB” ва “B” тоифалар – ўрта барқарорлик рейтинги;
“CCC”, “CC” ва “C” тоифалар – қониқарли барқарорлик рейтинги;
“D” тоифа – қуйи барқарорлик рейтинги.
! Барқарорлик рейтинги юқори бўлган тадбиркорларни рағбатлантириш чоралари назарда тутилган.
БАРҚАРОРЛИК РЕЙТИНГИ ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?
Ўзбекистонда 2024 йил 1 февралдан тадбиркорлар рейтинги жорий этилди. Бунда юқори рейтингга эга тадбиркорлар рағбатлантирилади, бироқ рейтинги паст корхоналарга нисбатан жазо чоралари қўллаш назарда тутилмаган.
Агар тадбиркор “ААА” тоифадаги рейтингга эга бўлса:
– солиқ органлари томонидан текширишлар ўтказилмайди;
– ҚҚСдан ҳосил бўлган солиқ суммаси бир кунда қайтарилади (амалдаги муддат 7 кундан 30 кунгача);
– ҚҚСдан бошқа солиқ турлари бўйича ҳосил бўлган ортиқча солиқлар суммалари уч кунда қайтариб бериш (амалда 10 кундан 15 кунгача) юзасидан қўшимча преференсиялар берилади.
Яна бир рағбатлантириш – солиқ ва божхона органларида товарларни импорт қилишда вақтида тўланган солиқларни ҳисобга олиш тизими жорий қилиняпти.
Бунгача бу фақат йирик солиқ тўловчилар ҳамда “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури доирасида сертификат олган корхоналар учун амал қилар эди.
Энди рейтинги юқори бўлган тадбиркорлик субъектларига ҳам мазкур тартиб татбиқ этилади.
Рейтингнинг асосий мақсади – тадбиркорларни ихтиёрий равишда қонунчиликда белгиланган меъёрлар бўйича мажбуриятларни ўз вақтида бажаришига ундашдир.
ЮҚОРИ БАЛЛГА ЭГА БЎЛИШ УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Рейтинг баҳолаш мезонлари 23 та. Улар 3 та гуруҳга бўлинган.
Биринчиси, ҳамма учун бир хил бўлган умумий 10 та мезон кўзда тутилган. Мазкур мезонлар орқали тадбиркор 100 балл олиш имконияти мавжуд.
Иккинчиси, камайтирувчи 9 та мезон. Бу мезонлар қонунчилик талаблари бузилган ҳолатлар ёки ҳисоботларга қайта-қайта тузатиш киритиб тақдим этган ҳолатларда, йил давомида бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчиш кўпайиб кетса ишлайди.
Учинчиси, рағбатлантирувчи 4 та мезон. “Ижтимоий реестр”, “Аёллар дафтари”га кирган фуқароларни ишга олган ва улар умумий ходимларининг 10 фоизидан кўпроқни ташкил қилган тадбиркорлик субъектларига 5 баллдан 10 баллгача қўшимча рағбатлантирувчи балл берилади.
Тадбиркорлик субъектларини баҳолашда фаолиятни узоқ давом эттириш, солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатда тақдим этиш, солиқларни ўз вақтида ихтиёрий тўлаш каби ҳолатлар асосий рол ўйнайди.
Шунинг учун солиқ мажбуриятларини вақтида ва ихтиёрий бажариш рейтингда юқори балл олишни кафолатлайди.
ПЛАТФОРМА ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?
Солиқ қўмитаси томонидан мавжуд 23 та мезон бўйича “ТАДБИРКОРЛАРНИНГ БАРҚАРОРЛИК РЕЙТИНГИ” платформаси ишлаб чиқилган. Платформа солиқ ҳисоботлари, тўланган солиқ суммалари, субъектнинг рўйхатдан ўтган санаси, бошқа органлардан олинган маълумотлар асосида тадбиркорларнинг рейтингини автоматик шакллантиради. Ушбу маълумотлар ҳар куни тадбиркорнинг шахсий кабинети ва Савдо саноат палатасининг расмий веб сайтига жойлаштириб борилади. Тадбиркорнинг қандайдир камчиликлари бўлиб, паст балл олса, дастур нима сабабдан бундай балл олгани ва камчиликлар қандай бартараф этилишини кўрсатиб туради.
Бу шаффоф рейтинг бўлиб, тадбиркор ўзи ва контрагенти рейтингда қанча балл тўплагани ва нима учун шу баллни олганини кўриб туради. Рейтингнинг амалиётда қўлланилиши тадбиркорларнинг тўғри ишлаши, ривожланишига стимул беради.