Куни кеча ажралиш ёқасида турган бир оилани яраштирдик. Эр аввалдан хотинига тазйиқ ўтказиб, қўпол муносабатда бўлиб келган. Лекин аёл дардини ичига ютиб, фарзандларимнинг отаси-ку, деб ҳаммасига чидаб яшайверган. Охири сабр косаси тўлгач, уч фарзандини олиб, уйдан чиқиб кетган.
Бу оилани муросага келтириш осон кечмади. Келин яшайдиган маҳалланинг фаоллари билан бирга анча тер тўкдик. Ҳар икки томонга қилаётган иши фарзандларининг тақдирига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини тушунтиришга ҳаракат қилдик. Аёлни сабрли бўлишга, эркакни оиласини асраб-авайлашга кўндирдик. Бироз муддат айрилиқда яшагандан кейин улар ҳам бир-бирини қадрлай бошлади.
Ҳудудимизда 39 та кўп қаватли уйлар бор. Ижарада турувчилар кўпчиликни ташкил этади. Бугун битта оилани яраштириб, келсак, эртага ўрнига бошқаси келиб яшаётган бўлади. Вазият шундай бўлганидан, ўтган йили 3 та ажралиш қайд этилди. 4 нафар норасида гўдак тирик етим бўлиб қолди. Сабабларни таҳлил қилганда, кўпинча учинчи шахс аралашуви оилалар бузилишига олиб келаётганини кўряпмиз.
Бундан ташқари, 3 та шаръий никоҳ билан яшаб келаётган оилаларнинг биттаси ФҲДЁ бўлимидан рўйхатдан ўтказилди. Яна бир оила шу ойда расман никоҳдан ўтмоқчи. Шу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида “Оқила аёллар” ҳаракати билан ҳамкорликда хонадонларга кириб, тушунтириш ишларини олиб боряпмиз.
Оилада соғлом муҳит қарор топиши учун аёлнинг касб-ҳунарга эга бўлиши жуда муҳим. Қўлидан иш келган, яхши натижаларга эришаётган инсонни атрофидагилар ҳам ҳурмат қилади, албатта. Шу мақсадда 2023 йилда 4 нафар аёлни 2 ойлик тикувчилик курсида ўқишига ёрдам бердик. Ҳозир улар субсидия асосида тикув машинаси олиб, ишини анча йўлга қўйиб олишди. Февраль ойидан яна 6 нафар хотин-қизлар ўқишга юборилади.
Маҳалламизда Соҳиба Бердиевага тенг келадиган қандолатчи топилмаса керак. У пиширган ширинликларини бозор ва дўконларга тарқатишдан ташқари, буюртма асосида тортлар тайёрлайди. Мазаси оғзингизда қолади. Ёнида иккита шогирди ҳам бор. Мақсуда Жўраева эса 5 нафар ходими билан тикувчилик қилиб, келинларга сарполик кийимлар тикяпти. 30 нафардан зиёд аёллар “Ғофур Ғулом” маҳалласидаги ип йигирув корхонасида ишлайди. 2 та парранда фабрикасида эса 26 киши меҳнат қиляпти.
Йил бошидаги хатлов жараёнида 102 та муаммоли ҳолат рўйхатга олинди. Булар ишсизлар, кредит олмоқчи бўлганлар, боқувчисини йўқотганлар, ногирон бўлган ва ногирон парваришлаётган аёллар. Қолаверса, мурожаатлардан келиб чиқиб, туман ҳокимлиги 3 нафар аёлнинг айни вақтда яшаб келаётган хонадонига ижара шартнома расмийлаштириб, бир йиллик тўловини қилиб берадиган бўлди.
Ҳаётда қийналган аёллар билан учрашганда, умид билан бизга тикилиб турганини сезаман. Уларнинг ишончини оқлаш учун доимий ҳаракатдамиз. Ўтган йили 90 нафар боқувчисини йўқотган аёлларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди. “Аёллар дафтари”га киритилган 179 нафар фуқародан 12 кишига кредит олиши учун тавсиянома берилди. Хуллас, барча фаоллар “Бахт” маҳалласининг аёллари бахтли бўлиши учун елиб-югуряпмиз.
Соҳиба Бўриева
Ғаллаорол туманидаги
“Бахт” маҳалласи хотин-қизлар фаоли