Кўзгу

Сарсон талабалар

Шаҳзод билан Суҳроб битта олий таълим муассасасида ўқишади. Ниятлари яхши билим олиб, ўз касбларининг устаси бўлиш десангиз, хато ўйлаган бўласиз. Улар ётоқхонада бирга туриша бошлашдию ҳамфикр чиқиб қолишди. Нима кўп “ковид” деган бало ортидан келиб чиқаётган муаммолар кўп. Айниқса, вужудга келган шароитлар мамлакатимиздан ташқари олийгоҳларда ўқиётган талабаларнинг юртимиздаги тенг мақомли ўқув юртларига ўтказиш ҳаракатига тушиб қолишгани. Икки талаба бу вазиятдан фойдаланиб қолишни – Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ўқишларини кўчириш истагида бўлганларга “ёрдам” беришни мақсад қилишди. Ҳар иккиси гапни бир жойга қўйиб, масъулияти чекланган жамият тузиб, ижтимоий тармоқлар орқали сохта эълон беришди. Дарҳақиқат, улар нишонни тўғри олишган экан. Кўп ўтмай илк мижозлар пайдо бўла бошлади. 2021 йилнинг декабрь ойи ўрталарида Шаҳноза ўқишини Россия Федерациясидаги университетдан Тошкентдаги университетга ўтказиш масаласида мурожаат қилади. Қизнинг соддалиги ва ундан фойдаланиш мумкинлигини сезган “ҳожатбарорлар” жамиятнинг имкониятлари кенглиги: нафақат ўқишни ўтказиш, балки олийгоҳларга киритиб қўйишга ҳам қодирлигини қистириб ўтишади. Қўшни республикалар олий таълим муассасаларига арзонга киритиб, узоғи билан бир-икки йил ичида мамлакатимиздаги муқобил олийгоҳларга ўтказиш нисбатан камхаражатлигини миясига қуйишади. Тузоқ иш бериб, бир ҳафталар ўтиб-ўтмай, Шаҳноза икки нафар таниши: Рўзигул ва Абдуллахонларни етаклаб келди. Ҳар бири қўшни республикадаги педагогика университетига ўқишга киришига ишониб, 650 АҚШ долларидан беришади ва катта умидлар билан хушхабарни кута бошлашади. Кириб келган янги – 2022 йил икки ҳамтовоқ учун “серҳосил” йил бўлишидан дарак бераётганди. 18 февраль куни қўшни республикаларнинг нуфузли олийгоҳларида ўқишига ишонган Нилуфар 12 млн. 500 минг сўм, Зуҳриддин 10 млн. сўм, Зарина 200 АҚШ доллари беради. – Афсуски, ҳанузгача билимларини чуқурлаштириш, кириш имтиҳонларига қунт билан тайёргарлик кўриш ўрнига, пора бериб олийгоҳ талабаси бўлиш орзусида юрадиган ёшлар бор, – дейди Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, капитан Сардор Махсатуллаев. – Кучли билимга эга инсон фақат ўзига ишонади, пулнинг кучига эмас. Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди 1999 йилда туғилган, маълумоти тугалланмаган олий, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган Шаҳзодни ва 1999 йилда туғилган, маълумоти тугалланмаган олий Сухробни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “Б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Уларнинг айбига тўла иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, жабрдийдаларга етказилган моддий зарарни тўла қоплаганлиги, жазони оғирлаштирувчи ҳолат аниқланмаганлиги инобатга олиниб, ҳар иккиси иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Нилуфар ИСОХОНОВА, Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи    

184

Ким уй орзусида, ким пул қайғусида

Кенг, шинам ва кўркам гўшанг бўлса, ўз хонанг, болаларнинг ҳам кичик бўлса-да, хосхонаси бўлсаю ишдан ҳориб-чарчаб келганингда ётиб дамингни олсанг, қандай яхши. Ҳозир эса Кларанинг бундай шароити йўқ. Онаси ва икки нафар фарзанди билан кичик ҳажмдаги бир хонали уйда тиқилиб яшашга мажбур. На онасининг, на ўзи, на фарзандларининг алоҳида макон бўшлиғи бор. Аммо у умидини узмайди. Бир кун келиб кенг, ёруғ ва шинам ўз уйи бўлишига ишонади. Бунинг учун озмунча ҳаракат қилаётгани йўқ. Қуш тинса тинади-ки, Кларанинг тиними йўқ. Албатта, уйли бўлади! Шундай орзулари тўлиб-тошиб юрган кунларнинг бирида унга аввалдан таниш бўлган 1999 йилда туғилган, муқаддам судланган, вақтинча ишсиз бўлган Бобурни учратиб қолди. Эски танишлар яқин атрофдаги ошхонага кириб, суҳбат қуришди, ёшлик дамларини хотирлашди. Гап-гапга уланиб, шахсий ҳаёт мавзусига бурилди. Клара оилавий шароитини айтиб, энг катта мақсади – уй олиш эканини айтди. Бобур Кларанинг уй олиш илинжида ҳар нарсага тайёр эканлигини сезди ва бундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишни кўзлади. – Банкда танишларим бор, қурилиш компаниясида энг яқин оғайним ишлайди. Гаплашиб кўрай-чи, чунки яқинда бир ўртоғимга уй олишда ёрдам бергандим. Зора сенга ҳам фойдам тегса. Бобур Кларага умид учқунларини берди ва янги қурилаётган уйлардан бирини субсидия орқали қулай нархларда олиб беришни ваъда қилди. У 2021 йилнинг март ойидан апрель ойининг охирига қадар бўлиб-бўлиб олиш йўли билан жабрланувчидан 8 700 АҚШ долларини олиб, изсиз кетди. Шунча пулни берган жабрланувчи бирор марта “қани мен ҳам сен билан борай, кимга пулни бераяпсан, қандай ҳужжатларга имзо чекаяпсан, бирров сўраб-суриштирай” демаганига, кўр-кўрона ишониб қолганига ажабланасан, киши. На бир тилхат, на бир гувоҳ иштирок этмаган бу олди-бердини исботлаш учун кўп вақт кетди. Афсуски, фирибгарликнинг турлари кўпайиб, бу ҳақда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда қайта-қайта огоҳ этишингизга қарамай, соддадил фуқароларимиз чув тушиб қолишмоқда. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди Бобурнинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни, яъни оилавий шароити, қилмишидан пушаймонлиги, жабрдийдага келтирган зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топилиб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Отабек КАМОЛОВ, Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчи

108

Ёшлар учун оилага тайёрлаш курслари керак…

Қанча айтилмасин, қанчадан-қанча тақдирлар мисол қилиб кўрсатилмасин, қизларни эрта турмушга бериш ҳолатлари камаймаяпти. Айниқса, уларнинг мактабни битирмай унаштирилиб қўйилиши баъзи ҳудудларда оддий ҳол сифатида қабул қилинади. Ҳали оилага тайёр бўлмай, ҳаётнинг паст-баландини тушунмай оила қураётган ёшларнинг кейинги тақдири мени ташвишга солади... Яқинда шундай ҳолат юз берди. Маҳалламизда яшовчи Шаҳноза Ботирова мактабни тугатибоқ, ота-онасининг хоҳиши билан йиғиннинг ўзига келин бўлди. Орадан бироз вақт ўтиб, ёш келин уй ишларида нўноқлиги боис қайнонаси билан келишолмай қолган. Устига-устак ҳомиладорлиги оғир ўтган келин қайнонанинг хизматини қилолмаган. Хонадонга бориб, қайнонага келиннинг ҳали ёш экани, бу хонадонга ўрганиб кетгунча озроқ вақт бериш лозимлиги, қолаверса, ҳомиладорлик даври қийин кечаётганини айтиб, муросага келтирдик. Бундай ҳолатлар бошқа хонадонларда ҳам кўп учрайди, келиннинг рўзғордаги тутуми оила аъзоларига ёқмайди. Айрим ўринларда ёш келинлар ўз сўзини қайнонасига ўтказмоқчи бўлади. Натижада ўртада низо чиқади. Ана шундай вазиятар юз бермаслиги учун маҳаллада эрта никоҳнинг олдини олиш, ёшларни ҳаётга тайёрлаш бўйича кўпни кўрган нуронийлар, намунали оила соҳиблари иштирокида учрашувлар ўтказяпмиз. Аёлнинг оилада, фарзанд тарбиясидаги ўрни нақадар муҳимлигини таъкидлаб, ота-оналарни қизларини ўқитишга чорлаяпмиз. Отинойилар, маҳалла фаоллари мактабларга бориб, йигит-қизларга эрта турмушнинг салбий жиҳатлари тўғрисида маълумот беряпти, келинлар билан мулоқотлар ташкил этяпти. Бу ўринда ёш келинларга оиланинг муқаддаслиги уқтирилади. Афсуски, бу жараёнда уларнинг айримлари ўзбекчилик ёки менталитетимизни гендер тенглиги билан аралаштириб юборади. “Нимага мен хизмат қилишим керак”, “мажбур эмасман-ку” деган фикрлар ҳам айтиладики, улар билан индивидуал иш олиб борамиз. Имкон қадар ҳаётий мисоллар орқали тушунтирамиз. Тажрибада кўп кузатилган, авваллари оилавий ажралишлар масаласи маҳаллага айтилмай, тўғридан-тўғри суд орқали ҳал этилган. Судда маҳалла фаолларидан фикр ҳам, тавсия ҳам сўралмасди. Яхшики, ҳозирда маҳалла кўрсатмаси бўлмаса, суд ажрашиш учун берилган аризаларни қабул қилмаяпти. Бу айни муддао бўлди. Боиси оилавий низо газак олиб кетмай, маҳалла фаоллари иштирокида уни ҳал этиш мумкин. Айни жараёнда биз, аввало, оилаларнинг ҳолатини ўрганиб, шунга мувофиқ ёндашамиз. Ажралиш ёқасидаги оилани ҳар қандай ҳолатда яраштиришга уринамиз. Касбим нуқтаи назаридан келиб чиқиб, имкон қадар аёлларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига ҳаракат қиляпман. Уларни ўқитишга, ҳунарли, ишли қилишга алоҳида эътибор қаратамиз. Айниқса, бу йил аёлларга ўқиш учун қўшимча ўрин ажратилгани бизга қўл келди. Имкониятдан фойдаланиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари — Фотима ва Зуҳра Икромоваларни Урганч давлат университетига ўқишга тавсия қилдик. “Аёллар дафтари”да 167 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз қамраб олинган. Уларнинг 90 фоизини ҳунармандчиликда, қолганини тадбиркорлик йўналишида банд қилдик. Жумладан, Нилуфар Йўлдошевага 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб берилди. У тўйлар учун турли салатларга буюртма олади, битта тўйдан 1,5-2 миллион сўм соф даромад топяпти. Хуршида Худойберганова паррандачилик билан шуғулланади. 33 миллион сўм имтиёзли кредит билан ишини бошлаганди, бугун бир мавсумнинг ўзида 35 миллион сўмдан зиёд фойда кўради. Ҳилола Қодирова ҳамда Нодира Шарипова тикувчилик цехини ташкил этиш учун кредит олганди. Бугун улар кўрпа-ёстиқ, аёллар кийимларини тикиб сотяпти. Умуман олганда, маҳалламиз шаҳар ҳудудида жойлашгани боис аёлларнинг кўпчилиги хизмат кўрсатиш ва савдо-сотиқ соҳасида иш билан таъминланган. Аёлларнинг ижтимоий ҳимояси — доимий эътиборимизда. Маҳаллада 48 нафар ногиронлиги бор хотин-қиз яшайди. Уларнинг ўз уйида бандлиги таъминланган. Яқинда Интизор Аллабергановага 17 миллион сўм имтиёзли кредит ажратдик. У сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаб, даромад қиляпти. Юлдуз Иноятова эса ўқувчилар учун егуликлар тайёрлаб сотади. Бугун интилган, ҳаракат қилган киши борки, олдига…

336

Енгил пул топишнинг асорати оғирдир

  Улуғбек бошини ҳар ёққа уриб кўрди, бироқ кўнглидагидек иш топа олмай, пойтахтга йўл олди. Бу ерда ҳам тезда омади юришавермади. Оғир меҳнатга эса бўйни ёр бермади. Ахир оғир меҳнатдан қочиб Тошкентдек шаҳри азимга келмаганмиди? Бир ярим йили шу алфозда ўтиб кетди. Ахийри, уй-жой олди-сотдиси – маклерлик билан шуғулланишни бошладию жойини топгандек бўлди. Терламайсан, кунда куйиб кетмон чопмайсан, ўроқ ўрмайсан, соя-салқинда юрасан, мазза қилиб... Йил ўтмасдан мижозлар билан ишлаш, нарх-навони қандай қўйиш, “молни” қандай мақташу ишончга кириш сирларини ўзлаштирди. Ҳаммаси яхши кетаётганди, аммо 2023 йил унга омад келтирмади. Янги йилни яхши ниятларда кутиб олган Улуғбек 2 январь куни яна танишлари билан учрашди. Озгина спиртли ичимлик ичиб, гурунглашиб ўтирганида уяли телефони жиринглади. Маклерлар учун телефон қўнғироғи сув ва ҳаводан ҳам муҳимроқ. Чунки мижозлар бу – пул дегани. У дарров телефонини кўтарди. Бундан бир неча кун аввал ижарага уй топиб беришини сўраган Равшаной қўнғироқ қилаётганди. Улуғбек аллақачон эълонлар орқали Жаҳонгир деган шахс билан ижара масаласини ҳал қилиб қўйганди. У қизга фалон жойга келишини ижара уйини кўрсатишини айтди. Келишилган жойда қиз дугонаси ва яна икки йигит билан уни кутиб туришарди. Улар гаплашиб улгурмай, уй эгаси ҳам чиқиб келди. Қизлар ва йигитларни кўриб Жаҳонгир: — Мен оилалиларни қўяман, деганман. Буларни миллионга ҳам қўймайман, – дея жаҳл қилиб, шартта бурилиб кетаётганида, йигитлардан бири: — Э-э-э, тўхтанг, сиз нотўғри тушундингиз. Биз шунчаки... – йигит чайналаётган эди, уй эгаси “биламиз” дегандек ўқрайиб қаради-да бурилиб кета бошлади. — Хўш, бу ёғи қандоқ бўлди? – дея йигитлардан бири Улуғбекка таънакор қаради. Унинг қарашида “қўлингдан нима келади ўзи, ландавур” деган кесатиқ бор эди. Улуғбек ўзини оқламоқчи бўлиб: — Менга бир ўзимман, дегандингиз-ку! – дея Равшанойга қаради. Қиз ҳам унга ҳисобот бермаслигини, маклерми ишини дўндириб қилиши кераклигини, шахсий ҳаётига аралашишга ҳаққи йўқлигини айтаркан, йигитлар ҳам жим турмади. Ўртада жанжал чиқди. Ўша куни у спиртли ичимликлар ичгани боис жанжал оқибатида йигитлардан бири – Камронга ҳаёти учун хавфли бўлган оғир турдаги тан жароҳати етказганини эслай олмади. Аммо у чин дилдан қилмиши учун пушаймон бўлиб, воқеа иштирокчиларидан кечирим сўради. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди Улуғбекни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси, 2-қисми “л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбдор деб топди. Улуғбекнинг шахси ижобий тавсифланиши, оилавий шароити, жабрланувчи билан ярашиб, даъвоси йўқлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлиги эътиборга олиниб, кодекснинг 57-моддасини қўллаб, унга 2 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Исроил ҒАНИБОЕВ, Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант.    

137

“Еттилик”ни бошқармаган раис маҳаллани қандай сафарбар этади?

  Ўттиз йил педагогика соҳасида ишлаб, нафақага чиққач, “Ворсин” маҳалласида раис сифатида иш бошладим. Очиғи, маҳалла раиси бўлиш осон эмас экан. Чунки маҳаллага ўз “дарди”ни айтиб келувчилар жуда кўп. Ҳар қандай ҳолатда одамларга ёрдам бериш, бу ерда яшовчи 3 241 нафар аҳолининг кўнглини топишнинг ўзи бўлмайди. Маҳаллада ишлашнинг ўзига яраша гашти ҳам бор. Эрталаб олти яримларда йўлга тушаман. Маҳалла биноси билан уйимиз ораси 500-600 метр атрофида. Ишхонага етгунимча йўлдан чиққан аҳоли билан суҳбатлашиб, соғлиғи, камчиликлари ҳақида сўраб, билиб оламан. Муаммолари бўлса, ечишга ҳаракат қиламан, хурсандчиликларига шерик бўламан. Айрим тоифа одамлар бор, маҳаллага келиб фақат талаб қилишни ўрганиб олишган. Ўзи ҳеч қаерда ишламайди. Иш топиб бераман, ишла десангиз, турли баҳона қилишади, боқимандага айланиб қолган. Имкон қадар уларни иш билан таъминлашга ҳаракат қиламиз. Маҳалламизда деярли ишсиз одамнинг ўзи йўқ. Ҳар бир уйда ҳеч бўлмаганда битта автомашина хонадонга хизмат қилади. Аёллар кўпроқ тикувчилик, зардўзлик билан банд бўлгани сабабли субсидия асосида тикув машиналари, эркакларга рўзғорини тебратиши учун мотокультиватор олиб берилган. Хонадонларимизни тоза ичимлик сув билан таъминлаб, кўчаларни асфальт қилдик. Ҳали амалга оширишимиз керак бўлган юмушлар кўп. Жумладан, Ислом тараққиёт банкидан ютиб олинган грант эвазига маҳалланинг 10 километр ички йўли асфальт бўлади, 340 ўринли мактаб спорт зали ва ошхонаси билан қурилади, 150 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти бунёд этилади. Қолаверса, 48 та эски, таъмирталаб симёғочлар янгисига алмаштирилиб, 20 километрга янги электр тармоғи тортилади. Умуман олганда, яқин икки йилда маҳалламиз таниб бўлмас даражада ўзгаради. Шу ўринда тажрибамдан келиб чиқиб, айрим фикрларни айтиб ўтсам. “Mahalla” газетаси орқали бошқа ҳудудлардаги раисларнинг, маҳалла ходимларининг фикрларини, таклиф ва муаммоларини ўқиб бораман. Аксарият масалалар барча маҳаллаларга дахлдор, уларнинг ечими тизимни янада самарали қилади. Бироқ мен маҳалла раисларининг ходимларни бир мақсад сари йўналтира олмаётгани ҳақидаги фикрларига қўшилмайман. Нега? Боиси раис маҳалланинг боши, етакчисими, шунга муносиб бўлиши керак. Ахир ўз ходимларини бошқара олмаётган раҳбар бутун бир ҳудудга қандай таъсир кўрсата олади? Унинг сўзини қўл остидагилари тингламаса, бошқалар қулоқ тутадими? Демак, маҳалла раиси қаттиққўл, шу билан бирга, ишнинг кўзини биладиган, ходимлар, аҳоли қалбига йўл топа оладиган, адолатли бўлиши лозим. Йиғин раиси ҳар қандай вазиятда одамлар идорадан хафа бўлиб кетишига йўл қўймаслиги, муаммо шу жойнинг ўзида ҳал бўлмаса, буни тўғри тушунтира олиши, одамларни тинглашни билиши, уларга тўғри йўл кўрсата олиши зарур. Маҳалла раислигини бўйнингизга олдингизми, демак, ўша маҳалла сизнинг оилангиз. Кимдир синглингиз, кимдир акангиз ёки фарзандингизга айланади. Бу борада педагог бўлганим менга қўл келади. Кимнинг хонадонига кириб борсам, “муаллима” деб ҳурмат қилишади. Ташаббусларимизни аҳоли доимо қўллаб-қувватлайди. Бугун маҳалла тизимидан ислоҳотларнинг марказида бўлиш талаб этиляпти. Ҳудуддаги ҳақиқий манзарани — кимнинг нимага муҳтожлиги, ким қандай кўмак олганию қайси масалалар одамларни кўпроқ қийнаётгани, оилалардаги муҳитни маҳалла раиси батафсил билиши керак. Шундагина ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмайди. Аҳолининг раисга ишончи ортади, улар маҳаллани ўзларига суянч сифатида кўра бошлайди. “Маҳалла еттилиги”нинг асосий вазифаси ҳам аслида шу. Манзура ИСЛОМОВА, Тойлоқ туманидаги “Ворсин” маҳалласи раиси.

371

Бўшаб қолган ўринга сайлов қандай ўтказилади?

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг олти ойлик фаолиятига бағишланган сарҳисоб йиғилишида ҳозирда мавжуд 9 452 та маҳалладан 157 тасида фуқаролар йиғини раиси лавозими вакант қолаётгани айтиб ўтилди. Хўш, бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғини раиси сайлови қандай ташкил этилади? “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига асосан, фуқаролар йиғини раиси ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда, тегишли фуқаролар йиғинларида янги сайлов ўтказилади. Бу жараён амалдаги сайлов тартибида амалга оширилади. Энг аввало, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан Ишчи гуруҳ тузилади. Ишчи гуруҳ ҳовлилар, уйлар, кўчалар аҳолисининг фуқаролар вакиллари сайловини ўтказади ва уларни аниқлаштиради. Фуқаролар йиғини раиси лавозимига тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда номзодлар кўрсатилади. Номзодларга доир ҳужжатлар туман ёки шаҳар ҳокими билан келишиш учун тегишли комиссияга сайловдан камида ўн кун олдин тақдим этилади. Ишчи гуруҳ ҳоким хулосасини олганидан кейин номзодлар ҳақидаги ахборотни сайловдан камида беш кун олдин маҳалла биносига ва гузарларга осиб қўяди. Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) Ишчи гуруҳ раҳбари раислигида ўтказилади. Номзодлар эълон қилиниб, ҳар бирига сўз берилади. Номзодлар ўзининг келгуси фаолияти дастурини эълон қилади. Шундан сўнг, йиғин раисини сайлаш яширин овоз бериш орқали амалга оширилади. Фуқаролар вакилларига сайлов бюллетени берилади, у яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдирилади. Тўлдирилган бюллетен сайлов қутисига ташланади. Овозларни саноқ комиссияси фуқаролар йиғини раиси лавозимига ҳар бир номзод бўйича санаб чиқади. Тегишли баённома тузилиб, натижалар эълон қилинади. Унга кўра, овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод фуқаролар йиғини раиси лавозимига сайланган, деб ҳисобланади.

655