Қанча айтилмасин, қанчадан-қанча тақдирлар мисол қилиб кўрсатилмасин, қизларни эрта турмушга бериш ҳолатлари камаймаяпти. Айниқса, уларнинг мактабни битирмай унаштирилиб қўйилиши баъзи ҳудудларда оддий ҳол сифатида қабул қилинади. Ҳали оилага тайёр бўлмай, ҳаётнинг паст-баландини тушунмай оила қураётган ёшларнинг кейинги тақдири мени ташвишга солади…
Яқинда шундай ҳолат юз берди. Маҳалламизда яшовчи Шаҳноза Ботирова мактабни тугатибоқ, ота-онасининг хоҳиши билан йиғиннинг ўзига келин бўлди. Орадан бироз вақт ўтиб, ёш келин уй ишларида нўноқлиги боис қайнонаси билан келишолмай қолган. Устига-устак ҳомиладорлиги оғир ўтган келин қайнонанинг хизматини қилолмаган. Хонадонга бориб, қайнонага келиннинг ҳали ёш экани, бу хонадонга ўрганиб кетгунча озроқ вақт бериш лозимлиги, қолаверса, ҳомиладорлик даври қийин кечаётганини айтиб, муросага келтирдик.
Бундай ҳолатлар бошқа хонадонларда ҳам кўп учрайди, келиннинг рўзғордаги тутуми оила аъзоларига ёқмайди. Айрим ўринларда ёш келинлар ўз сўзини қайнонасига ўтказмоқчи бўлади. Натижада ўртада низо чиқади. Ана шундай вазиятар юз бермаслиги учун маҳаллада эрта никоҳнинг олдини олиш, ёшларни ҳаётга тайёрлаш бўйича кўпни кўрган нуронийлар, намунали оила соҳиблари иштирокида учрашувлар ўтказяпмиз. Аёлнинг оилада, фарзанд тарбиясидаги ўрни нақадар муҳимлигини таъкидлаб, ота-оналарни қизларини ўқитишга чорлаяпмиз.
Отинойилар, маҳалла фаоллари мактабларга бориб, йигит-қизларга эрта турмушнинг салбий жиҳатлари тўғрисида маълумот беряпти, келинлар билан мулоқотлар ташкил этяпти. Бу ўринда ёш келинларга оиланинг муқаддаслиги уқтирилади. Афсуски, бу жараёнда уларнинг айримлари ўзбекчилик ёки менталитетимизни гендер тенглиги билан аралаштириб юборади. “Нимага мен хизмат қилишим керак”, “мажбур эмасман-ку” деган фикрлар ҳам айтиладики, улар билан индивидуал иш олиб борамиз. Имкон қадар ҳаётий мисоллар орқали тушунтирамиз.
Тажрибада кўп кузатилган, авваллари оилавий ажралишлар масаласи маҳаллага айтилмай, тўғридан-тўғри суд орқали ҳал этилган. Судда маҳалла фаолларидан фикр ҳам, тавсия ҳам сўралмасди. Яхшики, ҳозирда маҳалла кўрсатмаси бўлмаса, суд ажрашиш учун берилган аризаларни қабул қилмаяпти. Бу айни муддао бўлди. Боиси оилавий низо газак олиб кетмай, маҳалла фаоллари иштирокида уни ҳал этиш мумкин. Айни жараёнда биз, аввало, оилаларнинг ҳолатини ўрганиб, шунга мувофиқ ёндашамиз. Ажралиш ёқасидаги оилани ҳар қандай ҳолатда яраштиришга уринамиз.
Касбим нуқтаи назаридан келиб чиқиб, имкон қадар аёлларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига ҳаракат қиляпман. Уларни ўқитишга, ҳунарли, ишли қилишга алоҳида эътибор қаратамиз. Айниқса, бу йил аёлларга ўқиш учун қўшимча ўрин ажратилгани бизга қўл келди. Имкониятдан фойдаланиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари — Фотима ва Зуҳра Икромоваларни Урганч давлат университетига ўқишга тавсия қилдик.
“Аёллар дафтари”да 167 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз қамраб олинган. Уларнинг 90 фоизини ҳунармандчиликда, қолганини тадбиркорлик йўналишида банд қилдик. Жумладан, Нилуфар Йўлдошевага 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб берилди. У тўйлар учун турли салатларга буюртма олади, битта тўйдан 1,5-2 миллион сўм соф даромад топяпти. Хуршида Худойберганова паррандачилик билан шуғулланади. 33 миллион сўм имтиёзли кредит билан ишини бошлаганди, бугун бир мавсумнинг ўзида 35 миллион сўмдан зиёд фойда кўради. Ҳилола Қодирова ҳамда Нодира Шарипова тикувчилик цехини ташкил этиш учун кредит олганди. Бугун улар кўрпа-ёстиқ, аёллар кийимларини тикиб сотяпти. Умуман олганда, маҳалламиз шаҳар ҳудудида жойлашгани боис аёлларнинг кўпчилиги хизмат кўрсатиш ва савдо-сотиқ соҳасида иш билан таъминланган.
Аёлларнинг ижтимоий ҳимояси — доимий эътиборимизда. Маҳаллада 48 нафар ногиронлиги бор хотин-қиз яшайди. Уларнинг ўз уйида бандлиги таъминланган. Яқинда Интизор Аллабергановага 17 миллион сўм имтиёзли кредит ажратдик. У сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаб, даромад қиляпти. Юлдуз Иноятова эса ўқувчилар учун егуликлар тайёрлаб сотади. Бугун интилган, ҳаракат қилган киши борки, олдига қўйгапн мақсадларига етишяпти. Биз бу ўринда шунчаки воситачимиз, холос. Барчаси аёлларнинг ўзига боғлиқ.
Таклифим: юқорида эрта никоҳ, ёшларнинг оилага тайёр эмаслиги ҳақида мулоҳаза юритдик. Шундан келиб чиқиб, йигит-қизлар никоҳдан ўтишдан олдин оилага тайёрлаш курсларида ўқитилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Оила психологлари уларнинг турмушга тайёр ёки тайёр эмаслиги ҳақида хулоса берса… Шу асосда никоҳ учун аризалар қабул қилиниб, мутасаддилар назоратга олса, мустаҳкам оилалар барпо этилармиди, деб ўйлайман.
Зумрад ТОЖИБОЕВА,
Урганч шаҳридаги
“Мустақиллик” маҳалласи
хотин-қизлар фаоли.