Кўзгу

“ЯШИЛ МАКОН” лойиҳаси: 48 348 туп дарахт қўшиб ёзилган

    175 туп қимматбаҳо дарахт қаровсиз қолдирилиб, 1 млрд. 487 млн. сўм зарар келтирган Жорий йил 29 март куни Президент раислигида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш ҳамда чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу йил баҳорда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 125 миллион туп кўчат экиш белгиланган эди. Мақсад – юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2024 йил 9 апрелда берган маълумотига кўра, республика бўйлаб “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 127 миллион тупдан ортиқ, шунингдек, ҳар бир вилоятда 8-10 миллион туп атрофида дарахт экилган. Хўш, қайд этилган рақамлардаги кўчатларни экиш қандай амалга оширилган? Бу борада Бош прокуратуранинг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йил баҳор мавсумида амалга оширилган ишларни ўрганмоқда. Афсуски, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчат экиш ишларининг ҳаққонийлиги, натижадорлиги, масъуллар бириктирилгани ва суғориш тизимларининг мавжудлигини танқидий ўрганишда бу борадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси таъминланмагани аниқланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 декабрдаги 702-сонли қарорига асосан, Бўстонлиқ тумани ҳудудида 2024 йил баҳор мавсумида 12 та вазирлик ҳамда идора томонидан 523,6 минг туп дарахт экилиши режалаштирилган. Лекин бугунги кунга қадар Энергетика вазирлиги кўчат экиш ишларини амалга оширмаган. Туманнинг “Қорамозор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида мамлакатимизнинг етакчи банклари белгиланган режа асосида кўчатлар эккан. Аммо ҳозирги кунга қадар кўчатлар учун суғориш тизими ташкил этилмаган. Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида 3,5 минг туп, Учтепа туманида 3 минг туп дарахт экилмагани, аксарият ҳудудларда суғориш тизими мавжуд эмаслиги масъул раҳбарларнинг эътиборсизлигидан дарак беради. Ўрганишда туман-шаҳар масъулларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминламагани аниқланди. Андижон вилоятида ўтказилган ўрганишда 19 та ҳолатда 1 128 туп дарахт суғорилмайдиган ерларга экилганлиги ҳолати бўйича 6 нафар масъул шахс, Қашқадарё вилоятида 12 та ҳолатда экилмаган 48 348 туп дарахт қўшиб ёзилганлиги бўйича Касби, Миришкор, Чироқчи тумани ҳокимларининг ўринбосарлари, Китоб ва Чироқчи тумани экология бўлими бошлиқлари интизомий ҳамда 2 нафар масъул шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди ва вилоят ҳокимлигига қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди. Шунингдек, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси мансабдор шахслари Юқоричирчиқ тумани ҳудудида экилган 175 туп қимматбаҳо дарахтларни қаровсиз қолдириб, нобуд қилиб, табиатга 1 млрд. 487 млн. сўмлик зарар етказган. Мазкур ҳолат бўйича Тошкент вилояти прокуратураси жиноят иши қўзғатиб, дастлабки тергов ҳакатлари олиб борилмоқда. Бу борадаги назорат тадбирлари давом эттирилмоқда. Мақсадбек ҚЎЧҚОРОВ.

164

Президент Халқ қабулхонаси жойларда ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминламоқда

  Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент маслаҳатчиси ўринбосари - Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан жойларда ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар бандлигини  таьминлаш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Президент Халқ қабулхонасининг "Мурожаатдан даромадга" лойиҳаси доирасида  Хоразм вилоятининг Хазорасп, Шовот, Тупроққалъа ҳамда Янгибозор туманларида яшовчи деярли 400 нафар мурожаатчи аёлларнинг бандлигини таъминлашга эришилди. Мурожаатлар Республика ишчи гуруҳи томонидан жойларда ўрганилиб, уларни ижобий ҳал қилиш чоралари кўрилди. Масалан, Тупроққалъа туманида  Президент Халқ қабулхонасига қилинган мурожаатлар асосида 15 та маҳаллада истиқомат қилувчи 115 нафар хотин-қизларга мақсадли равишда беш юз миллион сўм молиявий ёрдам ажратилди. Шулардан, 113 нафар ишсиз аёлларга замонавий тикув машиналари харид қилиниб, кооперация асосида етакчи 10 нафар тадбиркорга бириктирилди. Шу орқали уларга тикувчилик фаолияти билан шуғулланиш, доимий даромад манбаига эга бўлишлари учун имконият яратилди. Икки нафар эҳтиёжманд аёлларга гўзаллик салони жиҳозлари олиб берилди. Тупроққалъа туманидаги "Саидлар" МФЙда истиқомат қилувчи 6 нафар ишсиз хотин-қизларга тикув машиналари олиб берилиб, тикувчилик хунари билан шуғулланиб келаётган тадбиркор Ёрқиной Раззоқовага бириктирилди. Хусусан, Шайдо Худойберганованинг доимий даромад манбаи бўлмаган. Эндиликда унинг ҳам бандлиги таъминланди. Туманнинг "Соёпир" МФЙда яшовчи Дилрабо Исмоилова ва у билан бирга яна 11 нафар хотин-қизларга ажратилган тикув машиналари уларни бандлигини таьминлашга хизмат қилди. Гулруҳ Шарипова, Насиба Собировалар ҳам шу пайтгача ишсизликдан қийналиб келаётган эдилар. Чевар бўлишга иштиёқи бору, аммо тикув машинаси олишга имконияти бўлмаган бу аёллар ҳам энди тажрибали  тадбиркор, ишлаб чиқараётган маҳсулотларини экспортга йўналтираётган  Норжон Искандаровага кооперация асосида фаолият юритиш учун бириктириб берилди. Шу ўринда айтиш лозимки,  Тупроққалъа туманининг энг олис ҳудуди ҳисобланган "Саримой" МФЙдан 20 нафар, "Навбаҳор " МФЙдан 14 нафар,  банд бўлмаган хотин-қизларга шу зайлда тикув машиналари берилиб, жами, 34 нафарини иш билан таьминлашга эришилди. Замира Болтаева боқувчисини йўқотган ижтимоиий ҳимояга муҳтож аёллардан бири. У Президент Халқ қабулхонасига  ишлаб даромад топиш истаги борлигини билдириб, бу борада амалий кўмак сўраган эди. Мурожаати қаноатлантирилиб, янги тикув машинаси ажратилди ҳамда маҳалласидаги чевар Дунё Бойжоновага бириктириб берилди. Шу каби 13 нафар ишсиз хотин-қизларга тикув машинаси ажратилди. Энди улар ҳам   доимий даромадга эришиши учун ҳаракат қила бошладилар. Янгибозор туманида ҳам  Президент Халқ қабулхонасининг ушбу хайрли  ташаббуси орқали 30 та маҳалладан 113 нафар хотин-қизлар доимий даромад топиш имкониятига эга бўлдилар. Уларнинг 35 нафари миграциядан қайтганлар, 48 нафари "Аёллар дафтари"га киритилганлар, 14 нафари "Ёшлар дафтари"га киритилган, 16 нафари ижтимоий ҳимояга мухтож аёллар. Улар катта тажрибага эга бўлган 31 нафар тадбиркор аёлларга кооперация асосида бириктирилди. Янгибозор туманининг "Дўстлик" МФЙда яшовчи Қирмизи Масилова ҳам бандлик масаласида мурожаат қилганларнинг бири. Ўрганишларда унинг  оилавий аҳволи оғир эканлиги маълум бўлгач, тикувчиликка ўқуви борлигини инобатга олиб, тикув машинаси берилди. Бу имконият яна 2 нафар аёлларга берилиб, улар ҳам тадбиркор Шодия Қўшжоновага бириктирилди. "Мурожаатдан даромадга” лойиҳасининг дастлабки босқичида бандлиги таъминланмаган оғир шароитдаги хотин-қизларни кооперация асосида ишлаб даромад топишларига имконият яратилган бўлса, кейинчалик улар орасидан тадбиркорликка  қобилияти борлари ўз оилавий корхонасини ташкил этилишига ёрдам берилади. Халқ билан мулоқотнинг янги тизими шу механизм асосида босқичма-босқич кенгайтириб борилади.            

318

Тошкент вилоятида “маҳалла еттилиги” қандай ишлаяпти?

    Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев Уюшманинг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари, туман-шаҳар бўлимлари раҳбарлари билан учрашди. Унда аҳоли муаммоларини ҳал этиш, “маҳалла еттилиги” ҳамкорлини таъминлаш, ёшлар билан ишлаш, бандликни таъминлаш, миграция, электрон тизимга ўтиш каби долзарб масалалар юзасидан олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Маълумот ўрнида: Тошкент вилоятида 677 минг 966 та хонадон, 1025 та маҳалла мавжуд. Таъкидлаш жоизки, 22 та туман ва шаҳарни ўз ичига олган, уч ярим миллиондан зиёд аҳоли вакиллари истиқомат қилаётган бу улкан ҳудуднинг салоҳияти жуда катта. Шу боис Қаҳрамон Қуронбоев Тошкент вилоятининг улкан салоҳияти, бор имкониятидан унумли фойдаланган ҳолда, маҳалла раислари ишларни эскича қолиплардан воз кечиб, тамомила янгича ёндашув ва услуб билан самарали олиб бориши зарурлигини қайд этди. Хўш, вилоятдаги 855 мингга яқин оила билан ишлашда “маҳалла еттилиги” вакиллари ишларни қай тартибда ташкил этяпти? Давлатнинг энг қуйи бўғини ҳисобланган маҳалладаги аниқланган муаммолар қандай бартараф этиляпти? Йиғилишда ана шундай долзарб масалалар муҳокама этилди. Дарҳақиқат, бугун маҳалла раисларига давлатимиз раҳбари кўплаб масъулиятли вазифаларни бериб, уларга катта умид ва ишонч билдиряпти. Жумладан, раисларнинг ваколат муддати уч йилдан беш йилга узайтирилди. “Маҳалла еттилиги”нинг ишларини адолатли баҳолаш мезони раисларга ишониб топширилди. Шубҳасиз, бу билан маҳалла раисининг масъулияти ўз-ўзидан ортди. Ҳозирги кунга келиб, шиддат билан ўзгараётган давр маҳалла раисидан соҳада жорий этилаётган энг сўнгги янгиликлар, ислоҳотлардан бохабар бўлиш билан бирга, ахборот технологияларини пухта эгаллашни тақозо этмоқда. Шундай экан, улар ҳар кунлик иш вақтини аниқ режа асосида мақсадли ташкил этиши, дунёқараши кенг, ижтимоий тармоқларда фаол, ташаббускор бўлиши талаб этиляпти. Давра суҳбатида ана шу жиҳатларга тўхталиб ўтилди. Уюшма раисининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари, туман-шаҳар бўлимлари раҳбарлари билан ўтказган учрашувида ҳар бир оилада маънавий муҳитни яхшилаш, маърифий тадбирларни уюштириш, фарзандлар таълим-тарбиясини кучайтириш, ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, “маҳалла еттилиги” “Маҳалла баланси” асосида қайси хонадонга ёрдам бериш, қайси кўчани таъмирлаш, ҳар бир ҳудудни жамоа билан ободонлаштириш чораларини белгилаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Мулоқот давомида “Рақамли маҳалла” платформаси билан ишлаш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди. Маҳфуза ОҚБОЕВА, Уюшманинг Тошкент вилояти бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.

222

Фарзандингиз нима билан банд?

    Шахсий ноутбугим бузилиб қолиб, уни таъмирлашга устага бердим. Шу боис бир ишимни якунлаш учун компьютер клубига боришга тўғри келди. Қўшни маҳалладаги ана шундай бир кўнгилочар масканга йўл олдим. Клубнинг ташқи деворларига хорижий кино ва мультфильм қаҳрамонлари сурати худди аслдагидек чизилган. Катта бино кўзни қамаштиргудек қилиб замонавий услубда қурилган. Ичкарига кириб, администратордан битта компьютерни очиб беришини сўрадим. Шунда: — Қайси ўйинга ака? Соати 10 мингдан 15 минггача бўлган “гейм”лар бор, — деди ҳалиги бола. — Менга ўйин керак эмас, интернетдан фойдаланмоқчиман, — дедим ажабланиб. Икки соат учун пул тўлаб, администратор айтган рақамдаги ўринга бориб ўтирдим. Атрофга назар соламан. Қарийб қирқтача сўнгги русумдаги компьютер. Ҳаммасида замонавий қулоқчин. Хонанинг шифти овоз кучайтирувчи қурилмалар билан тўла. Гумбир-гумбир шовқин кўтарилади, худди тунги клубга ўхшаб. Компьютерларнинг тенг ярми банд. Ҳаммасида ўсмирлар ва ёш болалар ўйин ўйнаб ўтирибди. Улар шовқин-сурон, бақир-чақир қилишдан тўхтамасди. Қайсидир шериги ёки рақибини овозининг борича “ур”, “йиқит”, “ўлдир” билан “сийлаб” турарди. Энг даҳшатлиси, баъзида бир-бирини куракда турмайдиган гаплар билан ҳақоратлаб, енгил ёки чуқур хўрсиниб қўярди. Шериги ёки рақиби эса бундан қаҳ-қаҳ отиб куларди. Буни кўриб, эшитиб, ёқа ушлайсан киши. Гўёки бир-бирига нисбатан ишлатаётган бу қабиҳ сўзлар аслида “навбатчи” ибораларга айланиб улгурган. Бундай шармандали муҳит ичида керакли маълумотни ёза олмадим. Диққат-эътиборим, фикримни бир жойга жамлашнинг иложи бўлмади. “Ур-йиқитлар” панд бераверди. Шу боис керакли ва қизиқ маълумотларни излаб топиб, “флешка”га кўчирдим. Шу онда ишим чала қолгани қизиқ эмасди, кишини бошқа оғриқли масала ўйлантиради: бу болаларнинг ота-онаси бормикан? Улар фарзандининг айни вақтда нималар билан машғул бўлаётганидан хабардорми? Бунақанги ўйинлар инсон руҳияти, онгига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида кўп ва хўп, бот-бот гапирилаётгани наҳотки бесамар кетяпти? Ўша бола бўш вақтини ва  оз бўлмаган ўша пулни фойдали юмушларга, дейлик китоб мутолаа қилишга сарфласа, биринчидан ўзи, ота-онаси, қолаверса жамиятга кўпроқ нафи тегади-ку! Катталар майли, ўсмирларга ўша пулни ота-онаси “болам, бориб ўйнаб келгин”, деб бермагандир... Хуллас, саволлар кўп. Миянгизга қуйилиб келаверади, жумбоқлар гирдобида, чангалида қолаверасиз… Вақтим тугаб, мана шу ўй-хаёллар билан клубдан чиқдим. “Кечки маҳал одам камаяди, шунда ёзув-чизувимни охирига етказаман”, деган фикрда уйга келдим. Овқатланиб бўлгач, фарзандларим билан бироз сайр қилдик. Сўнг компьютер клубига қайтиб бордим. Лекин… Ичкарига кириб, мақсадимни баён қилмасимдан бояги администратор “бўш компьютер йўқ”, деди дарҳол. Вақти тугайдиган мижозга ҳали бир соат борлигини айтди. Давомидан қўшиб қўйди: “агар яна чўздирмаса”. Беихтиёр кўз ташладим, ҳақиқатдан ҳаммаси банд. Фақат биринчи кирган пайтимдан фарқи, шовқин ва “ур-йиқитлар” янада авжига чиққан эди… Муҳиддин РАСУЛ

136

“Шаръий никоҳни тартибга солиш керак…”

    Маҳалламизда 2 717 нафар аҳоли истиқомат қилади. Асосий “драйвер” — деҳқончилик ва чорвачилик. 728 та хонадоннинг 80 фоизида иссиқхоналар бор. Уларда аҳоли сабзавот ва кўкат маҳсулотлари етиштириб, йилига қўшимча 15-30 миллион сўмгача даромад топяпти. Хонадонларда ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти, баҳор мавсумида “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида 3 100 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади. Бандлик ҳақида сўз кетганда, йил бошида ўтказилган хатловда 80 нафар ишсиз аёл, 27 нафар эркак, 14 нафар йигит-қиз ишсизлар рўйхатига киритилганди. Биринчи чоракда уларнинг 40 фоизини ишли қилдик. Бунда уларнинг аксарияти ўзини ўзи банд қилган бўлса, айримлари расмий равишда давлат ва нодавлат секторига ишга жойлаштирилди. Ҳудуд “яшил тоифа”да, жиноятчилик йўқ. Ўтган йиллар давомида оилавий ажралишлар кузатилмаганди, бироқ жорий йилда битта оила бефарзандлик туфайли бу йўлни танлашга мажбур бўлди. Тизимдаги ўзгаришлар олис ҳудуд бўлса-да, бизнинг маҳаллада ҳам ўз аксини топаётир. “Маҳалла еттилиги” фаолияти йўлга қўйилгани ҳудудга хос муаммоларни шу ернинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда. Айниқса, ижтимоий ходимга эҳтиёж катта эди. Зиммамизга юклатилган вазифалар билан андармон бўлиб, айрим ҳолларда ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар билан тизимли ишлашда қийналаётгандик. Ижтимоий ходим орқали бу ҳолатларга чек қўйилди. “Андижон тажрибаси” асосида маҳаллада хатлов ўтказдик. Бу жараёнда аввалги хатловларда эътибордан четда қолган қатор масалалар юзага чиқди, ечимини кутаётган масалалар аниқланди. Уларни ҳал этиш чоралари кўриляпти. “Бир нафар нуроний ўн ёшга масъул” лойиҳаси доирасида оилалардаги маънавий муҳит ўрганиляпти. Фарзандлар тарбияси, ўқиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши билан боғлиқ жиҳатларга жиддий эътибор қаратиляпти. “Хавфсиз ҳудуд” тамойили асосида низоли оилалар билан индивидуал ишланяпти. Умуман олганда, ишлар фақат қоғозда қолиб кетгани йўқ. Ҳар бир масаланинг ичига чуқур кириб бориляпти, ечими бўйича аниқ вазифалар белгиланяпти. Таклифлар масаласига келсак, маҳалла биносига зарурат бор. Ҳозирда 12 метрлик мослаштирилган контейнерда фаолият юритяпмиз. Одамларни қабул қилиш, “еттилик” вакиллари бир жойда ишлаши борасида муаммолар бор. Ҳокимликка ташаббус билан чиққанмиз, давлат-хусусий шериклик асосида қурилиши айтилган. Маҳалла биноси учун ер майдон ажратилган. Кутяпмиз... Ҳозирда бор имкониятдан фойдаланиб, аҳолининг китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида кутубхона бурчаги ташкил этганмиз. Ходимлар уни баҳоли қудрат китоблар билан таъминладик. Агар маҳалла биноси қуриб берилса, унда кутубхона учун бир хона ажратамиз. Бу ерда нафақат анъанавий, балки электрон кутубхона фаолиятини йўлга қўйиш ниятидамиз. Муассасага келганлар китобларни ўқиш билан бирга, тинглаши ҳам мумкин бўлади. Яна бир таклиф — оилавий ажралишлар билан боғлиқ. Шаръий никоҳ асосида яшаётганлар билан ишлаш тизимини кучайтириш керак. Нега бундай деяпман? Таҳлилларга кўра, ажралишларнинг аксарияти айнан шу тоифадаги оилалар ҳиссасига тўғри келяпти. Қолаверса, бундай оилаларда муносабатлар қонунан йўлга қўйилмайди. Мисол учун, маҳалламизда учта фарзандли шундай оила бор, ота ўз болаларига оталик ҳуқуқини бермаган, учала фарзандга ҳам она ёлғиз оналик асосида ҳужжат олган. Хўш, эртага бу болаларнинг тақдири қандай кечади? Истардикки, бундай оилаларга айрим таъсир чоралари кўрилса. ФҲДЁ органлари маҳалладан сўрашса, биз маълумотини қилиб беришга тайёрмиз. Шоядки, шу билан болаларнинг келажаги изга тушиб кетса... Дилрабо МАВЛОНОВА, Янгийўл туманидаги “Соҳибкор” маҳалласи раиси.

252

Натижани яхшилашга имкон бору, шароит йўқ

  Ишлаган, меҳнат қилган инсон қадр топишига жорий йил маҳалла тизими ходимлари куни яна бир карра амин бўлдим. Касб айёмимиз мен учун икки ҳисса қувончли, қўшалоқ байрамга айланиб кетди. Президент фармонига кўра, бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Мукофотга муносиб кўрилганимдан беҳад мамнунман.  Шу билан бирга бу рағбат ва ишонч елкамга улкан масъулият юклади. Маҳалламизнинг “ўсиш нуқта” — чорвачилик. Аксарият фуқаролар хонадонида қўй ва мол боқади. Бектош Хидиров, Баҳриддин Умрзоқов, Актам Ёрқулов, Абдурасул Худойбердиев, Холмўмин Ҳусанов каби фуқаролар хонадонида  чорвачиликни ривожлантириб, аҳолига гўшт маҳсулоти етказиб бермоқда. Бу орқали йилига ўртача 40 миллион сўмгача даромад қилмоқда. Муҳими, оила аъзоларининг бандлиги таъминланган. Кейинги пайтда “драйвер”имизни ривожлантириш баробарида ҳудудда ишлаб чиқариш, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ортидан янги иш ўринлари яратдик. Тикувчилик, аёллар сартарошлиги, компьютер саводхонлиги каби тўгараклар ташкил этилиб, унга 58 нафар йигит-қиз жалб этилди. Эҳтиёжманд оилаларнинг 15 нафарига субсидия асосида 72 млн. сўмлик тикув машинаси, 2 нафарига 15 млн. сўмлик мотокультиватор, 2 нафарига пайвандлаш ускунаси олиб берилиб, бандлиги таъминланди. 25 нафар фуқарога 464 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилди. 2023 йилда 100 нафардан ортиқ фуқаро “Yashin aka barakali xizmat”, “Arabota paynet xizmati”, “Suyun ota ishonchi” “Tim-Ag‘ron chorvadorlari” масъулияти чекланган жамияти ва бошқа корхоналарга доимий ишга жойланди. 22 нафар фуқаронинг норасмий фаолияти расмийлаштирилиб, 12 та кичик бизнес субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. Жами 385 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилди. 6 нафар ишсиз фуқарога субсидия асосида ҳунармандлар уюшмасига аъзолик бадали тўлаб берилди. Натижаларни янада яхшилашга имкон бору, шароит йўқ. Шу боис ҳудуд ривожини таъминлайдиган таклифлар билдирмоқчиман. Масалан, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун маҳаллада хомашё мавжуд, аммо уни тайёр ҳолатга келтиришга табиий газ муаммо. Айнан шу сабабли тадбиркорликнинг бу тури ривожланмаяпти. Яна маҳалладаги хотин-қизлар қўй жунидан ҳар хил турдаги гилам тўқишнинг ҳадисини олган. Лекин сотиш муаммо бўлгани учун бу иш ҳам тўхтаб қолган. Таклифим — биринчи масалада ҳудудга табиий газ тармоғи тортиш бўлса, иккинчисида аҳоли тўқиган гиламлар сотувини йўлга қўйиш, маҳсулотга харидор топишга кўмаклашиш лозим. Мана шу масалалар ҳал этилса, ўзини ўзи банд қилиш орқали уйда ўтирган аёллар бандлиги таъминланарди. Бундан ташқари, аҳолига берилган ерда етиштирилаётган маҳсулотнинг ички ва ташқи бозорда сотувини йўлга қўйиш, экспортга йўналтиришда кўмаклашиш керак. Ҳоким ёрдамчилари таклиф этган истиқболли лойиҳалар алоҳида эътиборга олиниб, солиқ, кадастр, кредит масалаларида имтиёз берилиб, маблағ фуқароларнинг шахсий паластик картасига ўтказилса, имконият янада ортади, нархлар арзонлайди. Маблағ тўғри сарфланишининг назорати ҳоким ёрдамчиси зиммасига юклангани мақсадга мувофиқдир. Гавҳар ИСАЕВА, Нуробод туманидаги “Аработа” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби.

250