Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев Уюшманинг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари, туман-шаҳар бўлимлари раҳбарлари билан учрашди. Унда аҳоли муаммоларини ҳал этиш, “маҳалла еттилиги” ҳамкорлини таъминлаш, ёшлар билан ишлаш, бандликни таъминлаш, миграция, электрон тизимга ўтиш каби долзарб масалалар юзасидан олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди.
Маълумот ўрнида: Тошкент вилоятида 677 минг 966 та хонадон, 1025 та маҳалла мавжуд.
Таъкидлаш жоизки, 22 та туман ва шаҳарни ўз ичига олган, уч ярим миллиондан зиёд аҳоли вакиллари истиқомат қилаётган бу улкан ҳудуднинг салоҳияти жуда катта. Шу боис Қаҳрамон Қуронбоев Тошкент вилоятининг улкан салоҳияти, бор имкониятидан унумли фойдаланган ҳолда, маҳалла раислари ишларни эскича қолиплардан воз кечиб, тамомила янгича ёндашув ва услуб билан самарали олиб бориши зарурлигини қайд этди.
Хўш, вилоятдаги 855 мингга яқин оила билан ишлашда “маҳалла еттилиги” вакиллари ишларни қай тартибда ташкил этяпти? Давлатнинг энг қуйи бўғини ҳисобланган маҳалладаги аниқланган муаммолар қандай бартараф этиляпти? Йиғилишда ана шундай долзарб масалалар муҳокама этилди.
Дарҳақиқат, бугун маҳалла раисларига давлатимиз раҳбари кўплаб масъулиятли вазифаларни бериб, уларга катта умид ва ишонч билдиряпти. Жумладан, раисларнинг ваколат муддати уч йилдан беш йилга узайтирилди. “Маҳалла еттилиги”нинг ишларини адолатли баҳолаш мезони раисларга ишониб топширилди. Шубҳасиз, бу билан маҳалла раисининг масъулияти ўз-ўзидан ортди.
Ҳозирги кунга келиб, шиддат билан ўзгараётган давр маҳалла раисидан соҳада жорий этилаётган энг сўнгги янгиликлар, ислоҳотлардан бохабар бўлиш билан бирга, ахборот технологияларини пухта эгаллашни тақозо этмоқда. Шундай экан, улар ҳар кунлик иш вақтини аниқ режа асосида мақсадли ташкил этиши, дунёқараши кенг, ижтимоий тармоқларда фаол, ташаббускор бўлиши талаб этиляпти. Давра суҳбатида ана шу жиҳатларга тўхталиб ўтилди.
Уюшма раисининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари, туман-шаҳар бўлимлари раҳбарлари билан ўтказган учрашувида ҳар бир оилада маънавий муҳитни яхшилаш, маърифий тадбирларни уюштириш, фарзандлар таълим-тарбиясини кучайтириш, ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, “маҳалла еттилиги” “Маҳалла баланси” асосида қайси хонадонга ёрдам бериш, қайси кўчани таъмирлаш, ҳар бир ҳудудни жамоа билан ободонлаштириш чораларини белгилаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Мулоқот давомида “Рақамли маҳалла” платформаси билан ишлаш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Маҳфуза ОҚБОЕВА,
Уюшманинг Тошкент вилояти бошқармаси
матбуот хизмати раҳбари.