Ободлик маҳалладан бошланади. Бу юртни янада кўркамлашишига ҳисса қўшади. Шунинг учун эзгу ишлар, хайрли тадбирлар аввало маҳалладан бошланади. Мана шу каби тадбирларни фаолиятимизнинг бош шиорига айлантирганмиз. Бундан ташқари, бандликни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларни салбий иллатлардан асраш, оила институтини уйғун ривожлантиришга эътибор қаратяпмиз. 1-сектор ҳудудида жойлашган маҳалла 1994 йилда ташкил топган. Аҳолиси 4 870 нафар бўлиб, шундан 2 411 нафари аёллар, 2 459 нафари эркаклар, 837 нафари ёшлардир. Фуқароларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ҳомийлар ҳисобидан ўтган йиллар давомида 240 та кам таъминланган оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Инфратузилма билан боғлиқ кўп масалалар ҳал бўлди. Қисқа давр мобайнида 2,8 км. марказий йўллар ҳамда 5,2 км. ички кўчалар асфальт қилинди, 1 635 метр жой бетонлаштирилди. “Сунбула” кўчасига 2,2 км.лик сув қувури тортилди. Натижада маҳалла юз фоиз ичимлик сув билан таъминланди. Шунингдек, кўчаларга 86 та бетон устун ўрнатилиб, 4,2 км. масофага электр кабел тортилди. “Саноат”, “Тадбиркор” кўчасига тунги ёритиш чироқлари ҳамда иккита ток кучайтиргич - янги трансформатор ишга туширилди. Маҳалланинг етакчи тармоғи тадбиркорлик бўлиб, аксарият аҳоли вакиллари мебелчилик, чеварлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Касаначилик кенг ривожланган. Ҳар бир фуқаро муқим касб билан машғул. Қайси хонадонга кирсангиз бодом, ёнғоқ ва бошқа қуруқ меваларни харидорларга тайёрлаш билан бандлигини кўрасиз. Ўтган йилги хатловда 37 нафар ишсиз аниқланган бўлса, 13 нафари иш билан таъминланди. Қолганлар касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Кейинги йилларда 50 дан зиёд савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, ишлаб чиқариш цехлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилди. “Устоз – шогирд” тамойили асосида 49 нафар ёшлар моҳир усталар назоратида ҳунармандчилик сирларини эгалламоқда. Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда “Ичкиликбозлик ва кашандалик – иллатлар остонаси”, “Маърифат ва миллий мафкура билан ёт ва бузғунчи ғояларга қарши курашамиз!”, “Баркамол авлод миллат таянчи” каби мавзуларда сўнгги икки йилда кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Бунинг натижасида 3 йилдан бери жиноятчиликдан ҳоли ҳудуд ҳисобланамиз. Тижорат банклари томонидан маҳалладаги аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш мақсадида 46 нафар талабгорга имтиёзли кредит ажратилди. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган фуқаролар ишга жойлаштирилди. Маҳалладаги 8 нафар фуқарога субсидия олишига кўмаклашилди. Ёшларнинг бир қатор муаммолари, жумладан, 40 нафарига ҳарбий сафарбарлик чақируви бадали, 2 нафар ёшларга соғликларини тиклаш, 2 нафарига контракт ҳамда курс тўловлари тўлаб берилди. Оилаларни мустаҳкамлаш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган тадбирлар ўз натижасини бермоқда. Сўнгги уч йилда ҳудудда оилавий ажримлар, оталикни белгилаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ каби муаммоли ҳолатларни олдини олиш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз зое кетмаяпти. Таклифим — маҳалла еттилиги ходимлари камида 5 йил шу ҳудудда яшаган бўлишига устунлик бериш керак. Чунки амалиётда айрим маҳалла ходимлари бошқа ҳудуддан тайинланиши айрим ноқулайликларга сабаб бўлмоқда. 30-40 км. узоқликдан қатнаб ишлаётган ходимлар иш унуми, самарадорлиги тушиб кетяпти. Насриддин САДРИДДИНОВ, Наманган шаҳридаги “Саноат” маҳалласи раиси.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблeяси 2013 йил 20 дeкабрда “Тараққиёт мақсадларидаги фан, тeхника ва инновациялар” тўғрисида рeзолюция қабул қилди. Ҳужжатда ушбу соҳада гeндeр тeнгликни таъминлаш кафолати сифатида исталган ёшдаги аёллар ва қизларнинг фан, тeхника ва инновациялар ютуқлари ривожидан тeнг ва тўлақонли фойдаланиш имконияти эътироф этилди. Орадан икки йил ўтгач, БМТ Бош Ассамблeясининг 2015 йил 22 дeкабрдаги ялпи мажлисида 11 фeвраль “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” сифатида эълон қилинди. Ушбу сана муносабати билан мамлакатимизда ҳам кенг кўламли тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Хусусан, жорий йилда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 январдаги тегишли баёни ижроси таъминлаш мақсадида 12-17 февраль кунлари “Илмли аёл – жамият кўзгуси” мавзусида ҳафталик ташкил қилиниб, олима аёллар ва илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчи хотин-қизлар иштирокида, таълим муассасалари ва маҳаллаларда илмий-амалий ва маънавий-маърифий тадбирлар, танловлар ташкиллаштириш режалаштирилган. Бундан ташқари, 9 февраль куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида "Ўзбекистон олима аёлларининг халқаро майдондаги ўрни" мавзусида, 13 февралда Тошкент Кимё технологиялари институтида “WOMEN IN STEAM” халқаро форумлари ўтказилади. Пахта селекцияси уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтида “Қишлоқ хўжалиги илмни ривожлантиришда аёлларнинг ўрни”, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Янги Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва бағри кенгликни таъминлашда хотин-қизларнинг илм-фанга қўшган ҳиссаси” мавзусида халқаро илмий конференциялар бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида эса “Янги Ўзбекистоннинг матонатли аёллари” мавзусидаги халқаро форум ўтказилади.
Президент таклифи маҳаллани жамиятнинг маънавий қиёфасига айлантириш бўйича янги ҳаракатни юзага келтирди Ҳар қандай инсон остона босиб, кўчага чиқиши билан уни маҳалласи қарши олади. Яхши кунида елкадош, тушкун вақтида маслакдош бўладиган ҳам маҳалладир. Ҳар бир амалида “Маҳалла-кўй нима дейди?” деган савол асосида иш тутадиганлар маҳалланинг чинакам фарзанди ҳисобланади. Аҳолисининг ташвишларини ўзиники, деб билган маҳаллалар халқнинг виждони демакдир. Ўзини ўзи бошқаришнинг муҳим институти бўлмиш маҳалла фаолиятининг ҳуқуқий асослари Конституция даражасида такомиллаштириляпти. Жумладан, Бош қомусимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тегишли ҳудудда тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида маслаҳат марказларини ташкил этиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди. Маҳаллаларнинг бошқарув ходимлари сони солиқчи ва ижтимоий ходим қўшилиши ҳисобига еттитага кўпайди. Маҳалланинг ўзида 70 дан ортиқ масала, жумладан, моддий ёрдам ва кредитлар ҳал этилиши, тизим тўлиқ рақамлаштирилиши, маҳалла раисининг ваколатлари кенгайиши белгилаб қўйилди. Давлатимиз раҳбари 2023 йил 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Маънавият ва маърифат Кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида ҳудудлардаги тўртта секторга қўшимча бешинчи – “Маънавият сектори”ни ташкил қилиш, бу борада “Сурхондарё тажрибаси”ни яратиш бўйича таклиф билдирган эди. Бу таклиф маҳаллани жамиятнинг маънавий қиёфасига айлантириш бўйича янги ҳаракатни юзага келтирди. Шу ўринда “Маънавият сектори”нинг вазифаларига қисқача тўхталиб ўтсак. Ушбу секторга ташкилот ва корхоналарнинг масъул раҳбарлари, зиёлилар бириктирилиб, ҳудудларнинг ижтимоий-маънавий харитаси яратилади. Сектор жамиятдаги мавжуд муаммоларга тизимли ёндашиб, амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштиради ҳамда мазкур соҳадаги вазифалар бўйича жавобгар ҳисобланади. Маҳаллаларда маънавият секторини ташкил қилиш ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш билан бирга, аҳолини китобхонликка жалб этиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маданият ва санъатга ошно қилиш, унутилиб кетилаётган миллий қадриятлар ва анъаналарни оммалаштириш ҳамда халқимиз орасида меҳр-оқибат туйғуларини кучайтириш каби бир қатор муҳим вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади. Бу жараёнда ҳар бир маҳаллада кутубхона ташкил этиш, аҳолини кенг кўламда китобхонликка қайтариш, вақтли матбуот нашрларига обунани йўлга қўйиш, ҳар бир хонадонга газета-журналларнинг кириб боришини таъминлаш кўзда тутилган. Шунингдек, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда маҳаллаларда манзилли чора-тадбирлар режасини белгилаб олиб, маънавий-маърифий тарғиботни йўлга қўйиш, “еттилик” фаолиятини уйғунлаштириш мақсадга мувофиқдир. Шу боис Марказнинг масъул ходимлари ҳудудлардаги маҳаллаларда бўлиб, “Маънавият сектори”ни ташкил этиш бўйича услубий-амалий ёрдам кўрсатмоқда. Келинг, сектор фаолиятини айнан Сурхондарё вилояти мисолида кўриб чиқайлик. Бугун вилоятнинг барча туман-шаҳарларида шундай секторлар фаолияти йўлга қўйилди. Хусусан, Олтинсой туманидаги Алибой Бўтаев номидаги маҳаллада “Намунали маҳалла “Маънавият сектори” ташкил этилиб, унга бир қанча амалий ёрдамлар кўрсатилди. Ўтган муддат давомида маҳалланинг маънавий қиёфасини акс эттирувчи бир қатор лойиҳалар асосида марафон ва “Бизнинг обод маҳалламиз” лойиҳаси доирасида “Онам эккан райҳонлар” акцияси ташкил этилди. Кўчалар, хонадонларни ободонлаштириш, мавсумий кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Натижада 4 нафар қиз ва 2 нафар келин туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан рағбатлантирилди. “Маҳалламизда ҳашар” лойиҳаси доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оила — О.Турдиеванинг хонадонида туман ҳокимлиги ҳомийлигида маҳалла ёшларини жалб этган ҳолда ҳашар уюштирилиб, таъмирлаш ишлари бажарилди. “Спорт ҳамроҳ – спорт дўст” лойиҳаси асосида маҳаллада ўғил болалар ўртасида футбол, қиз болалар ўртасида волейбол жамоаси ташкил этилди. Маҳалладаги “Оқарбулоқ тонги” ашула ва рақс этнографик ансамбли фаолияти қайта жонлантирилди. Қолаверса, “Менинг маҳаллам – маънавият маскани” мавзусида маънавият марафони ташкил этилиб, унинг доирасида “Ассалому алайкум – дунёдаги энг ширин калом”, “Маҳалладаги файзли ва ихчам тўй”, “Маҳалламнинг обод хонадони”, “Ёр-ёр айтган оналар”, “Алла – сеҳрли қўшиқ”, “Менинг…
Маҳалламизда 1 889 нафар аҳоли яшайди. Уларнинг аксарияти ҳудуддаги бозорда савдо-сотиқ билан шуғулланади. Хотин-қизлар тикувчилик соҳасида касаначилик асосида иш билан банд. Ўтган йили 12 нафар фуқарога тадбиркорлик учун имтиёзли кредит ажратилди. 13 нафар ишсиз шахс доимий иш билан таъминланди. Сектор раҳбарига ўтган йили ижтимоий ҳимоя, инфратузилма билан боғлиқ масалаларда мурожаат қилдик. Шу асосда иккита кўчанинг 538 метр қисми асфальтланди, 713 метрига шағал тўкилди. Кўчаларга 67 дона тунги ёритгичлар ўрнатилди, битта трансформатор янгиланди, видеокузатув камералари қўйилди. Ҳозирда ечимини кутаётган иккита масала бор: бири — маҳалла биноси мавжуд эмас. Ҳозирда Ўрмон хўжалиги ташкилотининг битта хонасида фаолият юритяпмиз. Ҳудудда аҳоли жуда зич яшайди, бўш ернинг ўзи йўқ. Шу боис бино қуриш мушкул бўляпти. Масала ечими учун ҳатто ҳокимлик маҳаллада кимдир ҳовлисини сотса, уни сотиб олиб, йиғин учун идора қуриб беришга ҳам тайёр. Иккинчи масала — ҳудудда 1960 йилларда қурилган болалар боғчаси бор. Уни таъмирлаш зарур, март ойида ишлар бошланишини айтишган, кутяпмиз. Тизимга оид фикрларни баён этсам, ҳар қандай жамоада ишнинг натижаси самарали бўлиши учун бирдамлик зарур. Ҳар ким аравани ҳар томонга тортса, бир мақсад сари бирлашмаса, ишнинг самараси сезилмайди. Маълум вақт бўлдики, маҳалла шундай фаолият юритди. Ҳар бир ходимнинг ўз раҳбари бор, ҳар бири алоҳида-алоҳида тузилмага бўйсунади. Маҳалла раиси фақатгина қоғозларда уларга раҳбар бўлди. Ходимига бир ишни буюра олмаса, “нега кеч келиб, эрта кетяпсан” деёлмаса, умуман, уларни назорат қила олмаса, тизим самарали ишлаши мумкинми? Яхшики, 2024 йил 1 январдан соҳада қатор ўзгаришлар бўлди, раиснинг ваколати оширилди. Эндиликда раислар барча ходимларни назорат қилиши, уларнинг ҳисоботларини тинглаши, давомати ва ойлик табелини юритиши мумкин. Яна бир жиҳат — қонунлар адолатли, шу билан бирга, қаттиқроқ бўлиши керак. Майли, одамлар қонунга мустақил риоя қилишни ўргангунча маълум вақт шундай бўлсин. Биз ёшлигимизда маҳалла оқсоқоли танбеҳ берса, қонун билан қўрқитса, қўрқардик. Ҳозир-чи? Аксарият одамлар қонунлардан қўрқмайди. Жазосизлик, айрим ўринларда жазонинг енгиллиги қонунни бузишга туртки бўляпти. Мисол учун, маҳалла ҳудудида белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш “урф” бўлган. Бир-икки марта танбеҳ берган билан иш битмайди. Демак, бундай шахсларни каттароқ миқдорда жаримага тортиш керакки, бу чўнтагига зарар қилсин. Эртага уйидан чиқаётганда тўлаган жарималари кўз олдида гавдалансин. Шундагина қонунга риоя қила оламиз. Йўқса, ҳолат яхшиланиши даргумон... Асия НАЗАРОВА, Тўрткўл туманидаги “Истиқлол” маҳалласи раиси.
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ–883, 18.12.2023 й.) билан бир қатор қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, Сайлов кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра: ➖ Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 75 та ҳудудий бир мандатли сайлов округи тузилади; ➖ Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш учун Ўзбекистоннинг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланади; ➖ Партия рўйхати Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин, ушбу рўйхатга киритилганлар депутатликка номзод мақомини олади ва уларга гувоҳнома берилади; ➖ Партия рўйхатига киритилган номзодлар ушбу сиёсий партиянинг аъзолари ёки партиясиз бўлиши мумкин. Бошқа сиёсий партиянинг аъзолари ушбу рўйхатга киритилиши мумкин эмас; ➖ депутатликка номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан белгиланади; ➖ аёлларнинг сони бир мандатли сайлов округлари бўйича, шунингдек, партия рўйхати асосида сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини ташкил этиши керак. Бунда партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар 5 нафар номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозим. Шунингдек, ягона сайлов округи бўйича сайланадиган Қонунчилик палатасининг депутатлик ўринлари ушбу сайловда иштирок этган сайловчилар овозларининг 7 ва ундан кўпроқ фоизини тўплаган сиёсий партиялар ўртасида тақсимланади. Агар сайловда иштирок этган сайловчилар овозларининг 7 ва ундан кўпроқ фоизини фақат битта сиёсий партия тўплаган бўлса, унда депутатлик ўринлари сайловда сайловчиларнинг энг кўп овозини тўплаган иккинчи сиёсий партияга ҳам тақсимланади. Марказий сайлов комиссияси депутатлик мандатларини сиёсий партиялар ўртасида тақсимлаш тўғрисида баённома тузади. Партия рўйхати бўйича сайланган депутатлар ўртасида депутатлик мандатларини тақсимлаш Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган партия рўйхатига киритилган депутатликка номзодлар кетма-кетлигига мувофиқ амалга оширилади. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, Қонунчилик палатасининг камида 5 нафар депутати фракция тузиш ҳуқуқига эга (илгари камида 9 нафар эди). Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.
ҲАР БИР ТАДБИРКОРДА 4 ТАДАН 30 ТАГАЧА “ФУРА”ЛАР БЎЛИБ, УЛАР БУРТМАЛАР АСОСИДА МАҲАЛЛИЙ ВА ХОРИЖИЙ ЙЎНАЛИШЛАР БЎЙИЧА ҚАТНАМОҚДА.
Sign in to your account