Президентнинг 2024 йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ёшларга ер ажратиш бўйича янги тартиб жорий этилди. Қарорга кўра, туман ҳокимликлари захирасидаги 60 минг гектар ер майдони электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун ёшларга ижарага берилади ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни қамраб олувчи янги тизим жорий этилади. Унга асосан, аукцион «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали «маҳалла еттилиги»нинг тавсияси билан шакллантириладиган рўйхатга киритилган ёшлар ўртасида ўтказилади. Бунда ғолибларга ер участкаси нархини 10 йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади. Закалат пули БҲМнинг 1 баравари миқдорида белгиланади. Талабгорларга суғориладиган экин майдонлари, кўп йиллик дарахтзорлар ёки самарасиз боғлар ерлари, чорва озуқаси экинларини етиштиришга мўлжалланган, лалми, бўз, яйлов ва янги ўзлаштирилган ер майдонлари 30 йил муддатгача кичик лотларда «бир массив — бир маҳсулот» тамойили асосида ижарага берилади. Талабгорларга ажратиладиган ер майдонлари ўлчамлари «маҳалла еттилиги» таклифига кўра аниқланади. Бунда талабгорларга «E-auksion» электрон савдо платформасига жойлаштириладиган ер майдонлари бўйича кичик лотларни мажбурий бириктиришга йўл қўйилмайди. Ишни яхши ташкил қиладиган тадбиркорлар, маҳсулотни қайта ишловчи ёки экспорт қилувчиларга «Ёшлар дафтари»даги бир нечта ёшларнинг бандлигини таъминлаш мажбурияти билан яхлит контурдаги ер майдонларини беришга рухсат берилади. Ер майдонларини электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижарага олган ёшлар «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»дан чиқарилмайди ва улар учун қонунчиликда белгиланган барча имтиёз ва преференциялар сақлаб қолинади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни қамраб олувчи янги тизим бўйича талабгорларга қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади: талабгорларга 7 йилгача муддатга 100 миллион сўмгача кредит ажратилади. Бунда кредитлар «маҳалла еттилиги» кафиллиги асосида берилади; талабгорларга мини-техника, уруғ ва кўчат харидига «Ёшлар дафтари» жамғармасидан 5 миллион сўмдан субсидия, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан — 33 миллион сўмгача кредит берилади; жойлардаги 167 та «Агромарказлар» орқали хусусий секторни жалб этган ҳолда уруғ, кўчат етказиш, минерал ўғит бериш, мини-техника ва агроном хизматлари йўлга қўйилади. Президент қарорига мувофиқ ижарага бериладиган ер майдонларида тураржой, бино ва иншоотлар қуриш қатъиян ман этилади. Шу билан бирга, 2024 йилда қўшимча 218 минг гектар ер майдони янгидан ўзлаштирилади ва қайта фойдаланишга киритилади. Ер майдонларини ижарага беришдан тушадиган маблағлар (аукцион харажатларидан ташқари) Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига қайтарилади. Санжар ИСМАТОВ.
Саҳобат Нуриддинова гулчиликни туғилганидан бошлаган. Кўзини очиб кўргани, илк ушлагани гул бўлган. Шундан уларга меҳри бўлакча. Кунини гулларидан ҳол-аҳвол сўрашдан бошлайди. Худди яқин дугонасидек, мириқиб суҳбатлашади. Эринмай баргларини артади. Ҳар янги униб чиққан ниҳолдан куч олади, олам-олам завқ туяди. Ҳар соҳанинг ўз илми бўлганидек, гулчиликнинг ҳам ўқиб, ўрганадиган нозик жиҳатлари бор. Унинг барча сир-асрорларини пухта эгаллаб, маҳалламизнинг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Саҳобат Нуриддинова 30 сотихга яқин томорқада турли-туман гул навларини етиштириб, йилига 50-60 миллион сўмдан кўпроқ соф фойда топади. 50 нафар хотин-қиз билан кооперация усулида ишни ташкил этиб, уларнинг мўмайгина даромад топишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бунда улар эрта баҳор махсус идишларга қадалган гул уруғларини 2 000 сўмдан харид қилиб олишади. 1,5 ой давомида парваришлаб, униб чиққан кўчатларни тадбиркорнинг ўзига 5 000 сўмдан сотади. Шу тарзда ҳар бир дона гулдан 3 000 сўмдан фойда кўради. Тўфахон Нуриддинова 30 сотих ерда гулхона ташкил этган. 70 нафар аёлни доимий иш билан таъминлаган. Экилган гулларнинг донасига қараб ҳақ тўлайди. Олдиндан ишлаб юрганлар анча яхши даромад топади. Мутахассис бўлиб кетган, гуллар яхши ривож топиши учун кузда барг ва хазонларни ерга кўмиб, табиий ўғит тайёрлашади. Баҳорда уларни ғалвирдан ўтказиб, керакли озуқа моддалари билан бойитади. Ана ундан кейин шода-шода бўлиб очилади-да гуллар. Ҳудудимиздаги аксарият хотин-қизлар гулчилик билан шуғулланиб келяпти. Кўпчилигига ота мерос касб ҳисобланади. Аввал помидор, булғор қалампири, бақлажон каби сабзавот кўчатларини етиштириб юрганлар бу соҳанинг сердаромад эканини билиб, шу йўналишни танлашга қарор қилишди. Эътиборли жиҳати шундаки, гулга йил бўйи харидор топилади. Иссиқхона шароитида 12 ой давомида етиштириш мумкин. Тури ва навига қараб, 10 минг сўмдан 1-2 миллион сўмгача сотилади. Ҳар бирининг ўз ишқибозлари бор. Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби қўшни мамлакатларга экспорт қилаётганлар анчагина. Мана, 6 йилдан буён маҳалламизда ажралишлар йўқ. Бунинг асосий сабаби ҳамма меҳнат билан банд. Фойдали иш қилиш, даромад топиш илинжида. 2023 йилда ишсизликдан ҳоли ҳудуд бўлдик. Айниқса, аёлларимиз тиниб-тинчимайди. Қўли гул чеварларимиз жуда кўп. Боласини бешикка белаб туриб, ишини битириб олишади. Ўзимни 3 нафар келиним ҳам тайёр бичилган эркаклар костюм-шимларини тикиб, дазмоллаб, буюртмачига топширади. Бундан ташқари, маҳалламизда 10 та кичик тикув корхоналари фаолият юритади. У ерда 40-50 нафар хотин-қизлар фаолият олиб боради. Тайёр маҳсулотларни Тошкент ва Қўқон бозорларига етказиб беришяпти. Ҳудудимиз 12 та кўчадан иборат. Ҳар бирига намунали хотин-қизларни масъул қилиб бириктириб қўйганмиз. Бирор оилага маслаҳат ва йўл-йўриқ керак бўлиб қолса, дарров бизга етказади. Кунига қайта-қайта қўнғироқлашиб, вазиятдан хабардор қилиб туришади. Ҳамма бахтли ва тинч яшаши учун доим ҳаракатдамиз. София АКРОМОВА, Наманган туманидаги “Наврўз” маҳалласи хотин-қизлар фаоли.
Президент Шавкат Мирзиёев 25-26 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи доирасида Уйчи туманидаги “Қумтепа” маҳалласи марказида бўлиб, аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди Президент қайсидир ҳудудга тариф буюрса, одамларнинг яшаш шароитлари билан танишиш, маҳалла фаоллари билан жонли мулоқот қилиш учун, албатта, бирорта маҳаллага бориши анъанага айланди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифи доирасида Уйчи туманидаги “Қумтепа” маҳалласи марказида бўлиб, аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди. “Қумтепа” — туманнинг энг намунали маҳаллаларидан. Ҳудуди 365 гектарни ташкил этади. Мазкур маҳаллада 5 200 нафарга яқин аҳоли яшайди. “Драйвер” йўналиш — 385 та хонадон метални қайта ишлайди, 207 та оила деҳқончилик ва 74 та хонадон хизмат кўрсатишга ихтисослашган. Бу йил маҳалла қиёфаси яхшиланди. Йиғин идораси учун янги бино қурилди. Барча хонадонлар ичимлик сув таъминотига уланди. Ички йўллар, электр тармоқлари таъмирланди. “Яшил макон” дастури доирасида йўл бўйларига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Маҳаллада тикувчилик цехи, гўзаллик салони, спорт майдончалари, тиббиёт пункти, кутубхона, озиқ-овқат дўконлари ҳамда дорихоналар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Янги маҳалла биносида Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази ташкил этилди. Бу ерда аҳоли ва тадбиркорлар 32 турдаги давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин. Эндиликда одамлар FACE ID тизими орқали рўйхатдан ўтиб, “Бир қадам” тамойили асосида иш ҳақи, солиқ қарздорлиги, судланмаганлик, наркология ёки психатрия диспансерида рўйхатда турмаганлик ҳақидаги маълумотларни бир зумда олиши мумкин. Президент буни маъқуллаб, давлат идоралари билан боғлиқ масалаларни иложи борича маҳаллаларнинг ўзида ҳал этиш зарурлигини таъкидлади. “Қумтепа” — ишсизликдан ҳоли, ажралишлар қайд этилмаётган маҳалла. Қандай қилиб бундай натижаларга эришиш мумкин? Жавоби оддий: давлат раҳбари “маҳалла еттилиги” олдига қўйган вазифаларни виждонан бажарса, одамлар билан ҳар куни ишласа, изланса, меҳнат қилса, жамоа шундай натижага эришади. Хўш, ташриф манзили сифатида нега шу маҳалла танланди? Ундаги бой тажрибани иқтисодий жиҳатдан бироз орқада қолаётган Уйчи туманининг барча маҳаллаларида татбиқ этиш мақсад қилинган. — Президент ташрифи кўнгилларни тоғдек кўтарди, — дейди “Қумтепа” маҳалласи раиси Зулфия Акбарова. — Фаоллар билан мулоқотда “маҳалла еттилиги” фаолияти, ундан кутилаётган натижалар, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш масалалари ҳақида сўз юритилди. Айтиш керакки, бунинг учун маҳаллаларда шароит яратилган. Хусусан, барча масъул ташкилот ва идораларнинг мутасаддилари энг қуйи тизим — маҳаллага олиб тушилди. Мақсад — кимдир ишсизми, айнан ишини маҳалладан топсин, кимдир ҳунар ўрганмоқчими, шу ерда ўргансин. Кимдир тадбиркорликка қизиқади, кўмакни айнан маҳалладан олсин. Президентимиз ана шуни истаяпти. Яъни одамлар давлат меҳрини айнан шу манзил — маҳалладан топсин. Буни тўғри англаган ҳолда, маҳалламизнинг ислоҳотлар марказида бўлишига интиляпмиз. Жумладан, яратилган имкониятлар туфайли йиғинимиз ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланди. Бунга қандай эришдик? Маҳаллада “Қумтепа” ёшлар кичик саноат зонаси ташкил этдик. Бу ердаги иш жойларига меҳнат миграцияда юрган, ишсиз, бандлиги таъминланмаган аҳоли қатламини жалб этдик. Бугун ҳудуд аҳли маҳалладан чиқмаган ҳолда ишлаши, рўзғорига барака киритиши мумкин. Тажрибамизни бошқа маҳаллаларда жорий этиш кераклиги айтилди. Биласизми, бу маҳалланинг натижалари яхшилиги шу ерда истиқомат қилаётган аҳолининг ўзига боғлиқ. Маҳалла аҳли азалдан ҳунарманд, машҳур “Уйчи дарвозалари”ни шу ерлик усталар ясашади. Қўшни вилоятларни қўйинг, қўшни мамлакатларда уларнинг ишларига харидорлар кўп. 2023 йилда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 7 та лойиҳага 4,3 миллиард сўм кредит, 22 нафар фуқарога 103 миллион сўм субсидия ажратилган. Ҳоким ёрдамчиси қиймати 400 миллион сўмлик 7 та лойиҳани ишга тушириб, 28 та янги иш…
Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни Тошкент шаҳридаги саноат ва ижтимоий соҳа объектлари фаолияти, маҳалладаги бунёдкорлик ишлари билан танишди, баҳорги дарахт экиш тадбирида иштирок этди “Дилбулоқ”... Бугун бу ерда ҳаётидан бахт, мазмун топган одамлар яшайди. Уларнинг тилида, дилида шукроналик туйғуси. Бу маҳалла чиройда, қулайликда пойтахтнинг энг олди маҳаллаларидан ҳам олдинга чиқиб олди. Ваҳоланки, бундан уч-тўрт йил муқаддам ҳудуддаги анҳор бўйлари чакалакзор, ташландиқ ҳолда ётарди, пана-пастқам уйлар кўп эди... Бир маҳаллада, аслида, нималар бўлиши керак? “Дилбулоқ”қа келиб ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин. Зеро, маҳаллага бу йилги Наврўз янада кўтаринкилик билан келди. Давлат-хусусий шерикчилик асосида замонавий маҳалла идораси қурилди. Кўп қаватли уйлар йўлаги ва ички кўчалар, ертўлалар таъмирланди. Анҳор бўйи тартибга келтирилиб, обод сайилгоҳга айлантирилди. Ишкомлар, ниҳоллар, пиёдалар йўлаклари маҳаллага кўрк бағишлади. Ўтган йили кузда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 4 минг туп дарахт ва бута кўчати ўтқазилган эди. Шу кунларда кўп қаватли уйлар олдидаги майдонларга райҳон, намозшомгул каби гуллар экилди. Ҳозирда маҳаллада 6 700 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Маҳалла хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Уч юзга яқин савдо, саноат ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида маҳаллий ёшлар ва аёллар ишламоқда. Мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликлиника, ихтисослаштирилган спорт мактаби, педагогика институти филиали фаолият юритмоқда. “Хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳудудга 360 та видеокузатув мосламалари ўрнатилган, улар маҳалла профилактика инспектори хизмат хонасига уланган. Ўтган йили 112 киши ишга жойлаштирилиб, 181 нафари ўзини ўзи банд қилган. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 23 та лойиҳага 366 миллион сўм кредит ва 8 нафар фуқарога 80 миллион сўм субсидия ажратилган. 12 та микролойиҳа ишга туширилиб, 40 та янги иш ўрни яратилди. Хусусан, бу ерда тикувчилик цехи, гўзаллик салони, полиграфия ва компьютер хизматлари, кутубхона, озиқ-овқат ва қандолат дўконлари ташкил этилди. Давлатимиз раҳбари ушбу мажмуаларни кўздан кечирди, маҳалла аҳли билан самимий суҳбатлашди. Уларни улуғ айём кунлари ва Наврўз байрами билан табриклади. — Маҳалламиз 2016 йилда ташкил этилган бўлса-да, ҳудудда кўплаб муаммолар йиғилиб қолганди, — дейди “Дилбулоқ” маҳалласи раиси Мирзатилла Мирзараимов. — Маҳаллаларга берилаётган эътибор туфайли бугун ҳудуд чирой очди. Президентимиз бу ердаги ободликни, иш жойларини, байрам нафасини кўриб, хурсанд бўлди. Ҳамма маҳаллаларни шундай ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз кераклигини, ўзгаришлар фақат туманлар марказида қолиб кетмаслигини таъкидлади. “Еттилик” вакиллари билан мулоқотда Шавкат Мирзиёев бир гапни айтди: “Маҳалла замонга ҳамнафас бўлиши керак. Маҳалла энди бир компания, корпарацияга айланиши зарур. Одамларга бизнесни ўргатиши лозим. Банк бу жараёнда биринчи бўғинга айланади”. Қайд этилганидек, эндиликда маҳаллага иқтисодий комплекс ташкилотлари бириктирилади, мақсад — ҳар бир хонадонга, ҳар бир инсонга етиб бориш. Хўш, бу жараён қандай ташкил этилади? Энди банклар маҳаллага киради, ҳар бир ишсиз фуқаро билан индивидуал ишлайди, аҳолига бизнес-режалар тақдим этади. Керак бўлса, уларни тадбиркорликка ўргатади. Банкларнинг ўзида мономарказлар ташкил этилади. Президент: “Банклар фақат қайтими бор мижозлар билан ишлаши эмас, балки ўзига янги мижозлар яратиши керак. Давлат олдидаги ижтимоий масъулиятини англаши лозим”, — деди. Банк ходимининг самарадорлик кўрсаткичи бундан буён маҳалладаги ишига ҳам боғлиқ бўлади. — Хабарингиз бор, иқтисодий комплекс ташкилотларини маҳаллаларга бириктираяпмиз. Бунда банкларнинг ҳам ўрни бор. Улар орқали туманлардаги корхоналарга қўшимча шароит яратиб, енгил кредитлар бериб, яна иш ўринлари очишини қўллаб-қувватлаш керак. Энди маҳаллалар ҳам замонга муносиб, ҳаракатчан бўлиши лозим. Умуман, ишлайман деган…
Ўтган ҳафта охирларида ижтимоий тармоқларда бир блогер Янгийўл шаҳридаги эски поликлини биносида яшаётган уйсиз, тўрт фарзанднинг онасига уй олиб беришга зарур маблағ йиғиш учун хайрия видоеси эълон қилинди. Бир кун ўтиб, мазкур оилага уй олиб берилгани, бунинг учун 900 миллион сўмга яқин маблағ йиғилгани кўрсатилди... Кўпчилик қатори саховатпеша халқимизнинг кўмаги билан бир уйсиз оиланинг уйли бўлганидан хурсанд бўлдим. Аммо шу ҳафта бошида ижтимоий тармоқларда “...ушбу блогер ҳар доим мана шу тарзда, “эри йўқ, тўртта боласи етим қолган” деган важ билан бир сценарийда видео олиб келган. Тармоқларда видеога тушган аёлларнинг эри борлиги, болаларнинг ҳаммаси ҳам ўзиники эмаслиги, видеога олиш учун вақтинчалик боласи сифатида кўрсатилган...” каби хабарлар пайдо бўлди. Дастлаб ўша блогер қолдирган телефон рақамга боғландик, бироқ жавоб бўлмади. Суриштирувимиздан маълум бўлдики, бу оила Янгийўл шаҳридаги “Рамадон” маҳалласида видеода қайд этилганидек, эски поликлиника биносида яшар экан. Маҳалла раиси Шуҳрат Нурматовнинг қисқа жавобига кўра, ушбу оила бошқа ҳудуддан келган. Бир ярим йилдан буён шу маҳаллада яшайди. Учта фарзанд ҳам ўзиники, биттасини боқиб олган. Катта фарзанди 17 ёшда, кичкинаси боғча ёшида... Янгийўл шаҳар ҳокимининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари Замира Алимова билан боғланганимизда, бу аёлнинг онаси ўз вақтида Янгийўл туманининг “Ниёзбоши” маҳалласидан кўчиб келганини маълум қилди. – Ушбу аёл Зангиота туманида шаърий никоҳ асосида яшаб келаётган турмушидан қайтиб келгач, 2021 йил 24 декабрь куни вақтинча яшашлари учун бўш турган поликлиника биносига фарзандлари билан бирга жойлаштирилган, – дейди Замира Алимова. – У киши “Аёллар дафтари”га киритилиб, зарур ёрдамлар, хусусан, газ плитаси берилган. Унга яшаш учун ётоқхона типидаги уйдан алоҳида уй ҳамда субсидия асосида уй олиш таклиф этилган, лекин рози бўлмаган. Ҳозирги кунгача яшаб келган поликлиника биноси 2023 йил аукцион орқали сотилган. Шундан сўнг тўрт фарзанднинг онаси ушбу бинони сотиб олган тадбиркор уй олиб беришини айтган. Бу аёлнинг расмий никоҳи йўқ. Боқиб олган фарзандига ҳам 2022 йил туғилганлик ҳақида гувоҳнома олган... Янгийўл шаҳар ҳокими матбуот котиби Мансур Нахалов билан боғланганимизда ушбу аёлга олиб берилгани айтилаётган уйни ҳали бориб кўрмаганини маълум қилди. Матбуот котибининг билдиришича, Янгийўл шаҳар “Рамадон” маҳалласида яшовчи ушбу аёл фарзандлари билан бошқа ҳудуддан келиб, кўчада қолган вақтда шаҳар ҳокимлигига уй-жой сўраб мурожаат қилган. Муаммони тез ҳал қилиш мақсадида бўш турган поликлиника биносига вақтинча фарзандлари билан бирга киритилган. Фуқарога газ плитаси, телевизор, субсидия асосида тикув машинаси берилган. “Аёллар дафтари”, “Саховат ва кўмак” жамғармасидан моддий ёрдам кўрсатилган ҳамда ҳар хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари берилган. Вақт ўтгандан сўнг аёлган ҳокимлик томонидан вақтинча яшаб туриши учун ётоқхонадан жой таклиф қилинган, аммо фуқаро бу таклифни рад этган. Аёлнинг турмуш ўртоғи бошқа ҳудудда яшайди. Ўтган йили эри унга тазйиқ ўтказгани сабабли аёлга Янгийўл шаҳар ИИБ томонидан ҳимоя ордери берилган. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлигининг расмий телеграм каналида берилган “билдириш”да ҳам маълум қилинган. Назаримизда, тегишли ташкилот вакиллари ўз ваколатлари доирасида зарур ёрдамлар кўрсатиб, ўз таклифларини билдиришган. Бундан ортиқ яна қандай ёрдам бериш мумкин? Албатта, бир аёлнинг уйли бўлишидан барчамиз хурсандмиз. Лекин турли асоссиз фикрлар тарқатишлардан эҳтиёт бўлиш зарур. Баъзи ижтимоий тармоқларда блогер ҳақида тарқалаётган хабарларни эса ҳуқуқ-тартибот идоралари ўрганиб, муносабат билдиргани маъқул. Шунда ёлғон бўлса туҳматдан, рост бўлса одамларнинг алданишининг олди олинади. Рустам ЮСУПОВ
Бобом тарбияда жуда талабчан эди. Бирор ишга қўл уришдан олдин доим ўзимга ўзим тўғри қиляпманми, деган саволни берардим. Дакки эшитиб қолишдан қўрқардим-да. Фақат мен эмас, қариндош-уруғ ва қўни-қўшниларга битта сўзи кифоя эди. Бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Нима бўлди-ю, қўшнининг келини аразлаб уйига кетиб қолди. Қайнонаси уч-тўрт марта ялиниб ортига қайтара олмаган келин, бобомнинг бир оғиз гапи билан тугунчасини кўтариб кириб келди. Бундай вазиятлар жуда кўп бўлган. Бугун маҳаллаларда фаолият олиб бораётган “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси” зиммасига айнан шундай қатъият ва шаҳд билан оилаларни яраштириш, ажралишларнинг олдини олиш, фарзандлар тарбиясида миллий ўзига хосликдан фойдаланиш каби вазифалар юклатилган. Хўш, улар бу масъулиятни нечоғли адо этишмоқда? Кўрсаткичлар қандай? Олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари самара беряптими? Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, 2023 йилда ушбу комиссия ва бошқа жамоатчилик тузилмалари ҳамкорлигида ажралиш ёқасига келиб қолган 24 584 та оила яраштирилди. 87 660 та оила соғлом турмуш тарзига ўтказилди. “Нуроний ҳар бир оилага масъул” тамойили асосида “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари аъзоларининг 18 146 нафари 17 903 та муаммоли оилаларга бириктирилди. Лекин шунга қарамай, ҳали қилинадиган ишлар талайгина. Статистика агентлигининг хабар беришича, 2023 йилда тузилган никоҳларнинг ҳар 6 тадан бири ажрашиш билан якунланган. Ўз-ўзидан савол туғилади, нега яраштирилаётган оилалар сони ажрашаётган оилаларникидан кам? — Бугун аксарият ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги натижасида ажралишларнинг кўпайиб кетаётгани ачинарли ҳолат, — дейди “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими, педагогика фанлари номзоди, доцент Ҳусниддин Норқулов. — Айрим ёшлар, ҳатто, катталар оилавий қадриятларни унутиб қўйишган. Ижтимоий тармоқлар орқали менталитетимизга ёт бўлган ғоялар тарғиб қилинмоқда. Оилавий ва миллий қадриятлар, урф-одатлар, анъаналар мазмун-моҳияти ёш авлод онгига болалигидан сингдириб борилмаяпти.. Кўриб турганингиздек, оилаларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида ҳали қилинадиган ишлар анча. Хусусан, маҳаллаларда яраштирилган оилаларнинг кейинги ҳаётидан доимо хабардор бўлиш мақсадида мониторинг ишларини тизимли йўлга қўйиш зарур. Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси мутахассис ва мутасадди вакилларнинг, бошқаларга тарбиявий таъсир ўтказа оладиган фаолларнинг (психологлар, дин уламолари, кекса нуроний онахон ва отахонлар) таъсирчанлигини ошириш керак. Шунингдек, ноқонуний никоҳларнинг олдини олиш мақсадида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини кенгроқ ташкил этиш талаб этилмоқда. Никоҳ ва ажралиш масалаларида ФҲДЁ ҳамда суд органлари билан маҳаллалар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилишини таъминланса, ижобий натижалар янада кўпаяди. Маҳаллаларда ёшларни оилавий муносабатларга тайёрлаш, намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибасини тарғиб этиш яхши самара беради. Ҳудудлардаги ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари фаолиятини тўғри ташкил этиш ҳамда бўлғуси келин-куёвларни белгиланган дастурлар асосида ўқитиш ва сертификатлар берилишини ташкил этиш керак. Шу мақсадга қаратилган тадбирларни жонли ва ҳаётий мисоллар асосида ўтказиш, соҳада илмий тадқиқотлар олиб бораётган олимларни мазкур ишларга жалб қилиш лозим. Назаримда, ҳар бир оиланинг ўз сиёсати, тартиб-интизоми бўлиши керак. Айниқса, эркаклар тизгинни ўз қўлига олмас экан, арзимас сабаблар билан келиша олмаётган қайнона-келин ва эр-хотинни муросага келтириш мушкул. Бошқарув сусайган оилага эса аралашувчилар, ўз ҳукмини ўтказувчилар кўпайиб бораверади. Бундай вақтда маҳалла фаоллари ёки комиссия аъзолари бирор ижобий ўзгариш қилиши қийин. Шунинг учун, аввало, ишни ҳар бир хонадоннинг бошлиқлари билан ишлашдан бошлаш керак. Зеро, олдинда бизни буюк ишлар кутиб турибди. Арзимас ва майда муаммоларга чалғиб қолмайлик! Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА “Mahalla” мухбири
Sign in to your account