Президент Шавкат Мирзиёев 25-26 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи доирасида Уйчи туманидаги “Қумтепа” маҳалласи марказида бўлиб, аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди
Президент қайсидир ҳудудга тариф буюрса, одамларнинг яшаш шароитлари билан танишиш, маҳалла фаоллари билан жонли мулоқот қилиш учун, албатта, бирорта маҳаллага бориши анъанага айланди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифи доирасида Уйчи туманидаги “Қумтепа” маҳалласи марказида бўлиб, аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди.
“Қумтепа” — туманнинг энг намунали маҳаллаларидан. Ҳудуди 365 гектарни ташкил этади. Мазкур маҳаллада 5 200 нафарга яқин аҳоли яшайди. “Драйвер” йўналиш — 385 та хонадон метални қайта ишлайди, 207 та оила деҳқончилик ва 74 та хонадон хизмат кўрсатишга ихтисослашган. Бу йил маҳалла қиёфаси яхшиланди. Йиғин идораси учун янги бино қурилди. Барча хонадонлар ичимлик сув таъминотига уланди. Ички йўллар, электр тармоқлари таъмирланди. “Яшил макон” дастури доирасида йўл бўйларига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Маҳаллада тикувчилик цехи, гўзаллик салони, спорт майдончалари, тиббиёт пункти, кутубхона, озиқ-овқат дўконлари ҳамда дорихоналар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Янги маҳалла биносида Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази ташкил этилди. Бу ерда аҳоли ва тадбиркорлар 32 турдаги давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин. Эндиликда одамлар FACE ID тизими орқали рўйхатдан ўтиб, “Бир қадам” тамойили асосида иш ҳақи, солиқ қарздорлиги, судланмаганлик, наркология ёки психатрия диспансерида рўйхатда турмаганлик ҳақидаги маълумотларни бир зумда олиши мумкин. Президент буни маъқуллаб, давлат идоралари билан боғлиқ масалаларни иложи борича маҳаллаларнинг ўзида ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.
“Қумтепа” — ишсизликдан ҳоли, ажралишлар қайд этилмаётган маҳалла. Қандай қилиб бундай натижаларга эришиш мумкин? Жавоби оддий: давлат раҳбари “маҳалла еттилиги” олдига қўйган вазифаларни виждонан бажарса, одамлар билан ҳар куни ишласа, изланса, меҳнат қилса, жамоа шундай натижага эришади. Хўш, ташриф манзили сифатида нега шу маҳалла танланди? Ундаги бой тажрибани иқтисодий жиҳатдан бироз орқада қолаётган Уйчи туманининг барча маҳаллаларида татбиқ этиш мақсад қилинган.
— Президент ташрифи кўнгилларни тоғдек кўтарди, — дейди “Қумтепа” маҳалласи раиси Зулфия Акбарова. — Фаоллар билан мулоқотда “маҳалла еттилиги” фаолияти, ундан кутилаётган натижалар, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш масалалари ҳақида сўз юритилди. Айтиш керакки, бунинг учун маҳаллаларда шароит яратилган. Хусусан, барча масъул ташкилот ва идораларнинг мутасаддилари энг қуйи тизим — маҳаллага олиб тушилди. Мақсад — кимдир ишсизми, айнан ишини маҳалладан топсин, кимдир ҳунар ўрганмоқчими, шу ерда ўргансин. Кимдир тадбиркорликка қизиқади, кўмакни айнан маҳалладан олсин. Президентимиз ана шуни истаяпти. Яъни одамлар давлат меҳрини айнан шу манзил — маҳалладан топсин.
Буни тўғри англаган ҳолда, маҳалламизнинг ислоҳотлар марказида бўлишига интиляпмиз. Жумладан, яратилган имкониятлар туфайли йиғинимиз ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланди. Бунга қандай эришдик? Маҳаллада “Қумтепа” ёшлар кичик саноат зонаси ташкил этдик. Бу ердаги иш жойларига меҳнат миграцияда юрган, ишсиз, бандлиги таъминланмаган аҳоли қатламини жалб этдик. Бугун ҳудуд аҳли маҳалладан чиқмаган ҳолда ишлаши, рўзғорига барака киритиши мумкин. Тажрибамизни бошқа маҳаллаларда жорий этиш кераклиги айтилди.
Биласизми, бу маҳалланинг натижалари яхшилиги шу ерда истиқомат қилаётган аҳолининг ўзига боғлиқ. Маҳалла аҳли азалдан ҳунарманд, машҳур “Уйчи дарвозалари”ни шу ерлик усталар ясашади. Қўшни вилоятларни қўйинг, қўшни мамлакатларда уларнинг ишларига харидорлар кўп. 2023 йилда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 7 та лойиҳага 4,3 миллиард сўм кредит, 22 нафар фуқарога 103 миллион сўм субсидия ажратилган. Ҳоким ёрдамчиси қиймати 400 миллион сўмлик 7 та лойиҳани ишга тушириб, 28 та янги иш ўрнини яратди. Маҳалланинг жойлашуви, имкониятларидан келиб чиқиб, бу натижани карра-карра яхшилаш мумкин.
— Президентимиз мулоқотда хотин-қизлар бандлиги, оилалар фаровонлигини таъминлаш борасидаги ташаббусларимиз билан қизиқди, — дейди “Қумтепа” маҳалласи хотин-қизлар фаоли Мадина Асқарова. — Бунда биринчи навбатда уларни салоҳиятидан келиб чиқиб касб-ҳунарга ўқитамиз. Сўнгра йўналиши бўйича бандлигини таъминлаймиз. Томорқадан самарали фойдаланишини йўлга қўямиз. Керак бўлса, аёлларга кредит ва субдиялар ажратамиз. Бу борада банк вакиллари маҳаллага бириктирилгани айни муддао бўлди. Энди улар ҳар бир ишсиз, камбағал оила билан индивидуал тарзда ишлайди. Энг муҳими, уларнинг меҳнат фаолияти самарадорлиги маҳалладаги иши билан бевосита боғлиқ бўлади. Бу банк вакилларининг масъулиятини янада оширади, ишга сидқидилдан ёндашишга ундайди.
Давлатимиз раҳбари маҳалла ҳудудида ташкил этилган “Қумтепа” ёшлар кичик саноат зонасида ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди, темирчи ҳунармандлар билан суҳбатлашди.
Қайд этиш керак, саноат зонасида хонадонлардаги уста-ҳунармандларга зарур шароитлар яратилган. Уч гектар майдонни эгаллаган мажмуа йўл, энергия, ичимлик ва оқова сув каби барча инфратузилма билан таъминланган. Шу билан бирга, энергия тежамкор усуллар жорий этилиб, қуёш панелларидан самарали фойдаланилмоқда. Саноат зонасида биринчи босқичда 52 та лойиҳа амалга оширилиб, 1 500 дан ортиқ иш ўрни яратилди. Иккинчи босқичда яна 45 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш, 1 330 та қўшимча иш ўрни яратиш режалаштирилган. Усталар темирдан дарвоза, эшик, сўри, панжара ва бошқа металл буюмлар ишлаб чиқаради.
Шу ерда “маҳаллабай” ишлаш орқали ишсизликни камайтириш бўйича вазифалар муҳокама қилинди. “Сайхунобод тажрибаси” асосида 14 та тумандаги 788 та маҳаллага иқтисодий идораларнинг раҳбар ва масъул ходимлари бириктирилди. Улар “маҳалла еттилиги” билан бирга 557 минг хонадондаги имкониятларни ўрганди. Эндиликда Уйчи туманида ҳам янги тизим асосида ишсизларга томорқадан даромад топиш, ўз ишини очиш, қобилиятини юзага чиқаришга кўмаклашилади.
Санжар ИСМАТОВ.