Саҳобат Нуриддинова гулчиликни туғилганидан бошлаган. Кўзини очиб кўргани, илк ушлагани гул бўлган. Шундан уларга меҳри бўлакча. Кунини гулларидан ҳол-аҳвол сўрашдан бошлайди. Худди яқин дугонасидек, мириқиб суҳбатлашади. Эринмай баргларини артади. Ҳар янги униб чиққан ниҳолдан куч олади, олам-олам завқ туяди.
Ҳар соҳанинг ўз илми бўлганидек, гулчиликнинг ҳам ўқиб, ўрганадиган нозик жиҳатлари бор. Унинг барча сир-асрорларини пухта эгаллаб, маҳалламизнинг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Саҳобат Нуриддинова 30 сотихга яқин томорқада турли-туман гул навларини етиштириб, йилига 50-60 миллион сўмдан кўпроқ соф фойда топади. 50 нафар хотин-қиз билан кооперация усулида ишни ташкил этиб, уларнинг мўмайгина даромад топишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бунда улар эрта баҳор махсус идишларга қадалган гул уруғларини 2 000 сўмдан харид қилиб олишади. 1,5 ой давомида парваришлаб, униб чиққан кўчатларни тадбиркорнинг ўзига 5 000 сўмдан сотади. Шу тарзда ҳар бир дона гулдан 3 000 сўмдан фойда кўради.
Тўфахон Нуриддинова 30 сотих ерда гулхона ташкил этган. 70 нафар аёлни доимий иш билан таъминлаган. Экилган гулларнинг донасига қараб ҳақ тўлайди. Олдиндан ишлаб юрганлар анча яхши даромад топади. Мутахассис бўлиб кетган, гуллар яхши ривож топиши учун кузда барг ва хазонларни ерга кўмиб, табиий ўғит тайёрлашади. Баҳорда уларни ғалвирдан ўтказиб, керакли озуқа моддалари билан бойитади. Ана ундан кейин шода-шода бўлиб очилади-да гуллар.
Ҳудудимиздаги аксарият хотин-қизлар гулчилик билан шуғулланиб келяпти. Кўпчилигига ота мерос касб ҳисобланади. Аввал помидор, булғор қалампири, бақлажон каби сабзавот кўчатларини етиштириб юрганлар бу соҳанинг сердаромад эканини билиб, шу йўналишни танлашга қарор қилишди. Эътиборли жиҳати шундаки, гулга йил бўйи харидор топилади. Иссиқхона шароитида 12 ой давомида етиштириш мумкин. Тури ва навига қараб, 10 минг сўмдан 1-2 миллион сўмгача сотилади. Ҳар бирининг ўз ишқибозлари бор. Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби қўшни мамлакатларга экспорт қилаётганлар анчагина.
Мана, 6 йилдан буён маҳалламизда ажралишлар йўқ. Бунинг асосий сабаби ҳамма меҳнат билан банд. Фойдали иш қилиш, даромад топиш илинжида. 2023 йилда ишсизликдан ҳоли ҳудуд бўлдик. Айниқса, аёлларимиз тиниб-тинчимайди. Қўли гул чеварларимиз жуда кўп. Боласини бешикка белаб туриб, ишини битириб олишади. Ўзимни 3 нафар келиним ҳам тайёр бичилган эркаклар костюм-шимларини тикиб, дазмоллаб, буюртмачига топширади.
Бундан ташқари, маҳалламизда 10 та кичик тикув корхоналари фаолият юритади. У ерда 40-50 нафар хотин-қизлар фаолият олиб боради. Тайёр маҳсулотларни Тошкент ва Қўқон бозорларига етказиб беришяпти.
Ҳудудимиз 12 та кўчадан иборат. Ҳар бирига намунали хотин-қизларни масъул қилиб бириктириб қўйганмиз. Бирор оилага маслаҳат ва йўл-йўриқ керак бўлиб қолса, дарров бизга етказади. Кунига қайта-қайта қўнғироқлашиб, вазиятдан хабардор қилиб туришади. Ҳамма бахтли ва тинч яшаши учун доим ҳаракатдамиз.
София АКРОМОВА,
Наманган туманидаги
“Наврўз” маҳалласи хотин-қизлар фаоли.