Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни Тошкент шаҳридаги саноат ва ижтимоий соҳа объектлари фаолияти, маҳалладаги бунёдкорлик ишлари билан танишди, баҳорги дарахт экиш тадбирида иштирок этди
“Дилбулоқ”… Бугун бу ерда ҳаётидан бахт, мазмун топган одамлар яшайди. Уларнинг тилида, дилида шукроналик туйғуси. Бу маҳалла чиройда, қулайликда пойтахтнинг энг олди маҳаллаларидан ҳам олдинга чиқиб олди. Ваҳоланки, бундан уч-тўрт йил муқаддам ҳудуддаги анҳор бўйлари чакалакзор, ташландиқ ҳолда ётарди, пана-пастқам уйлар кўп эди…
Бир маҳаллада, аслида, нималар бўлиши керак? “Дилбулоқ”қа келиб ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин. Зеро, маҳаллага бу йилги Наврўз янада кўтаринкилик билан келди. Давлат-хусусий шерикчилик асосида замонавий маҳалла идораси қурилди. Кўп қаватли уйлар йўлаги ва ички кўчалар, ертўлалар таъмирланди. Анҳор бўйи тартибга келтирилиб, обод сайилгоҳга айлантирилди. Ишкомлар, ниҳоллар, пиёдалар йўлаклари маҳаллага кўрк бағишлади. Ўтган йили кузда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қарийб 4 минг туп дарахт ва бута кўчати ўтқазилган эди. Шу кунларда кўп қаватли уйлар олдидаги майдонларга райҳон, намозшомгул каби гуллар экилди.
Ҳозирда маҳаллада 6 700 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Маҳалла хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Уч юзга яқин савдо, саноат ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида маҳаллий ёшлар ва аёллар ишламоқда. Мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликлиника, ихтисослаштирилган спорт мактаби, педагогика институти филиали фаолият юритмоқда. “Хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ҳудудга 360 та видеокузатув мосламалари ўрнатилган, улар маҳалла профилактика инспектори хизмат хонасига уланган.
Ўтган йили 112 киши ишга жойлаштирилиб, 181 нафари ўзини ўзи банд қилган. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 23 та лойиҳага 366 миллион сўм кредит ва 8 нафар фуқарога 80 миллион сўм субсидия ажратилган. 12 та микролойиҳа ишга туширилиб, 40 та янги иш ўрни яратилди. Хусусан, бу ерда тикувчилик цехи, гўзаллик салони, полиграфия ва компьютер хизматлари, кутубхона, озиқ-овқат ва қандолат дўконлари ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу мажмуаларни кўздан кечирди, маҳалла аҳли билан самимий суҳбатлашди. Уларни улуғ айём кунлари ва Наврўз байрами билан табриклади.
— Маҳалламиз 2016 йилда ташкил этилган бўлса-да, ҳудудда кўплаб муаммолар йиғилиб қолганди, — дейди “Дилбулоқ” маҳалласи раиси Мирзатилла Мирзараимов. — Маҳаллаларга берилаётган эътибор туфайли бугун ҳудуд чирой очди. Президентимиз бу ердаги ободликни, иш жойларини, байрам нафасини кўриб, хурсанд бўлди. Ҳамма маҳаллаларни шундай ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз кераклигини, ўзгаришлар фақат туманлар марказида қолиб кетмаслигини таъкидлади. “Еттилик” вакиллари билан мулоқотда Шавкат Мирзиёев бир гапни айтди: “Маҳалла замонга ҳамнафас бўлиши керак. Маҳалла энди бир компания, корпарацияга айланиши зарур. Одамларга бизнесни ўргатиши лозим. Банк бу жараёнда биринчи бўғинга айланади”. Қайд этилганидек, эндиликда маҳаллага иқтисодий комплекс ташкилотлари бириктирилади, мақсад — ҳар бир хонадонга, ҳар бир инсонга етиб бориш.
Хўш, бу жараён қандай ташкил этилади? Энди банклар маҳаллага киради, ҳар бир ишсиз фуқаро билан индивидуал ишлайди, аҳолига бизнес-режалар тақдим этади. Керак бўлса, уларни тадбиркорликка ўргатади. Банкларнинг ўзида мономарказлар ташкил этилади. Президент: “Банклар фақат қайтими бор мижозлар билан ишлаши эмас, балки ўзига янги мижозлар яратиши керак. Давлат олдидаги ижтимоий масъулиятини англаши лозим”, — деди. Банк ходимининг самарадорлик кўрсаткичи бундан буён маҳалладаги ишига ҳам боғлиқ бўлади.
— Хабарингиз бор, иқтисодий комплекс ташкилотларини маҳаллаларга бириктираяпмиз. Бунда банкларнинг ҳам ўрни бор. Улар орқали туманлардаги корхоналарга қўшимча шароит яратиб, енгил кредитлар бериб, яна иш ўринлари очишини қўллаб-қувватлаш керак. Энди маҳаллалар ҳам замонга муносиб, ҳаракатчан бўлиши лозим. Умуман, ишлайман деган одамга шароит яратиб беришимиз шарт, — деди давлатимиз раҳбари.
Шу ернинг ўзида мутасаддилар иқтисодий комплекс фаолиятини маҳаллаларда ташкил этиш, шаҳар шароитида одамларни иш билан таъминлаш вазифалари тўғрисида ахборот берди.
***
Президент Шавкат Мирзиёев шу куни Қуюв-механика заводининг салоҳияти билан танишди, Сергели туманида ташкил этилаётган Ёшлар боғига кўчат ўтқазди. Қолаверса, Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводини бориб кўрди, ногиронлиги бўлган болалар учун 1-сонли “Мурувват” интернат уйида тарбияланаётган болалар ҳолидан хабар олди.
Санжар ИСМАТОВ
тайёрлади.