175 туп қимматбаҳо дарахт қаровсиз қолдирилиб, 1 млрд. 487 млн. сўм зарар келтирган
Жорий йил 29 март куни Президент раислигида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш ҳамда чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу йил баҳорда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 125 миллион туп кўчат экиш белгиланган эди. Мақсад – юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2024 йил 9 апрелда берган маълумотига кўра, республика бўйлаб “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 127 миллион тупдан ортиқ, шунингдек, ҳар бир вилоятда 8-10 миллион туп атрофида дарахт экилган.
Хўш, қайд этилган рақамлардаги кўчатларни экиш қандай амалга оширилган? Бу борада Бош прокуратуранинг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2024 йил баҳор мавсумида амалга оширилган ишларни ўрганмоқда. Афсуски, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчат экиш ишларининг ҳаққонийлиги, натижадорлиги, масъуллар бириктирилгани ва суғориш тизимларининг мавжудлигини танқидий ўрганишда бу борадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси таъминланмагани аниқланди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 декабрдаги 702-сонли қарорига асосан, Бўстонлиқ тумани ҳудудида 2024 йил баҳор мавсумида 12 та вазирлик ҳамда идора томонидан 523,6 минг туп дарахт экилиши режалаштирилган. Лекин бугунги кунга қадар Энергетика вазирлиги кўчат экиш ишларини амалга оширмаган. Туманнинг “Қорамозор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида мамлакатимизнинг етакчи банклари белгиланган режа асосида кўчатлар эккан. Аммо ҳозирги кунга қадар кўчатлар учун суғориш тизими ташкил этилмаган.
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида 3,5 минг туп, Учтепа туманида 3 минг туп дарахт экилмагани, аксарият ҳудудларда суғориш тизими мавжуд эмаслиги масъул раҳбарларнинг эътиборсизлигидан дарак беради.
Ўрганишда туман-шаҳар масъулларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминламагани аниқланди.
Андижон вилоятида ўтказилган ўрганишда 19 та ҳолатда 1 128 туп дарахт суғорилмайдиган ерларга экилганлиги ҳолати бўйича 6 нафар масъул шахс, Қашқадарё вилоятида 12 та ҳолатда экилмаган 48 348 туп дарахт қўшиб ёзилганлиги бўйича Касби, Миришкор, Чироқчи тумани ҳокимларининг ўринбосарлари, Китоб ва Чироқчи тумани экология бўлими бошлиқлари интизомий ҳамда 2 нафар масъул шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди ва вилоят ҳокимлигига қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди.
Шунингдек, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси мансабдор шахслари Юқоричирчиқ тумани ҳудудида экилган 175 туп қимматбаҳо дарахтларни қаровсиз қолдириб, нобуд қилиб, табиатга 1 млрд. 487 млн. сўмлик зарар етказган.
Мазкур ҳолат бўйича Тошкент вилояти прокуратураси жиноят иши қўзғатиб, дастлабки тергов ҳакатлари олиб борилмоқда. Бу борадаги назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Мақсадбек ҚЎЧҚОРОВ.