Кейинги пайтда фирибгарликнинг янги усуллари пайдо бўлди. Жумладан, ижтимоий тармоқларда тўлиқсиз иш вақти ёки масофадан даромад олиш тўғрисидаги таклифлар кўп учраяпти. Иш излаётганларнинг содда ва ишонувчанлиги фирибгарликка кенг йўл очяпти. Кўпинча уйдан ёки тўлиқсиз иш кунида ишлаш истагида бўлган ёш болали оналар, туғруқ таътилидаги аёллар алданиб қоляпти. Мисол учун, сизга тест бирон бир топшириқнинг бир қисми сифатида иш таклиф қилинади. Кейин иш берувчи бу меҳнатга ҳақ тўламасдан ғойиб бўлади. Ёки фирибгар мижоздан маош ўтказиш ва бошқа турли баҳоналар билан унинг банк картаси маълумотларини сўрайди. Бу алдовга ишонган киши нафақат бажарган меҳнатига яраша ҳақ ололмайди, балки унинг ҳисобидан пул ечиб олиниши мумкин. Иккинчи ҳолатда мижозга товар сотиш таклиф қилинади. Маҳсулот учун олдиндан тўловни амалга ошириш сўралади. Пул ўтказилиши билан ҳисоб блокланади. Аслида ҳақиқий иш берувчи ҳеч қачон потенциал ходимдан пул сўрамайди. Шундай талаб қўйилган ҳолда — бу шак-шубҳасиз фирибгарлик! Фуқаролар алданиб қолмаслиги учун, аввало, ҳуқуқий билимини ошириши керак. Ҳар қандай таклифни таҳлил қила олиши лозим.
Кейинги вазиятда фирибгарлар одамларнинг ишончига кириб, уларни катта маошлик ишларга жўнатишга ишонтиряпти. Бунга мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Куни кеча Самарқанд ва Навоийда ана шундай фирибгарлик фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилишича, Оқдарё туманида фуқароларнинг ишончига кириб, уларни Англия давлатига ишга юбориш эвазига 4 500 АҚШ доллари сўралган. Афсуски, терговга қадар текширув давомида яна 47 нафар фуқаро 37 160 АҚШ долларга чув тушгани аниқланган. Бундан ташқари, Навоий вилоятида 4 минг АҚШ доллари эвазига фуқароларни Корея давлатига яшаш ва ишлаш учун жўнатиш ҳамда виза ҳужжатларини тайёрлаб беришни айтиб, алданган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миграция агентлигининг ахборот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаровнинг маълум қилишича, хавфсиз миграция тизими йўлга қўйилган бўлса-да, негадир одамлар эҳтиётсизлик қиляпти. Осон йўл билан кўпроқ пул топиш иштиёқи уларни фирибгарлар қурбонига айлантиряпти. Аслида муаммога ечим бор. Республикамиз бўйича “Хорижга иш – маҳалладан” тамойили йўлга қўйилиб, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси хорижда ишлаш истагида бўлган фуқарони аниқлаб, “Онлайн маҳалла” платформасига киритади. Номзодлар хориждаги иш берувчилар танловларига жалб этилади. Бундан ташқари, касбий малакаси йўқ ва тилни билмайдиган фуқароларни касбга ўқитиш ва профтаълим муассасаларида мақсадли тайёрлаш йўлга қўйилган. Бунинг учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги қошида Фуқароларни хорижий тилларга ўргатиш ва ишлашга мақсадли тайёрлаш маркази очилган.
Шундай экан, хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимиз биринчи навбатда ўзлари яшаётган маҳаллага мурожаат қилсалар, ортиқча оворагарчилик ва кўнгилсизликнинг олди олинади.
Мақсадбек ФАЙЗ.