Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлик фаолияти ривожлантириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири, деб белгиланди.
Шундан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш судлар фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланган. Аммо тадбиркорлар ҳуқуқларининг бир қатор шартномавий муносабатларда бузилиши ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Худди шундай ҳолат юз берганда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилган суд ишларидан бири Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги “Чуқурсой” маҳалласида сайёр суд мажлисида тарафлар иштирокида кўриб чиқилди.
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг иш юритувидаги “Дилфузабону комилликка элтувчи сервис” хусусий корхонасининг “Оқибат-файз” МЧЖга нисбатан киритган 42 356 062,91 сўм зарар ундириш тўғрисидаги даъво аризаси бўйича қўзғатилган иш юзасидан сайёр судда “Чуқурсой” маҳалласи раиси О.Сулаймонова, профилактика инспектори Ш.Мухторов, МИБ Олмазор тумани бўлими давлат ижрочиси Ш.Мақсудов ҳамда А.Сайдалиева ва бошқалар иштирок этди.
Суд мажлисидан сўнг тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга қонунчилигимизда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли экани қайд этилди. Низолар қонунчилик асослари доирасида кўриб чиқилиши, шу билан бирга, суд низоларни келишув йўли билан ҳал этиш, тарафларни келишувга эриштириш суднинг вазифаларидан бири экани, энг яхши ва тарафлар учун мақбул ечим бу — низони келишув йўли билан ҳал этиш экани юзасидан тушунтириш берилди.
Назокат БАЙЗАКОВА,
Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси.