РАИС СЎЗ СЎРАЙДИ
Маҳалламиз кичкина, 2,5 минг аҳоли истиқомат қилади. Шундай бўлса-да, ҳар бир оиланинг дарду ташвишини аритиш, муаммоларини ҳал этиш, орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш “еттилик” аъзоларининг бирламчи вазифасидир.
Очиғи, маҳалла тизимидаги узоқ йиллик фаолиятимиз давомида “еттилик” сингари аниқ мақсадга йўналтирилган, деярли барча соҳаларни қамраб олган, ҳар қандай кўмакни маҳалланинг ўзида ташкил этадиган ўзига хос тажриба йўлга қўйилмаган эди. Буни оддий одамларнинг ўзлари ҳам эътироф этяпти. “Хондамир”да ҳам “маҳалла еттилиги” ўз фаолиятини самарали олиб боряпти.
Аниқ рақамларга эътибор қаратсак. Жорий йил бошида 31 та оила “Камбағал оилалар рееестри”га руйхатга олинди, шу вқақтга қадар 20 таси реесстрдан чиқарилди, уларнинг оила аъзолари бандлиги таъминланди. 11 та оила билан аниқ индивидуал режалар асосиад ишланяпти. 2026 йилда маҳалламиз камбағалликдан холи ҳудудга айлантирилади. Шунингдек, 16 нафар фуқарога имтиёзли кредит ажратилди, 20 та иш ўрни яратилди. Қолаверса, “Аёллар дафтари”даги 15 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилди, 10 нафари доимий ишга жойлашди, 15 нафари уй шаротида ўзини ўзи банд қилди.
Маҳалламиз ажралиш ва жиноятчилик масаласида “яшил” тоифада. Ўтган йили ва жорий йилнинг шу даврига қадар бирорта оила ажрашмади, жиноят содир бўлмади. Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, оилавий ажралишларга, асосан, молиявий масалалар, етишмовчилик, йўқчилик сабаб бўляпти. Ўғлимизни уйлантиришга шошяпмизу, унинг эртага оилани еплаши, рўзғорни юрита олишини ҳисобга олмаяпмиз. Аксарият ёшларнинг қўлида бирорта касби йўқ, ўқимаган, оқибатда ишсиз юраверади.
Кузатсангиз, бугун кўпгина оилаларда оналар назоратни қўлга олган. Эркакларнинг оиладаги ўрни йўқолиб боряпти. Нега? Сабаблар яна ўша молиявий жиҳатга бориб тақалади: уйида етарли шароитни қилиб қўймаган, рўзғорнинг кам-кўстини бутламаган, оталик бурчини унутиб қўяётган эркакни аёли ҳурмат қиладими? Айниқса, шундан сўнг, аёлнинг ўзи ишласа, пул топса, рўзғорни юритса, “эрни нима қиламан, иккита болани ўзим эплаб оламан”, деган қараш шаклланиб боради. Оилага дарз кетади…
Шу билан ҳаммаси тугайдими? Афсуски, йўқ! Икки ўртада болалар жабр чеккани қолади. Оғриқлиси, бу ажралиш эртага болаларнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатишда давом этади: ўқиши, юриш-туришини назорат қилиш сусаяди, енгил ҳаётга ўрганиб боради, онанинг уларни тергаб туришга вақти бўлмайди. Демак, оила қуришдан олдин, биринчи навбатда, йигитлар бирор ҳунарли, касб-корли бўлсин, эртага оилани мустақил идора қила олсин, рўзғорни бутласин! Зеро, ажралишлар таҳлили бундай ҳолат кўпинча ўзига тўқ оилаларда эмас, айнан етишмовчилик доимий муаммо бўлган хонадонларда кўпроқ кузатилмоқда.
Яна бир гап: кўчабоши ва уйбошиларнинг нуфузини ошириш керак. Боиси оилалардаги мавжуд ҳолат, уларнинг муаммолари, ҳудуддаги камчиликлардан айнан улар орқали доимий хабардор бўламиз. “Жамоатчилик асосида” деган сўзлар билан уларни шунчаки ишлатиб бўлмайди. Уларнинг ҳам рўзғори бор, ташвишлари етарлича. Истардикки, кўчабоши ва уйбошиларга аниқ белгиланган миқдорда устама ёки ойлик маош тўлаб борилса. Бу — уларнинг масъулиятини ошириб, маҳалла ишини жонлантирарди.
Бахтиёр ОРИФЖОНОВ,
Учтепа туманидаги
“Хондамир” маҳалласи раиси.