ҲАМКОРЛИК
Жамиятни юксалтириш, халқнинг яшашга иштиёқини янада ошириш, олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда ўзаро ҳамкорлик катта аҳамиятга касб этади. Айниқса, маҳалла тизимида барча йўналишларни баробар ривожлантириш кутилган натижани бериши аниқ.
Шу маънода Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Мазкур ҳужжат ҳар бир фуқаро ўзи ва оиласининг келажаги учун қайғуриши, боқимандаликка ўрганмаслиги бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш, фуқароларни ўз уйи ва кўчасини озода сақлаш, маънавий ва маърифий ишларда маҳалланинг ўрнини кучайтиришга хизмат қилади.
Қолаверса, янги ҳамкорлик тизими Янги Ўзбекистон қиёфасини тараннум этишга қаратилган тасвирий санъат асарлари яратишни рағбатлантиради. Бундан ташқари, меморандум доирасида Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб борган ҳудудларда истеъдодли ёш рассомлар иштирокида тасвирий санъат асарлари кўргазмалари уюштирилади.
Мазкур ҳужжат доирасида “Янги Ўзбекистон: маҳалла – анъаналар – инсоний қадриятлар” мавзусидаги ранг-тасвир асарлари танловини ўтказиш белгиланган. Унга кўра, танловнинг маҳалла босқичини самарали ташкил этиш ҳамда ижодкорларни кенг жалб қилиш мақсадида республикадаги 8 992 та маҳаллада тадбирлар ташкил этилади.
Маҳалла босқичида асарларни саралаш ишлари 2026 йил 14 март кунига қадар ўтказилиб, белгиланган тартибда туман (шаҳар) ташкилий қўмиталарига тақдим этилиши таъминланади. Маҳалла раиси ва ёшлар етакчиси ижодкорларни танловга кенг жалб қилиш, шунингдек, асарларни қабул қилиш ва саралаш ишларини сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратади.
Танлов натижаларига кўра, ҳар бир маҳалладан тақдим этилган асарларни ташкилий қўмита рўйхат асосида тартибга солиб, 8 992 та ранг-тасвир асари йиғиб олинади ҳамда республикада ташкил этиладиган кўргазмада иштирок этишини таъминлайди. Республика миқёсида ўтказиладиган кўргазманинг санаси ва ўтказилиш жойи қўшимча равишда эълон қилиниб, иштирокчилар тегишли тартибда хабардор қилинади.
Бугунги кунда тасвирий санъат инсонлар, хусусан, ёшлар камолотини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этяпти. Дунёда мафкуравий кураш кетаётгани, ёт ғоялар ёшларни ўз домига тортаётгани барчага маълум. Шу нуқтаи назардан замонавий тасвирий санъатда миллийлик ва умуминсоний қадриятларни юксак даражада тарғиб қилиш ва тасвирлаш халқни руҳлантириши, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаши аниқ.
Умид қиламизки, санъат ва маданиятдек қудратли куч орқали инсон қалбига йўл топишда истеъдод эгалари муносиб ҳисса қўшади. Ижодкорлар ўз асарларида янги ижодий марралар сари илҳомлантирадиган муқаддас тушунчалар — Ватан, халқ манфаати, эзгулик ва инсонийлик каби ўлмас ғояларни бош мақсад қилиб қўйса, уларни бадиий маҳорат билан ифода эта олса, шубҳасиз, ўзининг ижтимоий вазифасини сидқидилдан адо этган бўлади.
Жамшид ЧОРИЕВ,
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси
бошқарма бошлиғи.