Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсати аъзоларининг ғаллачилик фермерлари ва кластерларига МУРОЖААТИ Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, аграр соҳа фидоийлари! Дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилиги юзага келиши мумкин бўлган шароитда қишлоқ хўжалигидаги мавжуд ресурслар ва имкониятлардан унумли фойдаланиш, озиқ-овқат экинларини икки баробарга кўпайтириш, юқори ҳосил олиш, аграр соҳада янги иш ўринларини яратиш муҳим вазифалардан бири эканлигини барчамиз ҳис этиб турибмиз. Шундай мураккаб паллада биз деҳқону фермерлар ҳамда кластер корхоналари томонидан ҳар қачонгидан кўра кўпроқ масъулият билан тер тўкиб ишлашни давр тақозо этмоқда. Ҳурматли фермер ва деҳқонлар! Азалдан халқимиз нонни энг улуғ неъмат билиб қадрлайди. Янги Ўзбекистонимизнинг бу йилги улкан ғалла хирмони омилкор деҳқон ва фермерлар, сувчилар, агроном ва механизаторлар, ғаллачилик кластерлари раҳбарлари, соҳанинг фидоий олиму тажрибали мутахассисларининг заҳматли меҳнатлари эвазига яратилди. Бу эса мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, ғаллачиликни ривожлантириш борасидаги иқтисодий туб ислоҳотларнинг амалий натижасидир. 2020 йилдан давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти бекор қилиниб, соҳада босқичма-босқич бозор тамойиллари жорий этилди. Фермер хўжаликларига ғалла етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредит маблағларидан эркин фойдаланиш ҳамда хизмат кўрсатувчи ва ресурс етказиб берувчиларни ихтиёрий танлаш ҳуқуқининг берилиши, шунингдек, донни харид қилиш ҳамда сотишда биржа механизмининг жорий этилиши юқори манфаатдорликни таъминламоқда. Давлат ресурси ва биржа савдоларида сотиш учун ғалла топшириш кўпроқ манфаат келтираётганини биз фермерлар ҳис этмоқдамиз. Шунингдек, сув тежовчи технологиялар жорий қилиш учун субсидия ажратилиши натижасида ёмғирлатиб суғориш тизимлари ўрнатилган ғалла майдонлари йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Бундан ташқари, ўтган йили ғаллани эрта экиб, тезроқ униб чиққани ва соҳа олимларининг илмий тавсиялари ҳамда ғалла экиш ва етиштиришнинг ҳар бир босқичида ўтказилган ўқув-амалий семинарлар, шунингдек, бободеҳқонлар таъбири билан айтганда, “Эрта эккан – эрта ўради” деб бежиз айтмаганлигининг исботи тасдиқланди, бу йил ҳар йилгидан мўл ҳосил етиштириш имконини берди. Ҳиммати баланд миришкор фермерлар! Ўзбекистоннинг табиий иқлим шароити деҳқончилик, жумладан кузги буғдой етиштириш учун жуда қулай ҳисобланади. 2025 йилда ҳар бир гектар ғалладан 90-100 центнердан ҳосил олиш учун биз деҳқон ва фермерлар бугундан ишни бошлашимиз зарур бўлмоқда. Бунинг учун қуйидаги тадбирларни ўз муддатларида масъулият билан ёндошиб амалга оширайлик! биринчидан, кузги буғдой экиш олдидан экиладиган майдонни сифатли тайёрланг, бунинг учун дала майдонини бегона ўт қолдиқларидан тўлиқ тозаланг; иккинчидан, ер майдонига нам бериб, тобига келган майдонни камида 30-35-см чуқурликда ҳайдаб, текислагичлар билан сифатли қилиб текисланг, кесакли майдонларда кесакларни майдаланг, дала атрофи ва четларини яхшилаб юмшатинг, ерга-ер қўшиб, тўлиқ контур ва тўлиқ гектарни таъминланг; Майдон кесакли қилиб тайёрланса уруғлар бир текис жойлашмайди, ернинг юзасида қолган ҳамда кўмилмаган уруғлар нобуд бўлади. Натижада, кўчат сийраклашиши юзага келади ва ҳосилдорликнинг пасайишига сабаб бўлади. учинчидан, шўр ювиладиган майдонларни шўрини ювишни ва ер етилиши билан сифатли қилиб бошоқли дон экишга тайёрланг; тўртинчидан, механизаторларга шарт-шароит яратинг, тунги ер ҳайдашни йўлга қўйинг; бешинчидан, буғдойдан юқори ҳосил олиш учун тупроқ иқлимга мос, серҳосил навларни танлашда адашманг ва бунга жиддий эътибор қаратинг; олтинчидан буғдойни асосан махсус дон экиш сеялкаларида гектарига 200 кг дан кам бўлмаган меъёрда экилишини таъминланг; еттинчидан, буғдойни экишдан аввал ўсимлик илдиз тизими яхши ривожланиши ва чуқур кетиши учун ҳар бир гектарга камида 200…
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсати аъзоларининг фермерларга МУРОЖААТИ Қадрли ватандошлар! Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, аграр соҳа ходимлари! Бу йилги табиат қийинчиликларига қарамасдан, биз фермер ва деҳқонлар томонидан республика бўйича 1 миллион гектардан ортиқ майдонларда чигит қадаб, машаққатли меҳнатимиз эвазига пахтадан мўл ҳосил йиғиштириб олиш палласида турибмиз. Барчамиз яхши тушунамизки, ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан, ердан мўл ҳосил етиштириш – бу чинакам жасорат ва матонат намунасидир. Халқимиз Сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, жонкуяр олим ва тадқиқотчилар, кластер ходимлари тимсолида ана шундай фидойи инсонларни кўради ва эл-юрт дастурхонини тўкин қилиш йўлидаги шарафли ва олижаноб меҳнатингизни юксак қадрлайди. Аслида бунинг замирида Сиз ва бизнинг фидойилигимиз орқали мамлакатимизнинг иқтисодиётига ҳисса қўшишдир. Шу муқаддас заминда таваллуд ва тарбия топган, ўзини айнан шу юрт фарзанди деб билгувчи инсон ўз давлати, халқи олдидаги, уни умидлар билан тарбиялаган, вояга етказган жамият олдидаги бурчини адо этиши керакдир. Ҳиммати баланд миришкор фермерлар! Август ойида бажариладиган агротехник тадбирларнинг аҳамияти пахта ҳосилдорлигини оширишда ниҳоятда муҳим. Негаки, ҳосилнинг эртаги, сифатли ва мўл бўлиши айни шу ойдаги меҳнат натижаси билан ўлчанади. Зеро, ғўза агротехникаси талабларга мувофиқ бажарилса, ривожи тезлашиб, кўсакларга кўсак қўшилади, эрта пишиб етилади, ҳосилга барака киради. Юқоридагидан келиб чиқиб, пахтадан юқори ҳосил олиш учун август ойининг кейинги 15 кунлигида яна биз фермерлар томонидан агротехник тадбирларни амалга ошириш зарур бўлаётганлигини ҳамда ортиқча етиштирилган ҳар бир килограмм пахта учун қўшимча даромад олишингизни юракдан ҳис этиб, қуйидаги тадбирларни ҳар қачонгидан ҳам масъулият билан ёндошиб амалга оширайлик! биринчидан, барча деҳқонларнинг ўрни далада бўлиши, айниқса сувчи, механизатор, энтомологлар ўз ишига ўта жиддий ёндашмоғи даркор; иккинчидан, ғўзани яна бир марта шарбат усулида қондириб суғориш, бунинг учун сувчиларга барча шарт-шароит яратиб, тунги суғоришни йўлга қўйинг; учинчидан, зараркунанда ҳашаротлар – кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира хуружидан ҳимоя қилишни кучайтиринг, уйғунлашган кураш чораларини кенг қўлланг; тўртинчидан, августда бажариладиган юмушларнинг яна бир нозик жиҳати шундаки, бу пайтга келиб, ғўза қатор ораларида шўра, ит узум, қўй печак, ғумай, сув ўти каби бегона ўтлар ҳам зўр бериб ўсади. Ғўзадан баланд бўлиб, ҳашаротларни ўзига жалб этиш билан бирга, турли зарарли микроорганизмлар кўпайиб, пастки ярусдаги кўсакларни чиришига, макроспариоз ва бошқа чириш касалликлари кўпайишига олиб келади ҳамда ғўзага берилган ўғитни асосий қисмини ўзлаштиради. Шу сабабли ҳар бир дала яна бир марта кўздан кечирилиб, бегона ўтларни сувдан кейин қўлда юлиб олиш ва барча пайкаллар бегона ўтлардан тозаланишига жиддий эътибор қаратинг. бешинчидан, ривожи кечроқ бўлган ғўза далаларда чилпиш ишларини якунига етказинг; олтинчидан, биологик стимуляторлар билан қўшимча ишлов беринг ғўза ривожи кечки бўлган далаларда ҳам пахтани эрта пишиб етилишига ва ҳосили баракали бўлишига эришинг; еттинчидан, август ойида ғўза қатор оралари туташиб-бирлашиб кетмаган далаларда 1–2 марта майин культивация қилинг. Лекин, қатор орасида культивация шундай ўтказилиши керакки, бунда, ғўза тупларига зиён етказмасин, кўсакларни тўкмасин, ғўза пояларини пайхон қилманг. Шунинг учун, культиваторларни ишчи органларини “Балиқ сирти” қилиб ўранг; саккизинчидан, кўчат сони қалин бўлган, ўсиб кетган ва ғовлаган ғўза майдонларни пастки кўсакларнинг чиришини олдини олиш учун варақалаш ишларини амалга оширинг; тўққизинчидан, ҳар бир фермер хўжалиги раҳбари…
Айримлар кимдандир лафз қилиб омонат олса, то уни эгасига бус-бутун қайтармагунча тинчи йўқолади. Еган-ичганида, юриш-туришида, уйқусида ҳаловат бўлмайди. Аслида олди-бердининг қиймати шунда. Бироқ Элшодбек ёш бўлса-да, виждонини аллақачон шайтонга сотган кўринади. Йўқса, таниши Диёриддинни бир ойга қолмай “Cobalt” автомашинасини олиб беришга ишонтириб, 13 000 АҚШ долларини олармиди?! Ишончли чиқиши учун ўз паспортининг нусхаси орқасига тилхат ёзиб берармиди?! Катта-катта ҳарфлар билан “2022 йил 27 октябрь” деб ёзиб, жимжимадор имзосини ҳам қўйишни унутмади. Шу ўринда Диёриддиннинг ҳам қилмишини оқлаб бўлмайди. Фирибгарларнинг фириби ҳақида сира эшитмаган одамдай, шунча пулни бир бебурднинг паспорт нусхасию имзосига алмаштирганига ҳайрон қоласан. Расмий дилерлик автосалонлари, банклар орқали автомашиналарни қонуний сотиб олиш имкониятлари бўла туриб, ноқонуний йўл тутгани ажабланарли. – Баъзан ортиқча ишонувчанлик, соддалик, ўзгаларнинг имкониятларига юқори баҳо бериш ёки эринчоқлик, ўз зиммасидаги масъулиятни бошқаларга юклаш ана шундай нохуш оқибатларга олиб келади. – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Рустам Жепбиев. – Диёриддин автосалонларга боришга эринганми, ҳужжатлар тўплаб вақтим кетади, деб ўйлаганми, ўз зиммасидаги ишни “осон” ҳал қилувчи Элшодбекка ишониб топширган. Элшодбек эса пул қўлига тушиши билан ваъдасини унутиб, ўз эҳтиёжларини қондириш билан машғул бўлган. Шу ўринда йигирма уч ёшида ўз танишини алдаб, шунча пулни ҳавога совурган, бирор касбнинг этагидан тутмаган йигитнинг ота-онаси фарзандидан бу пулларни қаёқдан олганлиги ҳақида сўраб-суриштирмагани, қизиқмагани таажжубли. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди Элшодбекнинг қилмишини қонуний кўриб чиқиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. У томонидан етказилган моддий зарар қопланганини инобатга олиб, суд унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, икки йилу олти ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади. Нилуфар ИСОХОНОВА, Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи.
У яримтагина вужуди билан тиним билмай меҳнат қилади. Ҳар бир кунига шукрона айтади. Имкониятлари чекланган бўлса-да, амалдорларнинг эшиги олдида сарғайиб, кўмак сўрашни ўзига ор билади. Ҳатто берилган имтиёзларни олишдан ийманади. Сизга ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи, асли Ангор туманидан бўлган биринчи гуруҳ ногирони Зуҳра Ҳасанова ана шундай кўнгли кемтик, аммо шижоати баланд инсонлардан бири. У 19 ёшида бирданига тўшакка михланиб қолди. Сўнгра сингиллари Фотима ва Ҳадича ҳам ирсий касаллик сабаб юролмай, биринчи гуруҳ ногиронига айланишди. Ота-онаси бирин-кетин мустақил ҳаракатдан қолаётган фарзандларини орқалаб, шифохонама-шифохона югурди. Табиблар эшиги ёнида сарғайди. Наф чиқмади. Мутахассислар бу хасталик ирсий экани, даволаш фойда бермаслигини айтди. Она оғир рутубатларга чидолмай вафот этди. Зуҳра отасига бироз қўл қоқишиш мақсадида 2017 йил Термиз шаҳридаги “Гулбаҳор нурли келажак” корхонасига иш излаб борди. Тадбиркор Дилафрўз Каримова раҳбарлигидаги тикувчилик цехида, асосан, имконияти чекланган, ногирон инсонлар касбга ўргатилар ва шу ернинг ўзида ишга таклиф қилинарди. Корхонада 20 нафардан ортиқ киши тикувчилик, тўқувчилик билан шуғулланарди. Уларнинг яшаши учун барча шароитлар яратилганди. Зуҳранинг ортидан Фотима, унга эргашиб кичик синглиси Хадича мазкур корхонага келиб, ҳунар ўрганди. Шу ерда яшаб, меҳнат қила бошлади. — Уларни ўз фарзандимдек яхши кўраман, — дейди тадбиркор Дилафрўз Каримова. — Тўғри, соғлом кишилардек ҳаракат қила олмас, аммо ҳаётга интилишлари ҳайратлантиради. Диққат билан ўрганишларини, ҳаракатларини кўриб, уларга ўргатишдан сира чарчамайман. Ўн йилдан ортиқроқ вақт давомида заиф эшитувчилар, ногиронлик аравачасида юрадиган хотин-қизлар келди. Улар билан бирга яшаб, катта бир оилага айландик. Турли буюртмалар қабул қила бошладик. Тўғриси, буюртмалар олишга доим қийинмиз. Ташкилот раҳбарлари келиб ишимизни кўраркан, сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар қолиб, ногиронлиги бор ходимларга кўзи тушади ва эплолмайди, деб ўйлайдими, рад этиб кетади. Шундайларга қарата инсон сифатида ҳар биримиз ўзимизни ислоҳ қилишимиз керак, дейман... Ҳаётнинг янги саҳифаси — Уйда тўрт девор ичида ҳар куни бир неча бор жон олиб, жон берардим, — дейди Зуҳра Ҳасанова. — Йиллар давомида кўчага чиқишдан уялдим, ҳаётдан, ўзимдан нафратландим. Вақт ўтиб, ҳаётга завқим оша бошлади. Кулранг олам кўз ўнгимда ранг-баранг тус олди. Одамларга фойда келтира олишимга ишончим ортди. Цехда ўнлаб тикувчилик маҳсулотларини тайёрлашни ўргандим. Сингилларимни ёнимга олиб, ҳали ҳаёт тугамаганига ишонтирдим. Ҳар бир ёпилган эшик тақиллатилса, албатта, қачондир очилишини айтдим. Қаҳрамонимиз болалигидан дизайнерлик соҳасига қизиққани учун Термиз давлат университетига ҳужжат топширди. Ижодий имтиҳонлардан ўтиб, шу соҳанинг яхши мутахассиси бўлиб етишишни мақсад қилди. Айни пайтда миллий либос, дизайн ва санъат факултети иккинчи босқич талабаси. Хоҳ қишнинг қаҳратони, хоҳ ёзнинг жазирамаси бўлсин, ҳар куни эрта тонгдан аравачасини ғизиллатганча икки километр йўл босиб, олийгоҳга боради. Ёмғирли ва иссиқ кунлар учун соябони ҳам ҳамиша ёнида. Авваллари одамларнинг қўл ниқтаб унга ишора қилиши дилини оғритарди. Кейинчалик ҳеч кимга эътибор қилмай қўйди. Қайсидир китобда ўқиганди: “Биродар, бу дунё ўлмаганники!”. Энди юртда имконияти чекланганларга, ногиронлиги бор фуқароларга муносабат бутунлай ўзгарди. У сингари инсонларнинг ҳам қадри борлиги сиёсат даражасида белгилаб қўйилди. Эътибор ва ғамхўрлик кўлами кенгайди. Масъул идоралар ва ҳар бир маҳаллада ногиронлар ҳимояси учун мутасаддилар бириктирилди. Зуҳранинг саъй-ҳаракатлари, ҳаётга интилиши, фаолиятидаги камтарона меҳнати эътироф этилди. 2023 йилда Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан унга “Жасорат” медали берилди. Бу нишон унинг ҳаётида янгидан-янги эшикларни очди. Ёруғ манзилларни кўра бошлади. Азизбек МАШРАБОВ, журналист.
Ҳозирда Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида муқаддас Ҳаж амалини адо этяпмиз. Шукрки, бунинг учун ҳожиларга давлатимиз барча қулайликларни яратиб берган. Маккага келишимиздан тортиб, зиёрат қилиш, ислом дини арконларини бажариш, юртга қайтишгача бўлган барча жараёнлар Президент назоратида. Мана шунча фазилатли ишлар билан бирга, шахсан Юртбошининг ўзи телефон орқали ҳожилар ҳолидан хабар олиши яна бир хурсандчилик бўлди... Президент Шавкат Мирзиёев Макка шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефонда мулоқот қилиб, юртдошларимизнинг зиёратга тайёргарлик жараёнлари, ўзбекистонликлар учун яратилган шароитлар, уларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради. Давлат раҳбарининг ўзбекистонлик ҳожилар ҳолидан хабар олиш учун Маккага шахсан қўнғироқ қилиши илгари ҳеч кузатилмаган эди. Дарҳақиқат, ҳаж мавсумига ўзгача тайёргарлик кўрилди. Жорий йилда қарийб 12 минг нафар юртдошимиз Саудия Арабистонида бўлиб қайтади. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Агар биз таҳлил қилсак, Мустақилликнинг биринчи йилида 12 нафар эди, ҳозир 15 мингга яқин фуқароларимиз Ҳажни адо этиб, 30 минг қўл дуо қилади”. Телефон орқали суҳбат чоғида Юртбошимиз “…Энг катта мақсадим — ҳозирги таҳликали замонда маънавиятимиз, маърифатимиз, ўзлигимиз, тинчлигимиз, юртимиздаги шукроналикни ҳар бир зиёратчи келганидан кейин ўзининг кўчасида, маҳалласида янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб тарғиб қилса, ёшларимизга тарбия нуқтаи назаридан янгича ташаббус билан келсанглар ва ташаббусларингизни бутун халқимиз қабул қилса”, — деб, мақсадларини билдирдилар. Давлатимиз раҳбари “Зиёлилар, нуронийлар, Ҳаж ва Умра зиёратига бориб келган юртдошларимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши керак”, деб кўп таъкидлайди. Бу бежиз эмас, албатта. Биз, ҳожилар Маккада туриб, яратилган имконият ва шароитларга жавобан — юртга қайтгач, ҳар куни маҳаллаларда ёшларга Ватан туйғусини, юрт фаровонлигини сингдириб боришга, уларни илму маърифатга чорлашга, аждодларимиздан фахрланиш туйғусини сингдиришга келишиб олдик. Уларнинг тарбияси, таълими, келажаги доимий назоратимизда бўлади. Шахсан ўзим маҳалламга боргач, энг аввало, “Маънавият тарғиботчилари” жамоасини шакллантираман. Унга фидойи, зиёли, ёшлар тарбиясига камарбаста инсонларни жалб этаман. Режа асосида ҳар бир хонадонга кириш, ҳар бир оиланинг муҳитини ўрганиш, ёшлар билан самимий мулоқотни йўлга қўйишни мақсад қилдим. Дабдабали тўй, эрта ва шаръий никоҳ ҳолатларига йўл қўймаймиз, ёшларни турли ёт таъсирлардан ҳимоя қилиш чораларини кўрамиз. “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” тамойилини амалда қўллаймиз. Ҳар хил маънавий таҳдидларга қарши кураш, аввало, оиламиздан, маҳалламиздан бошланиши керак. Бу борада лоқайдликка, “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилидаги ёндашувларга ўрин қолдирмаймиз. Боқимандаликнинг олдини оламиз. Маккада турибману, ҳозирданоқ маҳалладаги жараёнларни қандай тартибда олиб бориш, ёшларга нуронийларни бириктириш режаларини тузиб қўйдим. Насиб этса, юртга қайтгач, Маккаи Мадинада туриб қалбимизга туккан ниятларимизни, албатта, амалга оширамиз. Президент ишончини оқлаймиз. Зайнаб ҒАНИЕВА, Олмазор туманидаги Ал-Бухорий номли маҳалла раиси. Макка — Тошкент — Макка.
Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент маслаҳатчиси ўринбосари – Халқ қабулхонаси раҳбари У.Мухаммадиев бошчилигида Республика ишчи гуруҳи Қорақалпоғистон Республикасида ўз ишини бошлади. “Маҳаллабай” тамойили асосида ҳудуддаги 403 та МФЙда аҳоли муаммоларини ўрганиш ишлари амалга оширилди. Натижада, икки кун ичида ички йўлларни таъмирлаш учун 2 км асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 5 та ТПлар таъмирланди, 31 та симёғочлар алмаштирилди, 20 та устунлар қўшимча ўрнатилди, 1 км.дан зиёд СИП кабеллар тортилди, 25 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Ичимлик суви таъминотини яхшилаш йўналишида 3 км ичимлик суви тармоғи тортилди, 1,8 км тармоқ таъмирланди. Газ таъминотини яхшилаш мақсадида 28 та ГРПлар таъмирланди, 4 км табиий газ тармоқлари таъмирланди ҳамда 2 мингдан зиёд суюлтирилган газ балонлари аҳолига етказиб берилди. Бундан ташқари, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида, жами 381 нафар ёшларга 6,1 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилиши таъминланди. Муборак Қурбон ҳайит кунлари кам таъминланган оилаларга, боқувчисини йўқотган фуқароларга, ёлғиз кексаларга, “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига, жами, 6,7 мингдан ортиқ фуқароларга 1,4 млрд. сўмлик ёрдамлар кўрсатилди. Шу билан бирга, 36 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар топширилди. Аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасидаги 16 та туманда жами 180 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, 7 нафар беморларга бепул жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Республика ишчи гуруҳи фаолиятиниг яна бир муҳим йўналиши - жойларда маънавий-маърифий муҳитни яхшилаш бўлди. Ушбу мақсадда “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда жойларда 50 дан зиёд турли тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, хонадон маданиятини юксалтириш, оилаларда фарзанд тарбияси, ота-она ва фарзанд муносабатлари, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, касаначиликни ривожлантириш, “Уч авлод учрашувлари”, маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш тадбирлари, спорт тадбирлари ва ҳ.к. Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.
Sign in to your account