Мамлакатимизда ёшларнинг сифатли таълим олиши, ҳар жиҳатдан комил инсон сифатида ўсиши, бўш вақтини мазмунли, самарали ўтказиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Кейинги йилларда юртимизда мактаб ўқувчиларини бўш вақтларини самарали ташкил этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшларни китобга ошно қилиш мақсадида улар ўртасида ўтказиб келинаётган “Китобхонлик фестивали”, “60 дақиқа китобхонлик”, “Китоб маънавият ўчоғи” каби лойиҳалар бугун ўз самарасини бераётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Ўғил-қизларимизнинг боғчадан тортиб, мактаб, коллеж, олий ўқув юртидаги таҳсил давригача бўлган жараёнларда жуда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилаётгани эътиборга молик. Лекин бу борада хато-камчиликларимиз ҳам борки, улар ёш авлод тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, бугун кўча-куйда, жамоат транспортларида, таълим муассасаларида умуман қаерга қараманг, ёшларимиз қўлида замонавий смартфонларни кўрасиз. Албатта, бунинг ёмон томони йўқ, ҳозир техника даври, тараққиёт дерсиз? Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам борки, буни ҳисобга олмаслик адолатсизлик бўлади. Сабаби ёшларнинг бўш вақти – душманнинг иш вақтидир. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда турли спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, адабий кеча ва учрашувлар уюштирилиши, албатта, ўз самарасини кўрсатади. Айниқса, уларни юртимиз бўйлаб саёҳат қилиши тарбиявий аҳамиятга эга. Шу маънода, ўтган даврда минглаб ўқувчиларимиз “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида, “Ёшлар туризм ҳафталиги”, “Мозийга саёҳат” дастури доирасида устозлари ҳамроҳлигида музей ва театрларга олиб борилди. Шунингдек, болалар иқтидорини ошириш учун замонавий ёндашувлар орқали доимий равишда турли форумлар, тўгараклар, робототехника ва тил курслари ташкил этилаётир. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирганда, албатта, уларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш мақсадида мактаблар ўртасида ўтказилаётган турли спорт мусобақаларининг аҳамиятини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки болаларни кейинги ўқув йилига тайёрлаш, уларнинг бўш вақтини самарали ўтказиш учун стационар оромгоҳларда дам олишлари учун шароитлар яратилиши нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам кўтаринки кайфият бермоқда. Агар ота-боболаримизнинг ҳаётига назар ташласак, оилада ўғил бола тарбиясига алоҳида эътибор берилган. Болалигидан оиланинг суянчи, каттаси, опа-сингилларининг ҳимоячиси бўлишини, қолаверса, Ватаннинг таянчи эканини уқтириб, шу асосда тарбия берилган. Аммо бугун жамиятимизда ана шу тамойил бироз издан чиқди. Баъзи оилаларда отанинг ўрни ва роли пасайгандай, назаримда. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, бугун ота-оналаримиз боласи кун давомида нима билан банд, кимлар билан вақтини ўтказаяпти, нимага кўпроқ қизиқади, шу хусусида ҳеч ўйлаб кўраяптими? Ахир фарзанд улуғ неъмат, унинг қадрига етмоқ, ота-оналик бурчини яхши адо этиб унга яхши тарбия бермоқ муқаддас бурчдир. Бугун шиддат билан ривожланиб бораётган замонда ҳар биримиз учун вақт олтинга тенгдир. Ўтган вақтни ортга қайтаришни эса имкони йўқ. Демак, ҳар бир ота-она фарзандининг таълим-тарбия олиши, овқатланишидан тортиб, дам олиши учун ҳам муайян вақт белгилаб бериши, ёшлигиданоқ уларга вақтдан унумли фойдаланишни уқтириб бормоғи керак. Энг аввало, ёшларнинг қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини уйғотиш, маънавий дунёсини бойитиш ҳамда бўш вақтларини самарали ўтказишларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Келинг, олтинга тенг вақтимизни болаларимиз учун сарфлашдан эринмайлик, уларни қўлидан етаклаб, театрга, кутубхонага, музейга олиб борайлик, қизиқишларини ўрганиб, иқтидорини ривожлантириш учун кўмаклашайлик. Бу ишни эрта-индин эмас, яхшиси бугуноқ бошлайлик. Зеро, бўш вақтда бўшлиқ пайдо бўлмасин. Шаҳноза ХОЛМАҲАМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасига ўзгартириш киритилди. Унга кўра, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳоллар қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказган фуқаролар базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 25 бараваридан 50 бараваригача – 8,5 млн. сўмдан 17 млн. сўмгача (шу пайтга қадар БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача), мансабдор шахслар БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача, яъни 17 млн. сўмдан 25,5 млн. сўмгача (шу пайтга қадар БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача) жаримага тортилади. Шу билан бирга, худди шундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилса, маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли бўлган ашё ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёси мусодара қилиниб, фуқароларга БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача, яъни 17 млн. сўмдан 25,5 млн. сўмгача (шу пайтга қадар БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача), мансабдор шахсларга БҲМнинг 75 бараваридан 100 бараваригача, яъни 25,5 млн. сўмдан 34 млн. сўмгача (шу пайтга қадар БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Бундан ташқари, МЖтКнинг 79-моддаси тўртинчи қисм билан тўлдирилди. Унга кўра, дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққан мансабдорлар БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача (17 млн. сўмдан 25,5 млн. сўмгача) жаримага тортилади. Шу билан бирга, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун ҳам тўлдирилди. Яъни давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини ғайриқонуний равишда кесганлик, йўқ қилганлик учун юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача (34 млн. сўмдан 102 млн. сўмгача) миқдорда жарима тарзида молиявий санкциялар қўлланилади. Қонун 2024 йил 1 мартдан кучга кирган.
Маҳалла ҳақида сўз кетганда, энг аввало, кўз олдимизга жамоавий бирдамлик, умумий мақсадлар йўлидаги ҳамжиҳатлик келади. Зеро, унинг вужудга келиш тарихи шуни назарда тутади: маҳалла муайян кичик ҳудудда истиқомат қилувчи кишилар жамоаси бўлиб, улар шахсий алоқалар, манфаатлар ва мажбуриятлар муштараклиги, умумий ишлардаги иштироки билан ўзаро боғланган. Маълум вақтлар бўлдики, маҳалла ходимлари ягона жамоа сифатида шаклланмади, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспектори маҳалла раисига бўйсунмас эди, ҳар бири ўз вазирлигига, юқори турувчи ташкилотига ҳисобдор бўлди. Ижтимоий дафтарлардаги маблағларни тўғри тақсимлашда ходимлар ҳамкорлиги, маҳалла раисининг ўрни билинмаётган эди. Президентнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан айни йўналишдаги камчиликларга барҳам берилди. Яъни “маҳалла еттилиги” ташкил этилиб, ҳар бир ходимнинг вазифалари белгиланди, маҳалла раиси уларга умумий раҳбарлик қилиши қайд этилди. Шу билан бирга, маҳаллага хос жамоавийликнинг яна бир кўриниши — аҳолига ижтимоий ёрдамлар “еттилик” вакилларининг ўзаро коллегиал қарори асосида ажратилиши белгиланди. Зеро, шу кунгача маҳаллаларда молиявий ва маъмурий ресурслар мавжуд эмас эди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, фуқароларга моддий ёрдам ажратиш беш босқичдан иборат узоқ жараённи талаб қиларди. Эндиликда «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратишда бюрократиядан холи, маҳалланинг ҳамжиҳатлигини акс эттирувчи янги тартиб жорий этилди. Унга кўра, эҳтиёжмандларни ижтимоий дафтарларга киритиш, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» ҳамда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали кўмак кўрсатиш «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори асосида амалга оширилади. Бунинг натижасида моддий ёрдам тайинлашнинг амалдаги беш босқичли тартиби уч босқичга туширилади. Бунда ҳар ойнинг 5-санасига қадар дафтарлар учун маблағларни тақсимловчи масъул ташкилотлар жамғармаларда шаклланган маблағларни дафтарларга киритилган фуқаролар сонига мутаносиб равишда ҳар бир маҳалла кесимида тақсимлайди. Ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва ижтимоий ходим уларга юклатилган вазифалар юзасидан фуқароларни тегишли дафтарларга киритиш ва чиқариш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш бўйича ҳужжатларни шакллантириб, «маҳалла еттилиги»нинг бошқа барча аъзоларига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритади. Эндиликда «Темир дафтар»ни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари юритади. Бироқ «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан кўрсатиладиган ёрдамлар фуқароларнинг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш ва шундай вазиятга тушганларни оғир вазиятдан чиқариш мақсадида ижтимоий ходим кўмагида, «еттилик»ка кўриб чиқиш учун киритилган ҳолда кўрсатилади. Энг муҳими, бу жараёнда “маҳалла еттилиги” ўзи мустақил қарор қабул қилади ҳамда ушбу қарорлар учун аҳоли олдида жавобгар бўлади. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: маҳалла қандай ёрдам турларини кўрсатади? Президент фармони билан “маҳалла еттилиги” қарори асосида 64 турдаги ижтимоий ёрдамлар тақдим этилади. Хусусан, ҳоким ёрдамчиси енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш (БҲМнинг 30 бараваригача), тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ишсиз фуқароларга асбоб-ускуналар хариди (7 миллион сўмгача, хотин-қизларга 10 миллион сўмгача) учун субсидия, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар (жисмоний шахсларга 33 миллион сўмгача, юридик шахсларга 300 миллион сўмгача) ажратиш каби 18 турдаги ёрдамларни кўрсатади. Худди шундай, хотин-қизлар фаоли ёрдамида бир марталик моддий ёрдам (БҲМнинг 4 баравари), тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит (33 миллион сўмгача) олиш, оғир турмуш шароитидаги хотин-қизлар уй-жойини таъмирлаш (БҲМнинг 30 бараваригача), эҳтиёжманд оила фарзандларининг…
МУСОБАҚА Ҳар бир иштирокчига 7 миллион сўм ва кубок топширилади 15 февралдан 20 мартга қадар Тошкент шаҳри маҳалла ёшлари ўртасида волейбол бўйича “Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи кубоги” мусобақаси ўтказилади. Мусобақанинг асосий мақсади – маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ўртасида волейбол спорт турини янада оммалаштириш, иқтидорли, туғма истеъдоди бор ёшларни саралаш (селекция) орқали Тошкент шаҳар терма жамоасига номзодларни шаффоф тарзида танлаб олишдир. Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси, спорт ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари, Ўзбекистон волейбол федерацияси Тошкент шаҳар бўлими ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур мусобақада 17-30 ёшдаги йигит-қизлар қатнашиши мумкин. Фақат спорт мактабларидаги ўқув машғулот гуруҳларида ёки профессионал спорт клубларида спорт билан мунтазам шуғулланувчилар; халқаро тоифадаги спорт устаси, спорт устаси ва спорт усталигига номзодлар; 1,2,3-спорт разрядига эга бўлган спортчилар; маҳалла ёшлари етакчилари; тренер ва жисмоний тарбия фан ўқитувчилари; маҳалладаги яшаш манзили бўйича доимий рўйхатдан ўтмаганлар; мусобақаларида иштирок этадиган ёшлар бир маҳаллада истиқомат қилиб, яшаш манзили бўйича доимий рўйхатдан (мусобақа бошланиш кунидан камида 6 ой олдин) ўтган бўлса, бошқа маҳалла номидан ушбу мусобақада иштирок этиши қатъиян тақиқланади. Жамоа таркиби 13 нафардан иборат бўлиб, 10 нафар иштирокчи, 1 нафар тренер, 1 нафар жамоа вакили ва 1 нафар жамоа раҳбарини ташкил этади. Хусусан, шаҳар бўйича жами 585 та маҳалладан 560 та ўғил ва 128 та қиз, жами 688 та жамоадан 6 880 нафар ёшлар мусобақада иштирок этиш учун саралаб олинди. Мусобақанинг биринчи, маҳаллалараро босқичи 15-25 февраль кунлари маҳаллалардан ташкил топган жамоалар ўртасида сектор биринчилиги учун беллашади. Ғолиб жамоа тумандаги секторлараро босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Иккинчи, секторлараро босқичи 26 февралдан 5 мартга қадар, учинчи, туманлараро шаҳар босқичи 6-20 март кунлари Юнусобод туманидаги спорт мажмуасида бўлиб ўтади. Шаҳар босқичида ғолиб ва совриндор бўлган жамоа иштирокчилари Ўзбекистон волейбол федерацияси Тошкент шаҳар бўлими ва ҳомий ташкилотлар томонидан 1,2,3-даражали диплом, медаль ва пул мукофоти билан тақдирланади. 1-ўрин – ҳар бир иштирокчига 7 миллион сўмдан ва кубок; 2-ўрин – ҳар бир иштирокчига 5 миллион сўмдан; 3-ўрин – ҳар бир иштирокчига 3 миллион сўмдан пул маблағлари берилади. Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармони ва Давлат дастури лойиҳалари муҳокамаси якунланди. Лойиҳаларда маҳалла тизими, раислар ваколатига оид нормалар борки, бу фуқаролар йиғинининг жамият ҳаётидаги иштирокини янада кенгайтиради. Жумладан, эндликда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида раисларнинг ўз ўрни, айтар сўзи бўлади. Давлат дастури лойиҳасига кўра, жойларда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда маҳаллалар ролини ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилади. Бунда тегишли ҳудуддаги маҳаллаларга халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари сессиялари кун тартибига кўриб чиқиш учун таклиф киритиш, маҳалла раисларига Кенгашлар қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда иштирок этиш ҳуқуқи берилади. Бу нимани англатади? Айни пайтда ҳудудга хос кўпгина масалалар айнан маҳаллий Кенгашлар қарорлари асосида амалга оширилади. Шундай вақтлар бўлдики, маҳаллага нима кераклиги, қайси муаммо биринчи ўринда ҳал этилиши лозимлиги маҳалланинг ўзидан сўралмай ҳал этилди. Оқибатда бирламчи муаммолар ечими қолиб, ҳал этилиши у қадар зарур бўлмаган масалаларга эътибор қаратилган ҳолатлар кўп бўлди. Мисол учун, мактаб керак бўлган жойга стадион қуриш, ичимлик сув қийнаб турган ҳолда, кўчаларни шағаллаш кузатилди. Эндиликда бу тартиб ўзгаради. Маҳалланинг ўзи ҳудуддаги муаммолар бўйича Кенгашларга таклиф киритади. Маҳаллага оид қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда иштирок этади. Эътиборлиси, ушбу тизим йўлга қўйилгач, маҳалла Кенгашлар учун энг яқин кўмакчига айланади. Зеро, маҳалла ҳудудини, унинг ўзига хос жиҳатлари, муаммо ва ютуқларини маҳалладан яхшироқ биладиган йўқ. Демак, фуқаролар йиғинлари шу ҳудудга доир муаммоли масалалар ёки янги лойиҳалар бўйича таклифларни Кенгашга киритилади. Масала қуйида ҳал бўлмаса, Сенатга ва тегишли вазирликлар ёки Ҳукуматга тақдим этилади. “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини амалга оширишда ҳам раислар ваколати кенгайтирилади. 2024 йил 1 апрелдан бошлаб, “Ташаббусли бюджет” доирасидаги лойиҳалар ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга қабул қилинади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ташаббусли бюджет бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан маълумотлар олиш, маблағларни ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини талаб қилиш, лойиҳалар амалга оширилишини жамоатчилик асосида мониторинг қилиш ваколати берилади. Бунга қандай зарурат туғилди? Маҳалла аҳли ҳамжиҳатликда ҳудуддаги муаммолар бўйича таклиф киритиб, керакли маблағни ютиб олади. Шундан сўнг тендер асосида белгиланган ишларни амалга оширувчи пудратчи корхона танланади. Улар ютиб олинган маблағ эвазига керакли юмушни бажаради. Хўп, вазият тушунарли, бироқ бу ўринда маҳаллага, раисига ваколат нега керак, дейишингиз мумкин? Аслида, ҳамма машмаша лойиҳада ғолиб чиққач бошланади. Жумладан, айрим ўринда ютиб олинган маблағни ажратиш чўзилиб кетади, пудратчи корхона иш бошлашни кечиктиради, энг ёмони, ишлар тугаллангач, сифати талабга жавоб бермайди. Қўл учида бажарилган ишнинг кўп ўтмай миси чиқади. Бундай ҳолатда одамларнинг кейинги лойиҳада иштирок этишига ҳафсаласи қолмайди, ишончсизлик кайфияти уйғонади. Шунинг учун агар маҳалла раиси маблағ ажратишдан тортиб, иш бошлаш, унинг боришини назорат қилиш, якунда сифатига қараб ишни қабул қилиб олса, одамларнинг маҳаллага, давлатга ишончи мустаҳкамланади. Санжар ИСМАТОВ.
Ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида хорижий фильмларга чекловлар ўрнатилмоқда”, деган мазмундаги хабар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Фикрлар, қарашлар турли хил. Кимдир бизнинг “бузилиб” кетишимизга сабабчи бўлаётган хориж сериалларни тўхтатиб, санъат даражасидаги киноларни бериш керак деса, баъзилар ўзимизнинг сериаллар ҳам хориж кинолардан “ўтиб” кетаётганини билдиришмоқда. Айримлар телеканалларни “стириллаш” керак бўлса, дастлаб жамиятимизга, миллий тафаккуримизга зиён етказаётган хориж телеканаллар эфирини чеклашни айтишмоқда. Албатта, бу масалаларни тегишли мутасадди ташкилотлар жиддий ўйлаб кўриши керак. Бизнингча, телеканалларда маълум чекловлар ўрнатилиши лозим бўлса, аввало, дорилар рекламасини тақиқлаш керак. Чунки йиллар давомида телеканалларда тинимсиз айлантирил(айлантирилаёт)ган дорилар рекламаси кенг оммани “гиёҳванд” қилиб қўйди. Шамолласа, боши оғриса ёки йўтал тутса, дарров дорихонага югуриб, мўъжиза талқинида реклама қилинаётган дори воисталарини кўр-кўрона сотиб олиб, истеъмол қилмоқда. Шифокор кўригидан ўтиб, аниқ ташхис асосида даволаниш эса ўнинчи даража бўлиб қолди. Натижада аҳолининг кенг қатлами тиббий маданият, табобот илми нима эканини унутиб қўйди. Поликлиника ва шифохоналарда халқ табобати хоналари ва фитобарлар ташкил қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Оқибатда фармацевтика соҳаси, айниқса, дорихона очиш катта бизнесга айланиб кетди. Аксарият ёш авлод онгида келажакда фармацевтика соҳасида ўқиб, дорихона очсам “пулнинг тагида қоламан”, деган “орзу”лар пайдо бўлгани ҳам бор гап. Охир-оқибат ҳар қадамда қўзиқориндай дорихоналар кўпайиб кетди. Бу соҳа шу даражага етдики, фарм-компаниялар шифокорлар билан тил бириктириб, ўз дориларини беморларга ўтказиш йўлларини топди. Бунинг натижасида шифоркорларга маълум фоизлар ваъда қилинди. Оқибатда шифокорлар беморларга қайси дорини қаердаги дорихонадан олишни ёки қайси клиникадаги аппаратдан текширувдан ўтиб келишни белгилаб берадиган бўлди. Яқинда Президент ижтимоий соҳалар бўйича ўтказилган селектор йиғилишида бу соҳага алоҳида тўхталиб, қаттиқ танқид қилди. Айниқса, дори воситаларидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ишлари сустлигини кўрсатиб, “пул ишлаш” учун фарм-компаниялар фойдасига рецепт ёзилаётганини, бундан халқимизнинг соғлиғи ҳам, чўнтаги ҳам зарар кўраётгани таъкидланди. Қайд этилганидек, уч йил аввал онкологик беморларни кимё ва таргет терапияси учун 29 турдаги препарат билан таъминлаш йўлга қўйилган эди. Лекин, бу дорилар айрим ҳолларда жойларга ўз вақтида, тўлиқ етказиб берилмаяпти. Оқибатда баъзи беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олишга мажбур. Мана – фармацевтикадаги ўйинлар! Йиғилишда таъкидланганидек, касалликларни эрта аниқлаш, диспансер назоратида турган, сурункали касаллиги бор аҳолини соғломлаштириш ишлари етарли эмас. Вилоят ва туман тиббиёт идоралари профилактика ўрнига “одамлар қачон касал бўлса, шунда даволаймиз” деб, ҳалиям эскича фикрлаб юрибди. “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона” ва “Электрон тиббий карта” тизимлари эса туя гўштини егандай, тўлиқ ишлаб кетолмаяпти. Минг афсуски, давлат раҳбари томонидан тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитларга қарамай, аҳоли бу соҳадан ҳалигача рози эмас. Шундай экан, аввало, телеканал, радио ва матбуотда дорилар рекламасини тақиқлаб, аҳолининг соғлом турмуш тарзини юксалтирадиган табиий даволаш усулларига ўтиш зарур. Мақсадбек ҚЎЧҚОРОВ.
Sign in to your account