Ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида хорижий фильмларга чекловлар ўрнатилмоқда”, деган мазмундаги хабар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Фикрлар, қарашлар турли хил. Кимдир бизнинг “бузилиб” кетишимизга сабабчи бўлаётган хориж сериалларни тўхтатиб, санъат даражасидаги киноларни бериш керак деса, баъзилар ўзимизнинг сериаллар ҳам хориж кинолардан “ўтиб” кетаётганини билдиришмоқда. Айримлар телеканалларни “стириллаш” керак бўлса, дастлаб жамиятимизга, миллий тафаккуримизга зиён етказаётган хориж телеканаллар эфирини чеклашни айтишмоқда.
Албатта, бу масалаларни тегишли мутасадди ташкилотлар жиддий ўйлаб кўриши керак. Бизнингча, телеканалларда маълум чекловлар ўрнатилиши лозим бўлса, аввало, дорилар рекламасини тақиқлаш керак. Чунки йиллар давомида телеканалларда тинимсиз айлантирил(айлантирилаёт)ган дорилар рекламаси кенг оммани “гиёҳванд” қилиб қўйди. Шамолласа, боши оғриса ёки йўтал тутса, дарров дорихонага югуриб, мўъжиза талқинида реклама қилинаётган дори воисталарини кўр-кўрона сотиб олиб, истеъмол қилмоқда.
Шифокор кўригидан ўтиб, аниқ ташхис асосида даволаниш эса ўнинчи даража бўлиб қолди. Натижада аҳолининг кенг қатлами тиббий маданият, табобот илми нима эканини унутиб қўйди. Поликлиника ва шифохоналарда халқ табобати хоналари ва фитобарлар ташкил қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Оқибатда фармацевтика соҳаси, айниқса, дорихона очиш катта бизнесга айланиб кетди. Аксарият ёш авлод онгида келажакда фармацевтика соҳасида ўқиб, дорихона очсам “пулнинг тагида қоламан”, деган “орзу”лар пайдо бўлгани ҳам бор гап. Охир-оқибат ҳар қадамда қўзиқориндай дорихоналар кўпайиб кетди.
Бу соҳа шу даражага етдики, фарм-компаниялар шифокорлар билан тил бириктириб, ўз дориларини беморларга ўтказиш йўлларини топди. Бунинг натижасида шифоркорларга маълум фоизлар ваъда қилинди. Оқибатда шифокорлар беморларга қайси дорини қаердаги дорихонадан олишни ёки қайси клиникадаги аппаратдан текширувдан ўтиб келишни белгилаб берадиган бўлди.
Яқинда Президент ижтимоий соҳалар бўйича ўтказилган селектор йиғилишида бу соҳага алоҳида тўхталиб, қаттиқ танқид қилди. Айниқса, дори воситаларидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ишлари сустлигини кўрсатиб, “пул ишлаш” учун фарм-компаниялар фойдасига рецепт ёзилаётганини, бундан халқимизнинг соғлиғи ҳам, чўнтаги ҳам зарар кўраётгани таъкидланди.
Қайд этилганидек, уч йил аввал онкологик беморларни кимё ва таргет терапияси учун 29 турдаги препарат билан таъминлаш йўлга қўйилган эди. Лекин, бу дорилар айрим ҳолларда жойларга ўз вақтида, тўлиқ етказиб берилмаяпти. Оқибатда баъзи беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олишга мажбур. Мана – фармацевтикадаги ўйинлар!
Йиғилишда таъкидланганидек, касалликларни эрта аниқлаш, диспансер назоратида турган, сурункали касаллиги бор аҳолини соғломлаштириш ишлари етарли эмас. Вилоят ва туман тиббиёт идоралари профилактика ўрнига “одамлар қачон касал бўлса, шунда даволаймиз” деб, ҳалиям эскича фикрлаб юрибди. “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона” ва “Электрон тиббий карта” тизимлари эса туя гўштини егандай, тўлиқ ишлаб кетолмаяпти.
Минг афсуски, давлат раҳбари томонидан тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитларга қарамай, аҳоли бу соҳадан ҳалигача рози эмас. Шундай экан, аввало, телеканал, радио ва матбуотда дорилар рекламасини тақиқлаб, аҳолининг соғлом турмуш тарзини юксалтирадиган табиий даволаш усулларига ўтиш зарур.
Мақсадбек ҚЎЧҚОРОВ.