Маҳалла ҳақида сўз кетганда, энг аввало, кўз олдимизга жамоавий бирдамлик, умумий мақсадлар йўлидаги ҳамжиҳатлик келади. Зеро, унинг вужудга келиш тарихи шуни назарда тутади: маҳалла муайян кичик ҳудудда истиқомат қилувчи кишилар жамоаси бўлиб, улар шахсий алоқалар, манфаатлар ва мажбуриятлар муштараклиги, умумий ишлардаги иштироки билан ўзаро боғланган.
Маълум вақтлар бўлдики, маҳалла ходимлари ягона жамоа сифатида шаклланмади, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспектори маҳалла раисига бўйсунмас эди, ҳар бири ўз вазирлигига, юқори турувчи ташкилотига ҳисобдор бўлди. Ижтимоий дафтарлардаги маблағларни тўғри тақсимлашда ходимлар ҳамкорлиги, маҳалла раисининг ўрни билинмаётган эди.
Президентнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан айни йўналишдаги камчиликларга барҳам берилди. Яъни “маҳалла еттилиги” ташкил этилиб, ҳар бир ходимнинг вазифалари белгиланди, маҳалла раиси уларга умумий раҳбарлик қилиши қайд этилди.
Шу билан бирга, маҳаллага хос жамоавийликнинг яна бир кўриниши — аҳолига ижтимоий ёрдамлар “еттилик” вакилларининг ўзаро коллегиал қарори асосида ажратилиши белгиланди. Зеро, шу кунгача маҳаллаларда молиявий ва маъмурий ресурслар мавжуд эмас эди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, фуқароларга моддий ёрдам ажратиш беш босқичдан иборат узоқ жараённи талаб қиларди. Эндиликда «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратишда бюрократиядан холи, маҳалланинг ҳамжиҳатлигини акс эттирувчи янги тартиб жорий этилди.
Унга кўра, эҳтиёжмандларни ижтимоий дафтарларга киритиш, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» ҳамда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали кўмак кўрсатиш «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори асосида амалга оширилади. Бунинг натижасида моддий ёрдам тайинлашнинг амалдаги беш босқичли тартиби уч босқичга туширилади.
Бунда ҳар ойнинг 5-санасига қадар дафтарлар учун маблағларни тақсимловчи масъул ташкилотлар жамғармаларда шаклланган маблағларни дафтарларга киритилган фуқаролар сонига мутаносиб равишда ҳар бир маҳалла кесимида тақсимлайди. Ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва ижтимоий ходим уларга юклатилган вазифалар юзасидан фуқароларни тегишли дафтарларга киритиш ва чиқариш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш бўйича ҳужжатларни шакллантириб, «маҳалла еттилиги»нинг бошқа барча аъзоларига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритади.
Эндиликда «Темир дафтар»ни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари юритади. Бироқ «Саховат ва кўмак» жамғармаси ҳисобидан кўрсатиладиган ёрдамлар фуқароларнинг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш ва шундай вазиятга тушганларни оғир вазиятдан чиқариш мақсадида ижтимоий ходим кўмагида, «еттилик»ка кўриб чиқиш учун киритилган ҳолда кўрсатилади.
Энг муҳими, бу жараёнда “маҳалла еттилиги” ўзи мустақил қарор қабул қилади ҳамда ушбу қарорлар учун аҳоли олдида жавобгар бўлади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: маҳалла қандай ёрдам турларини кўрсатади? Президент фармони билан “маҳалла еттилиги” қарори асосида 64 турдаги ижтимоий ёрдамлар тақдим этилади. Хусусан, ҳоким ёрдамчиси енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш (БҲМнинг 30 бараваригача), тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ишсиз фуқароларга асбоб-ускуналар хариди (7 миллион сўмгача, хотин-қизларга 10 миллион сўмгача) учун субсидия, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар (жисмоний шахсларга 33 миллион сўмгача, юридик шахсларга 300 миллион сўмгача) ажратиш каби 18 турдаги ёрдамларни кўрсатади.
Худди шундай, хотин-қизлар фаоли ёрдамида бир марталик моддий ёрдам (БҲМнинг 4 баравари), тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит (33 миллион сўмгача) олиш, оғир турмуш шароитидаги хотин-қизлар уй-жойини таъмирлаш (БҲМнинг 30 бараваригача), эҳтиёжманд оила фарзандларининг тўлов-контракт суммасини тўлаш (БҲМнинг 15 барваригача) каби 32 турдаги, ёшлар етакчиси кўмагида уруғ ва кўчатлар хариди учун (БҲМнинг 8 бараваригача), меҳнат қуроллари сотиб олиш учун (БҲМнинг 40 бараваригача), бемор ёшларга даволаниш харажатлари учун (БҲМнинг 50 баравари) субсидия ажратиш каби 19 та ёрдам турларидан фойдаланиш мумкин.
***
Юқорида бежиз гапимизни жамоавийлик, бирдамлик ҳақидаги фикрлардан бошламадик. Зеро, эндиликда маҳалла том маънода ўзининг асл ўзлигига қайтмоқда: ҳар бир масала ўзаро ҳамжиҳатликда ҳал этилади, кимга қандай кўмак бериш лозимлиги шаффоф ва очиқ, ҳаққоний, ижтимоий адолат тамойили асосида кўрсатилади. Бу жиҳат одамларнинг маҳаллага бўлган ишончини оширади, ҳар қандай масала маҳалланинг ўзида ечим топишига замин ҳозирлайди. Тизимдаги ислоҳотлардан кутилаётган натижа ҳам шу аслида…
Санжар ИСМАТОВ.