Мамлакатимизда ёшларнинг сифатли таълим олиши, ҳар жиҳатдан комил инсон сифатида ўсиши, бўш вақтини мазмунли, самарали ўтказиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.
Кейинги йилларда юртимизда мактаб ўқувчиларини бўш вақтларини самарали ташкил этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшларни китобга ошно қилиш мақсадида улар ўртасида ўтказиб келинаётган “Китобхонлик фестивали”, “60 дақиқа китобхонлик”, “Китоб маънавият ўчоғи” каби лойиҳалар бугун ўз самарасини бераётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз.
Ўғил-қизларимизнинг боғчадан тортиб, мактаб, коллеж, олий ўқув юртидаги таҳсил давригача бўлган жараёнларда жуда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилаётгани эътиборга молик. Лекин бу борада хато-камчиликларимиз ҳам борки, улар ёш авлод тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Масалан, бугун кўча-куйда, жамоат транспортларида, таълим муассасаларида умуман қаерга қараманг, ёшларимиз қўлида замонавий смартфонларни кўрасиз. Албатта, бунинг ёмон томони йўқ, ҳозир техника даври, тараққиёт дерсиз? Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам борки, буни ҳисобга олмаслик адолатсизлик бўлади.
Сабаби ёшларнинг бўш вақти – душманнинг иш вақтидир. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда турли спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар, адабий кеча ва учрашувлар уюштирилиши, албатта, ўз самарасини кўрсатади. Айниқса, уларни юртимиз бўйлаб саёҳат қилиши тарбиявий аҳамиятга эга.
Шу маънода, ўтган даврда минглаб ўқувчиларимиз “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” шиори остида, “Ёшлар туризм ҳафталиги”, “Мозийга саёҳат” дастури доирасида устозлари ҳамроҳлигида музей ва театрларга олиб борилди. Шунингдек, болалар иқтидорини ошириш учун замонавий ёндашувлар орқали доимий равишда турли форумлар, тўгараклар, робототехника ва тил курслари ташкил этилаётир.
Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирганда, албатта, уларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш мақсадида мактаблар ўртасида ўтказилаётган турли спорт мусобақаларининг аҳамиятини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Чунки болаларни кейинги ўқув йилига тайёрлаш, уларнинг бўш вақтини самарали ўтказиш учун стационар оромгоҳларда дам олишлари учун шароитлар яратилиши нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам кўтаринки кайфият бермоқда.
Агар ота-боболаримизнинг ҳаётига назар ташласак, оилада ўғил бола тарбиясига алоҳида эътибор берилган. Болалигидан оиланинг суянчи, каттаси, опа-сингилларининг ҳимоячиси бўлишини, қолаверса, Ватаннинг таянчи эканини уқтириб, шу асосда тарбия берилган. Аммо бугун жамиятимизда ана шу тамойил бироз издан чиқди. Баъзи оилаларда отанинг ўрни ва роли пасайгандай, назаримда.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, бугун ота-оналаримиз боласи кун давомида нима билан банд, кимлар билан вақтини ўтказаяпти, нимага кўпроқ қизиқади, шу хусусида ҳеч ўйлаб кўраяптими? Ахир фарзанд улуғ неъмат, унинг қадрига етмоқ, ота-оналик бурчини яхши адо этиб унга яхши тарбия бермоқ муқаддас бурчдир.
Бугун шиддат билан ривожланиб бораётган замонда ҳар биримиз учун вақт олтинга тенгдир. Ўтган вақтни ортга қайтаришни эса имкони йўқ. Демак, ҳар бир ота-она фарзандининг таълим-тарбия олиши, овқатланишидан тортиб, дам олиши учун ҳам муайян вақт белгилаб бериши, ёшлигиданоқ уларга вақтдан унумли фойдаланишни уқтириб бормоғи керак. Энг аввало, ёшларнинг қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини уйғотиш, маънавий дунёсини бойитиш ҳамда бўш вақтларини самарали ўтказишларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Келинг, олтинга тенг вақтимизни болаларимиз учун сарфлашдан эринмайлик, уларни қўлидан етаклаб, театрга, кутубхонага, музейга олиб борайлик, қизиқишларини ўрганиб, иқтидорини ривожлантириш учун кўмаклашайлик. Бу ишни эрта-индин эмас, яхшиси бугуноқ бошлайлик. Зеро, бўш вақтда бўшлиқ пайдо бўлмасин.
Шаҳноза ХОЛМАҲАМАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати