Нигоҳ

“Дардини “ўзимники” деб билиб, ҳар лаҳза ҳамнафас яшай олсак бас…”

ОҚИЛАЛИК — ОИЛА БЕЗАГИ   Ҳар куни тоғ боши оқармай уйғонишга одатланганман. Ишни уйларимни саранжом- саришта қилишдан бошлайман. Ҳатто, кечки овқат учун ҳам тайёргарлик бошлаб қўяман. Сабаби, идорада иш жуда кўп. Айниқса, икки ой давом этган хатлов жараёнларида жонбозлик кўрсатишга тўғри келди. Ўрганишлар натижасига назар ташлайдиган бўлсак, ҳудудимиздаги 133 нафар хотин-қизни “Аёллар дафтари”га киритдик. Уларнинг 26 нафари ишсиз ҳисобланиб, барчаси меҳнат қилиш иштиёқи борлигини билдирди. Жорий йилда кредит ва ссуда ажратиш орқали опа-сингилларимиз бандлигини таъминлашни мақсад қилганмиз. Қолаверса, ҳудудимиздаги учта тикувчилик цехи билан айни шу йўналишда ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган. Халқ ишонч билдирган “еттилик” вакили бу масъулиятни ич-ичидан ҳис қилиши зарур. Уларнинг дардини ўзимизникидек қабул қилсаккина, муаммоларни бартараф этиш осон кечади. Бунинг учун ҳар лаҳза, ҳар он аҳоли билан ҳамнафас яшашга мажбурмиз. Шу ёндашув асосида ишлаб, фуқаролар ҳаётини ўзгартириш, уларнинг фаровон турмушини таъминлаш мумкин. Маъмура Мамажонова тадбиркорлик сари илдам одимлаётган аёлларимиздан. У ўтган йили субсидия асосида тақдим этилган тикувчилик машинаси орқали янги фаолиятни йўлга қўйди. Ҳозирги кунда чеварчилик ортидан мўмайгина даромад топишни уддасидан чиқяпти. Ҳунарманд тикаётган аёллар либослари ва бежирим пардалар мижозларнинг ҳайратига сазовор бўлиб келяпти. Маъмура опанинг икки нафар қизи ҳам мазкур ҳунар билан шуғулланиб, онасига ҳар жиҳатдан кўмаклашяпти. Кенжаси Муслима Абдураҳмонова тикувчиликдан ташқари, спортнинг каратэ тури бўйича катта натижаларни қўлга киритиб келяпти. Шундай ютуқларга эришаётган, ўз устида тинимсиз ишлаётган хотин-қизларни кўрганда, ҳавасингиз келади. Лекин, афсуски, орамизда биздан ёрдам кутаётган, қийналиб кун кечираётган аёллар ҳам бор. Идорамизда мурожаат қилиб келаётганларнинг кўпчилиги тиббиёт йўналишида кўмакка муҳтож. Айримлари жарроҳлик амалиёти учун, баъзилари дори-дармон олиш бўйича ёрдам сўраб келади. Шундай вазиятларда фуқароларни ижтимоий ходимга йўналтириб, керакли хизматлар билан қамраб олишини таъминлаймиз Гулноза Йўлдошева Андижон шаҳридаги “Янги бўстон” ва “Ёйилма” Маҳаллалари хотин-қизлар фаоли.

23

Инсонийлик ришталари меҳр билан мустаҳкам

ИЖТИМОИЙ ҲУҚУҚ — ИЖТИМОИЙ ДАВЛАТ ТАМОЙИЛИ   Тажриба алмашиш доим ўз натижасини кўрсатади. Айниқса, энди ривожланаётган, юқори натижалар сари одимлаётган соҳаларда бу тенгсиз аҳамият касб этиши шубҳасиз. Шу маънода ижтимоий ҳимоя тизими хорижий давлатларнинг ўзига хос иш услубини ўрганишни доимий анъана тусига айлантирган.      Ўтган йилнинг ноябрь ойида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг бир гуруҳ ходимлари Хитойнинг Ченгду шаҳрида бўлиб, яратилган қулайлик ва имкониятларни ўрганиб қайтишди. У ерда ногиронлиги бўлган кишилар учун кўплаб шароитлар бисёр. Шаҳар метросининг барча бекатлари лифтлар, махсус пандуслар ва кўзи ожизлар учун тактил йўлакчалар билан жиҳозланган. Автобусларнинг катта қисми аравада чиқиш учун махсус ускунага эга. Ҳатто, йирик сайёҳлик масканлари ҳам имконияти чекланган инсонларнинг ҳаракатланишига тўлиқ мослаштирилган. Шунингдек, шаҳарда кўзи ожизлар учун “ақлли” светофор ва овозли навигация тизимлари кенг жорий этилган. “Интерактив харита”лар эса энг қулай маршрутни кўрсатиб беради. Ченгду ва Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя тизимини солиштириш жуда қизиқарли, чунки ҳар икки ҳудуд ҳам сўнгги йилларда “рақамли ижтимоий давлат” моделига ўтишга интилмоқда. Ўзбекистондаги “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва “Инсон” марказлари, Хитойдаги “Дибао” ва мониторинг тизимига жуда ўхшаш. Иккала ҳолатда ҳам ёрдамга муҳтожлар алгоритмлар орқали аниқланади. У ерда “Жамоат хизмат кўрсатиш марказлари” деярли биздаги маҳалла ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли тизими каби ишлайди. Улар муҳтожлар хонадонига бориб, холидан хабар олади. Ҳар икки маданиятда ҳам кексаларни ҳурмат қилиш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш давлат даражасидаги устувор вазифа ҳисобланади. Асосий фарқлар, асосан, технологик интеграция, молиялаштириш тизимлари ва инфратузилма қамрови билан боғлиқ. Ченгдуда пул нақд шаклда берилмайди, балки рақамли ҳамён орқали фақат ижтимоий хизматлар учун ишлатиладиган мақсадли маблағ сифатида тақдим этилади. Бизда эса ижтимоий ёрдам нақд пул шаклидаги нафақалар (болалар нафақаси, моддий ёрдам) кўринишида амалга оширилади. Ҳозирда ижтимоий карталар орқали тизим рақамлаштирилаяпти. Ченгдуда сунъий интеллект оиланинг харажатлари, коммунал тўловлари ва даромадларини вақт кесимида кузатиб, улар камбағаллик чегарасига етмасиданоқ “қизил чироқ”ни ишга туширади. Ўзбекистонда ҳам аста-секин шу тизимга ўтиляпти, бироқ бизда кўпроқ ижтимоий ходимнинг хонадонга бевосита ташрифи ва субъектив баҳолаш хизмати ҳали ҳам юқори ўринда туради. Гарчи Ченгду ижтимоий ҳимоя йўналишида технологик жиҳатдан илгарилаб кетган бўлса-да, Ўзбекистон модели бу борада ўзига хос инсоний омилларга кўра ажралиб туради. Айтайлик, маҳалла институти – дунёда ўхшаши йўқ тизим. Бу масканда етти ёшдан етмиш ёшгача барча бир-бирини танийди. Меҳр-оқибат тамойили сифатида бизнинг тизимда нафақат моддий, балки маънавий-руҳий қўллаб-қувватлаш қўни-қўшничилик, қариндошчилик ҳам ижтимоий ҳимоянинг бир қисми сифатида ишлайди. Бир сўз билан айтганда, инсонларга бир-бирига қалбан яқин бўлса, қолган марраларни эгаллаш муаммо туғдирмайди. Мафтуна БОМУРОДОВА, Ромитан туманидаги “Инсон” ижтимоий  хизматлар маркази супервайзери.

18

Саришталик одобини қиз уйдан ўрганади

НУҚТАИ НАЗАР   “Сариштали уй — фариштали уй”, деган нақлни бувимдан жуда кўп эшитганман. У ҳар сафар шу гапларни такрорлаётганида, қўли қайсидир юмуш билан банд бўларди. Сахардан то шомгача тиним билмайдиган бувим уйдаги ҳар нарсанинг ўз ўрнида бўлишини истарди. Бир қарасам, ойна артган, яна бир қарасам, идишларни қирчишлаб юварди. Улғайганим сайин улар менга ҳам тозалик борасида қатъий талаблар қўя бошлади. Аввалига буюрилаётган ишлар бироз малол келгандек туюлган бўлса, кейинчалик одат тусига айланди. Мен ҳам юрган йўлимда супур-сидир, йиғ-тер билан банд бўлиб қолдим. Вояга етиб, турмушга чиққанимда, олган бу ўгитларим катта дастак бўлди. Ўқиш ва ишимдан ортиб, хонадон озодалигини сақлашга алоҳида эътибор берардим. Вақт ўтиб, нақадар тўғри ёндашув қилганимни англаб етдим. Аслида ўзбек аёллари ўзининг саранжом-сариштали билан ҳурматга сазовор. Айниқса, қишлоқда истиқомат қиладиган опа-сингилларимиз доимий ҳаракатда бўлганидан кунининг қандай ўтиб кетганини билмай қолишади. Бундай меҳнатсевар ва фидойи инсонлар чиндан ҳурматга лойиқ. Лекин гуруч курмаксиз бўлмаганидек, орамизда пала-партиш яшашни одат тусига айлантирган, уй-жойининг покизалигини охирги даражага тушириб қўйганлар ҳам бор. Бир қарашда бу масала унчалик аҳамият касб этмайдигандек туюлиши мумкин. Лекин оиладаги эр-хотиннинг ўзаро ҳурмати, хонадон баракаси, фарзандлар тарбияси каби жиҳатлар бевосита тартиб-интизомга боғлиқ. Агар аёл келин бўлиб борган уйига меҳр қўйса, унинг фаровонлиги учун ҳаркатни айнан озодаликдан бошлайди. Баъзан фаолиятимиз доирасида хонадонларга ташриф буюришимизга тўғри келади. Остона ҳатлаб, кириб борадиган уйимизнинг ҳолатидан шу ерда истиқомат қилаётган кишиларнинг феъл-атвори ва қарашларини осон англаб олса бўлади. Озодалик, покизалик — масъулият ва жавобгарликни ҳис қилишни англатса, қаровсиз қолган уйдан эътиборсизлик, муносабатлардаги номутаносибликни кўриш мумкин. Хонадонларда ўрнатилган тартиб-интизом секин-аста маҳалла ва жамият ҳаёти билан уйғунлик касб этади. Бугун ҳовлисига бир туп райхон ўтқазган аёл эртага кўчасига гуллар экади. Унинг ёндашуви қўшниларни ҳам илҳомлантириши аниқ. Кўриб турганингиздек, биргина саришталик ортидан юрт обод масканга айланади. Шундай экан, ўғил-қизларимиз тарбиясида айнан покизаликка риоя қилиш фазилатини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Зеро, меҳнат — тарбиянинг муҳим бўғини. Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА, “Mahalla” мухбири.     

68

Оилани муросага келтириш билим ва ҳаракат талаб қилади

ТАЖРИБА   ...Бугунги тонгни можаро келиб чиққан хонадонда қарши олдик. Арзимас сабаб билан эр-хотин келишмай қолади. Ўртада анчагина гап-сўз ўтади. Ҳозирги ёшларни биласиз-ку, салгинага асабийлашиб кетишади. Жаҳл устида бир-бирининг дилини оғритади. Оқибатда келин ота уйига кетиб қолади. Аввал аҳил-иноқ турмуш кечирган оила вакиллари билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашдик. Қайнона-келин ва куёвнинг кечинмалари, бошдан кечирганларини диққат билан тингладик. Аслида, бир оилани муросага келтиришдек қийин вазифа бўлмаса керак. Лекин ҳар кўнгилга йўл топиб, ҳар қандай чигал вазиятга ечим топиш мумкин. Фақат тўғри йўналишни танлай олиш муҳим. Мазкур хонадон вакиллари билан 5-6 соат давом этган яраштириш ишлари орқали кутилган ижобий натижага эришдик. Қайнона келинини отасининг уйидан олиб келадиган бўлди. Эркак ҳам турмуш ўртоғининг кўнглига қараб, чиройли муомала қилишга сўз берди... Шу ёндашув асосида жорий йил бошидан буён учта оилани муросага келтиришга эришдик. Гарчи ҳар бирининг муаммоси турлича бўлишига қарамай, маҳалламизнинг пиру бадавлатлари ва “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари кўмаги билан ижобий натижаларга эришиб келяпмиз. Биз қанча ҳаракат қилмайлик, айрим ҳолларда оиласини бузишни истаганларни йўлдан қайтариш қийин кечяпти. Хусусан, бу йил ҳисобидан ҳудудимизда битта ажрашиш қайд этилди. Эркакнинг ичкиликка ружу қўйгани оилавий муносабатларни издан чиқаради. Ўртада жанжал, тўполон кўпаяди. Рўзғорнинг баракаси кетиб, ҳолат болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсата бошлайди. Она барчасига чек қўйиш мақсадида қатъий қарорга келади. Фарзандларини бағрига босиб, уйдан бош олиб чиқиб кетади. Узоқ йиллар давомида эр-хотин алоҳида-алоҳида яшайди. Ниҳоят, шу кунларда улар расман ажрашди. Узилган ришталар, совиган қалбларни аввалги ҳолга қайтаришнинг имкони бўлмади. Шу кунларда мени кўп ўйлантираётган бир муаммо бор. Иккита ажрашиш ёқасига келиб қолган оила вакилларини яраштириш ташвишида юрибман. Бунинг учун қўлимдан келганча ҳаракат қиляпман. Ишончим комилки, “еттилик” ходимлари билан бу давонни ҳам ошиб ўтамиз. Маҳалла тизимидаги ўн бир йиллик тажрибамга асосланиб айтишим мумкинки, оилалар ва хотин-қизлар билан ишлаш катта куч ва билим талаб қилади. Бу борада кўпроқ натижага эришиш учун ҳамиша халқ орасида, эл ичида бўлишимиз талаб этилади.  Орамизда турли тоифадаги ва кайфиятдаги инсонлар бор. Лекин барчаси бизнинг юртдошлар, бизнинг маҳалладошлар. Мен ва ҳамкасбларим давлатнинг бир вакили сифатида уларнинг тинч ва фаровон турмуш кечириши учун қўлимиздан келганча ёрдам беришимиз зарур. Айни вақтда иккита маҳалламиз ҳудудида 3 030 нафар хотин-қиз рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг кўпчилиги давлат ташкилотларида фаолият юритади. Аёллар, асосан, ўқитувчи, ҳамшира ва тарбиячи бўлиб ишлайди. Уйда фарзанд парвариши билан банд бўлганларни эса касб-ҳунар ўрганишга, шу орқали ўзини ўзи банд қилишга чорлаяпмиз. Бугунги маҳалла кечагидан тубдан фарқ қилади. Одамларимизнинг меҳнат қилишга, ўз устида ишлашга иштиёқи анча ортган. Атрофдагиларнинг эришаётган ютуқ ва натижалари шу вақтгача боқимандалик кайфиятида яшаб келаётганларни ҳам уйғонишга ундаяпти. Опа-сингилларимиз орасида ҳам тадбиркорлик қилиш истагидагилар сони кескин ортган. Аввал бизнес, деганда тасаввуримизга қийинчилик ва югур-югурлар келарди. Лекин энди шароит бутунлай ўзгарди. Давлат бераётган имтиёзли кредит ва субсидиялар ёрдамида ҳеч қандай маблағ тикмасдан даромад топишга эришиш мумкин. Бандлик эса ўз навбатида, жамиятнинг равнақ топиши, аҳоли турмуш фаровонлигининг ошишига хизмат қилади. Қолаверса, маҳаллаларда жиноятчилик ва ажрашишлар сони кескин камаяди. Қимматой РАҲМОНҚУЛОВА, Боёвут туманидаги “Маънавият” ва  “Ижодкор” маҳаллалари хотин-қизлар фаоли.

323

Коррупцияга тоқатсизлик ҳар бир тузилманинг қатъий тамойили бўлмоғи керак

Шерали МАҲМУДОВ, Тошкент давлат юридик университети Коррупцияга қарши ички назорат бўлими ходими. Юксак ҳуқуқий маданият демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг пойдевори ва ҳуқуқий тизим мустаҳкамлигининг ифодасидир. Бундай давлатда коррупция омилларини бартараф этиш, жамиятда унга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши кураш соҳасини тартибга солишга қаратилган “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонунда қайд этилганидек, коррупцияга қарши курашишга нафақат алоҳида давлат органлари, балки барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик юритувчи субъектлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари бирдек масъул. Ҳар бир тузилма бу иллатга қарши курашда ўз ички назорат стандартларини ишлаб чиқиши ва унга қатъий риоя этиши лозим. Кейинги йилларда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида бўлганидек, таълим тизимида ҳам коррупциянинг олдини олиш ҳамда унга қарши самарали курашиш устувор вазифалардан бирига айланди. Қонуннинг 18-моддасида давлат таълимни бошқариш органлари ва таълим муассасалари коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини инобатга олган ҳолда таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбияга, мутахассисларни касбий тайёрлашнинг сифатини оширишга, таълим дастурларини доимий равишда такомиллаштириб боришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиши белгиланган. Айниқса, барча босқичдаги таълим муассасаларида коррупцияга қарши самарали тизимлар ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Хусусан, таълим муассасаларида ходимларни очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш, ходимлар ва ўқувчи ёшлар ўртасида турли аноним сўровномалар ўтказиш, ходимлар меҳнатини рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш лозим. Президентимиз жорий йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида фикри тоза, коррупцияга тоқатсиз янги авлодни тарбиялаш мақсадида таълим масканларида ҳалоллик ғояларини сингдириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган эди. Шу ўринда айтиш керакки, 38 миллионга яқинлашган мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиқ қисмини ёшлар ташкил этади. Коррупцияга қарши курашда ана шу ёшларни таълим тизимининг энг қуйи бўғинидан, яъни мактабгача таълим ташкилотига қўйган илк қадамидан бошлаб “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш лозим. Бу жараёнда таълим ташкилотларида коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантиришга хизмат қиладиган таълим ва тарбия технологияларидан фойдаланган ҳолда юксак ахлоқли, ҳуқуқий маданиятли кадрларни тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Таълим масканлари ўқувчи ёшлар билимини баҳолашда шаффофликни таъминлаши, халқаро олимпиада ва танловлар баҳолаш мезонларидан фойдаланиши лозим. Бу борадаги ишлар дунёда мамлакатимиз ёшларининг салоҳиятини намоён этиш, турли олимпиада, танловларда юқори ўринларни эгаллашига сабаб бўлади. Демак, мамлакатда коррупцияга муросасизлик муҳитини шакллантиришда ҳар бир шахсда дахлдорлик ҳиссини оширишимиз, бу борада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни ҳуқуқий маданиятли шахс сифатида тарбиялашга қаратилган ишларга алоҳида урғу бериш, барча давлат органлари ва ташкилотларида ишларни очиқлик, шаффофлик тамойиллари асосида ташкил этиш зарур.

48

Фарзанд отада қолса, ажрашишлар камаядими?

ТАҲЛИЛ ...Учинчи шахс аралашуви сабабли ажрашиб кетган бир оилани биламан. Гарчи эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари яхши бўлишига қарамай, ўзгалар уларни бахтли яшашига имкон бермади. Бу сўзлар айтишга осон, холос. Вазият тасаввур қилганимиздан кўра анча ачинарли. Энг кўп жабр чеккан эса икки гўдак бўляпти. Суд қарори кўра, болалар онаси билан қолишди. Аёл жигаргўшаларини бағрига босиб, хотиржам кунини кўряпти. Ота эса сарсон-саргардон. Бир тарафдан фарзандлар соғинчидан азият чекса, бошқа томондан олаётган маошининг катта қисмини алиментга тўлайди. Шундай шароитда хотиржам яшаш мумкин? Бугун жамиятимизда биз сўз юритаётган айни мавзу — оилавий ажрашишлар, уларнинг ортиб бориш сабаблари борасида турлича фикрлар билдириляпти. Муаммонинг олдини олиши мумкин бўлган жиҳатлар баён қилиниб, таклифлар билдириляпти. Хусусан, эр-хотин турмушига сўнгги нуқтани қўйишга қарор берар экан, болаларни отада қолдириш билан масалани ижобий ҳал қилиш мумкинлиги тилга олиняпти. Статистик маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, Aмерикада ажрашган жуфтликларнинг 80 фоизида фарзандлар онада қолади. Бу мамлакатда никоҳларнинг ярми ажрашиш билан якунланади. Aвстралия ва Японияда ҳам шунга яқин кўрсаткичлар қайд этилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Фарзанд онада қолаётгани боис ажрашишлар йил сайин ортиб бормоқда, деган қараш илгари сурилган. Бунинг акси ўлароқ, Туркияда судлар кўпинча болани отада қолдиради. Айниқса, агар она чет эллик ёки болага барқарор муҳит таъминлай олмаса, ҳеч қандай баҳс-мунозарага ўрин қолмайди. Aжрашиш даражаси эса нисбатан пастроқ. Болани отада қолдириш орқали аёлнинг алимент, мулк талаби билан эркакни сиқувга олиш имконияти камаяди. Натижада кўпчилик аёллар ажрашмасликка, фарзандларидан айрилмасликка ҳаракат қилади. Яна бир мисол, Швецияда фарзандлар биргаликда васийликда бўлади. Бу эса ота-онани бир-бирига боғлаб туради. Ажрашиш қанчалик оғир бўлса ҳам фарзанд тарбияси бўйича ҳамкорлик қилишга мажбур қилади. Бундай ёндашув оилаларни сақлаб қолади. Мазкур масалада юртимиздаги ҳолатни таҳлил қиладиган бўлсак, 2024 йилда 45,1 мингта оилавий ажрашиш ҳолати расмийлаштирилган. Бу 2010 йилга нисбатан деярли икки ярим баробар кўп дегани. Кўпчилик ажрашишлар болали оилалар ўртасида бўлиб, фарзанд деярли ҳар доим онада қолади. Aммо бу “унутилган ота”лар жамиятини шакллантирмоқда. Фарзанд отани кўрмайди, эсдан чиқаради ва улар бир-биридан бегоналашади. Жаҳон амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, болани фақат онага эмас, балки отага ёки биргаликда васийлик қилишга қаратилган тизим ажрашишлар сонини камайтиради. Aёл ажрашгач, фарзандни йўқотиши мумкинлигини билса, бу муаммога енгил қарашдан тийилади. Ота ҳам оилани сақлаб қолиш учун ҳаракат қилади. Агар оилада бирор келишмовчилик юзага келадиган бўлса, аёл болалари у билан қолишини ўйлаб, йўқотадиган нарсаси йўқлигини ич-ичидан ҳис қилади. Қолаверса, ундириладиган алимент фарзандларининг харажатларини қоплаши мумкинлигидан қалби хотиржам бўлади. Бу аёлга ажрашишни осон ишдек қабул қилишига замин яратади. Лекин масалага бошқа тарафдан назар ташлайдиган бўлсак, ўзбек аёллари оилапарварлик, турмуш ўртоғи билан бахтли яшаш каби фазилатлари билан ажралиб туради. Уларнинг кўпчилиги учун ажрашиш катта фожеа демак. Фақатгина фарзандларини ўзида қолиши эвазига ҳаётини бузишни танлайдиганлар камдан-кам топилади. Қийинчилик, босим, тазйиқ ва зўравонлик жонидан ўтиб кетганларгина ортга қайтариб бўлмайдиган қатъий қарорга келиши мумкин. Билдирилган фикрларни умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, аввало, эр ҳам, хотин ҳам фарзандлари учун турмушини сақлаб қолишга астойдил ҳаракат қилиши керак. Агар вазият жуда чигал бўлиб, ажрашиш билан сўнгги нуқта қўйиладиган бўлса, болаларнинг васийлиги ота-она зиммасига бирдек юклатилиши энг тўғри қарор бўлади. Шундагина мурғак қалб эгалари меҳрни ҳам, тарбияни ҳам тўлиқ олади. Собиқ эр, собиқ хотин бўлиши мумкин, лекин фарзанднинг собиғи бўлмайди. Унинг тақдири, кечмиши, ютуқлари ва…

70